Ultimate magazine theme for WordPress.

ХАЛҚАРО САВДОНИНГ ЯНГИ ВА ЎТА ЯНГИ НАЗАРИЯЛАРИ

73

ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб халқаро савдо назарияларини ишлаб чиқишдаги йўналишларда амалга оширила бошланди:

1. Классик мактаб назарияларини ривожлантиришга ва кенгайтиришга йўналтирилган назариялар. Бу назарияларга мисол қилиб П. Самуелсон ва Р. Джонсларнинг «махсус ишлаб чиқариш омиллари» назариясини келтириш мумкин.

2. Классик мактаб назарияларини инкор этмаган ҳолда халқаро савдонинг бу назарияларда ўрганилмаган жиҳатларини таҳлил қилишга йўналтирилган назариялар. Бу назарияларга мисол қилиб С. Линдернинг «кесишувчан талаб» назариясини келтириш мумкин.

3. Классик мактаб назарияларини инкор этувчи ва халқаро савдонинг янги асосларини топишга йўналтирилган назариялар. Бу назарияларга мисол қилиб «миқёс самараси» назариясини, «халқаро савдонинг динамик модели» назариясини ва Б. Балассанинг «тармоқ ичидаги савдо» назариясини келтириш мумкин.

П. Самуелсон ва Р. Джонс ўзларининг «Махсус ишлаб чиқариш омиллари» назарияларида Хекшер-Олин назариясини ривожлантириш ва кенгайтиришга ҳаракат қилишган.

Хекшер-Олин назариясида ишлаб чиқариш омилларининг фақат икки хил тури — капитал ва меҳнат инобатга олинган бўлса, «Махсус ишлаб чиқариш омиллари» назариясида ушбу омиллар сони учтага етказилди, булар капитал, меҳнат ва ер омилларидир. Бундан ташқари, Самуелсон-Джонс назариясида ишлаб чиқариш омилларини икки гуруҳга бўлиш таклиф этилади:

Ишлаб чиқаришнинг махсус омиллари — муайян тармоқларда кенг қўлланилувчи ва бошқа тармоқларда эса деярли қўлланилмайдиган ишлаб чиқариш омиллари. Ушбу омиллар фақат бир тармоққа тегишли бўлганлиги учун тармоқлараро кўчиб юрмайди.

Мисол учун, капитал саноат тармоқларида кенг қўлланилади, қишлоқ хўжалигида эса унинг аҳамияти юқори эмас. Чунки қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш омилларининг реверс самараси юқори бўлмаганлиги капитал ўрнига меҳнат ресурсларидан кенг фойдаланиш имкониятини беради. Бошқа тарафдан юқори унумдорликка эга бўлган ер қишлоқ хўжалиги учун махсус омил бўлади. Чунки саноатда ернинг унумдорлик даражаси ҳеч қандай аҳамият касб қилмайди.

Ҳаракатчан омил — ҳамма тармоқларда кенг қўлланилувчи ва шу сабабли тармоқлараро эркин ҳаракатланувчи ишлаб чиқариш омили. Бу омилга мисол қилиб меҳнат ресурсларини келтириш мумкин. Мисол учун, агар ишчи кучи саноат корхонасида ўз иш жойини йўқотиб қўйса, у қишлоқ хўжалигига бориб ишлаши мумкин ва аксинча. Бундай ҳолатлар жаҳон хўжалигида кўп кузатилади.

Ишчиларнинг қишлоқ хўжалигидан саноат тармоқларига ўтиши натижасида жаҳон хўжалигида урбанизация жараёни ривожланиб келмоқда. Махсус ишлаб чиқариш омиллари назарияси — халқаро савдо ривожланишининг объектив асосини ички нисбий нархларни бир-биридан фарқ қилиши ташкил этса, бу ҳолатнинг асосий сабаби мамлакатларнинг махсус ишлаб чиқариш омиллари билан турлича таъминланганлигидан иборатдир.

Мамлакатнинг халқаро савдода иштирок этиши натижасида экспорт тармоқлари учун махсус бўлган омиллар ривожланади, импорт билан рақобатлашувчи тармоқ учун махсус бўлган омил камаяди.

