АДАБИЁТ

Ҳажвиётнинг йил якунлари

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

бош муҳаррирга

 

Ўтган йилнинг 13 март куни ишдан барвақт кетиб қолганим, меҳнат интизомини бузганим учун, “Тушунтириш хати” ёзсин, чора кўрамиз”, дебсиз. Шунга кўра қуйидагиларни батафсил баён қилишни ўзимнинг ходимлик бурчим деб билдим:

Уч-тўрт кун олдин Ёзувчилар уюшмасида йил  прозасининг якунлари бўйича йиғин бўлади, деб гапни эшитиб қолдим. У-бу нарса қоралаб турганим учун, “Ўх! Мана мен деган ёзувчилар, танқидчилар бўлади. Бир йилда яратилган асарларнинг сараланади, пучаги пучакка чиқарилади, борса бўлар экан”, дедим. “Муштум”нинг масъул котиби Бахтиёр Олломурод ҳажвиётимизнинг йил якунлари ҳақида маъруза қиларкан”, деган хабарни эшитганимдан кейин, жойимда ўтиролмай қолдим: “Ҳажвиётимиз биринчи марта муҳокамага қўйилибди. Ҳажвчиларга ҳам кун туғибди. Тортишувлар, бизбоп гаплар бўлади, бориш керак!” деган хаёллар билан Ёзувчилар уюшмасига ҳовлиқиб жўнаворибман.

2-Hajviyotning yil yakunlari

Йиғин хонасига кириб бўйлайман: бугунги прозамизнинг етакчилари Эркин Аъзам, Нурали Қобул қани?  Ҳажвиётимизнинг устуни, устоз Анвар Обиджон кўринмайди? Прозамизнинг йиллик муҳокамаси бўляпти тенгсиз танқидчимиз  Умарали Норматов ё Қозоқбой Йўлдошев бордир ҳеч йўқ? Бугунги насримизнинг пешқадамлари Назар Эшонқул, Наби Жалолиддин, Исажон Султонлар наҳотки шундайин муҳим йиғинга вақт тополмаган? Бирортаси йўқ-да!

– Эй, укажон, бормисиз? – отангни ҳам танимай танқид қиладиган адабиётшунос олим Сувонқул ака Мелиев билагимдан тутди. – Кепсиз-да! Мениям таклиф қилишганди, келдим.

Эллик чоғли одам тўридаги креслоларга тикилиб ярим соатча ўтирдик. “Келяптилар, келяптилар!” деган шивир-шивир эшитилди. Аммо келаётганлардан олдин, пахта гулли икки чойнакда чой билан, саккизта пиёла кириб келди. Рисолатхон деган синглимиз бор экан, у пиёлларни обдон артиб, чойни қайтаришни бошлади. Ниҳоят уюшма раиси Муҳаммад Али кириб келди. Вужудим қулоққа айланди:

– Президентимизнинг адабиётга кўрсатаётган эътиборини кўриб турибсизлар! – Муҳаммад Али ўтирган хонамизга ишора қилди. – Мана шу биноларнинг ҳаммаси  муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида бунёд этилди. Бунақа эътибор, кейинги саксон беш йил ичида бўлмаганди! Хоналар шунақанги кўпки, хонамни тополмай қоляпман! Сўраб, сўраб хонамни топяпман! Бундай эътиборга қандай жовоб беришимиз керак?  Ана шу саволга жавоб тополмай, кечалари кўзимга уйқу келмайди! Тоғларни талқон қилишимиз керакми? Ё чўлларни обод? Мен ҳаммасига таёрман! Бугун… – раисимиз бир дам сукут сақлаб, қўлидаги қоғозни ўқишга киришди.

3-Hajviyotning yil yakunlari

– Раисимиз йиғилишга “роса” тайёргарлик кўриб келганга ўхшайди! – Сувонқул ака қулоғимга шивирлади.

