Ultimate magazine theme for WordPress.

“УНДИРОЙИН  ДЕРМИСИЗ  Ё СИНДИРОЙИН  ДЕРМИСИЗ?..”

156

Тасаввур қилинг, сиз туман ҳокимининг қарори билан ажратилган ерда ғишт заводи қурдингиз. Орадан ўн йил ўтиб, қарорнинг “миси” чиқиб қолди. Ҳа, ўша катта таваккалга бориб, минг азоб билан бошлаган ишингиз “тақдири” бир парча қоғозда ҳал бўлди-қўйди. Алам қилади, тўғрими?

Адолатсизликка учраётган тадбиркорлар мавзуси бугун ё кеча пайдо бўлаётгани йўқ. Бу ўткир муаммо олдин ҳам бўлган, афсуски, бугун ҳам бор! Агар оддий, аммо энг зарур ҳақиқатларни теран тушуниб олмасак, тўғрироғи, мутасаддилар яхши англамас экан, эртага ҳам давом этаверади. Ҳаммага маълум жўн хулоса бор: тадбиркор давлатга жарақ-жарақ солиқ, ишчисига маошини вақтида тўлаб қўйса оилаларда биз айтаётган фаровонлик, бозорларда арзончилик бўлади…

Лекин, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган айрим лавҳалардан сесканиб тушасиз: “Фалон туман ҳокимининг қарори сабаб тадбиркор касод бўлди!”, “Тадбиркор ҳокимлик биноси олдида ўзига ўт қўйди!” Бир неча юз минглаб томошабин йиққан  видеолавҳаларнинг аксариятида тадбиркорларнинг арз-додини эшитиб, адолатсизликдан чарчаган қиёфаларини кўрганингда, соҳа ривожи учун қабул қилинаётган қарору фармонлар ҳаётда ўз аксини топмаятими, деган шубҳага ҳам бориб қоларкансан киши…

Дўппини олиб қўйиб ўйласак, тадбиркорнинг давлатга ҳам, жамиятга ҳам фойдали томонлари ойдинлашаверади. Бироқ, ҳамма бало жойларда айрим мутасаддиларнинг, тадбиркорларга ола қараб, “тиш қайраётганида”.  Балки, ўша “каттакон”лар етти ўлчаб бир кесмасдан, қоғозни шунчаки қоралаб қўяётгани янги мақсадни ўз олдига қўйган давлатимиз сиёсатига тамоман зид бўлаётганини наҳотки билишмаса?!

Фикримизни ғишт заводи ташкил этган уч тадбиркорнинг бошига тушган “айбсиз айбдор бўлиш”дек ғаройиб воқеани сўзлаб бериш билан давом эттирганимиз маъқул.

Паркент тумани ҳокими ўтган йилнинг 3 апрель санасида “Universal g’isht savdo”, “Zebo-biznes”, “Turon torginveststroy” МЧЖларга Бўстон қиш­лоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги захира ердан пишган ғишт ишлаб чиқариш заводи қурилиши учун ер майдонлари ажратиш ҳақидаги аввалги ҳокимлар томонидан чиқарилган қарорни бекор қилади. Шу ҳақда қабул қилинган қарорга туман прокуратураси томонидан 2019 йил 2 апрелда киритилган протест сабаб бўлди. Дарвоқе, прокурор ўз протестида ёзишича,  тадбиркорларнинг “айби” уларга ер майдони ажратиш учун чиқарилган қарорларнинг “нотўғри” бўлганлигида экан. Яъни, ҳар учала тадбиркорга берилган ҳужжатлар “Ер кодекси”нинг 6, 20, 87-моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 15 июндаги 282-сонли қарорига зид равишда қабул қилинганмиш…

Гап-сўз йўқ: прокуратура идораси қонун устуворлигини таъминловчи назорат органи бўлгани учун киритиладиган протестларнинг кучи, залвори, адолатлилиги ҳам шунга яраша бўлади. Шошмашошарлик билан шартта ўз эътирозларини қоралаб қўядиган “ибтидоий идора” эмаслиги боис қонунбузарлар, камчиликка йўл қўйганларни обориб-обкелади, терлатиб-терлатиб ақлини киритиб қўяди…

Тадбиркорлар  йиғлаган  кун

Ажабки, туман прокуратураси уч тадбиркорга ер майдони ажратилгани нотўғри бўлганлиги ҳақида бир кунда келтирган протестларига асосан туман ҳокими эртаси куниёқ тегишли қарорларини имзолайди. Таъбир жоиз бўлса, ўша кунни “тадбиркорлар йиғлаган кун” десак ҳам бўлаверади.