Халқаро савдо турли хил ишлаб чиқариш омилларига турлича таъсир кўрсатиши бу омил эгаларини турмуш фаровонлигини халқаро савдога боғлиқ эканлигини англатади. Шу сабабли кўплаб иқтисодчи олимлар халқаро савдонинг аҳоли даромадига таъсирини ўрганишган. Бу борадаги асосий назарияларга қуйидагилар киради:

Хекшер-Олин-Самуелсон назарияси — халқаро савдо мамлакатларда гомоген ишлаб чиқариш омилларининг мутлақ ва нисбий нархларининг мувозанатлашувига олиб келади. Бу эса гомоген ишлаб чиқариш омиллари эгаларининг даромадларининг барқарорлашувини англатади.

Самуелсон-Джонс назарияси — мамлакатнинг халқаро савдода иштирок этиш натижасида экспорт тармоқлари учун махсус бўлган омил эгаларининг даромади кўпаяди ва импорт билан рақобатлашувчи тармоқ учун махсус бўлган омил эгаларининг даромади камаяди.

Столпер-Самуелсон назарияси — халқаро савдо таъсирида нархи ўсадиган товарни ишлаб чиқаришда нисбатан интенсив фойдаланиладиган омилнинг нархи ҳам ўсади ва аксинча, нархи пасайган товарни ишлаб чиқаришда нисбатан интенсив фойдаланиладиган омилнинг нархи пасаяди.

Демак, халқаро савдо мамлакатларнинг ялпи даромадига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга айрим омил эгаларининг турмуш фаровонлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин экан. Шу сабабли мамлакатнинг халқаро савдода иштирок этишдан олиши мумкин бўлган фойда — бу мамлакатнинг халқаро савдо алоқаларида эгаллаган ўрнига боғлиқ экан.

Бошқа тарафдан мамлакатнинг халқаро савдода рақобатбардош бўлиши унинг ишлаб чиқариш омиллари билан таъминланганлигига боғлиқ бўлади. Ишлаб чиқариш омиллари таклифининг ўзгариши мамлакатнинг иқтисодий ҳолатига қандай таъсир кўрсатиши кўп жиҳатдан Т. Рибчинский томонидан ўрганилган.

Т. Рибчинский назариясига мувофиқ, ишлаб чиқариш омилларидан нотекис фойдаланиш турли оқибатларга олиб келади. Мазкур омиллардан бирининг устун даражада ишлаб чиқаришга қўлланилиши ушбу омилдан доимий равишда фойдаланиладиган иқтисодий сектор улушининг ортишига олиб келади.

Бу эса барқарор жаҳон нархлари шароитида бошқа секторларда товар ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқаришига сабаб бўлади. Чунки, арзон ишлаб чиқариш омилидан интенсив равишда фойдаланилаётган сектор томон бошқа секторлардан барча ҳаракатчан ишлаб чиқариш омилларининг оқиб ўтиши юз беради. Инглиз иқтисодчиси Т. Рибчинский 1955-йилда мазкур қонуниятга асосланиб ўз назариясини яратди.

Т. Рибчинский назарияси — барқарор нархлар ва иқтисодиётда фақат иккита секторнинг мавжудлиги шароитида ишлаб чиқариш омилларидан бирининг таклифининг кўпайиши ушбу омилдан интенсив фойдаланиладиган тармоқларда ишлаб чиқаришнинг ҳажмини ва бу тармоқ корхоналари оладиган даромаднинг кўпайишига олиб келади, бошқа секторда эса ишлаб чиқариш ҳажмининг ва олинадиган даромаднинг камайишига олиб келади.

Т. Рибчинкий назариясига мувофиқ, янги қазилма бойликларнинг топилиши (нефт ва газ) бошқа тармоқларнинг (қайта ишлаш саноати) ривожланишини пасайтириб қўйиши мумкин. Аксинча, ташқи савдо жадал суръатларда ривожланаётган иқтисодиётда ишчи кучи малакасининг ортиб бориши ва фаол капитал қўйилмалар хомашё қазиб олишнинг қисқаришига ва унинг импортга боғлиқлигининг кучайишига олиб келиши мумкин.

Бу назария амалиётда ҳам ўз тасдиғини топди. Т. Рибчинский томонидан аниқланган тамойиллар АҚШ иқтисодий ривожланиш жараёнида ва ташқи иқтисодий алоқаларнинг тармоқ таркибида намоён бўлди. АҚШ минерал хомашёнинг нетто-экспортёридан нетто-импортёрига айланди.

