Ultimate magazine theme for WordPress.

МОЛИЯВИЙ ИНСТРУМЕНТЛАРНИНГ ХАЛҚАРО МОЛИЯВИЙ ВОСИТАЛАР ОҚИМИНИ ТАШКИЛ ЭТИШДАГИ ЎРНИ

33

Сўнгги ўн йил мобайнида дунёнинг ривожланган ҳамда ривожланаётган мамлакатларида иқтисодиётнинг кескин ўзгариши ва молия – кредит секторининг жуда тез суръатларда ўсиши рўй бермоқда, бунда кредит ва молия бозорлари жаҳон иқтисодиётига қараганда жадалроқ ривожланмоқда. Молиявий бозорлар, одатда, иқтисодий муносабатлар иштирокчилари ўртасида пул воситаларининг тақсимланиш масаласини ҳал қилади, бунда молиявий бозор бир вақтнинг ўзида капитални инвестиция қилиш воситаси ҳамда молиялаштириш манбаи ҳисобланади.

Илмий адабиётларда «молия бозори» тушунчаси, ҳам қимматли қоғозлар бозорини, ҳам банк кредитлари бозорини, шу билан бирга, молиявий воситаларни давлат фондлари орқали қайта тақсимланишини ўз ичига олади. Хусусан, Б.И. Алехин ва М.Ю. Алексеев каби иқтисодчилар молия бозорини банк ссудалари ва қимматли қоғозлар бозорининг мажмуи деб ҳисоблашади.

Я.М. Миркин эса бошқа фикрга асосланади, яъни у молия бозори тушунчасини пул бозори ва капитал бозори тизими билан бир хил деб ҳисоблайди. Бундан шу нарса келиб чиқадики, қимматли қоғозлар бозори нафақат пул бозорининг, балки капитал бозорининг ҳам сегменти саналади.

Одатда, пул бозори қисқа муддатли операцияларни қамраб олади, аммо капитал бозори сифатида ўрта муддатли ва узоқ муддатли битимларни ўз ичига олади. Молия бозори кенг миқёсда қимматли қоғозлар бозорига асосланади ва ундаги турли хил молиявий инструментларнинг ўз функциясини бажаришини таъминлайди.

Анъанавий кўринишдаги қимматли қоғозлар бозори – қимматли қоғозларни чиқариш ва уларни ўзининг иштирокчилари ўртасида муомалада бўлиши билан боғлиқ иқтисодий муносабатлар мажмуини ифодалайди. Шу билан бирга, фонд бозорларининг замонавий ҳолати ҳосилавий молиявий инструментлар кўринишидаги қимматли қоғозлар билан тўлдирилишини талаб қилади. Шундай қилиб, фонд бозори бу – сармоявий даромад олиш мақсадида ўз иштирокчилари орасида қимматли қоғозларни чиқариш ва муомалада бўлиши ҳамда ҳосилавий молиявий инструментлардан фойдаланиш асосидаги иқтисодий муносабатлар мажмуидир.

Moliyaviy instrumentlar_2

Ўзбекистонда бозор муносабатларининг ривожланиши билан жаҳон ссуда капитали бозорига чиқиш учун ички молия бозорини ташкил этишга зарурият туғилди. Жаҳон иқтисодиётининг глобаллашуви ички молия бозорининг жаҳон стандартларига мувофиқ бўлиши зарурлигини кўрсатди. Шу муносабат билан, молия бозорини кенгайтириш ва ривожлантириш – чет эл инвестицияларини жалб этиш, ҳамда фонд бозорларида молиявий инструментларнинг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида инфраструктурани яратишни талаб қилади. Чет эл сармоялари ва уларни иқтисодиётга жалб этиш муаммолари замонавий давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

«Қимматли қоғозлар» тушунчасига нисбатан ёндашувларнинг турли хилда бўлишига сабаб шундаки, улар ўз ичига ҳосилавий инструментларни олиш ёки олмаслигидадир. Муддатли инструментлар, хеджирлаш (рискни суғурталаш) мақсадида кўпгина давлатлар томонидан етарлича кенг кўламда фойдаланилса-да, ҳали синовдан тўлалигича ўтиб тасдиқланмаган.

