Ultimate magazine theme for WordPress.

ХАЛҚАРО САВДО, УНИНГ ТУРЛАРИ ВА ТАРТИБГА СОЛИШ МЕХАНИЗМИ

50

Халқаро савдо — бу турли давлат-миллий хўжаликлари ўртасидаги товар ва хизматларнинг айирбошлаш жараёнидир. Халқаро савдо қадимдан мавжуд бўлсада, фақат ХIХ асрга келиб, яъни деярли барча ривожланган мамлакатлар халқаро савдо алоқаларида иштирок эта бошлаши билан жаҳон бозори шаклига кирди.

Халқаро савдо ташқи савдо айланмаси, экспорт ва импорт, савдо баланси каби кўрсаткичлар билан тавсифланади. Халқаро савдо ва ҳамкорлик кўпчилик мамлакатларга юқори фойда кўришига асос бўлиб келмоқда, масалан бугунги кунда ривожланаётган мамлакатлар ривожланган мамлакатларга ва иқтисодиёти ўтиш давридаги мамлакатларга ҳар хил турдаги товар ва хизматларни экспорт қилмоқда.

Бугунги кунда ривожланаётган мамлакатлар ичидан Хитой ва Ҳиндистон асосан халқаро савдода улуши кескин ошиб бораётган мамлакатлардан ҳисобланади. Халқаро савдонинг яна бир афзаллик томони шундаки, кўплаб мамлакатлардаги камбағаллик муаммосини қисқартиришга юқори аҳамият касб этаётганидир.

Ҳиндистонда ўтган асрнинг 60-70-йилларида камбағаллик атиги 1%га ҳам қисқармаган, маълум вақтлардан сўнг глобализация ва интеграция ёрдамида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, таълим ва бошқа барча соҳаларда ўсиш кузатилади.

Халқаро ҳамкорликнинг кучайиши натижасида яхшироқ таълим ва соғлик тизимини йўлга қўйиш имкони пайдо бўлади. Бугунги кунда халқаларо савдо алоқалар тобора чуқурлашиб бормоқда, айниқса бу борада ривожанаётган мамлакатларнинг улуши  ошиб бораётганлигини кўриш мумкин.

Халқаро савдо трендлари. Бугунги кунда транспорт ва ахборот коммуникация алмашинуви нархида сезиларли пасайиш кузатилди, халқаро савдо системасида геосиёсат ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Сўнгги 30-йил мобайнида товарлар ва савдо хизматлари йилига ўртача 7% га ўсди.

Сўнгги бир нечта ўн йилликда жаҳон савдоси сал кам икки баробарга ўсди, худди жаҳон ишлаб чиқариш тезлиги каби ва бу билдирадики, халқаро таклиф занжири даражаси ошиб бормоқда ва қўшилган қиймат жуда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Меркантилизм ва эркин савдо ғояси

Халқаро савдога оид назариялар ўз тарихига эга. Бу борадаги илк иқтисодий таълимот 17-асрдаёқ яратилган. ўрта асрларда рўй берган Европадаги улкан ўзгаришлар жумладан, янги қитъаларнинг кашф этилиши, мустамлакалардаги олтин ва бошқа бойликларни эгаллаб олишга интилиш ўз-ўзини таъминлашни тарғиб этувчи феожаизм назарияси доирасидан чиқиб кетган янги хўжалик тизими доирасида товарлар ўйини ва давлатларнинг халқаро савдога бўлган талабини асослаб бера оладиган янги иқтисодий назарияга бўлган эҳтиёжни юзага келтирди.

Шундай назариялардан бири меркантилизм таълимотидир. Меркантилизм мактаби XVI-XVII асрларда фаолият кўрсатган. Унинг энг йирик вакиллари инглиз иқтисодчилари Томас Ман (1571-1641) ва Уилям Стаффордлар (1554-1612) ҳисобланишади.