Рибчинский назариясининг амалиётда Канада, Буюк Британия, Голландия, Норвегия каби давлатларда минерал хомашё ресурсларини (газ, нефт) қидириш қайта ишлаш саноати ва бу тармоққа тегишли маҳсулотларни экспорт қилишнинг қисқариши эвазига ривожланганлиги билан ўз тасдиғини топган.

Голландиянинг деиндустриаллашуви, яъни «голланд касаллиги» номини олган ҳодиса Рибчинкий назариясига яна бир мисол бўлади. Бу муаммо Шимолий денгизда Голландия томонидан табиий газ конларининг фаол ўзлаштирилиши билан боғлиқ эди. Табиий газни ўзлаштиришнинг ошиб бориши ишчи кучини экспортга йўналтирилган қайта ишлаш саноати тамоқларидан нефт ва газни қазиб олиш тармоғига кўчишига, оқиб ўтишига олиб келди.

Шу сабабли Голландиянинг саноат маҳсулотлари экспорти кескин қисқарди. Бу вазиятни Рибчинский назариясини қўллаш орқали олдиндан аниқлаш ва унинг олдини олиш мумкин бўлганди. Аммо Голландия ҳукуматининг самарасиз тармоқ сиёсатини олиб бориши натижасида қайта ишлаш саноатида ишлаб чиқариш ҳажми қисқарди.

Шундай қилиб халқаро савдо билан ижобий ва салбий оқибатлар ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Бу эса ташқи савдо сиёсатида икки тенденсиянинг мавжудлигини тушунтириб беради, булар эркин савдо ва протенсионизмдир.

Бир қатор иқтисодчи олимлар мамлакатнинг халқаро савдода тутган ўрнини технологик тараққиёт орқали тушунтиришга ҳаракат қилишди. Улар орасида М. Познер ва Р. Вернонларни ажратиб кўрсатиш мумкин.

Америкалик иқтисодчи Майкл Познер 1961-йилда халқаро савдони технологик тараққиёт билан боғлиқлигини очиб беришга ҳаракат қилди. Бу олим томонидан технологик узилиш модели ишлаб чиқилди.

М. Познернинг «технологик узилиш» моделига мувофиқ мамлакатнинг янги технологияни яратиши унга ушбу технология асосида товар ишлаб чиқаришда ва бу товарни жаҳон бозорида сотишда вақтинчалик монополияга эга бўлади. Бу эса, мамлакат бошқа ишлаб чиқариш омиллари билан таъминланганлигида устунликка эга бўлмаса ҳам жаҳон бозорида етакчи экспортёрга айланиши мумкинлигини англатади.

М. Познернинг ушбу модели бошқа америкалик иқтисодчи Р. Вернон томонидан ривожлантирилди. 1966-йилда Р. Верноннинг «маҳсулотнинг ҳаётийлик цикли» моделига бағишланган мақоласи чоп этилди.

«Маҳсулотнинг ҳаётийлик цикли» назарияси — янги товарнинг кашф қилиниши маълум вақт давомида ихтирочи мамлакатга жаҳон товарлар бозорида етакчилик қилиш имкониятини беради, аммо кейинчалик маҳсулот ҳаётийлик циклида бир босқичдан бошқа босқичга ўтгани каби бу товарни ишлаб чиқаришдаги устунлик ҳам бир давлатдан иккинчисига ўтади.

Маҳсулотнинг ҳаётийлик цикли бешта босқичдан (вужудга келиш, ўсиш, тўйиниш, пасайиш ва ички ишлаб чиқаришдан воз кечиш) иборат циклни босиб ўтади ва улар бир-бири билан узвий боғлиқ. Мазкур назария халқаро савдони маҳсулотнинг ҳаётийлик цикли босқичлари асосида йўлга қўйиш лозимлигини тушунтиради.

Р. Вернон назариясига мувофиқ баъзи бир маҳсулотлар беш босқичдан иборат циклни босиб ўтади ва уларни ишлаб чиқариш жойи цикл босқичларига боғлиқ равишда ўзгаради. Бу босқичларни кетма-кетликда кўриб чиқамиз:

Биринчи босқич. Вужудга келиш. Бу босқичда янги товар яратилади ва бу товарни дастлабки ишлаб чиқариш бошланади. Биринчи босқичда янги товар фақат шу мамлакатнинг ўзида сотилади. Янги маҳсулот, одатда, унга талаб ва унга мос бозор бўлгандагина ишлаб чиқилади. Бу босқичда товар даставвал кам миқдорда ички бозорга чиқарилади. Кейинчалик товарнинг сифати ички истеъмолчилар талабига жавоб берадиган даражага етказилади.

