Ultimate magazine theme for WordPress.

КАНАРЕЙКАЛАРНИ УЙ ШАРОИТИДА КЎПАЙТИРИШНИНГ АСОСИЙ ХУСУСИЯТЛАРИ

265

Канарейкалар – уй шароитида сақланадиган энг машҳур қушлардир. Улар оддий ва кўримсизгина (рангдор эмас) бўлишларига қарамай, доимо эгаларини чиройли сайроқи қўшиқлари билан мамнун қиладилар.

Кўпчилик одамлар бир нечта қушларга эга бўлиб, улардан насл олиш мақсадида бирлаштирадилар ва келажакда улардан насл оладилар. Аммо канарейкаларни кўпайтириш муваффақиятли бўлиши учун Сиздан қушларни жуфтлаш мақсадида уларни бир-бирларига мос келиши бўйича тўғри танлаш ва улар яшайдиган қафасни шу жараёнга тайёрлашингиз талаб этилади.

Шунингдек, бу жараённи одатий тарзда кечишини назарда тутувчи бир қатор жиҳатлар мавжуд: қандай уларни тўғри боқиш ва парваришлаш керак, канарейкалар қанча муддат давомида неча дона тухум қўяди ва уларни неча кун мобайнида босиб ётадилар ҳамда неча кундан сўнг полопонлар тухумни очиб чиқадилар ва ҳ.к.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_2

Агар Сиз қушлар учун барча етарли шарт-шароитларни яратиб қўйсангиз, улардан соғлом жўжаларни олишингиз мумкин, шундай ота-оналарнинг ўзлари ҳам бундан зарар кўришмайди.

Янги бошловчилар учун уй шароитида канарейкаларни боқиш, парваришлаш ва кўпайтириш имкониятсиз ишдек туюлиши мумкин. Ахир, бу қушлар ижтимоий мослашувчан эмас, улар кўпинча бир-бирлари билан ёмон муносабатда бўлишади. Уларнинг эгалари одатда якка ҳолда қафасларда сақлайдилар.

Агар канарейкалар жуда кўп бўлса, Сиз уларнинг орасидан насл кўпайтириш учун бир-бирига мос келувчи жуфтликни танлаб ажратиб олишингиз керак бўлади. Лекин, бир оиладан кўпайган қушларни бир-бирлари билан зинҳор жуфтлаш мумки эмас, акс ҳолда улардан дунёга келган полопонлар жисмонан носоғлом бўлади ва улар тез орада нобуд бўладилар.

Канарейкаларни кўпайтириш ва парвариш қилишда юзага келадиган хатоларни олдини олиш ва қушларни соғлом сақлашга ёрдам берадиган бир нечта қоидалари мавжуд: канарейка қафасда эркин ҳаракатланиши учун қафаснинг ҳажми камида 20 Х 30 см бўлиши керак; қушлар сайраши учун улар алоҳида-алоҳида тарзда кичик бир қафасда сақланади, жуфтлашишдан олдин уларни маълум бир муддатга мустақил равишда парвоз қилишлари учун хонага чиқариб юбориш ёки каттароқ ҳажмдаги қафас (вольер)да сақлаб турилиши керак; канарейка сақланадиган қафасни бир-бирига қарама қарши томондан очиқ бўлган жойда шамол уриши (сквозняк) вужудга келиши мумкин бўлган жойдан ва иситиш мосламаларидан узоқроқ жойга қўйиш керак; қафас жойлашган жой иссиқ, яхши ҳаво айланадиган жой бўлиши керак, улар сақланадиган қафасни мутлақо ошхонада сақлаш мумкин эмас, чунки ошхона тез-тез юқорида даражада иссиқлик ва кейинчалик ҳароратни тезда тушиб кетиш ҳолатлари юзага келиб туради, бундай ҳолат қушлар учун ўта мумкин бўлмаган шароитдир; қушларни турли хил озуқалар билан боқиш учун камида 3 тадан кам бўлмаган турли хил озиқлантирувчи идишлардан фойдаланиш тавсия этилади.

