Ultimate magazine theme for WordPress.

“БОЙСУН БАҲОРИ” ҲАЙРАТЛАРИ

85

Ўзининг бой маданий ва фольклор мероси билан инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари сифатида тан олинган Бойсун яна меҳмонларга ўз бағрини очди. Бетакрор табиат қўйнида ташкил этилган миллий этно шаҳарча ҳар йили минглаб хорижий ва маҳаллий сайёҳларни ўзининг бебаҳо маданий муҳитидан баҳраманд бўлишга чақиради.

Маълумки, Сурхондарё – ноёб қадриятлари, ҳудуд табиатига мос турли либослари, лапар ва достонлари, дўмбира ва чанқовузнинг сеҳрли оҳанглари билан азалдан машҳур бўлиб келган.

“Бойсун баҳори” эса – инсон қалбида миллий қадриятларга, нафис санъат ва сержило табиатга меҳр уйғотиб, уларни ардоқлашдек эзгу туйғуларни тараннум этадиган шодиёна. Бой маданий меросга эга Бойсун – 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан “Бойсун маданий муҳити” номи остида “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдоналари” сифатида эътироф этилди. 2008 йилдан бошлаб эса ЮНЕСКОнинг умумжаҳон рўйхатига киритилди.

АҚШ ва япониялик дўстларим билан “Бойсун баҳори” фестивалига йўл оларканмиз, то фестиваль ўтказиладиган Паданг қишлоғига боргунимизча ҳамрохларимни маҳаллий халқнинг меҳмонларга бўлган эҳтироми бироз ҳайратлантирди. Халқимиздаги “Меҳмон – отангдек азиз” нақлини уларга тушунтиришга тўғри келди.

Тўрт томони тоғлар билан ўралган Паданг қишлоғида тумонат одам тўпланган. Бир томонда куй-қўшиқ авжида. Ўрнатилган сауналарда фольклор-этнографик халқ ансамбллари ва бошқа жамоалар мамлакатимизнинг турли ҳудудларига хос либослар ва қадимий куй-қўшиқлар асосида тайёрланган ноёб санъатини намойиш этишмоқда. Бир томонда тайёрланаётган миллий таомлар ифори ўзгача ҳузур беради ва беихтиёр ютиниб қўясан киши.

Кичик саёҳатимизни миллий таомлар тановулидан бошладик. Мусаффо тоғ бағридан сизиб чиқаётган булоқ сувига чанқоғини қондирган меҳмонлар Бойсуннинг тоғ арчаларидан кўшиб тайёрланган тандир гўштидан тотиб кўришди ва бундайин таъм дунёнинг ҳеч бир мамлакатида пишириладиган гўштнинг таъмига ўхшамаган беқиёс тотли эканлигига иқрор бўлишди.

Нафақат хорижлик меҳмонлар, балки юртдошларимиз томонидан ҳам севиб истеъмол қилинадиган бу таом вилоят ошпазларининг ташриф коғозига айланиб улгурган. Тандир гўштининг ўзгача таъми сирини сўраганимизда эса, ёш, моҳир ошпаз Қудрат Абраев таомнинг гўшт танланишидан тортиб пишириш жараёнигача гапириб берди: “Тандир кабоб тайёрланишида ишлатиладиган қўй-қўзилар эрта тонгдан то қош қорайгунга қадар воҳамизнинг 100 дан ортиқ турдаги ўт-ўланларидан озиқланади, дарё ўзани ва булоқлардан сув ичади.

Шунингдек, уларнинг ҳар куни 10-15 км масофада ҳаракатланиб ўтлаши ҳам улардан тайёрланадиган тандир гўштининг беқиёс мазали бўлишига сабаб бўлади. Уни тайёрлашда қўй, эчки ёки товуқ гўштига зираворлар билан ишлов берилиб, вазнига қараб одатда 1 соатдан кўпроқ вақт давомида тандирда пиширилади.