Меркантилистлар ўз назарияларида фақат чекланган миқдордаги бойликка эга бўлган статик қарашларни қўллаб-қувватлаганлар. Шу сабабдан бирон-бир мамлакат бойлигининг кўпайиши фақатгина бошқа мамлакатнинг қашшоқлашиши эвазига амалга ошиши мумкин. Демак, бойликнинг кўпайиши қайта тақсимот эвазига амалга ошар экан, ҳар бир мамлакат мустаҳкам иқтисодиётга ва бошқа давлатлар устидан ҳукмронликни таъминлаб бера оладиган армия, ҳарбий ва савдо флотидан иборат кучли давлат қурилмасига эга бўлиши зарур деб ҳисоблашган.

Меркантилистлар иқтисодиётни ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги ва ҳарбий колониялар секторига бойишган. Савдогарлар иқтисодиётнинг муваффақиятли фаолият кўрсатишида энг муҳим гуруҳ, деб ҳисобланган, меҳнат эса ишлаб чиқаришнинг асосий омили сифатида баҳоланган. Мамлакатнинг бойлиги унинг ихтиёрида бўлган олтин ва кумуш билан белгиланлиги сабабли ташқи савдо мактаби мамлакат миллий иқтисодиётини мустаҳкамлаши учун қуйидагиларга амал қилиш лозим, деб ҳисоблашган:

  • ташқи савдода мусбат сальдони таъминлаш — экспортнинг импортдан катта бўлиши мамлакатнинг олтин захирасини бошқа мамлакатларнинг олтин манбалари ҳисобига ўсишига олиб келади. Бу ўз навбатида, ички харажатлар, ишлаб чиқариш ва бандликнинг ошишига олиб келади;
  • экспортни ошириш ва импортни камайтиришга қаратилган ташқи савдо сиёсатини юритиш — тарифлар, квоталар ва бошқа дастаклар ёрдамида савдо балансининг мусбат савдо сальдосини таъминлаш;
  • хомашёнинг олиб чиқилишини қаттиқ чеклаш ёки таъқиқлаш ва мамлакатда мавжуд бўлмаган хомашё импортидан бож ундирмаслик, чунки бундай чора-тадбирлар мамлакат олтин захирасининг кўпайиши ва тайёр маҳсулотларни паст нархлар бўйича экспорт қилиш имконини яратади;
  • мустамлакаларнинг метрополиядан бошқа давлатлар билан ҳар қандай савдо алоқаларини таъқиқлаш ва мустамлакаларни хомашё таъминотчисига айлантириш.

Меркантилистлар ғоясига биноан иқтисодий тизимда тўлиқ бандликка эришиб бўлмайди. Шу сабабли хориждан келадиган қўшимча олтин қўшимча иш жойларнинг яратилишига, ишсизлик даражасининг пасайиши ва ишлаб чиқариш имкониятларининг кенгайишига олиб келади.

Меркантилистлар халқаро савдо назарияси ривожланишига жиддий улуш қўшдилар. Улар халқаро савдонинг мамлакат иқтисодий ўсишидаги ўрнини биринчи бўлиб чуқур таҳлил қилдилар ва унинг ривожланишининг муҳим моделларидан бирини ишлаб чиқдилар. Улар биринчи бўлиб замонавий иқтисодиётда тўлов баланси, деб аталадиган тушунчани таърифладилар.

Меркантилистлар ғоясининг камчилиги — бу уларни бир мамлакат бойиши бошқа мамлакатларнинг қашшоқлашиши ҳисобига амалга ошади деб ҳисоблашганидир. Бундай ғояга амал қилиш жаҳон иқтисодиётида иқтисодий диспропорцияларга ва иқтисодий вазиятнинг кескинлашувига олиб келди. Метрополияларнинг мустамлакалар ҳисобидан бойиши уларда ҳаддан зиёд олтин массасининг тўпланишига ва шу орқали гиперинфляцияга олиб келди.

Меркантилистларнинг ғоялари халқаро иқтисодиётдаги кейинги мактаблари ғояларига илмий йўналиш берди. Меркантилистлар ғоялари бир ярим аср мабойнида кенг қўлланилган. Бунинг натижасида XVIII асрда халқаро савдо алоқаларида кескинликларнинг кучайиши ҳолатлари кузатилган.

