Ultimate magazine theme for WordPress.

БЎҒИМ ОҒРИШИ – САБАБЛАРИ, ДИАГНОСТИКАСИ ВА ДАВОЛАШ

23

Бўғим оғриши бўғимлар атрофидаги бошқа аъзолар ёки уларнинг таркибига кирувчи элементлар билан боғлиқ патологиялар натижасида ҳам бўлиши мумкин. Чин бўғимлардаги оғриқ (артралгия) бўғим яллиғланиши билан боғлиқ бўлиши ёки бўлмаслиги ҳам мумкин.

Бўғимлар яллиғланганда энг аввало юзага келадиган симптом бу оғриқдир. Бундан ташқари маҳаллий қизариш, шиш, маҳаллий терида ҳароратнинг юқори бўлиши ҳам қўшилади. Артрит марказий ёки кичик периферик бўғимларда ҳам кузатилади. Оғриқ ҳаракатланиш билан юзага чиқиши ёки ҳаракатга боғлиқ бўлмаслиги мумкин.

Турли касалликларда турли бўғимларда ўзига хос бўлган оғриқ кузатилади: масалан айрим касалликларда оғриқ жуфт бўғимларнинг ҳар иккисида юзага чиқиши, бошқа касалликда эса оғриқ фақатгина бир бўғимда учраши мумкин, баъзи ҳолатларда эса оғриқ бир бўғимдан бошқа бўғимга кўчиб юради.

Артритга сабаб бўлувчи касалликларни аниқлашда бир қатор критерияларга асосланилади:

• Нечта бўғимда ва айнан қайси бўғимларда оғриқ кузатилиши;
• Марказий бўғимлар зарарланганми, масалан умуртқалар;
• Артрит ўткир кечяптими ёки сурункалими.

Ўткир артрит бир неча бўғимлар зарарланиши билан кечиши қуйидаги касалликлар оқибатида кузатилади:

• Вирусли инфекциялар;
• Сурункали артритнинг хуруж даврида.

Ўткир артрит бир неча бўғимлар зарарланиши билан кечиши жуда кам учрайдиган Лайм касаллиги, гонорея ёки стрептококкли инфекциялар натижасида келиб чиқадиган касалликлар (ўткир реактив артрит) ёки подагра сабабли бўлиши ҳам мумкин.

Сурункали артрит бир неча бўғимлар зарарланиши билан кечувчи айрим касалликларда ҳам оғриқ синдроми кузатилади:

• Ревматоид артрит, псориатик артрит ёки тизимли қизил югурик;
• Остеоартрит (катталарда яллиғланиш кузатилмайди);
• Ювенил идиопатик артрит (болаларда).

Одамлар орасида энг кўп учрайдиган бўғимлар оғриғига сабаб бўлувчи касалликлар қуйидагилар:

• Фибромиалгия;
• Ревматик полимиалгия;
• Бурсит ёки тендит. Бурсит ёки тендит одатда жароҳатланиш натижасида келиб чиқади ва бунда патологик жараён фақатгина ягона бўғимда кузатилади.

Бўғим оғриши диагностикаси

Бўғим оғриши юзага келганда энг аввало оғриққа сабаб бўғимларнинг ўзида кечаётган патологиями ёки тизимли касаллик натижасида бўғимлар зарарланишими деган саволга жавоб олиш зарур. Агар бўғимлар тизимли касалликлар натижасида оғриса касалликни кечиктирмай даво муолажаларини ўтказиш зарур. Қуйида қандай ҳолатларда шифокорга мурожаат этиш керак эканлиги ҳақида билиб оласиз.

Шошилинч равишда шифокорга мурожаат этиш лозим бўлган ҳолатлар:

• Бўғимларда шиш, ҳарорат ошиши ва қизариш бўлса;
• Терида қизил тошмалар, доғлар ёки бурмалар пайдо бўлса;
• Бурун ёки оғиз шиллиқ қаватида яралар бўлиши;
• Кўкрак соҳасида оғриқ, ҳансираш, кучли йўтал кузатилса;
• Қоринда оғриқ бўлса;
• Тана ҳарорати ошиши, кўп терлаш;
• Кўз шиллиқ қаватининг қизариши ёки оғриқ бўлиши.

Шифокор ҳузурида мутахассис анамнез йиғиш, физикал кўрик, инструментал текширувлар ёрдамида бўғимларда кузатилаётган оғриқ сабабини аниқлайди ва кейинги режани айтади.