Насл олиш мақсадида етиштирилаётган урғочи – “мода” қушлар жуфтлашиш учун эркак – “нар” қушлардан бир қанча муддат илгари жуфтлашишга тайёр бўлиб етишади. Шу сабабли уларни дунёга келган вақтидан бошлаб тахминан 10 ой ўтганидан сўнг жуфтлашиш учун тайёрлаш ва насл олишда фойдаланиш мумкин. Эркак қушларни эса наслдорлик йўлида фойдаланишда, уларни ёшлари муҳим ўрин тутади, бунда қушларнинг ёши камида бир йил бўлиши лозим.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_3

Насл олишда қушлардан бир неча йил мобайнида фойдаланиш мумкин, аммо уларнинг ёши 4 йилдан ошмагани маъқул, бундай ёшдан ўтган қушлар носоғлом насл келтиришлари мумкин. Бу қоидага риоя қилинмаганлиги натижасида, аксарият ҳолларда урғочи қушлар нобуд бўлади. Бундай нохуш ҳолатни юзага келмаслигини олдини олиш мақсадида, имкон қадар қушларни бир-бирларининг ёшларига мосларини танлаб, ажратиб олиш зарур.

Эркак қушни жисмоний тавсифлари жуда яхши даражада бўлган тақдирда ҳам ундан насл олиш мақсадида ёш урғочи канарейка билан жуфтлашиш учун бирга сақламаганлигингиз маъқул, бунга зид бўлган ҳаракатлар келгусида носоғлом наслни дунёга келишига сабаб бўлади.

Маълумки, йилнинг баҳор фаслида барча жонзотларда насл қолдириш мавсуми авж паллага чиқади, бу вақтда барча қушлар ҳам табиий равишда тухум қўйишни бошлайдилар. Шу муносабат билан канарейкаларни ҳам айнан баҳор ойида насл олиш учун жуфтлаштириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Қушлардаги бундай ўзгаришлар кундузи ёруғлик вақтининг узайиши, исиши ва табиятда янги кўкатлар, ўт-ўланларнинг пайдо бўлиши билан узвий боғлиқдир. Аммо уй шароитида сақланадиган канарейкалар учун унинг эгалари томонидан ҳар доим ҳам худди шундай шарт-шароит яратиб берилган бўлади.

Шунинг учун тажрибали селекционер (заводчик)лар йилига 2-3 марта битта қушдан бир неча насл олишлари мумкин. Кўпинча, бундай ҳолатлар қушлар организмига зарар келтириш билан бир қаторда, уларни соғлиғининг заифлашига олиб келади.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_4

Қушларнинг наслчилиги билан шуғулланадиган профессионал бўлмаган кишилар умумий қабул қилинган шарт-шароитлар ҳамда қоидаларга риоя қилмоқлари яхшироқдир.

Сиз канарейка қушларидан насл олишни март-апрель ойларига мўлжаллаб жуфтлатишни бошлаганингиз маъқул. Уй шароитида канарейкаларни кўпайтириш мақсадида насл олинишида жуфт қушларни юқори диққат ва эътибор билан танлаб олинишига аҳамият қаратилишига боғлиқдир. Энг асосийси уларни ҳар иккаласи ҳам соғлом бўлишлари шарт.

Узоқ вақт давомида бир жойда доим ўтирадиган, ёмон овқатланадиган ёки аксинча ҳаддан ташқари кўп озуқланадиган, ўзини хаддан ташқари ҳаяжонланган тарзда тутадиган канарейкалар наслчилик учун мос эмас деб ҳисобланади.

Касалманд қушлар насл қолдириш мақсадида фойдаланилмайди, буни қуйидаги белгилар орқали билиб олишингиз мумкин: холсизланиш, патлари хурпайиб беўхшов кўринишга эга, патлари ва туклари тўкилиб териси очилиб қолган, тез-тез терисини қичидиган қушларни жуфтлашиш учун қўшмаган мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, профессионал тарзда шуғулланувчи канарейка эгалари, қушларнинг ташқи қусурлари бўлса, уларни жуфтлаштиришни тавсия этмайдилар. Чунки қушларнинг ташқи кўринишидаги нуқсонлар келажак авлоддаги полопонларга мерос сифатида ўтиши ҳам мумкин.