«Эркин савдо» назарияси

Меркантилистларни кескин танқид қилган иқтисодчилардан бири Адам Смитдир (1723-1790). А. Смит мамлакатнинг бойлиги у эга бўлган олтин миқдорига эмас, балки унинг ишлаб чиқариш имкониятларига боғлиқлигини кўрсатиб берди. Шунинг учун ҳар қандай давлатнинг бош вазифаси мамлакат эга бўлган олтин миқдорини ошириш эмас, балки халқаро меҳнат тақсимотида ўзига хос муносиб ўрин эгаллашдан иборатдир.

Шунингдек, А. Смит ғояларига биноан ишлаб чиқариш имкониятларидан самарали фойдаланиш учун давлатнинг иқтисодиётга аралашувини чеклаш керак. Ушбу сиёсат «Лесса фер» – (Lessa fer) номини олди. А. Смит қарашларига мувофиқ:

  • давлат ташқи савдога аралашиши керак эмас ва мамлакат эркин савдо режимига риоя қилиши лозим;
  • мамлакатлар ишлаб чиқаришда афзалликка эга бўлган товарларни ишлаб чиқаришга ихтисослашишлари керак ва бу товарларни бошқа мамлакатлар афзалликка эга бўлган товарлар билан айирбошлаши керак;
  • ташқи савдо миллий бозорларни бошқа мамлакатлар ҳисобига кенгайтириш орқали меҳнат унумдорлигининг ўсишини таъминлайди;
  • экспорт мамлакат иқтисодиёти учун ижобий омил ҳисобланади, чунки у ички бозорда сотилмаган ортиқча маҳсулотларни хорижга сотиш имконини беради;
  • экспорт субсидиялари ички солиқлар ҳисобидан молиялаштирилади ва ички нархларнинг ошишига олиб келади. Шунинг учун уларни бекор қилиши керак.

Мутлақ ва нисбий афзаллик назариялари

А. Смит иқтисодий назарияга биринчи бўлиб «мутлақ афзаллик» тушунчасини киритди. Мутлақ афзаллик — мамлакатлар мутлақ афзалликка эга бўлган (таннархи пастроқ бўлган) товарларни ишлаб чиқаришга ихтисослашади ва уларни экспорт қилишади, бошқа товарларни (бошқа мамлакатлар мутлақ афзалликка эга товарларни) эса импорт қилишади.

Бу назарияни тушунтириш учун «икки мамлакат — икки хил товар» моделидан фойдаланамиз. Фараз қилайлик, иккита мамлакат (Буюк Британия ва Португалия) ўзаро савдо алоқаларини ўрнатишмоқчи. Бу мамлакатлар фақат икки хил товар (мато ва вино) ишлаб чиқаришади. Бу товарларни ишлаб чиқариш учун сарфланадиган меҳнат ресурсларининг меъёрлари қуйидаги жадвалда келтирилган.

Мамлакатларнинг бир бирлик товар ишлаб чиқариш учун сарфлайдиган иш вақти:

Буюк Британия Португалия
Вино (1 л) 2 соат  3 соат
Мато (1 м2)  2 соат   6 соат

Жадвал маълумотларидан Буюк Британиянинг мато ишлаб чиқаришда мутлақ афзалликка эга эканлиги кўриниб турибди. Чунки Буюк Британияда 1 м2 мато ишлаб чиқариш учун 2 соат сарфланса, Португалияда 3 соат сафлаш керак. Демак, бу маҳсулотнинг Буюк Британиядаги таннархи Португалиядагига нисбатан арзонроқ бўлади.

Ўз навбатида, Португалия вино ишлаб чиқаришда мутлақ афзалликка эга. Чунки бу мамлакатда вино ишлаб чиқариш учун Буюк Британияга нисбатан 1 соат камроқ вақт сарфланади. Демак, А. Смитнинг «мутлақ афзаллик» назариясига биноан Буюк Британия мато ишлаб чиқаришга ихтисослашиши ва уни экспорт қилиши керак. Навбатда, Португалия вино ишлаб чиқаришга ихтисослашади ва Буюк Британия бу маҳсулотни Португалиядан импорт қилади.

А. Смитнинг «мутлақ афзаллик» назарияси узоқ йиллар давомида кўплаб мамлакатларнинг ташқи савдо сиёсати стратегиясининг асосини ташкил қилди ва бу мамлакатлар эркин савдо сиёсатини юритишди. Аммо «мутлақ афзаллик» назариясида бир қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилган.