Янги товар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва у асосида техника, технология яратиш катта миқдордаги капитални талаб қилади. Шу сабабли янги товарлар, асосан капиталга бой, тараққий этган мамлакатларда яратилади.

Иккинчи босқич. Ўсиш. Бу босқичда маҳсулот мукаммал кўринишга келтирилади ва уни катта ҳажмда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Кейинчалик маҳсулотни хорижга экспорт қилиш бошланади.

Иккинчи босқичда янги товарни экспорт қилиш бўйича мамлакат жаҳон бозорида монополияга эга бўлади. Чунки бошқа мамлакатларда бу товарнинг ўрнини босувчи товарлар ҳали ишлаб чиқарилмайди.

Учинчи босқич. Тўйиниш. Янги товарни ишлаб чиқариш технологияси мукаммал кўринишга кетирилади ва товарнинг нархини пасайтириш мақсадида уни ишлаб чиқаришнинг бир қисми бошқа мамлакатларга ўтказилади. Арзонроқ ишчи кучидан фойдаланиш ҳисобига товарнинг таннархи пасаяди ва корхона юқори даромад олишни давом эттиради.

Учинчи босқичда янги товарни ишлаб чиқаришнинг бир қисми меҳнат ресурсларига бой мамлакатга ўтказилади. Шу тариқа маҳсулотни ишлаб чиқариш бир мамлакатдан бошқа мамлакатга узатилиши жараёни бошланади.

Тўртинчи босқич. Пасайиш. Бу босқичда товарнинг нархи кўп жиҳатдан арзон табиий ресурслар ва меҳнат ресурслари билан таъминланганлигига боғлиқ. Шу сабабли нисбатан арзонроқ меҳнат ресурсларига эга бўлган мамлакат янги товарни ишлаб чиқариш жараёнини тўлиқ ўз қўлига олади. Бу босқичга келиб юқорида кўрсатилган сабаблар таъсирида янги товарни ишлаб чиқарган мамлакат бу маҳсулотни импорт қилишни бошлайди.

Бешинчи босқич. Ички ишлаб чиқаришдан воз кечиш. Олдинги босқичда бошланган жараён ривожланиб боради ва янгиликни амалга оширган мамлакатда бу товарни ишлаб чиқариш тўхтатилади. Чунки арзон хомашёга, ишчи кучига эга бўлмаган мамлакат корхоналари бозорда ўз рақобатбардошлигини йўқотиб қўйишади ва ўз салоҳиятларини янги товарларни ишлаб чиқишга йўналтиришади.

Бу босқичга келиб янги товарни ишлаб чиқаришни тараққий этган мамлакатлардан ривожланаётган мамлакатларга узатиш тўлиқ ниҳоясига етказилади ва тараққий этган мамлакатлар бу товарни тўлиқ хориждан импорт қилади.

Халқаро савдо назарияларига бағишланган айрим назариялар классик мактабнинг халқаро савдо консепциясини тўлиқ рад этишади. Бу назариялар таркибидаги миқёс самараси, тармоқ ичидаги савдо, монопол рақобат шароитидаги савдо каби назарияларни ажратиб кўрсатиш мумкин.

Халқаро савдонинг миқёс самараси модели. Умумий иқтисодий назариядан маълумки, ишлаб чиқариш миқёси кенгайиб боргани сари товарнинг таннархи пасайиб боради. Миқёс самараси орқали ишлаб чиқариш омиллари билан бир хил ёки деярли бир хил таъминланган мамлакатлар ўртасидаги савдо тушунтирилади. Миқёс самараси орқали технологик жиҳатдан бир-бирига яқин, ҳатто бир хил товар ишлаб чиқарадиган мамлакатлар ўртасидаги савдони ҳам тушунтириш мумкин.