Bo’g’im og’rishi – sabablari, diagnostikasi va davolash usullari-2

Анамнез йиғишда оғриқ характери, оғриқнинг вақтга боғлиқ ҳолда кучайиши, жисмоний ҳаракат вақтида кучайиши, ёндош касалликлар, аввал ўтказилган касалликлар ҳақида маълумот тўпланади.

Физикал кўрикда эса бўғимларнинг умумий ҳолати, ҳаракатланиш доираси (актив ҳамда пассив), тери ранги, шиш, қизариш, тошма каби элементларга эътибор қаратилади. Бундан ташқари оғиз, бурун, кўз, генитал соҳа шиллиқ қаватлари ҳам кўздан кечирилади. Маҳаллий лимфа безлари ҳолати, нерв тизими функциясига ҳам баҳо берилади.

Физикал кўрик ёрдамида бўғимлар оғришининг сабабини аниқлаш осонлашади. Масалан, бўғимлар атрофи терисида оғриқ бўлиши, аммо бўғимларнинг ўзида оғриқ кузатилмаслиги бурсит ёки тендинитдан дарак беради. Шу соҳанинг барча қисмида оғриқ кузатилса фибромиалгия сабабли бўлиши мумкин.

Бўғим оғриши билан биргаликда умуртқа поғонасида ҳам оғриқ юзага келса остеоартрит, реактив артрит, псориатик артит ҳақида ўйлаш мумкин. Билак узук соҳасидаги бўғимларни кўздан кечириш энг кўп тарқалган икки касаллик ревматоид артрит ва остеоартритни бир биридан фарқлаш имконини беради.

Артритда кўпинча бармоқ фалангаларининг пастки яъни дистал қисмлари зарарланади, ревматоид артритда эса аксинча билак узук соҳасидаги бўғим зарарланиши қайд этилади.

Муҳим бўлган анализлар қуйидагилар:

• Синовиал суюқликни текшириш;
• Аутоантителоларни қон анализи ёрдамида текшириш;
• Эритротситлар чўкиш тезлиги ва C – реактив оқсилни аниқлаш.

Бўғимларда шиш кузатилса, бўғим ичи суюқлигидан намуна олиш учун бўғим ичига махсус игна киритилади ва суюқликдан маълум ҳажмда намуна олинади (артросентез). Бўғим суюқлик бактериологик текширилади ёки микроскопик текширув ёрдамида суюқлик таркибидаги кристаллар текширилади. Суюқликда лейкотситлар аниқланиши бўғимда яллиғланиш жараёни кечаётганлигини билдиради.

Қондаги аутоантителоларни аниқлаш организмда тизимли касалликлар ҳақида маълумот беришда анча кенг маълумотлар беради.

Эритротситлар чўкиш тезлиги – эритротситларнинг пробирка остига чўкиш тезлигига қараб бир қатор тизимли касалликлар ҳақида фикр юритиш мумкин, аммо ЭЧТ бошқа яллиғланиш касалликлари натижасида ҳам ошиши мумкин. Шу сабабли ЭЧТ текшируви билан бир қаторда C -реактив оқсил миқдори ҳам аниқланади. C – реактив оқсил миқдори яллиғланиш жараёни натижасида кўпайиб кетади.

Бўғимларнинг ҳолати ҳақида энг яхши маълумот берувчи текширув усуллари – рентгенография, компютер томографияси ва МРТ ҳисобланади.

Бўғим оғриғи давоси

Бўғимларда оғриқ келиб чиқиш сабаби аниқлангач айнан шу касалликка қарши чора тадбирлар амалга оширилади, масалан тизимли касалликларни даволаш учун иммун тизими функциясини пасайтирувчи (гормонал) препаратлар, инфекция натижасида келиб чиқадиган яллиғланишни бартараф этиш учун эса антибиотиклар буюрилади.

Bo’g’im og’rishi – sabablari, diagnostikasi va davolash usullari-3

Бундан ташқари яллиғланиш жараёнини бартараф этишда ностероид яллиғланишга қарши препаратлар ҳам яхши самара беради. Бўғим оғриши ҳолати бўғимларни иммобилизация қилиш яъни ҳаракатни чеклаш натижасида ҳам оғриқ ҳиссини камайтириш мумкин.