Хусусан, бу модел мутлақ афзалликка эга бўлмаган мамлакатнинг халқаро савдодаги иштирокини тушунтириб бера олмайди. Фараз қилайлик, Буюк Британия ва Португалия ўртасидаги савдода мато ва винони ишлаб чиқариш бўйича мутлақ устунлик Буюк Британияга тегишли бўлсин. Бу товарларни ишлаб чиқариш учун сарфланадиган меҳнат ресурсларининг меъёрлари қуйидаги жадвалда келтирилган.

Мамлакатларнинг бир бирлик товар ишлаб чиқариш учун сафлайдиган иш вақти:

Буюк Британия Португалия
Вино (1 л) 2 соат  3 соат
Мато (1 м2)  2 соат  6 соат 

Бундай шароитда мутлақ афзалликка эга бўлмаган мамлакатда ҳам халқаро савдода иштирок этишдан фойда олишини инглиз иқтисодчиси Д. Рикардо биринчилардан бўлиб исботлаб берган. Давид Рикардо (1772-1823) мамлакатнинг халқаро савдода иштирок этишидан оладиган фойдаси муқобил нарх билан белгиланишини исботлаган.

Муқобил нарх бу бир бирлик товарнинг ишлаб чиқаришга сарфланадиган харажатнинг иккинчи товарни ишлаб чиқаришга зарур бўлган харажат орқали ифодаланишидир. Бизнинг мисолимизда 1 х 1 винонинг Буюк Британия учун муқобил нархи 2 соат/2 соат = литрга тенг бўлса, Португалияда 3 соат/6 соат = 0,5 литрга тенг. Бу эса вино ишлаб чиқариш Португалияда Буюк Британияга нисбатан арзонроқ бўлишини акс эттиради. Шу сабабли мутлақ афзалликка эга бўлмаган Португалия Буюк Британия билан савдо алоқаларига киришса, вино ишлаб чиқаришга ихтисослашади ва уни экспорт қилиб, ўрнига матони импорт қилади.

Нисбий афзаллик — агар мамлакат бошқа мамлакатга нисбатан кам харажатлар билан ишлаб чиқариш мумкин бўлган товарларни ишлаб чиқаришга ихтисослашса, ўзаро савдо иккала мамлакат учун ҳам фойдали бўлади. Бунда ишлаб чиқариш бўйича мутлақ афзаллик бўлиши шарт эмас.

Хекшер-Олин назарияси. В. Леонтьев парадокси

А. Смит, Д. Рикардо ва Дж. С. Милл назарияларида халқаро савдода мамлакатнинг ўрнини аниқлаш учун фақат битта ишлаб чиқариш омили бор деб фараз қилинган. Бу назарияларда мамлакатнинг халқаро савдода эгаллаши мумкин бўлган ўрни улардаги меҳнат унумдорлиги билан белгиланган. Шу сабабли бу олимларнинг ишларини давом эттирганлар халқаро савдони бир нечта ишлаб чиқариш омиллари мавжудлигида таҳлил қилишга ҳаракат қилишган.

Швед иқтисодчилари Э. Хекшер ва Б. Олин ўз таҳлилларида ишлаб чиқаришнинг икки омилини — капитал ва меҳнат омилини кўриб чиқдилар. Уларнинг таъкидлашича, ишлаб чиқариш омиллари билан таъминланганлик даражасига кўра мамлакатларни қуйидаги икки гуруҳга ажратиш мумкин:

  • Меҳнат омилига бой мамлакатлар — бу мамлакатларда меҳнат ресурслари кўп ва арзон бўлади. Уларга мисол қилиб Хитой ва Ўзбекистон каби мамлакатларни келтириш мумкин.
  • Капитал омилига бой мамлакатлар — бу мамлакатларда капитал катта ҳажмларда жамланган бўлади, аммо меҳнат ресурслари билан таъминланганлик даражаси пастроқ бўлади. Шу сабабли бу мамлакатларда реал иш ҳақи даражаси юқори бўлади ва меҳнат ресурсларининг капитал билан таъминланганлик даражаси юқори бўлади. Уларга мисол тариқасида АҚШ ва Германия каби мамлакатларни келтириш мумкин.