– Ёзувчи Исажон Султоновнинг асари Швецарияда ўтказилган танловда ғолиблар қаторида қайд қилинди, – Муҳаммад Али сўзида давом этди. – Бу Исажон Султоннинг эмас, бутун адабиётимизнинг ютуғи. Буни – менинг ютуғим деб қувонишимиз керак. Кейин, ҳалиги, қизимиз бор эди… Ким эди? – у ўтирган қизларни саволга тутди. –  “Ёшлик”да ҳикоялари чиққан… Тўпламини кўрдим. Журналда “Ёшлик”да чиққан ҳикояларини қўшмабди, айтиб қўйинглар, яхши ҳикоялар эди… Президентимиз Томдига бориб келишди! Ким борган Томдига? Ҳеч ким! Самарқандга борганимда иккита уюшмамиз аъзосини Томдига жўнатдим. Амалга оширилаётган ишларни ёзиб келади… Китоб қиламиз. Ана шулар ҳақида ёзиш керак. Нақшбандий ҳақида китоб керак дейишяпти? Ким ёзади уни? 100 миллион сўм пул берамиз дейишяпти, яна қалам ҳақи… Керак бўлса 100 минг, яна 100 минг нусхада чиқарамиз… Кейин бунақа йиғинларга вилоятлардаги ижодкорларни ҳам таклиф қилиш керак. Келишсин, йўлкираларини қилиб берамиз…

“Нима гаплар бўляпти ўзи?”

Бу  йиғиннинг кириш қисми бўлса керак, асосий гапларни энди бошлайди, деб турсам:

– Мени зарур ишларим бор, бу ёғини давом эттираверасизлар! Кейин ўқиб оламан… – деб эшикдан чиқиб кетди.

Бошқа гаплар қулоғимга кирмади.

– Ие! 2017 йил ўзбек прозаси ҳақидаги гаплар қани? Уюшма раисига ўтган йилда адабиётимиз эришган ютуқ ва камчиликлар ҳақидаги йиғиндан ҳам кўра муҳим иш бўлиши мумкинми?

– Нега бир жойда депсиниб турибмиз, муҳокама қилиб, тегишли чоралар белгиламайдими?

– Ижодкорлар йилда бир тўпланибди, дардларини янги қурилган бинога айтадими?

– Мен кўрмоқчи бўлган танқидчилар, ёзувчилар шунинг учун бундай йиғинлардан қадамини узгандир?

Ана шунақа саволлардан бошим ғовлаб, уйга жўнаворибман. Газета чиқадиган кун эканлиги ҳам ёдимдан кўтарилибди. Шуларни ҳисобга олиб, мени бир бора кечиришингизи сўрайман.

Бундан кейин бундай йиғинларга умуман бормайман деб сизга сўз бераман.

Имзо қўйдим: Саид АНВАР


Ҳамиша хушкайфият Сизга ҳамрох бўлсин!

Ушбу wеб-сайт маъмури ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга ва оилангизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик, бахтли ҳаёт кечириш ҳамда бошлаган эзгу ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб,

Ҳурмат ва эҳтиром ила, Қобилжон Атаханов

P.S. Сизга мақола манзур келган бўлса, илтимос, қуйидаги тугмалардан бирини босиб яқинларингиз билан ўртоқлашинг!

Ушбу мавзудаги мақолалар билан қизиқсангиз, марҳамат ушбу манзилга ташриф буюрсангиз барча тўпланган мақолалар жамланмаси билан танишиш имконига эга бўласиз.

Мақолалга муносабат билдириб, ўз шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан. Олдиндан ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан!

Тэги
Показать больше?

Статьи по Теме

Кнопка "Перейти наверх" (Go To Top)
Близко
Биз сайтни энг яхши намойиш этиш учун cookie-файллардан фойдаланамиз. Ушбу сайтдан фойдаланишда давом этиб, Сиз cookie-файллардан фойдаланишга розилик билдирасиз.
Қабул қилиш
Рад этиш