Миқёс самараси — ишлаб чиқаришнинг шундай ривожланишики, бунда омиллар сарфининг бир бирликка ўсиши ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажмининг бир бирликдан кўпроқ миқдорга ўсишига олиб келади ва буни қуйидаги жадвалда кўришимиз мумкин:

Миқёс самараси

Меҳнат (соат)46810
Товар (дона)1357
Товарнинг таннархи (соат/дона)4,002,001,601,43

Миқёс самарасининг вужудга келиш сабаблари кўп, аммо уларнинг асосийлари қуйидагилардан иборат:

1. Ихтисослашув даражасининг ўсиши — ишлаб чиқариш миқёсининг ўсиши ишчиларнинг белгиланган операцияларни бажаришга ихтисослашувининг ўсишига олиб келади;

2. Ишлаб чиқаришнинг яхлитлиги — ишлаб чиқариш миқёсининг ўсиши шароитида ишлаб чиқаришга билвосита боғлиқ бўлган бўлимларнинг ҳажми деярли ўзгармасдан қолади. Бошқарув аппарати, бухгалтерия ва шу каби бошқа бўлимларнинг ойлик фонди ўзгармаслиги ҳисобига маҳсулотнинг таннархи пасаяди;

3. Технологик иқтисод — ишлаб чиқариш миқёсининг ўсиши шароитида технологик жараёнларни мукаммаллаштиришга, маркетинг ва реклама ишларини олиб боришга қилинадиган харажатларнинг маҳсулот таннархидаги улуши пасаяди.

Миқёс самараси мамлакатдаги тармоқ ва корхоналарнинг рақобат бозоридаги хатти-ҳаракати ҳамда фаолият йўналишларидан келиб чиққан ҳолда ташқи ва ички миқёс самараларига ажралади.

Ташқи миқёс самараси — бутун тармоқда ишлаб чиқариш миқёсининг ўсиши натижасида фирма доирасида товар бирлигига тўғри келадиган харажатларнинг камайиши.

Ички миқёс самараси — фирма доирасида ишлаб чиқариш миқёсини кенгайтириш орқали товар бирлигига сарфланадиган харажатларнинг камайиши.

Ташқи миқёс самараси шуни назарда тутадики, ҳар бир фирманинг ҳажми ўзгармаган ҳолда бир хил товар ишлаб чиқарадиган фирмалар сони ортади. Одатда, ушбу ҳолатда фирма бозорда етарли даражада рақобатбардошлигини сақлаб қолади, бу эса шу модел асосидаги савдо қонуниятларини халқаро савдонинг классик назарияларига яқинлаштиради, яъни экспортёрлар ўзлари таъсир кўрсата олмайдиган бозордаги нархда хоҳлаган миқдорда товар сотишлари мумкин.

Ички миқёс самараси эса ишлаб чиқариш миқдори ўзгармаган ҳолда товар ишлаб чиқарувчи фирмалар сони камайган ҳолатни назарда тутади. Ушбу вазият аксарият ҳолларда носоғлом рақобатни келтириб чиқаради, яъни ишлаб чиқарувчилар ўз товарлари нархига таъсир кўрсата оладилар ва товар нархини пасайтириш орқали сотиш ҳажмини орттиришлари мумкин. Ички миқёс самарасининг экстремал ҳолати соф монополия ҳисобланади.

Монополистик рақобат шароитида савдо. Маълумки, халқаро савдода соф мукаммал рақобат кам учраши сабаби жаҳон хомашё ва товарлар бозорининг бўлиниб олинганлиги ва халқаро бозорларда ўзига хос олигополия ва монополияларнинг вужудга келганлигидир. Монополистик рақобат асосидаги савдо назариясининг ривожланишига америкалик иқтисодчи Пол Кругман катта ҳисса қўшди.

Монополистик рақобат шароитида савдо

Монополистик рақобатнинг халқаро савдога таъсирини аниқлаш учун, энг аввало, фирмалар сони ва уларнинг товарлари нархи ўртасидаги учта асосий ўзаро боғлиқликларни аниқлаш зарур:

  • фирмалар сони қанчалик кўп бўлса, ҳар бир фирма ишлаб чиқарадиган товар ҳажми шунча кам бўлади, ўртача харажатлар ортиб боради;
  • фирмалар сони қанчалик кўп бўлса, рақобат даражаси юқори бўлади ва товар нархи пасаяди;

агар нарх ўртача нархдан юқори бўлса, бозордаги фирмалар сони ортади ва аксинча.

Монополистик рақобат моделида дастлабки икки боғлиқлик муҳим ҳисобланади. Халқаро савдо товар сотиш бозорлари сиғимини оширади.

