Ultimate magazine theme for WordPress.

ФИДОЙИЛИК ВА ЎЗ КАСБИГА САДОҚАТ ЮКСАК ҚАДРЛАНАДИ

60

Зулфия Рашидова – Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси. Унинг таржимаи ҳолини кўздан кечирар экансиз,  Андижонда педагоглар оиласида туғилгани, 16 ёшда талаба бўлгани, 20 ёшидан дарс беришни бошлагани каби маълумотларни ўқиб, ҳайратланасиз.

Дастлаб умумтаълим мактабларида, кейин академик лицейларда фаолият олиб борган қаҳрамонимиз, айтиш мумкинки, йиллар давомида ўз устида ишлашга, ёшларга чуқур билим бериш, дарс самарадорлигини ҳамда ўқувчиларнинг она тили ва адабиёт фанига қизиқишини оширишга сидқидилдан ҳаракат қилди.

Зулфия Рашидова изланувчан муаллим сифатида инновацион технологиялар ва янги ахборот технологияларидан фойдаланиб, дарс ўтиш самарадорлигини ошириш орқали ўқувчиларнинг билим сифатини кўтариш устида илмий-услубий фаолият олиб боради.

Fidoyilik va o‘z kasbiga sadoqat yuksak qadrlanadi-2

Касбига доир ҳар бир ишга астойдил киришиши, масъулият билан ёндашишини у юритадиган фан тўгаракларидан, таълимга доир анжуманларда эълон қилинган тезисларидан, фан олимпиадаларидаги ҳакамлик иштирокидан ҳам кўриш мумкин. У 2019 йилда Халқ таълими вазирлиги “Cambridge Assessment International Education” тренинг қатнашчиси сифатида сертификат билан тақдирланган бўлса, куни кеча изланишлари ва меҳнатлари Халқ таълими вазирлиги томонидан алоҳида эътироф этилди.

Хабарингиз борки, бир гуруҳ ўқитувчилар халқ таълими соҳасида баркамол авлодни вояга етказиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги фидокорона меҳнатлари ҳамда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшгани учун тақдирландилар. Уларнинг  орасида Зулфия Рашидова ҳам бор.

— “Халқ таълими аълочиси” нишонига сазовор бўлиш ҳар бир ўқитувчи каби мен учун ҳам шараф,— дейди Зулфия Рашидова.­ — Камтарона ишимиз учун кўрсатилган бу эътибор кишини руҳлантиради, янада янги марралар сари ундайди.

Биласизми,  адабиёт фани мен учун шунчаки маълумотлар, рақамлар, шахслар номлари, асарлар рўйхати ёки матнгина эмас. Адабиёт — бу ҳаётни турли ракурсдан кузатиш, таҳлил қилиш ва хулосалар чиқариш, қолаверса, ўқувчиларнинг дунёқарашини кенгайтириш, луғат бойлигини ошириш воситаси. Уларда ватанпарварлик, инсонийлик, адолат, нафосат, санъат, гўзаллик каби туйғуларнинг илдиз отишига асос ҳам бўлади.

Fidoyilik va o‘z kasbiga sadoqat yuksak qadrlanadi-4

Шу сабаб машғулотларда шоир ва ёзувчилар ҳақидаги маълумотларни айтиш билан чекланиб қолмасдан, бошқа манбалардан ҳам қўшимча фактлар топишга ҳаракат қиламан. Ўқувчига уларнинг ҳаётида юз берган у ёки бу воқеа ижодига қандай таъсир қилгани ҳақида мулоҳаза юритишига, ижодкор маҳорати орқали сўз қудратини ҳис этишига кўмаклашаман.

Онлайн дарсларга келсак, бу мен учун ўзига хос синов, янгилик бўлди. Аввало, вақтнинг чегаралангани, яъни 15 дақиқа ичида янги мавзуни тушунтириш, мустаҳкамлаш, қўшимча топшириқ беришга улгуриш кераклиги вақтдан самарали фойдаланиш кўникмасининг яхшиланишига катта таъсир қилди.

Шу билан бирга, ўқитувчидан нутқ равонлиги, тушунарлилиги, камера олдида ўзини табиий тутиши тақозо этиларди. Ваҳоланки ўқувчиларнинг нигоҳларидан тушунаётгани ёки савол туғилганини англаган ҳолда дарс ўтишга ўрганган устозларга бу бироз қийин кечди.

ФИДОЙИЛИК ВА ЎЗ КАСБИГА САДОҚАТ ЮКСАК ҚАДРЛАНАДИ

Фурсатдан фойдаланиб, бу борада ўз маслаҳатларини аямаган Халқ таълими вазирлиги ва телевидение жамоасига ҳамда бошқа мутахассисларга алоҳида раҳмат айтаман. Уларнинг кўмаги билан масъулиятли вазифани адо этишга баҳоли қудрат ҳаракат қилдик.

Масофадан дарс беришнинг нафақат ўзига хос қийинчиликлари, балки турли қизиқарли жиҳатлари борлигини тушундим. Агар абитуриентлар учун онлайн дарслар ташкил этилса, мавжуд вазият туфайли ўз устида ишлаш, қўшимча машғулотларга қатнашиш имкониятига эга бўлмаётган ўқувчиларнинг талабалик мақомига эришишларига ҳиссамни қўшишдан фақат хурсанд бўламан.

Зулфия Рашидова нафақат малакали, ташаббускор ўқитувчи, у она, севимли рафиқа, оила бекаси ҳамдир. Бир ўғил ва бир қизни замонавий билимларга ошно қилиб, юрт корига ярайдиган мутахассис бўлиши йўлида саъй-ҳаракатлар олиб боради. Ишдан ташқари, уй юмушлари, фарзанд тарбияси билан шуғулланишнинг машаққатини, масъулиятини тасаввур қилиш қийин эмас. Шундай бўлса-да, изланишдан, интилишдан, касбини сидқидилдан адо этишдан қочмайдиган Зулфияхон каби педагоглар, фидойи инсонлар орамизда кўплаб топилади. Уларнинг фидойилиги, касбига садоқати, қаҳрамонлик, эмасми?

Муаллиф – Зилола УБАЙДУЛЛАЙEВА

Ушбу веб-сайт маъмури ва муаллифи ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик ҳамда эзгули ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб Қобилжон Атаханов.

P.S. Эътиборингизга тақдим этилаётган мақолаларга муносабат билдириб, шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан ва олдиндан ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан! Мақола Сизга манзур келган бўлса, илтимос, яқинларингиз билан ўртоқлашинг.

Танланган сара мақолалар билан танишиш истагингиз бўлса, марҳамат ушбу манзилга ташриф буюрсангиз барча тўпланган мақолалар жамланмаси билан танишиш имконига эга бўласиз.