Ultimate magazine theme for WordPress.

ЎЗБEК АДАБИЁТИДА ФАНТАСТИКА ЖАНРИ. КИРИШ ҚИСМИ.

52

 

КИРИШ

 

Ўзбек адабиёти ҳамиша жамият ҳаётининг муҳим муаммоларини бадиий ёритиб келган. Бу, айниқса, мустақилликка эришганимиздан кейин янада тўлароқ намоён бўлмоқда. Сабаби, бугунги кундаги адабиётимизга назар ташлайдиган бўлсак, унда янги йўналишларни ва оқимларни, услубларни ва жанрлар хилма-хиллигини, ранг-баранглигининг гувоҳи бўламиз. Бу эса ўз навбатидаги мамлакатимизда олиб борилаётган демократик жараёнлар, энг асосийси, бадиий ижодга таъллуқли бўлган ижод эркинлиги билан боғлиқдир.

ХХ асрда, айниқса, иккинчи жаҳон урушидан кейин фан ва техника жамият ривожланишида беқиёс даражада улкан роль ўйнай бошлади. Бу эса ўз навбатида илмий фантастиканинг тез суръатлар билан ўсишига олиб келди. Атом ва ядро жараёнларини бошқариш, электроника, кибернетика, генетика, уфология сингари фанларининг ривожланиши, коинотни инсон томонидан ўзлаштириш каби тарихий воқеалар илмий фантастиканинг тўғри йўлдан бораётганлидан далолат беради. Зеро, ундаги илмий фарозлар фан-техника тараққиётининг асосий йўналишларини тўғри белгилаб бермоқда эди. Шуни ҳам айтиш керакки, илмий фантастика бугунги кунда фан-техника муаммолари доирасидан чиқиб, ижтимоий-фалсафий масалаларни ҳам камраб олмоқда.

Бугунги кунда халқимизнинг маданияти ва маънавий салоҳияти ўсиб бормоқда. Биз ўзлигимизни англаб, миллий ва маънавий-маданий қадриятларимизни тиклаб олиб жаҳон ҳамжамиятида ўзимизнинг муносиб ўрнимизни топишга интилаяпмиз. Зеро, “.. халқнинг маънавияти ва маданияти унинг ҳақиқий тарихи ва ўзига хослиги қайта тикланаётганлиги, – деб ёзган эди биринчи президентимиз И.А.Каримов, – жамиятимизни янгилаш ва тараққий эттириш йўлидан мувоффақиятли равишда олға силжитишда ҳал қилувчи, таъбир жоиз бўлса, белгиловчи аҳамиятга эгадир”. Халқ маънавий оламининг бойишида эса бадиий адабиётнинг ўрни ва роли беқиёсдир.

Бадиий адабиётнинг тур ва жанрлари хилма-хил ва ранг-баранг бўлганидек, уларда кўтариладиган ҳаётий муаммолар ҳам сержилодир. Бу эса ҳар бир адабий тур ва жанрларнинг ўзига хослиги, тасвир кўлами ҳамда мазмуни, сюжети ва композициясидан келиб чиқади. Ўзбек адабиётида шундай бир қизиқ ҳодисалардан бири-илмий фантастиканинг туғилишидир.

“Фантастика” тушунчасининг ўзи жуда кенг ва мураккаб, шу билан бирга нисбий характерга эга. Бу тушунчанинг кенглиги турнинг хилма-хиллиги билан боғлиқ. Фантастика тўғрисида гапирганда, биз илмий, саргузашт ва ноилмий фантастикани тушунамиз. Зотан, бадиий асардаги фантастик элементларнинг ўрни ёзуви дунёқараши, жанр, ғоявий эстетик омиллар, шунингдек, ёзувчи ниятининг амалга оширув усуллари ва характери орқали аниқланади.

Умуман, илм-фанда фантастикани икки асосий гуруҳга тасниф этиш қабул қилинган. Бу ажратиш фантастиканинг қай йўсинда, қай усулда яратилганига қараб тасниф этилади. Албатта, бу таснифни ўзи нисбийдир.

Буларнинг биринчиси, фан ва техника ёрдамида инсон ёки табиат томонидан яратиладиган ғаройиб ҳодиса ва нарсалар. Иккинчиси, ғаройиботлар ғайритабиий кучлар тамонидан яратилади.

Албатта, фантастика қандай шаклда намоён бўлмасин ва шаклланмасин, у биринчи навбатда реал ҳақиқатни англаш, оламнинг, борлиқнинг пайдо бўлиш сир-асрорларини тушинтиришга интилиш шакли сифатида пайдо бўлган. У ўзининг бутун тарихий ривожланиш жараёнида ҳаётни бадиий акс эттиришнинг ўзига хос усули сифатида шаклланди ва инсон онгининг ўсиши билан боғлиқда жуда мураккаб ҳамда давомийликдаги ривожланиш йўлини босиб ўтди.

Албатта, фантастик адабиётининг шакилланиш қарашларида илмий-техникавий тараққиёт, хусусан, Жюль Верн асарларининг пайдо бўлиши муҳим рол ўйнади. Зеро, Жюль Верн асарларида ҳали ҳаётда, турмушда бўлмаган, кейинчалик амалга ошган кўплаб кашфиётлар, ихтиролар тасвирлаб берилди. Зеро, биргина унинг «Капитан Немо» асарида сув ости кемаси, сув ости скафандрларининг тасвирланиши кейинчалик техник ихтироларнинг яратилишига олиб келган. Демак, бадиий фантастика ҳали инсон қўли, ақли етмаган коинот деб аталмиш буюк уммонинг, чексиз галлактикаларининг эҳтимолдан узоқ ёки яқин бўлган сир-синоатларини, асрорларни тасвирлаш қудратига эга.

Бугунги кунда илмий-фантастик жанр нафақат ривожланган Европа ва америка адабиётлари учун хос бўлмасдан, балки олдинлари бундай мустақил жанрга эга бўлмаган ўзбек, қароқалпоқ, қозоқ, қирғиз адабиётларида шаклланиб ривожланиб бормоқда. Бу адабиётларда илмий фантастик жанрнинг шаклланиши фан-техника инқилоби асрнинг самараси, шу билан бирга, жаҳон илмий фантастикасининг таъсири остида ҳам ривожланмоқда.

Бугунги кунда ўзбек адабиётида Т.Малик, Х.Шайхов, М.Маҳмудов, Б.Хошимхўжаев, М.Хидир сингари фантаст ёзувчилар қалам тебратиб ижод қилмоқдалар. Тилга олинган ёзувчилар биринчи фантастлари бўлса ҳам, ўзбек фантастикаси бўшлиқдан пайдо бўлган эмас. Зеро, ўзбек адабиётида фантастика элементлари энг ўтмиш замонлардан, хусусан, фолклордан мавжуд бўлиб, қадимий ва бой тарихга эгадир.

Хуллас, бу жанрнинг бадиий имкониятларини аниқлаш, таҳлил этиш, ёзувчининг маҳорат сирларини очиб бериш адабиётшунослигимиздаги энг долзарб масалалардан биридир.

 

Давоми бор

 

razdelitelnaya_liniya_9

 

кейинги саҳифа