Одатда, тўйиниб яхши озуқланадиган, патлари силлиқ таралган ва яхши кўринишга эга, тери ости ёғи бўлмаган мутлақо соғлом қушлар насл олиш учун жуфтлаштирилишига қўшиш мақсадида тавсия қилинади.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_5

Урғочи қуш ўзининг ташқи кўринишига кўп эътибор қаратиши ва патларининг тоза ҳамда озода сақланиши учун ғамхўрлик қилиши ижобий кўрсатгичлардан асосийси бўлиб, кўпинча патларини тозалаши ва тез-тез чўмилиши керак.

Нар қушларни эса ташқи кўриниши расо бўлиши билан бир қаторда, уни чиройли сайрашига қараб ҳам ажратиб олинади. Уй шароитида канарейкаларни кўпайтириш учун уларни насл қолдиришлари йўлида тўғри тайёрлаш жуда муҳим босқичдир.

Қушларни жуфтлаштириш учун тайёрлаш даврда уларни тўғри ва турли хил рационда овқатланишига алоҳида эътибор бериш лозим. Айрим ҳолларда алоҳида рациондан фойдаланган тарзда парҳезли озуқалар ҳам бериш тавсия этилади.

Шунинг билан бирга, қушлар агар доимий равишда қафасда сақланган ҳолларда, уларни жуфтлашишларидан икки ҳафта олдин бемалол учиб, парвоз қилиш имкониятига эга бўлган каттароқ қафасда сақлаш лозим. Бу қушларнинг тана мускулларини яхши ривожланиши учун ёрдам берибгина қолмай, балки уларнинг тери ости ёғларини йўқолишига ҳам хизмат қилади.

Бундай шароит айниқса нар қушлар учун жуда ҳам фойдалидир, акс ҳолда уларнинг тери ости ёғлари етарли тарзда йўқолмаса, жуфтлашиш жараёнида бир қатор муаммолар келиб чиқиши мумкин.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_6

Уй шароитида канарейкаларни кўпайтиришнинг ўзига хос хусусиятлари

Қушларнинг жуфтлашишга қачон тайёр бўлишларини аниқлаш учун уларнинг ҳаракатларини ва ўзини тутишларини алоҳида эътибор билан кузатиб бориш зарур.  Одатда улар ўзларини хотиржам тутмай, бесаронжом бўлиб қоладилар ва ўзларини ҳар томонга уриб, бир жойдан иккинчи жойга сакраб учадилар ҳамда ўзларини чаққон ва серҳаракат ҳолатда тутадилар.

Нар қуш эса ўз сайроғини кучайтиради ва баланд овозда кучли ҳамда тўхтовсиз равишда сайрайди. Айниқса бу даврда урғочи қушни жуфтлашиш учун тайёр ёки йўқлигини аниқлаш осонроқ кечади, чунки улар қафас ичидаги тўкилган патлар, иплар ва қоғоз парчаларини йиғиб ин қуришга ҳаракат қила бошлайди. Бундан ташқари, унинг қорин қисмини пастида тухум босиш учун патлари бўлмаган жой пайдо бўлади. Шу билан бирга, оёқларидаги панжаларини орасини йириб ўтиришга ҳаракат қилади ва дум қисмини юқорига кўтаради.

Қушлардан насл олишнинг энг афзал усули, бу урғочи қуш билан нар қушни бир қафасга жойлаштириб, полопонлар етилиб чиққунга қадарли бутун давр оралиғида уларни бир қафасда сақлашдир. Бу табиий шароитларга энг яқин муҳит ҳисобланади. Лекин, профессионал тарзда канарейка қушларини кўпайтириш ва парваришлаш билан шуғулланувчи кишилар бир вақтнинг ўзида нар қушни бир неча модаларга навбатма-навбат жуфтлашиш учун қўшиб насл олишда фойдаланадилар.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_7

Мода қуш тухумларни эмбрион ривожланиш даврида мунтазам тарзда уларни босиб ётишни бошлаганидан сўнг, нар қушни бошқа хонага олиб чиқиб, навбатдаги мода билан жуфтлашиш учун қўшиб қўйилади. Одатда табиатан фақат бир зотли қуш вакилларини жуфтлаштириб насл олиш тавсия этилишига қарамай, айримлар бошқа зот қушлар билан ҳам канарейкаларни жуфтлаштириб гибрид (дурагай) наслли қушларни кўпайтиришга ҳаракат қиладилар. Дурагай қушларни кўпайтириш жуда қийин жараён ҳисобланиб, бунинг учун кишидан айниқса катта тажриба талаб этилади.

