Ultimate magazine theme for WordPress.

ИММУН ТИЗИМИ

118

Иммун тизими бизнинг организмимизга кириб олган «ёвларни» пайқаб, бу ҳақидаги маълумотни махсус ҳужайраларга узатиш ва ёв ҳужумини даф қилиш вазифасини бажаради.

Одамзотнинг ва бошқа тирик организмларнинг яшаш муҳити анчайин агрессивдир. Турли вируслар ва бактериялар қўшини бизни ҳар тарафдан қуршаб олган бўлиб, улар бизга ҳужум қилиш учун доимо қулай фурсатни пойлаб ётади. Шу сабабли, бундай душманга қарши курашда бизнинг мудофаа тизимимиз – иммун системаси ишга тушади.

Бу душманга қарши курашдаги мудофаа чизиғининг айрим сарҳадлари – соф анатомик мудофаа бўлиб, улар вирус ва бактерияларга қарши жисмоний (физик) тўсиқ қўяди ва зарарли микроблар ундан нарига ўтолмайди. Масалан, тери ва шиллиқ пардалар шундай вазифани бажаради. Агар вирус ёки бактерия ушбу физик тўсиқдан ҳам ошиб ўтиб, организмга киришни уддаласа, унда, организм унга қарши яллиғланиш жараёнига асосланган қарши ҳужумни ишга солади ва натижада, тананинг зарарланган қисмига қон келиши кучаяди. Қон ўзи билан лейкотситларни олиб келади. Улар капилляр томирлар деворлари орқали ўтиб, танага кириб олган душманни маҳв қилади.

immun-tizimi-1

Кесиб олган жойингиз атрофининг қизариб қолиши организмнинг айнан шу реакцияси туфайли юзага келади. Бироқ, иммун тизимининг фаолияти бошқачароқ тамойилларга таянади. Бунда, махсус молекуляр структуралар ишга солинади ва улар махсус нишонни йўқ қилишга йўналтирилади. Бундай махсус молекуляр структуралардан энг муҳими – Y-симон молекулалардан тузилган антителалардир. Y-молекулаларнинг учида турли шаклдаги аминокислоталар йиғилган бўлади. Ушбу аминокислоталар шаклининг ҳар бир формаси муайян турдаги вирусга, бошқача айтганда, ўзига мос келадиган антигингга қарши курашади.

Катта ёшдаги одамнинг организмида шаклан ҳар хил бўлган 100 миллионга яқин антителалар тури мавжуд бўлади. Бошқача айтганда, одам иммун тизимини исталган ўлчам ва фасон учун исталган вақтда доимо тайёр кийим топса бўладиган йирик дўконга ўхшатиш мумкин.

Организмга ёт нарса кириб қолганида, катта эҳтимоллик билан ўша 100 миллион хил антителадан ақалли биттаси унга қарши курашиш ва уни бартараф қилиш қобилиятига эга бўлади деб умид қилиш мумкин.

Антителанинг организмда қай тарзда циркуляцияланиши Y-симон молекуланинг учларидаги аминокислоталарнинг айнан қандай жойлашганига боғлиқ бўлади. Масалан, айрим антителалар қонда айланиб юради ва бактерия ва вирусларни жуда самарали бартараф қилади, яна айрим антитела турлари эса тери ва ичакдаги шиллиқ қатламлардаги махсус шиллиқ қатламлар билан боғланган ҳолда туради.

immun-tizimi-2

B-ҳужайралар, ёки  B-лимфоцитлар – антителаларнинг ёт организмларни пайқашига жавобгар асосий ҳужайраларидир. Уларнинг бундай аталишининг сабаби, ушбу ҳужайралар суяк ичидаги иликда ўсиб етилиши билан боғлиқ. Иликни инглиз тилида “bone marrow” дейилади. Бундай ҳужайралар сферасимон шаклга эга бўлган, уларнинг ташқи қобиғида турли хил махсус антителалар бўлади.

Антитела ўзидаги B-лимфоцит орқали ўзига мос бўлган антиген билан контакт ҳосил қилиши биланоқ уни ёт жисм сифатида қайд этади ва қарши курашни бошлайди. Натижада, B-лимфоцитларнинг кўпайиши бошланади. Бу кўпайиш икки хил мақсадни кўзлайди.

Биринчидан, шунга монанд равишда, организмда плазматик ҳужайралар деб номланадиган ва вазифаси, агрессорга нисбатан муросасиз курашдан иборат бўлган антитела молекулаларини ишлаб чиқарувчи ҳужайралар ҳосил бўла бошлайди.

Иккинчидан эса, айнан шу антигенни кейинчалик, ойлар, йиллар ўтиб яна организмга иккинчи бора тушган вақтда, уни дарҳол таниб оладиган хотира ҳужайралари шаклланади.

Бир дона плазматик ҳужайра сониясига 30000 донагача антитела молекуласи ишлаб чиқаришга қодир бўлади. Ушбу антителалар организмга кириб олган антигенларни ўзига боғлаб олиб, уларни бир жойга ғуж бўлиб жамланишга мажбур қилади. Кейин эса, ушбу тўпланиб қолган антигенларни бошқа ҳужайралар орқали организмдан сиқиб чиқаради. Бироқ, плазматик ҳужайраларнинг етилиши учун бир неча ҳафта вақт ўтиши мумкин.