Тармоқ ичидаги савдо ва тармоқлараро савдонинг фарқлари. Тармоқ ичидаги савдо — бу мамлакатлар ўртасида бир тармоқнинг дифференциялашган маҳсулотлари билан савдо қилишидир.

Тармоқлараро савдо — мамлакатларнинг турли тармоқларни гомоген маҳсулотлари билан савдо қилишидир.

Тармоқ ичидаги савдо, асосан, дифференциялашган товарлар билан амалга ошади, баъзи вазиятларда гомоген товарлар билан ҳам амалга ошиши мумкин. Бунга сабаб сифатида транспорт харажатларини қисқартириш ва мавсумдаги фарқ бўлиши мумкин.

Шимолий ва жанубий яримшарда йил фасллари турли вақтга тўғри келади, яъни Бразилия ўзининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини йиғим вақтида АҚШга экспорт қилади ва АҚШда йиғим вақтида АҚШдан сотиб олади.

Дифференциялашган товарлар билан тармоқ ичидаги савдо сабаблари қуйидагилар:

  • Истеъмолчиларнинг истак ва хоҳишлари ҳар хил.
  • Кесишувчи талаб.
  • Миқёс самараси.

Кесишувчи талаб назарияси. Кесишувчи талаб назарияси шведциялик иқтисодчи Стаффан Линдер томонидан ишлаб чиқилган. Бу назария халқаро савдони талаб томонидан тушунтирувчи камдан-кам назарияларнинг биридир. Бу назарияга кўра мамлакат экспорти импортёр мамлакатдаги талабга боғлиқ.

Камдан-кам товарлар фақат экспорт учун ишлаб чиқарилади. Товарларнинг аксарият қисми ички бозорда сотилади, ички истеъмол тўлиқ қондирилгандан кейингина бу товар экспорт қилинади. Бу товарни хорижий мамлакатларга сотишда уни бу мамлакатдаги талаб таркиби ўз мамлакатидаги талабга ўхшаш бўлган мамлакатни танлаш мақсадга мувофиқ.

Икки мамлакатда талаб таркибининг бир хил бўлиши мамлакатлар аҳолисининг даромад даражасига боғлиқ бўлади. Чунки даромад қанчалик юқори бўлса сифатли товарга бўлган талаб шунчалик ортиб боради.

Кесишувчи талаб назарияси — бу турли мамлакатлардаги истеъмолчиларнинг даромадлари ва истак-хоҳишлари деярли бир хил бўлганлиги сабабли ҳар бир мамлакат учун ишлаб чиқаришда ва ички бозорда яхшироқ тажриба тўпланган товарларни экспорт қилиш осон бўлишидир.

Назариянинг график кўриниши қуйидагича: фараз қилайлик, икки мамлакат мавжуд, биринчи мамлакатда даромад даражаси А дан С гача, бу даромад даражасида ушбу мамлакатда сотиладиган товарлар сифати А дан С гача. Иккинчи мамлакатда эса даромад даражаси В дан Д гача, бу даромад даражасида ушбу мамлакатда сотиладиган товарлар сифати В дан Д гача. Икки мамлакат ўртасидаги савдо сифати В дан С гача бўлган товарлар билан амалга ошади. Чунки бу оралиқда икки мамлакатдаги истеъмолчиларнинг талаби кесишади.

Кесишувчи талаб

Фирманинг ташқи савдо фаолияти назарияси.

Ушбу назарияда таҳлил объекти сифатида мамлакат эмас, балки халқаро фирма кўриб чиқилади. Бунинг сабаби ташқи савдо операцияларининг катта қисми фирма ичидаги айланмасидан иборатлигидир. Бугунги кунда жаҳон товар ва хизматлар савдосининг 70 %, сотилаётган лицензия ва патентларнинг 80—90 %, капитал экспортининг 40 % фирма ичидаги алоқаларга тўғри келади.

Фирма ичидаги савдо жаҳон бозорида сотиш учун мўлжалланган тайёр маҳсулотни йиғишда қўлланиладиган яримфабрикатлар ва қўшимча эҳтиёт қисмларни айирбошлашга асосланади. Ташқи савдо статистикаси ташқи савдо йирик ТМКлар жойлашган мамлакатлар ўртасида жадал суръатлар билан ўсаётганлигини тасдиқлайди.

Мамлакатларнинг рақобатбардошлик назарияси.