Жароҳатлар вақтида музли халталар қўйиш, ҳамда мушаклар спазмини камайтириш учун эса илиқ грелкалар қўйиш ҳам мумкин. Оғриқ синдроми камайгач физиотерапевтик муолажалар буюрилади.

Сурункали артрит ҳолатида эса мушаклар контрактураси ҳамда атрофиясини олдини олиш мақсадида доимий машқлар бажариш керак бўлади.

Бир неча бўғимларда оғриқ кузатилиши сабаблари, белгилари ҳамда текширув усуллари

Фибромиалгия – бўғим яллиғланиши йўқ, оғриқ шу соҳа атрофидаги мушакларга ҳам тарқалади, тез чарчаш, уйқу бузилиши баъзида ичаклар билан боғлиқ муаммо, кўпинча аёлларда учрайди ва сурункали кечади, руҳий тушкунликка сабаб бўлиши мумкин.

Вируслар натижасида бўғимлар яллиғланиши – бўғимларда оғриқ бир неча соат ичида пайдо бўлиши мумкин, вирусларга хос бўлган бошқа белгилар (масалан гепатит Б да сариқлик, гепатит C да оёқларда бўртиқчалар пайдо бўлиши, ОИВ да эса лимфа тугунлари катталашиши). Синовиал суюқлик текшируви ҳамда ПСР ёки ИФА текширувлари.

Ювенил идиопатик артрит – ёшларда бўғимларда симметрик оғриқ бўлиши, сурункали кечиши, белнинг пастки қисмида оғриқ, лимфа безлари катталашиши ва тана ҳарорати ошиши, жигар ва талоқ катталашуви. Аутоантителоларни қонда текшириш.

Ревматоид артрит – сурункали, симметрик бўғимларда оғриқ, тез чарчаш, тонги вақтда бўғимлар ҳаракати чекланиши, бўғимлар деформацияси, тери остида кучли шиш пайдо бўлиши, кўпинча ёшларда кузатилади. Аутоантителони аниқлаш ҳамда рентгенологик текширув.

Зардоб касаллиги (қонга ёт бўлган оқсил кўп миқдорда тушиши натижасида кузатилади) – бир неча бўғимларда яллиғланиш ва оғриқ, тана ҳарорати кўтарилиши, тошма ва лимфа тугунлари катталашуви.

Тизимли қизил югурик – бўғимларда оғриқ яллиғланиш жараёни бор ёки йўқ, теридаги ўзгаришлар, мушаклар оғриши, шиллиқ қаватлар қуриши, буйраклар билан боғлиқ муаммолар. Пешоб умумий анализи, аъзоларда биопсия олиш, қонда аутоантителони аниқлаш.

Носимметрик бўғимларда оғриқ синдроми кузатиладиган касалликлар

Бехчет касаллиги – оғиз ёки генитал соҳа шиллиқ қаватларида яралар, кўз шиллиқ қавати қизариш ва оғриқ.

Подагра – тўсатдан юзага келувчи кучли оғриқ, тана ҳарорати ошиши, бўғимларда шиш, кўпинча бир бўғимда кузатилади. Синовиал суюқликни текшириш.

Инфексион эндокардит – бўғимларда шиш ва оғриқ, тунги вақтда тер ажралиши кўпайиши, тана вазни камайиши, иситма, юракдаги оғриқлар. Эхокардиография ва қон анализи.

Остеоартрит – сурункали оғриқ, кўпинча тизза ва чаноқ сон бўғимида, бармоқлардаги кичик бўғимлар зарарланиши, бўйин ва бел соҳасида оғриқ. Рентгенологик текширув.

Псориатик артрит – псориаз, симметрик бўғимларда оғриқ, қўл бармоқлари деформацияси, тендинит, кўз шиллиқ қавати қизариши ва оғриқ. Рентгенологик текширув.

Ушбу веб-сайт маъмури ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик ҳамда эзгули ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб Қобилжон Атаханов.

P.S. Эътиборингизга тақдим этилаётган мақолаларга муносабат билдириб, шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан ва олдиндан ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан! Мақола Сизга манзур келган бўлса, илтимос, яқинларингиз билан ўртоқлашинг.

Танланган сара мақолалар билан танишиш истагингиз бўлса, марҳамат ушбу манзилга ташриф буюрсангиз барча тўпланган мақолалар жамланмаси билан танишиш имконига эга бўласиз.