Антителаларнинг душман устидан ғалаба қозона бошлаганини одатда организм иситма орқали намоён қилади. Плазматик ҳужайралар атиги бир неча кун яшайди холос. Лекин, хотира ҳужайраларининг яшаш муддати анча узоқ ва одатда, бундай ҳужайралар одам умрининг охиригача, танада сақланиб қолади. Агар яна ўша антиген иккинчи марта организмга тушса, ушбу ҳужайралар уни дарҳол пайқайди ва шу заҳотиёқ, унга қарши курашадиган катта миқдордаги антителаларни синтез қила бошлайди.

immun-tizimi-3

Бу орқали эса, организмнинг ўзи аввал ҳам курашган вирус ёки бактерияга қарши навбатдаги марта курашида катта ҳажмда вақтдан ютиш имконини беради. Айнан шу туфайли, иммунитет бир касалликни иккинчи марта танага йўлатмай тура олади. Эмлаш амалиётининг асосий муддаоси ҳам айнан шу билан боғлиқ бўлиб, эмланган организмда, ушбу антигенга нисбатан хотира ҳужайралари шаклланиб олади.

Агар B-ҳужайралар организмни асосан ташқи душманлардан, яъни, тана учун бегона бўлган кимёвий таркибли молекулалардан мудофаа қилса, яна бир турдаги иммун ҳужайралари борки, улар организмнинг ўзидан чиққан ички душманларга қарши кураш олиб боради. Бундай иммун ҳужайралари Т-ҳужайралар, ёки Т-лимфоцитлар дейилади.

Улар, организмнинг инфекция, ёки, саратон туфайли зарарланган ва ўзгаришларга юз тутган ўз ҳужайраларидан тозалайди. (Аслида, бу иш билан Т-лимфоцитларнинг фақат ярмиси банд бўлади, қолган ярми, B-лимфоцитларнинг фаоллигини назорат қилади).

Т-лимфоцитларнинг бундай ном олишига сабаб, улар ҳосил бўладиган ва етиладиган жой – тимус бези экани билан боғлиқдир. Т-лимфоцитларнинг ташқи қобиғида B-лимфоцитлардан фарқли ўлароқ, махсус антигенларни эмас, балки, махсус молекулаларни пайқайдиган оқсиллар мавжуд бўлади.

Т-лимфоцитлар антигенлар билан таъсирлашиши учун, улар аввало, индивидиуумнинг барча ҳужайраларида мавжуд бўладиган, гистологик мослашув комплекси деб юритиладиган бошқа бир турдаги молекулалар билан бирлашиши керак бўлади. Бу худди, ҳудудни айланиб, патрул қилиб турадиган ва «ўзимиздан» эканига ишора қилиши учун, ҳужайралардан махфий сўзни (паролни) айтишни сўраб турадиган қоровул хизматига ўхшайди.

Агар ҳужайра юзасида гистологик мосликнинг тўғри комплекси аниқланса, Т-лимфоцит унга тегмай, кейингисини текширишга ўтади ва шу тариқа ҳамма ҳужайраларни «сўроқлаб» чиқади. Ва агар мабодо, бирор жойда, ҳужайра юзасида унга тегишли гистологик мослик комплекси аниқланмаса, демак, бу ерда нимадир чатоқ деб билинади ва Т-лимфоцит ушбу ҳужайра билан таъсирлашувга киришиб, уни йўқ қилади.

immun-tizimi-4

Одатда, гистологик комплексни вирус қобиғининг оқсили издан чиқарган бўлади ва бундай ҳужайра ўз вазифасини бажара олмай қолган бўлади. Т-лимфоцитлар айнан шундай ҳужайраларни излаб топиб, парчалайди.

Бугунги кунда кўплаб инсонларнинг умрини сақлаб қолаётган муҳим тиббий амалиёт – органларни донордан беморга трансплантация қилиш амалиёти дуч келадиган энг мураккаб масала ҳам айнан шу Т-лимфоцитларнинг фаолияти билан боғлиқ. Чунки, бу Т-лимфоцитлар «бегоналарни» аниқлаш асносида, ўша, трансплантация қилиб, кўчириб ўтқазилган янги органни ҳам ўзига ёт деб аниқлайди ва уни организмдан сиқиб чиқаришга ҳаракат қила бошлайди.

Шу сабабли ҳам, врачлар, янги орган кўчириб ўтқазилган беморларга кейинчалик муттасил иммунодепрессант препаратлар ичиб юришни буюришади. Шу орқали, бемор танасида иммун тизимининг, аниқроғи, Т-лимфоцитларнинг фаоллиги сўндириб турилади ва кўчирилган органни бегона сифатида маҳв этилиши олди олинади.

Бундан ташқари, ОИТС вируси учун ҳам айнан Т-лимфоцитлар нишон бўлиб, бу вирус организмда ушбу Т-лимфоцитларни йўқ қилади ва натижада, одамда иммунитет танқислиги юзага келади. Шунингдек, ушбу Т-лимфоцитларнинг «ўзимизникиларни» пайқаш қобилияти ҳам борган сари пасайиб бориши мумкин ва ўшанда, ушбу Т-лимфоцитлар «манқуртлашиб» организмнинг ўз соғлом ҳужайраларига ҳам ҳужум қилиши содир бўлиши мумкин. Натижада, организмда, аутоиммун касалликлар юзага кела бошлайди. Хусусан, ревматоит артритнинг келиб чиқиши шу тарзда содир бўлади.

Аввалги саҳифаларимизнинг бирида коронавирусдан сақланиш ва эҳтиёт чоралари ҳақида алоҳида мақола нашр қилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилган эдик.

Ушбу веб-сайт маъмури ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик ҳамда эзгули ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб Қобилжон Атаханов.

P.S. Эътиборингизга тақдим этилаётган мақолаларга муносабат билдириб, шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан ва олдиндан ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан! Мақола Сизга манзур келган бўлса, илтимос, яқинларингиз билан ўртоқлашинг.

Танланган сара мақолалар билан танишиш истагингиз бўлса, марҳамат ушбу манзилга ташриф буюрсангиз барча тўпланган мақолалар жамланмаси билан танишиш имконига эга бўласиз.