Доноликка даъво қилиш ниятимиз йўқ. Лекин, прокурор протестини ёзишда ортиқча риёзат чекмаганлиги судда аён бўлди-қолди. Тадбиркорлар ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини анча-мунча биладиганлар хилидан чиқиб қолишди. Иш бошлашда даромадини тикиб бир таваккал қилган бўлса, бу сафар ҳам яна таваккал қилишди. Тезда керакли ҳужжатларни тўплаб, Паркент тумани Маъмурий судига даъво ариза киритишди. Суд муҳокамаларидан маълум бўлишича, уч тадбиркорга ер ажратишда “Ер кодекси”нинг 6, 20-моддалари талабларига риоя қилинган экан. Бундан ташқари, протестда қонун нормасининг қайси талаблари бузилганлиги аниқ кўрсатиб ўтилмагани ва исбот қилувчи ҳужжатлар тақдим қилинмагани ҳам ойдинлашди.

Кулишингни ҳам, йиғлашингни ҳам билмайдиган жиҳати шундаки, келтирилган протестда Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 15 июндаги 282-сонли қарорига зид равишда туман ҳокими томонидан қарор қабул қилинганлиги кўрсатилган. Бироқ, ушбу қарор Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги 146-сонли қарори билан ўз кучини йўқотган экан…

Ана холос… Бу ёғи неча пулдан тушди? “Остона ҳатлаб киришим билан балоларга гирифтор бўлиб кетмайманми”, деб турган не-не инвесторларнинг иқтисодимизга пул тикишга иккиланиб туришганлигининг боиси шундай воқеалар туфайлидир балки…

Мана шу кўргиликлар бошланганига икки йилдан ошди. Ҳали-ҳануз тадбиркорлар сарсон-саргардон бўлиб юришибди. Идорама-идора чопавериб, фаолиятимизни қачон йўлга қўямиз, деган саволларига ҳеч қим қулоқ тутмаяпти, ёрдам бермаяпти. Бундай жумбоқли вазиятда хаёлингиздан балки айрим мутасаддилар ғишт заводларининг аҳоли саломатлигига қандайдир таъсири бўлса керак, деган иккиланиши муаммони ҳал этишга тўсқинлик қилаётгандир, деган гап ҳам ўтиши мумкин.   

Бироқ, тадбиркорларнинг қўлидаги тахлам-тахлам ҳужжатлар синчиклаб ўрганилса, кўнгилда туғилган иштибоҳ тарқаб кетиши турган гап. Ҳужжатлар орасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат Экология экспертиза марказининг тегишли хулосаси бор. Унда корхоналар фаолиятида лаборатория таҳлиллари ўтказилганлиги, таҳлил натижасида атмосфера ҳавосига чиқариладиган ташламалар меъёридан ортмагани, корхона атрофида яшовчи аҳолига экологик томондан салбий таъсир йўқлиги қайд қилинган.

Саволлар ортидан саволлар чиқаверади. Ўйлаб кўринг, тадбиркорларга ер майдони қонуний ажратилган бўлса, яқин атрофдаги аҳолига заводнинг салбий таъсири бўлмаса, нега уларнинг фаолияти тўхтаб турибди? Бундай чигаллик кимга керак? Тадбиркорларнинг ишламаслигидан кимлар манфаатдор?

Ҳаётда ҳамма амал қилиб келадиган оддий тартиб-тамойил бор: муаммоли вазият юзага келса, сабаблар ўрганилиб, ким ҳақ ё ноҳақлиги тошу тарозига қўйилади. Натижада, ҳақ томон ўз йўлида давом этаверади. Бу мезон негадир айни шу уч тадбиркорга келганда ишламай қолиши жудаям ажабланарли…

“Юмалоқ” хатларнинг “думалоқ” натижаси

Бизни ажаблантирган саволларга жавоб олиш мақсадида “Zebo-biznes” МЧЖ раҳбари  Баҳодир Авлиёқулов билан суҳбатлашдик.

– Заводда 80 киши иш билан таъминланганди, – дейди у. – Салкам ўн йилдан буён бир маромда, тинчгина ишлаб келаётгандик. Заводимиз Паркент ва Бўстонлиқ туманларининг чегара қисмида жойлашган. Фаолиятимиз қўшни тумандаги айрим фуқароларга ёқмай қолди. Эмишки, завод уларнинг саломатлигига зарарли бўлган моддаларни чиқараркан.