“Boysun-bahori”-hayratlari-1

Бундан ташқари, тандир кабоб тайёрланишида табиийликка кўпроқ эътибор қаратилади. Ҳеч қандай замонавий таъм берувчи воситаларсиз, соус, майонезларсиз фақатгина тоғ арчаси-ю, тоғ зирасидан фойдаланилади”.

Ҳақиқатан ҳам таомнинг аслидек мазали бўлиши учун ўз муҳитининг табиати, суви, тайёрлаш усули ва энг муҳими — керакли масаллиқларнинг тўғри танланиши каби бошқа ерда топиб бўлмас шарт-шароитлар аҳамиятга эга.

Шунингдек, маҳаллий сотувчиларнинг хорижлик меҳмонларга татиб кўриш учун илинган тоғ ровочи, кўксултону тут мазасини чет эллик дўстларим Америка ёки Япониядаги мевалар таъмига ўхшатишга харчанд уринишмасин, бўлмади. Ўзлари учун янгича хуштаъм кашф этганликларини эътироф этишди.

“Boysun-bahori”-hayratlari-2

Халқ ўйинлари ва миллий спорт турлари

Халқ ўйинлари азалдан аждодларимиз маданий ҳаётининг ажралмас қисми сифатида эъзозланади. Миллий ўйинларимизда элнинг турмуш тарзи, меҳнати, ютуқлари ўз аксини топган. Шу боис улар ёш авлодларни тарбиялашда “ҳаёт мактаби” вазифасини ўтаган. Айтишларича, юртимизда халқ ўйинларининг мингга яқин тури мавжуд. Баъзи миллий ўйинларимиз замонавий спорт тури мақомини олиб, жаҳон миқёсида оммалашмоқда.

Халқ ўйинларимизнинг ҳам ўз сири бор. Ҳар бир ўйин мағзи халқ оҳанглари, миллийлик, инсонийлик, жасорат, фидойилик каби туйғуларга бой.

Фестивалда мана шундай ўйинларимизнинг жозибали ижросига гувоҳ бўлдик. Адирларда қийқириб варрак учираётган болалар қувончи, тош кўтариб ёш йигитларни кучли ва бақувват бўлишга ундаётган паҳлавонлар харакатлари, миллий либосларда ҳазил-хузул айтишувлар айтиб, арқон тортиш ўйнаётган ёш навнихоллар кулгиси, довюрак дорбозларнинг қизиқарли томошалари халқимиз боқий ва гўзал миллий ўйинларга нақадар бой эканлигини кўрсатди.

Бетакрор табиат қўйнида ташкил этилган миллий кураш мусобақалари эса япониялик сайёҳда айниқса кўпроқ қизиқиш уйғотди. Ўз мамлакатидаги спорт турларига ўхшаш ўзбек миллий кураш техникаси ҳақида фестивалда иштирок этаётган спорт усталаридан қизиқарли маълумотларни сўраб олди.

Бахшили эл

Сурхон элида бахшисиз тадбир ўтказилмаса керак. Тадбир саҳналаридан бирида эл суйган бахшилар халқ достонлари ва термаларидан куйлаб, узоқ ўтмиш бағрига оҳанглар оғушида саёҳат қилишга чорламоқда. Хорижлик сайёҳларда бахшилар ижроси ҳам ўзгача қизиқиш уйғотди ва бу санъат тўғрисида билишга қизиқишди. Сурхон воҳасининг бахшичилик санъати ҳақида бахшиларнинг ўзларидан эшитдик.

“Бахшичилик бизга бобомерос, дейди, Ўзбекистон халқ бахшиси Хушбоқ бахши Мардонқулов. – Ёшим саксондандан ошган бўлса-да ҳамон “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Гўрўғли”, “Авазхон” каби достонларни куйлаганимда, бутун вужудимда завқу шавқ жўш ураётганини сезаман.”