Бундан ташқари, товарларини ҳам икки гуруҳга бўлиш мумкин:

  • Меҳнат сиғимкорлиги юқори бўлган товарлар — бу турдаги товарларни ишлаб чиқаришда капиталдан кўра меҳнат ресурслари кўпроқ талаб қилинади. Бу турдаги товарларга мисол қилиб қишлоқ хўжалик маҳсулотларини келтириш мумкин.
  • Капитал сиғимкорлиги юқори бўлган товарлар — бу турдаги товарларни ишлаб чиқаришда меҳнат ресурсларидан кўра капитал кўпроқ талаб қилинади. Бу турдаги товарларга мисол сифатида қайта ишлаш саноати маҳсулотларини келтириш мумкин.

Хекшер-Олиннинг ишлаб чиқариш омиллари нисбати назарияси — мамлакат қайси ишлаб чиқариш омили билан нисбатан яхши таъминланган бўлса, шу омилни нисбатан кўпроқ талаб қилувчи товар ишлаб чиқаришга ихтисослашиши ва уни экспорт қилиши керак.

Демак, Хекшер-Олин назариясига биноан АҚШ билан Хитой ўзаро савдо алоқаларига киришса, АҚШ капитал омилига бой мамлакат сифатида қайта ишлаш саноати маҳсулотларини экспорт қилади ва Хитойдан меҳнат сиғимкорлиги юқори бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини импорт қилади.

Ушбу назария ХХ асрда кўплаб мамлакатларнинг ташқи савдо сиёсатининг асосини ташкил қилишига қарамасдан унда кўплаб камчиликларга йўл қўйилган. Хусусан, Хекшер-Олин назариясида мамлакатларнинг вақт ўтиши билан ишлаб чиқариш ресурслари билан таъминланганлиги ҳам ўзгариши инобатга олинмаган. Бундан ташқари, бир ишлаб чиқариш омилининг ўрнига бошқасини қўллаш мумкинлиги ва шу сабабли капиталга бой мамлакатлар ҳам меҳнат сиғимкорлиги юқори бўлган товарларни экспорт қилиши мумкинлиги инобатга олинмаган.

Ишлаб чиқариш омиллари нисбати назарияси ўзининг барча камчиликланга қарамай, ҳозирги кунга қадар халқаро савдонинг ривожланишини тушунтириб берувчи энг илғор назариялардан бири саналади. Ушбу назария кўп маротаба катта ҳажмдаги статистик маълумотлар асосида турли мамлакатларга тааллуқли товар ва ишлаб чиқариш омиллари бўйича эмпирик синовлардан ўтди. Ушбу синовлардан энг машҳурини АҚШда 1953-йилда В. Леонтьев ўтказган эди. В. Леонтьев бир қанча эмпирик синовлар ўтказиш йўли билан Хекшер-Олин томонидан ишлаб чиқилган назариянинг шартлари амалиётда қўлланилмаслигини исботлади.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг АҚШни бошқа мамлакатлар билан қиёсий таққосланганда, ўртача иш ҳақи даражаси энг юқори мамлакат ва капиталга бой давлатлардан саналарди. Шу сабабли мамлакат Хекшер-Олин назариясига мувофиқ, капитал сиғимкорлиги юқори маҳсулотларни экспорт қилиши лозим эди. В. Леонтьев ушбу гипотезани текшириш мақсадида 1 млн. долларлик экспорт ва шунча миқдордаги импорт маҳсулотларига рақобатбардош товарларни ишлаб чиқариш учун қанча капитал ва ишчи кучи сарф этилишини ҳисоблаб чиқди.

У ҳар бир ишлаб чиқариш соҳаси бўйича товар бирлиги учун сарф этиладиган капитал ва меҳнатни ҳисоблади. Бунда у фақатгина автомашина каби тайёр маҳсулотлар билан чегараланиб қолмай, балки яримтайёр маҳсулотлар (резина, пўлат, ойна кабилар) учун кетадиган капитал ва ишчи кучини ҳам ҳисоблаб чиқди.