Шу боис, 40 нафарга яқин кишини ортидан эргаштириб юрган кимсалар турли идораларга шикоят ёзишди. Улар билдирган важлар тегишли ташкилотлар томонидан синчиклаб текширилди. Заводимиз фаолиятининг аҳоли саломатлигига зарарли таъсири аниқланмади. Шундан кейин ҳам жанжалкаш кимсалар жим бўлишмади. Оқибатда фаолиятимизни 2017 йилнинг июль ойи­да тўхтатишга мажбур бўлдик. Бунга ҳам қаноат қилмаган  бир гуруҳ шахслар омборхонамга ўт қўйишгача боришди.

Ажабланарлиси, туман мутасаддилари фаолиятимизни тиклашга амалий ёрдам бериш ўрнига томошабин бўлиб ўтиришибди. Ёрдам беришларини сўраб, бир неча маротаба қабулга бордим. Ҳеч бўлмаганда тасалли бериш ўрнига, қўполлик қилишди. Бу орада заводимиз фаолиятида текшир-текширлар бошланиб кетди. Натижада, менга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бунга сабаб, ҳудудда нархи 240 миллион 8 минг 334 сўмлик тупроқни қазиб олишда тегишли лицензия олмаганим бўлди. Охир-оқибат яхшигина жарима ҳам тўладим. Розиман бунга. Омборхонамни ёқиб юборганларга ҳам нисбатан жиноят иши қўзғатилганди. Лекин, куйиб кул бўлган 174 миллион сўмлик маҳсулотимнинг зарари айбланувчилар томонидан қопланмасада, уларга қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо қўлланилди.

Шу ҳам адолатданми? Мана, ҳали-ҳануз турли идоралардан ёрдам сўраб юрибман. Бормаган жойим қолмади ҳисоб. Заводимиз яқинидаги “Айдарали” маҳалласи раиси жанжалкаш фуқаролар билан бизни муросага келтириши мумкин. Шу ҳақда бир неча марта ёрдам ҳам сўрадик. Ҳатто маҳалла ҳудудига ҳомийлик ёрдами кўрсатиб, кўчаларни асфальт қилиш, поликлиника ҳам қуриб беришни ваъда қилдик. Бироқ, уринишларимиз бесамар кетаяпти.

Айтганча, вилоят ҳокими Рустам Холматовнинг қабулида ҳам бўлгандим. У киши фаолиятимиз қонунларга зид бўлмаса, ёрдам беришини айтганди. Ҳозиргача умидимизни узганимиз йўқ.

Қизиқ, кўпчилик бўлиб асоссиз шикоят хати ёзилса бўлди, у натижа бераверадими? Масалани холис, атрофлича ўрганиб, аҳолига тушунтириш бериш орқали ҳал қилса бўлмайдими?

Шу саволларимизга жавоб олиш мақсадида “Айдарали” маҳалласи раиси ­ Айбек Суйеров билан боғландик. Айни муаммонинг ечими борасида маҳалла раиси қандай позицияда эканини ҳам сўрадик. Маҳалла раисининг айтишича, аҳоли билан тадбиркорларни муросага келтириш учун бир неча марта йиғилиш ўтказган экан. Муросага келинмаётганининг сабабини эса: “Одамлар ўлаяптида”, деган ўта совуқ гап билан изоҳлади. “Айнан шу ғишт заводларининг аҳоли саломатлигига зарарли таъсири аниқланмагани ҳақидаги экспертиза хулосалари борлигини фуқароларга тушунтирганмисиз?” деган саволимизга аниқ жавоб ололмадик. “Муаммони қай тартибда ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида таклифингиз борми?” деган саволимизга эса: “Узр, вақтим йўқ эди”, деб гапни қисқа қилди. Маҳалла раисининг бундай юзаки жавобларидан қониқмадик, албатта.

Мазкур ғишт заводлари шунча муддат ишламай тургани давлатга ҳам, жамиятга ҳам зарар келтираётганини тушуниш қийин эмас. Масалан, биргина “Zebo-biznes” МЧЖ фаолиятини хомчўт қилиб кўрайлик. Биринчидан, мазкур заводда ишлайдиган 80 киши 2017 йилнинг июль ойидан бери ўртача бир ярим миллион сўмдан ойлик олмаяпти.  Ишчиларга ҳар ойда камида 120 миллион сўм маош тўланган. Бу маҳаллий бюджетга ҳар ойда сал кам 30 миллион сўм пул тушади дегани. Бундан ташқари, заводнинг даромад солиғи бир йилга 120-140 миллион сўмни ташкил қилишини, ҳисоб рақамидан айланма маблағлар учун тўланадиган банк хизматларини ҳам хомчўт қилсак йўқотилган маблағлар ойдинлашаверади. Энди қолган икки завод ҳисоб-китобини шу рақамлардан кам бўлмаган миқдорда чамалаб кўрингчи? Бундан ютаётган томонни топа олмаслигингиз аниқ. 