Бахши сўзи “маърифат, зиё улашувчи” маъноларини англатади. Соддароқ қилиб айтганда, у қўшиқ ва достонларни ёддан куйловчи, айтувчи ва ўз маънавий меросини авлоддан авлодга етказувчи санъаткордир.

“Boysun-bahori”-hayratlari-3

Шуни ҳис қилдимки, “Бойсун баҳори”да эл суйган бахшилар мушоираси, бир шингил аскияси кўнгилларга хуш ёқиб, инсоннинг ўзлигини, қадимий илдизларини англашга даъват этди. Унда дўмбиралар тилга кириб, овоз созга, соз овозга мойил бўлганда қалблар оҳанглар асирига айланди. Бойсуннинг мовий осмони, бепоён кенгликлари бахшилар дўмбирасига жўр бўлиб дилларга завқ-шавқ улашди.

Ўтов-меҳмонхоналардаги меҳмондорчилик

Фестивал майдони узра ястанган, халқ амалий санъати намуналари билан моҳирона безатилган ўтовлар қуёш тиккага келиб кун қизиган паллада жонга оро киришини хис қилдик. Ўтовлардан бирида меҳмон бўлдик. Ўзига хос, кўзни қувонтирадиган сержило каштачилик ишлари, сўзана, гажари гиламлару шойи билан ясатилган ўтовда хорижлик дўстларим бошқа оламга тушиб қолгандай ҳис қилди ўзини.

“Boysun-bahori”-hayratlari-4

Айниқса, ташқарида кун қизигандан қизиб турган чошгоҳ маҳали ўтов ичкариси шунчалар салқин ва хушҳаво эканлиги янада ҳайратлантирди. Ўтов эгалари тоғ кўкатларидан солиб тайёрланган ёзнинг салқин ичимлиги – айрон ичишни таклиф қилишганда меҳмонлар дастлаб бироз иккиланиб татиб кўришди. Иссиқ кунда жонга роҳат бағишлайдиган бундай ичимлик мазасини билгандан кейин эса қайта-қайта қилинган таклифларни бажонидил қабул қилишди.

Ўтов эгалари шунчалар меҳмондуст ва самимий эдики, тиллар эмас, диллар сўзлади. Меҳмон ва мезбонлар учун табассум ҳақиқий мулоқот воситаси бўлди. Ўтов эгаси – Бойсун туманидаги “Кўчкак” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Байрат Турсунов тушликка бизни миллий таомларимиз шохи – ош билан меҳмон қилди.

“Boysun-bahori”-hayratlari-5

Ўзбек паловининг довруғини эшитган аммо мазасини ҳали татиб кўрмаган хорижлик дўстларим учун бу воқеа ҳам ҳайратланарли эди. Улар дунёнинг яна бошқа кўплаб юртларида бўлиб, у ерларда ҳам тайёрланадиган ошлардан истеъмол қилишган эди. Аммо ўзбек паловининг мазаси ўзгача, энг зўри, дея эътироф этишди.

Сайёҳ сифатида миллий қадрият, урф-одат, анъаналармизни яқиндан билишга қизиққан дўстларим учун кўрсатилган бундай иззат-икромдан бениҳоя мамнун бўлиб, “бу ерда кўрган-кечирганларим, Бойсунда мени бахтиёр қилган ажойиботларим ҳақида албатта ҳамюртларимга етказаман ва улар ҳам Ўзбекистонга, айниқса, Бойсунга келишлари, “Бойсун баҳори” фестивалида қатнашишлари керак, деб ўйлайман” – дейди япониялик дўстим Чиза Камеяма.

Ўтовда хордиқ чиқариб, кечки гала концертга боришдан олдин маҳаллий халққа хос бўлган бир қанча урф-одатлар, миллий ҳунармандчилик намуналари билан танишдик. Чанқовузнинг сеҳрли оҳангларидан баҳраманд бўлдик ва ўзимиз ҳам чалишга уриниб кўрдик.