Сўнгра АҚШнинг 1947-йилдаги экспорт таркибидан келиб чиққан ҳолда 1 млн. долларлик экспорт товарларини ишлаб чиқаришга кетадиган капитал ва меҳнатнинг ўзаро нисбатини аниқлади. АҚШнинг ўша йилдаги импорти таркибидан мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган товарларни айириб ташлади ва бевосита импорт маҳсулотларнинг ўрнини боса оладиган Америка товарларини ишлаб чиқариш учун сарф этиладиган капитал ва меҳнат нисбатини ҳисоблаб чиқди.

Аслида у Америка импорти бирлигига сарф этиладиган капитал ва меҳнат (КЖЛ)им ҳамда экспорт бирлигига сарф этиладиган капитал ва меҳнат (КЖЛ) нисбатини солиштирди. «Леонтьев статистикаси» номини олган ушбу нисбатга мувофиқ, агар мамлакатда капитал ва меҳнат сарфи нисбати ((К/Л)им) : (К/Л) х < 1 бўлса, мамлакат капиталга бой ҳисобланади. Агар бу нисбат ((К/Л)им) : (К/Л) х > 1 бўлса, мамлакатда меҳнат ресурслари кўп ҳисобланади.

Леонтьев Хекшер-Олин назариясига мувофиқ Америка экспорт товарлари импортнинг ўрнини боса оладиган товарларга қараганда кўпроқ капитал талаб этилишини кутган эди. Аммо кутилган натижа аксинча бўлиб чиқди: Америка импортининг капитал сиғимкорлиги экспортга нисбатан 30 %га юқори экан, демак, АҚШ кутилганидек капиталга бой мамлакат эмас, балки аксинча, меҳнатга бой мамлакат эканлиги келиб чиқмоқда, бу амалдаги тасаввурга умуман тўғри келмади.

Леонтьев статистик маълумотларга Иккинчи жаҳон уруши ўз таъсирини кўрсатган бўлиши мумкин деб ҳисоблаб, 1951-йилда ушбу ҳисоб-китобни яна такрорлади. Америка импорти бу сафар ҳам экспортга қараганда капитал сиғимкорлиги юқори эканлигини кўрсатди (бу сафар 6 %га холос).

Леонтьевнинг давомчилари 1962-йилда ушбу ҳисоб-китобни такрорладилар. Аммо яна кутилган натижа олинмади. Бу сафарги ҳисоб-китобларга мувофиқ АҚШ импортининг капитал сиғимкорлиги 27 %га экспортнинг капитал сиғимкорлигидан юқори чиқди.

Леонтьев модели бошқа мамлакатлар учун ҳам қўлланилди. Аммо натижа доимо Хекшер-Олин назариясини инкор этарди. Мисол учун, 1950-йилларда меҳнат ресурсларига бой, деб ҳисобланган Япония капитал сиғимкорлиги юқори бўлган товарларни экспорт қилган экан.

Леонтев модели асосида амалга оширилган ҳисоб-китоблар Хекшер-Олин назариясини инкор этганлиги учун ушбу тадқиқотлар натижаси иқтисодчи олимлар томонидан «Леонтьев парадокси» деб номланди. Леонтьев парадокси — Хекшер-Олиннинг ишлаб чиқариш омиллари нисбати назарияси амалиётда ўз тасдиғини топмаган: меҳнат ресурсига бой мамлакатлар капитал сиғимкорлиги юқори бўлган товарларни экспорт қилади, капиталга бой мамлакатлар эса меҳнат сиғимкорлиги юқори бўлган товарларни экспорт қилади.

Кейинчалик Леонтев парадокси атрофида қизғин тортишувлар бошланиб кетди. Тортишувлар Хекшер-Олин назариясининг тўғрилигини исботлашга қаратилди. Ишчи кучини малакали ва малакасиз ишчилар гуруҳига бўлиш ҳамда ҳар бир гуруҳнинг экспорт товарларни ишлаб чиқариш харажатларидаги улушини ҳисоблаш зарур.