Бугунги кунда молиявий инструментлар бозорида янги иштирокчиларнинг сезиларли даражада кириб келишининг узоқ муддатли ўзгариши кузатилмоқда, улар орасида йирик банклар ҳамда молиявий ва инвестицион компаниялар мавжуд. Жаҳон иқтисодий аҳволининг яхшиланиши натижасида нафақат анъанавий, балки етарлича мураккаб шаклдаги молиявий инструментларнинг ҳам жадал ривожланиши учун зарурат туғилмоқда, деб таъкидлаш мумкин.

Ўзбекистонда бозор муносабатларининг ривожланиши ва унинг жаҳон иқтисодий ҳамжамиятига интеграллашуви билан миллий фонд бозоридаги қимматли қоғозларга сармоя қилиш муҳим аҳамият касб эта бошлади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, сармоявий фаолият мамлакатдаги амалий фаолликни буткул рағбатлантиради, сармоявий капитал ҳажмининг ошиши билан боғлиқ иқтисодий ўсиш суръатларининг жадаллашувини таъминлайди.

Ҳозирги кунда, ишлатиладиган инструментларнинг турлари ҳам кенгаймоқда, янги муддатли бозорлар пайдо бўлмоқда, ҳамда молия бозорларининг интернационаллашуви содир бўлмоқда ва уларнинг бир-бирга таъсири ҳам кучаймоқда. Бошқа бир инструментга боғланган молиявий инструментлар ҳосилавий молиявий инструментлар категориясига тегишли бўлади. Уларнинг ёрдами билан савдо-сотиқ жараёни, таянч инструментга боғлиқ бўлмаган ҳолда, молиявий рисклар билан амалга оширилиши мумкин.

Ҳосилавий молиявий инструментлар капитални қўйиш йўналиши бўйича таснифланиши активлар ва мажбуриятларга бўлинади. Молиявий инструментларнинг форвард контрактлар, фьючерс, своп ва опционлар каби кўринишлари мавжуд.

Жаҳон иқтисодиётида молиявий инструментлар замонавий жаҳон бозор хўжаликлари талабларига жавоб берадиган улкан хусусиятларга эга: улар ўрта қийматга эга, турли хилдаги рискларни хеджирлаш (суғурталаш) имконини беради, ўзида улкан сармоявий имкониятларни намоён қилади, активларни корпоратив, миллий ва халқаро даражада янада тезроқ алмаштиришнинг янги имкониятлари мавжудлиги сабабли, юқори даражада даромадга моликдир.

Таъкидлаш жоизки, сармоя, молиявий инструментлар ҳамда қимматли қоғозлар бозорининг ўзаро алоқадорлик моделини яратиш мумкин. Ҳар бир очиқ иқтисодиёт ишлаб чиқариш жараёнини яхшилаш ҳамда иқтисодиётни буткул ривожлантириш мақсадида мамлакатга чет эл капиталини жалб қилиш сиёсатини олиб боради. Сармояларни жалб қилиш, ўз навбатида, халқаро капитал оқимини олиб келади.

Иқтисодиётга жалб қилинган капитал турли хил йўналишларга ишлатилади ва амалга оширилади. Энг асосий ва юқори даромадли йўналишлардан бири фонд бозори ҳисобланади ва айнан молиявий инструментлар асосий тараққиёт омили сифатида иштирок этади. Ҳозирги кунда айланмаларнинг аксарият қисмини иккиламчи бозор, яъни ҳосилавий инструментлар (деривативлар) бозори эгалламоқда, чунки улар қисқа муддатли, ликвидли ва юқори даромадли ҳисобланади. Фонд бозорининг ривожланиши, капиталнинг динамик ҳаракатини таъминлаган ҳолда, мамлакатга чет эл сармояларини жалб қилишнинг ўсишини юзага келтиради.

Ушбу веб-сайт маъмури ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик ҳамда эзгули ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб Қобилжон АТАХАНОВ.

P.S. Эътиборингизга тақдим этилаётган мақолаларга муносабат билдириб, шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан ва олдиндан ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан! Мақола Сизга манзур келган бўлса, илтимос, яқинларингиз билан ўртоқлашинг.

Танланган сара мақолалар билан танишиш истагингиз бўлса, марҳамат ушбу манзилга ташриф буюрсангиз барча тўпланган мақолалар жамланмаси билан танишиш имконига эга бўласиз.

Комментарии закрыты.