“Boysun-bahori”-hayratlari-6

“Чанқовуздан сохир куй таратиш осон эмас”, дейди бойсунлик “Кўчкак” маҳалла аёллари. – Чанқовуз – Сурхон воҳасининг қадимий ва анъанавий мусиқа асбоби бўлиб, у милоддан аввалги I асрда пайдо бўлган. Унда аждодларимиз, асосан момоларимиз бетакрор куйлар яратишган. Азалдан чанқовузни кўп аёллар нағма қилиб келишган. Суҳбат-гурунгларда ҳам жўрликда жонлантиришган.

Юртимизда айни пайтгача чанқовузнинг икки тури бўлган. Суякдан чанқовуз ясашда асосан эчки суягидан фойдаланишган. Ҳозирги кунда чанқовузлар асосан темирдан ясалмоқда. Бундан ташқари, Сурхон воҳасида анъанавий мусиқа чолғуларидан сивизға, қўшнай, ғажир най, бахшиларга жўр бўлган дўмбира, қўбиз кенг тарқалган”. Фестивалда илк маротаба халқаро аэронавтика ассоциацияси делегацияси иштирок этди. Бойсун узра ҳаво шарлари кўтарилиб, самога парвоз қилиш сурурини берди.

“Boysun-bahori”-hayratlari-7

Халқ руҳининг кўзгуси бўлган фольклор санъати, моҳиятига кўра инсон қалбида меҳр-шафқат, муҳаббат ва дўстлик, ҳамжихатлик каби эзгу туйғуларни уйғотади. Фольклор шунинг учун ҳам ўз мавқеи ва гўзаллигини йўқотмай, халқ орасида ҳамон яшаяпти. Бу йилги тантаналарнинг асосий қисмини айнан ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос миллий санъати, либослари, халқ оғзаки ижоди намуналарининг дастурлаштирилган намойиши ташкил қилди.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бадиий жамоалари иштирок этди. Шунингдек, Тожикистон Республикасининг “Падида” театр жамоаси, Афғонистон Ислом Республикасининг таниқли ҳофиз-хонандалари Абдумажид ва Абдурауф Адлхуийлар ҳам қўшни давлатларнинг миллий либослари, қадимий куй-қўшиқлари асосида тайёрланган ўз бадиий чиқишларини намойиш қилдилар.

“Boysun-bahori”-hayratlari-8

Юртимизнинг ҳар бир фольклор жамоаси аъзоси саҳнага чиқиб, у ёки бу халқ қўшиқлари, лапарларни ижро этганда, маросим рақсларига тушганда ўша давр руҳи ва этник қиёфасини томошабинлар янада аниқ ҳис этиши учун музейлардаги нусхалари орқали тикланган қадимий либосларда эдилар. Айниқса, жанда чопон, алак яктак, босма чакмон, мўжи, чорк, тўқима бойсунча дўппи билан саҳнага чиққан “Шалола” дастаси аъзоларининг чиқишлари тадбирга ўзгача завқу шавқ берди.

“Boysun-bahori”-hayratlari-9

Қисқаси, сўлим тоғ бағрида гўзал табиат манзараларига уйғун миллий қадриятлар тараннуми барчани маҳлиё этди. Айтиш мумкинки, Бойсун баҳори халқимизнинг бой тарихи, миллий қадриятлари, маданияти, моддий ва маънавий мероси боқийлигини таъминловчи ва уни бутун дунёга тарғиб қилувчи тарихий ва бой манба бўлиб қолиши шубҳасиздир.

Ушбу веб-сайт маъмури ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик ҳамда эзгули ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб Қобилжон Атаханов.

P.S. Эътиборингизга тақдим этилаётган мақолаларга муносабат билдириб, шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан ва олдиндан ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан! Мақола Сизга манзур келган бўлса, илтимос, яқинларингиз билан ўртоқлашинг.

Танланган сара мақолалар билан танишиш истагингиз бўлса, марҳамат ушбу манзилга ташриф буюрсангиз барча тўпланган мақолалар жамланмаси билан танишиш имконига эга бўласиз.