Турли хил зотли ёки турларга тааллуқли қушларни жуфтлаштириш исталмаган натижаларга олиб келиши мумкин. Канарейкадан насл тариқасда олинган дурагай қушлар аксарият ҳолларда узоқ яшамайди ва ўз турига мос сайроқилик хусусиятини ва ташқи кўринишини табиий сақлаб қололмайди. Баъзида тажрибали селекционерлар ёввойи қушлар билан канарейкаларнинг дурагайларини кўпайтириш билан шуғулланишади. Бундай ҳолда, қафасда сақлашга одатланган бир оилага мансуб бўлган ёввойи нар қуш билан мода канарейкаларни жуфтлашиш учун фойдаланишади.

Шу билан бирга, бундай жуфтлашиш натижасида ғайриоддий рангдор ва чиройли овозли сайроқи дурагай қуш полопонларини олиш мумкин. Қушларни баҳорда ёки ёз ойларида жуфтлашиш учун бирлаштириш масадга мувофиқ бўлиб, бу даврда насл қолдириш учун табиатан жуда қулай шарт-шароитлар мавжуд давр ҳисобланади. Аммо тажрибали қуш парвариши билан шуғулланувчи кишилар йилнинг бошқа фаслларида ҳам тавсия этилмаган бўлишига қарамай насл олишни давом эттирадилар. Бунинг ноқулайлиги шундаки, бу даврларда қушларнинг озуқалари таркибида полопонларни боқиш учун етарли даражада витаминлар таркибини етишмаслигидир.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_8

Бундан ташқари, куннинг узун ёруғлик даврининг қисқалиги ҳам таъсирида дунёга келган полопонлар жуда ҳам нозик ва касалманд бўлиши мумкин, натижада эса ўсиб бораётган организмга зарур бўлган витаминларнинг етишмаслиги оқибатида улар нобуд бўлишлари ҳам кузатилади. Қиш ойининг охиридан бошлаб қушларнинг алоҳида озуқаланишига эътибор билан ёндашиш лозим. Уларга ҳар доимдагидек истеъмол қилинадиган озуқаларидан ташқари, қуйидаги озуқаларни қўшимча тарзда бериш тавсия этилади: тариқ, арпа, буғдой, кунгабоқарнинг униб чиққан доналари, кўкатлар, ёғсиз творог, қайнатилган тухум, бўтқа (каша), сабзи ва ҳўл мевалар, сувга эса 2 томчи асал қўшиш жуда муҳимдир.

Бундан ташқари, махсус витаминлар ва минерал қўшимчалар, балиқ ёғи ҳам меъёрга қараб қушларнинг озуқаларига қўшиб берилиши фойдали ҳисобланади. Жуфтлашиш учун ажратиб олинган қушларни қўшиб сақлаш учун қафасни тайёрлаб олиш лозим, бунинг учун эни 40 см., узунлиги 70 см. ва баландлиги 40 см.дан иборат бўлган тоза ва озода сақланган қафас танлаб олинади. Уни хонанинг қуёш ёруғлиги тушадиган ва доим бир хилдаги ҳарорат таъминланиб туриладиган жойга жойлаштирилади. Хонанинг ҳарорати доим 18°C дан паст бўлиши мумкин эмас, намлик даражаси эса 60% ни ташкил этиши лозим.

Агар хонада кундузги куннинг ёруғлик давомийлиги 14 соатдан кам бўлган тақдирда, қўшимча равишда ёруғлик бериб турувчи лампа билан таъминлаш талаб қилинади. Хонага қафасни ўрнатиб бўлинганидан кейин уни қайта бошқа жойга ўрнатиш тавсия этилмайди. Қафас ўрнатиб бўлинганидан сўнг, уни зарур жиҳозлар билан таъминлаш зарур бўлади. Қафас ичига канарейка тухум қўйиб, полопонларини боқиб ўстириши учун ипдан тўқилган инни ушлаб туриш мақсадида сунъий равишда ишлаб чиқилган мосламани ўрнатиб, уни ичига ипдан тўқилган инни жойлаштирамиз.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_9