Сайлов  ўтди – иш битди… ми?

Турли тадбирларда, кенг жамоатчилик олдида Президентимизнинг халқпарвар ва бағрикенгликка асосланган сиёсати ҳақида оғиз тўлдириб гапришни қойиллатамиз. Минг бир ташбеҳлар билан мисоллар келтирамиз. Лекин, айрим муаммоларни ҳал қилиш эгаллаб турган лавозимимиз чекига тушганини билсакда, негадир жиммиз. Мақолада кўтарилган муаммоли вазиятга барҳам бериш, асоссиз норози бўлиб юрган фуқароларга вазиятни тушунтириш, ҳудудга бошчилик қиладиган сектор мутасаддисига тегишли вазифа, албатта.

Ҳар ҳолда, давлатимиз раҳбарининг ўтган йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида бу борада аниқ таъкид бор. Шунга қарамасдан Бўстон қишлоқ фуқаролар йиғини бириктирилган сектор раҳбари юзага келган вазиятга қандай изоҳ бераркин?

Бундан ташқари, ўтган сайловларда энг кўп овоз олган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг маҳаллий кенгашдаги депутатлари ҳам шундай вазиятларда отни қамчиламаса, қачон қамчилайди? Қамчилармикин, ўзи? Ахир, айнан шу партия вакиллари ўтган сайловлар арафасида тадбиркорларни ҳимоя қилиш ҳақида қоп-қоп ваъдаларни беришмаганмиди? Мазкур партия ўз дастурида тадбиркорлар ва ишбилармонлар номидан қудратли сиёсий кучга бирлашиб, халқ ҳокимиятининг оғзаки эмас, амалий кучини таъминловчи механизмларни мустаҳкамлаш, парламент ва жамоат назоратининг таъсирчанлиги даъвосида эди-ку?! Ёки сайлов ўтди – иш битдими?

Маҳаллий ҳокимият муроса йўлини излаш ўрнига тадбиркорларнинг фаолиятига тегишли қарорлар билан нуқта қўйгани аслида ўринли эмаслиги судда аён бўлганига ҳам анча вақт ўтди. Нега туманнинг тўртта сектор раҳбари гапни бир жойга қўйиб, муаммонинг ечимини топишга шошилишмаяпти? Анойи бўлишни истамаган тадбиркорлар яна қанча вақт емаган сомсасига пул тўлайди? Тадбиркорлар яна қачонгача таваккал қилиб юришади?

Президентимиз ташаббуси билан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётган бир пайтда бундай воқеаларни эшитиш ниҳоятда оғир. Бошқача айтганда, ўз-ўзимизни шарманда қилиш билан баробар. Ахир, шахсан давлатимиз раҳбари: “Биз учун ҳар битта иш ўрни муҳим. Лоақал иккита одамни иш билан таъминлаган тадбиркорни бошимизда кўтаришга тайёрмиз. Чунки, инсоннинг иш билан таъминланиши унинг оиласи фаровон бўлишига, эртасига, давлатга ишончи ошишига асос бўлади”, дея бежизга таъкидламаган эди.

Наҳотки, Паркентда шу даъватга “лаббай”, деб жавоб берадиган бир мардум топилмаса?!

Айтганча, тадбиркор Баҳодир Авлиёқуловнинг сўзларига қараганда туман мутасаддилари орасида “Заводингни буз, йўқол кет”, мазмунда таҳдид қилганлари ҳам бўлибди. Шу боис, кейинги пайтларда жойларда мана шундай вазият ўта жиддий тус ола бошлагани учун ҳатто Президент томонидан ҳудудлардаги раҳбарларга қатъий  огоҳлантириш берилганини эслатиб ўтишни маъқул кўрдик.

Мақоладан муродимиз холис: сарсону саргардон юрган тадбиркорлар қонуний фаолиятини тезроқ тикласа. Албатта, бу туман иқтисодиёти ривожига қисман бўлсада улуш қўшиши билан бирга ишсиз қолган фуқароларнинг турмушига яна қайта тўкинлик олиб кириши шубҳасиз.

Муаллиф: Абдусалим МАҲМУДОВ
«Тошкент ҳақиқати»

 

Комментарии закрыты.