Америкалик олим Д. Кисинг 1966-йилда эълон қилган тадқиқотларида ишчи кучини малакасига кўра 8 хил категорияга бўлади. Шу орқали АҚШда юқори малакали ишчиларнинг ортиқчалиги ва малакасиз ишчиларнинг эса етишмаслигини исботлади.

Шунинг учун АҚШ юқори малакали ишчилар меҳнатини талаб этувчи маҳсулотларни экспорт қилади. Малакали кадрларни тайёрлашга кетадиган харажатларни капитал сарфлар сифатида баҳолаш мумкин дейди. Бу эса малакали ишчилар ёрдамида ишлаб чиқарилган товарларнинг капитал сиғимкорлиги юқори деб ҳисоблашга асос бўлади.

АҚШ импортида қазиб чиқариш саноати маҳсулотларининг улуши юқоридир. Бу маҳсулотларни қазиб чиқариш катта миқдордаги капитал харажатларни талаб қилади. Ўз навбатида, бу маҳсулотлардан экспортга йўналтирилган тармоқларда кенг фойдаланилади ва шу сабабли АҚШнинг экспорт тармоқларида ҳам капитал сиғимкорлиги юқори бўлади, деб ҳисоблаш мумкин. Америкалик олим Дж. Хартиген В. Леонтьев ҳисоб-китобларини ўша давр учун такрорлади ва капитал кўп талаб қилувчи хомашёга боғлиқ тармоқларни эътиборга олмади. Натижада парадокс йўқолди ва Хекшер-Олин назарияси ўз исботини топди.

В. Леонтьев ўз тадқиқотларида АҚШ ҳукуматининг ички тармоқларни ташқи рақобатдан ҳимоя қилишга йўналтирилган иқтисодий сиёсатини эътиборга олмаган. 1971-йилда америкалик олим Р. Белдви томонидан амалга оширилган қайта ҳисоб-китобларда ташқи савдо сиёсати хусусиятлари инобатга олинган ва В. Леонтьев парадоксининг самарасини 5 %га қисқартиришга эришилган.

В. Леонтьев тадқиқотларида АҚШ аҳолисининг диди инобатга олинмаган. Америкаликлар капитал сиғимкорлиги юқори бўлган товарларни хуш кўришади ва ўзларида кўп бўлишига қарамасдан хориждан бундай товарларни сотиб олишади. Аҳоли дидининг халқаро савдога таъсири Хекшер-Олин назариясида ўрганилмаган ва шу сабабли бундай шароитда халқаро савдони бошқа моделлар орқали ўрганиш зарур.

Баъзи товарларни ишлаб чиқаришда омилларнинг бир-бирининг ўрнини босиш даражаси юқори бўлади. Бундай шароитда битта товарни ишлаб чиқариш капиталга бой мамлакатларда кўпроқ капитал талаб қилишига, меҳнат ресурсларига бой мамлакатларда эса кўпроқ меҳнат ресурсларини талаб қилишига олиб келади. Масалан, АҚШда шоли етиштириш илғор технология ёрдамида амалга оширилганлиги боис, бу товар АҚШда капитал сиғимкорлиги юқори товарлар гуруҳига киради, Вьетнамда эса шоли ишлаб чиқариш, асосан, меҳнат ресурсларидан фойдаланишга асосланганлиги учун шоли юқори меҳнат сиғимкорлигига эга бўлади. Чунки, Вьетнамда шоли, асосан, арзон қўл меҳнати ёрдамида етиштирилади.

Келгуси мақолада Сизнинг эътиборингизга «Халқаро савдонинг янги ва ўта янги назариялари» ҳақида атрофлича ва батафсил маълумотлар тақдим этилади.

Ушбу веб-сайт маъмури ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик ҳамда эзгули ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб Қобилжон Атаханов.

P.S. Эътиборингизга тақдим этилаётган мақолаларга муносабат билдириб, шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан ва олдиндан ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан! Мақола Сизга манзур келган бўлса, илтимос, яқинларингиз билан ўртоқлашинг.

Танланган сара мақолалар билан танишиш истагингиз бўлса, марҳамат ушбу манзилга ташриф буюрсангиз барча тўпланган мақолалар жамланмаси билан танишиш имконига эга бўласиз.

Комментарии закрыты.