Канарейкаларни жуфтлаш ҳар доим ҳам яхши бир маромда кечавермайди. Дастлаб, қушлар безовталаниши ёки ҳатто бир-бири билан жанг қилиши мумкин. Агар бунда ҳолат содир бўлса, уларни алоҳида ажратиб бошқа қафасда бироз вақт сақлашга тўғри келади, орадан бир қанча вақт ўтгач яна уларни жуфтлаш учун уриниб кўриш керак. Бунинг учун энг маъқул вақт кечқурун ҳисобланади. Нар қушни қафасга жойлаганингиздан сўнг қуш бироз вақт қафасга мослашгунча кутиб, уни ёғоч ёки платмасса ўтиргичга жойлашиб ўтириб олганидан кейин тез орада чироқни ўчириб қўйиш зарур.

Бу орада қушлар эрталаб тонг отгунга қадарли бир-бирларига ўрганиб, мослашиб олишлари мумкин бўлади. Бунда ҳолат юз берган тақдирда нар қуш модага нисбатан меҳрибонлик қилишни бошлаб, уни озиқлантиришга уринади. Демак бундан хулоса қилиш мумкинки, жуфтлик бир-бирига мос келган. Шу орада нар тез-тез баланд товуш билан гоҳ у оёқда, гоҳ бу оёқда туриб сайрашга ўтади, бу сайроқ шуни англатадики, нар қуш модани жуфтлашиш учун чорлайди. Орада нар қуш бир неча марта тинимсиз равишда модани кетидан қафас ичида қувлашга тушади.

Шу орада мода қуш ин учун махсус ажратилган жойни бир неча бор кўздан кечиради ва ушбу жой тухум босиш учун қулай деб хулоса қилганидан сўнг уни ичига қафасдаги тушиб қолган патлар, ип ва қоғоз бўлакларини териб олиб жойлаштира бошлайди. Қушлар учун инни қуришларида зарур бўладиган материаллар, яъни 3-4 мм. энгликда 3-4 см. узунликдаги қоғоз парчаларини қирқиб берилиши, ип бўлаклари, бинт материалини қийтимларини бериб турилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Ушбу материаллар ёрдамида мода қуш инни табиатан ўз инстинктига асосан қуриб ниҳоясига етказади.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_10

Шуни эътиборда тутиш лозимки, қушларга ин қуриш материали сифатида гигроскопик пахта ҳамда узун ипларнинг қирқмаларини бериш мумкин эмас, чунки қушлар панжалари билан уларга ўралашиб қолишлари ва бунинг натижасида ўзларини тўрга тушиб қолгандек ҳис қилиб, улардан қутилиш мақсадида ўзларини қафас ичида қўрқув аралаш у ёқдан бу ёққа уришлари, ҳаттоки қафаснинг панжараларига бориб урилишлари оқибатидан тан жароҳати олишлари мумкин. Олинган тан жароҳатларининг оғирлик даражасига кўра, баъзида улар қушнинг нобуд бўлишига олиб келади.

Мода қуш бир неча кун оралиғида инни қуриб тугатади, бунда нар қуш ҳам ўзини ҳиссасини қўшиши мумкин, у ин қуриш учун яроқли бўлган материалларни топиб модага келтириб беради, мода эса ўз навбатида уларни нардан қабул қилиб олиб инга жойлаштиради. Уяни қуриб битказиш учун тахминан 3-7 кун вақт сарф бўлиши мумкин, ин тайёр бўлган куннинг эртасига биринчи тухум қўйилади.

Тухум қўйиш жараёни мода канарейка қуши учун қийин кечади, айниқса бу ҳолат куннинг эрталабки вақтига тўғри келади. Қуш ҳар куни ёки кун ора бир донадан тухум қўяди ва жами бўлиб тухумлар сони 4-7 тани ташкил этиши мумкин. Қушни тухум қўйиш вақтини синчиклаб кузатилса, тухум қўйишдан олдин қуш тез-тез ва оғир нафас олишни бошлайди, айрим пайтда дум қисмини юқорига кўтариб тухум чиқишини осонлаштиришга ҳаракат қилади.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_11

Айрим мода қушларда тухум чиқиши жуда оғир кечади ёки мутлақо чиқмаслиги ҳам мумкин. Бундай пайтда мода қуш қафаснинг паст қисмига тушиб, ҳурпайиб ўтириб олиб, тез-тез оғир нафас ола бошлайди ва бундай пайтда қушга ёрдам кўрсатиш зарур бўлади. Бунда иссиқ сув билан тўлдирилган тиббий грелкани қафаснинг айнан қуш ўтирган жойини мўлжаллаб, пол тагидан грелкани қўйиш лозим. Бу ҳам ёрдам бермаган тақдирда, қушнинг орқа чиқарув тешиги оғзига бир-икки томчи хона ҳароратига тенг бўлган даражадаги ўсимлик ёғи томизиш зарур.