Бу назариянинг асосчиси америкалик иқтисодчи олим М. Портердир. ХХ аср 80-йилларининг охирида бу олим жаҳон экспортининг 50 % тўғри келувчи 10 та мамлакатдаги 100 га яқин тармоқларни ўрганиб чиқди. Бу изланишлар натижасида М. Портер ўзига хос назария яратди. Бу назарияга биноан мамлакат фирмалари фаолият олиб борувчи рақобатбардош муҳитни иқтисодиётнинг 4 та муҳим кўрсаткичини шакллантиради:

  • ишлаб чиқариш омиллари билан таъминланганлик;
  • талаб кўрсаткичлари;
  • яқин ва хизмат кўрсатувчи (ёрдам берувчи) тармоқлар;
  • рақобат муҳити ва фирма стратегияси.

Ишлаб чиқариш омиллари билан таъминланганлик — ишлаб чиқариш омиллари-
мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигига таъсир кўрсатишини ўрганиб бориш жараёнида, М. Портер одатдаги ишлаб чиқариш омиллари (меҳнат, ер, капитал, тадбиркорлик қобилияти) билан бирга илмий-техник ва бозор таркибининг ахборот билан таъминланганлик даражаси; транспорт, соғлиқни сақлаш ва алоқа тизимларининг ҳолатини ҳам ишлаб чиқариш омили сифатида кўриб чиққан.

М. Портер бошқа иқтисодчилардан фарқли равишда, мамлакат ишлаб чиқариш омилларининг кўпини мерос сифатида эмас, балки ўзининг ишлаб чиқаришни кенгайтириб бориши жараёнининг натижаси сифатида қўлга киритади, деб ҳисоблайди. Мисол учун, ер тақчиллиги сабабли Япония кўп жой эгалламайдиган технологик жараёнларни кашф этди.

М. Портер фикрига кўра, рақобатбардошлик — бу мамлакатнинг шарт-шароити билан фирмалари стратегиясининг мутаносиблиги натижасидир. Фирма халқаро миқёсда рақобатбардош бўлиши учун мамлакатда шарт-шароит бор бўлиши мумкин, аммо фирма бу шарт-шароитдан тўғри фойдаланишни билиши керак, яъни кўп нарса фирманинг стратегиясига боғлиқ.

Талаб кўрсаткичлари — бунга, биринчи навбатда, талабнинг сиғимкорлиги, унинг ривожланиш йўналиши, талабнинг товарлар турига кўра табақаланиши, истеъмолчиларнинг товар ва хизмат сифатига талабчанлиги киради.

Товарлар халқаро савдога чиқишдан олдин ички бозорда, маҳаллий истеъмолчилар синовидан ўтиши керак. Мисол учун, Япон фирмалари энергияни тежайдиган кичик кондиционерларни олдин фақат ички истеъмолчилар учун ишлаб чиқарган ва кейинчалик бу кондиционерлар халқаро бозорга чиққан.

Яқин ва ёрдам берувчи (хизмат кўрсатувчи) тармоқлар — экспортёр фирмаларни керакли материаллар — яримфабрикатлар, қўшимча қисмлар ва ахборот билан таъминловчи қардош ва қўллаб-қувватловчи тармоқларнинг юқори ривожланишга эгалиги экспортёр фирманинг халқаро миқёсда рақобатбардош бўлишини таъминлайди. Мисол учун, заргарлик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган Италия фирмалари ривожланмоқда, бунинг асосида қимматбаҳо тошлар ва металларга ишлов берувчи техника ишлаб чиқариш бўйича Италия дунёда етакчи мамлакат эканлиги ётади.

Рақобат муҳити ва фирма стратегияси. М. Портер битта миллий фирма қўлида ишлаб чиқаришнинг консентратциялашувини ижобий натижага олиб келишини инкор этади, айниқса, бу фирма давлат ҳимоясида бўлса. Одатда, бу фирмалар паст даражадаги самарадорлик ва меҳнат унумдорлигига эга бўлишади. Ички бозордаги кучли рақобат миллий фирмани ташқи бозорга йўл қидиришга мажбур этади.

Ички бозордаги рақобат курашида тобланган фирма ўз тажрибасини рақобат янада кучлироқ бўлган халқаро бозорда қўллайди. Ички кураш қанчалик оғир кечган бўлса, ушбу фирманинг халқаро бозорда муваффақиятга эришиш имконияти шунчалик катта бўлади.

Давоми бор.