Канарейка тухумлари доғлар билан ўралган кулранг-кўк рангга эга бўлади, сўнгги тухум эса анча ёрқинроқ ва кўкимтир ҳаво ранг тусда бўлади. Мода қуш тухум қўйишни бошлаганда, барча протеинли озуқалар унинг рационидан чиқариб ташланиши керак. Агар бу тадбир бажарилмаса, тухумлар лозим бўлган ҳажмдан катта бўлади ва қушнинг тухумни қўйиш жараёни оғир кечиши ёки тухумни мутлақо қўяолмай ҳалок бўлиши ҳам мумкин.

Селекционерлик билан шуғулланувчи кишилар учун канарейкалар тухум устида неча кун ўтиришларини билишлари жуда муҳим ҳисобланади, чунки ёш қушлар кўпинча бўш тухум қўйишади ва орадан икки ҳафта вақт ўтган бўлишига қарамай полопонлар тухумни ёриб чиқмайдилар, лекин ёш қушлар ҳали полопонларни дунёга келмаганлари сабабли тухумни босиб ўтиришни давом эттирадилар.

Канарейканинг модаси уч дона тухум қўганидан сўнг уларни устига мунтазам ва тўлақонли босиб ўтиришни бошлайди, шу кундан эътиборан орадан икки ҳафта вақт ўтиши билан полопонлар бирин-кетин тухумни ёриб чиқа бошлайдилар. Мода қуш тухумларни босиб ўтирган вақтда уни нар қуш озиқлантириб туради.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_13

Тухумларни мода қуш томонидан доимий босиб ўтириш бошланган кундан орадан бир ҳафта вақт ўтгач, тухумларни олиб кўздан кечириш лозим. Бунда ёқилган лампа нурига тухумни оҳиста яқинлаштириб қаралганда, уни ичи тўқимтир тусга кирганлиги аниқланса, демак тухумда эмбирион ривожланаётган бўлади. Эмбирион ривожланиши кузатилмайдиган тухум шаффоф тусга эга бўлади. Тухумларни текшириш учун олишда жуда эҳтиёткор бўлиш талаб этилади, чунки безовталанган мода қуш айрим ҳолларда текширув ўтказиб бўлинганидан сўнг инга қайтариб қўйилган тухумларни босиш учун қайтиб ўтирмаслиги мумкин, бундай ҳолда ўзингиз яхши англаб турганингиздек ҳодиса юз беради.

Тухумларни барчасидан полопонлар очилиб чиқмагунга қадарли бўш бўлган, яъни эмбирионлари ривожланмаган тухумларни индан зинҳор олиб ташламаган маъқул. Акс ҳолда бу мода қушнинг стресс ҳолатга тушуриб қўйиши мумкин. Полопонлар кўзлари юмуқ, жуда ҳам заиф ва кучсиз ҳолда дунёга келишади ва ўз оналарининг ғамҳўрлигисиз сира ҳам ривожлана олмайдилар. Уларни дунёга келганларидан сўнг она қуш яна ўн кун давомида устиларидан босиб ётиб, ўз ҳарорати билан иситиб туради. Она қуш тухумларни бир-икки кун оралиғида қўйишига мутаносиб равишда, полопонлар ҳам шу тартибдаги фарқ билан дунёга келадилар.

Бу шундан далолат берадики, биринчи ва иккинчи бўлиб дунёга келган полопонларнинг ривожланиши қолганларига қараганда тез малга ошади, чунки энг сўнгги вақтда дунёга келган полопонларга она қуш тўлақонли озуқа етказиб беришга улгурмайди ва улар кам миқдорда озуқаланганликлари сабабли ривожланишлари ҳам шу тариқа заиф бўлади. Айримлари эса озуқа етишмаслиги оқибатида нобуд бўлади.

Бундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида тажрибали канарейка парвариши билан шуғулланувчи кишилар аваллги қўйилган 1-3 тухумларни олиб, уларнинг ўрнига тухумга айнан ўхшаш бўлган сохта тухумларни жойлаб қўядилар. Шундан сўнг, охирги тухум қўйилганидан кейин яна уларни ўз жойларига қайтарадилар. Шунда барча тухумлардан бир вақтнинг ўзида полопонлар кетма-кет очилиб чиқади ва уларни барчасини келажакда ҳаётини сақлаб қолиш имкони юзага келади.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_14

Дунёга келган янги полопонларнинг 5 кундан кейин кўзлари очила бошлайди ва шу пайтдан бошлаб тук ва патлари ўсиб чиқишни бошлайди. Ҳар куни доимий равишда қуш уясини кўздан кечриб туриш лозим, мободо полопонлардан бирортаси нобуд бўлганлиги аниқланган тақдирда, дарҳол уни уядан ташқарига олиб ташлаш зарур. Акс ҳолда нобуд бўлган полопонни ота-она қушлар озиқлантиришга ҳаракат қиладилар, сўнгра уни нобуд бўлганлигини англаганларидан сўнг стресс ҳолатига тушиб қолишлари мумкин.

Орадан 18-кун ўтиб, полопонлар одатда уяларидан бирин-кетин чиқишни бошлашади. Бу вақтда, ота-она қушлар ҳали ҳам уларни боқишда давом этадилар. Шу орада, биринчи полопонлар дунёга келганидан сўнг, орадан икки ҳафта вақт ўтгач мода қуш иккинчи марта тухум қўйиш учун ҳозирлана бошлайди. Бунинг учун қафасга иккинчи уя қуриш учун зарур жиҳозлар ўрнатилиши ҳамда қурилиш ашёлари билан таъминланиши зарур.

Агар бундай чоралар кўрилмаган тақдирда, она қуш полопонларнинг патларини юлиб олишни бошлайди ва эски уяни ичига кейинги тухумларни қўя бошлайди. Она қуш томонидан иккинчи уяни қуриш ишлари бошланганидан сўнг, полопонларни озиқлантиришни ота қуш ўз зиммасига олади. Полопонлар дунёга келгач, биринчи кунлари она қушнинг жиғилдон қопчасида хосил бўладиган бўтқа сути билан озиқланадилар. Кейинчалик урғочи она қуш ўз полопонларини ярим ҳазм қилинган уруғлардан хосил бўлган бўтқа билан озиқлантиришни давом эттиради.

Kanareykalarni uy sharoitida ko‘paytirish_12

Полопонлар уяни тарк эта бошлагандан сўнг, уларни озиқлантириш асосан эркак қуш томонидан амалга оширилади. Ота-она канарейкалар полопонларни тахминан 40 кунгача боқишади, шу муддат ўтгач уларни бошқа қафасларга ўтказиш мумкин бўлади.

Одатда бир жуфт канарейкалар 4-6 та полопонларни боқиш имконига эгалар, аммо шунга қарамай, 7 кундан кейин ота-она қушларга кўмаклашиш ҳамда полопонларни соғлом ва бақуват бўлиб ривожланишлари мақсадида, уларни инсон томонидан қўшимча тарзда боқиш тавсия этилади.

Мазкур мавзуга мазмунан алоқадор бўлган ва келгуси нашрларимизнинг бирида чоп этилиши режалаштирилган “Канарейкаларнинг касаллик белгилари ва уларни энг самарали даволаш усуллари” номли мақоламизда ҳам атрофлича суҳбатлашамиз.

Ушбу веб-сайт маъмури ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик ҳамда эзгули ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб Қобилжон АТАХАНОВ.

P.S. Эътиборингизга тақдим этилаётган мақолаларга муносабат билдириб, шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан ва олдиндан ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан! Мақола Сизга манзур келган бўлса, илтимос, яқинларингиз билан ўртоқлашинг.

Танланган сара мақолалар билан танишиш истагингиз бўлса, марҳамат ушбу манзилга ташриф буюрсангиз барча тўпланган мақолалар жамланмаси билан танишиш имконига эга бўласиз.