Последние новости
Домой » INTERNET BIZNES » «ВИРТУАЛ ҚЎШМАЧИЛИК»

«ВИРТУАЛ ҚЎШМАЧИЛИК»

«ВИРТУАЛ ҚЎШМАЧИЛИК» унга қачон нуқта қўйилади?

Бундан ўн йиллар муқаддам ҳаммамиз хорижий енгил-елпи сериалларни муккамиздан кетиб, томоша қилдик. Биронтамиз унинг натижаси ҳақида қайғурмадик. Оқибат нима бўлди? Оила масаласига енгил-елпи қараш, оилавий ажримлар муаммосига бугун бошимиз билан урилдик. Ўсмирлар ва аёллар орасида жиноятчилик кўпайди. Ўз фарзандини сотаётган, нобуд қилаётган аёллар ҳақидаги хабарларни эшитиш оддий ҳолга айланди...

Биз ҳозир сўз юритаётган масаланинг ташвишланарли жиҳатлари ҳам бундан кам эмас. Мамлакатимизда фаолият юритаётган айрим мобиль алоқа компаниялари томонидан ўз абонентларига жўнатилаётган SMS-хабарлар ҳам вақти келиб, юқоридаги сериаллар каби миллий маънавиятимизни поймол этишга муносиб “ҳисса” қўшиши турган гап.

“Yuragingiz qiynasa firoq...”

Тўсатдан телефоним жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарсам, ёқимли овозли бир қиз эҳтирос билан гап бошлади: «Хайрли кун! Зерикяпсизми? Биз билан янги танишлар орттиринг ва вақтингизни мазмунли ўтказинг. Мулоқотни давом эттириш учун бирни босинг...»

Довдираб қолдим. Нимани босишни билмай турдим... Бир муддат ўтибгина хаёлим жойига келди: ахир бу оператор қиз-ку! Алоқа компаниясидан. Оббо! Турли кўнгилочар SMS-хабарлар кутилганидек натижа бермади, шекилли, мобиль алоқа компаниялари энди бу йўлга ўтибди-да, деб ўйладим ва ўтган йили айни мавзуда танқидий-таҳлилий бир мақола ёзганим эсимга тушди-ю, кайфиятим бузилди.

“Уч центлик муҳаббат ёхуд қонун доирасида маънавиятни яксон қилаётганлар” сарлавҳали ўша мақолада мобиль алоқа компаниялари томонидан абонентларга жўнатилаётган SMS-хабарларнинг ёш авлод онгига, маънавиятимизга келтирадиган зиёни хусусида сўз юритилган эди.

Мақола эълон қилингач, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўтарилган муаммо ҳақиқатан ниҳоятда долзарблиги, бундай кўринишда жўнатилаётган  SMS-хабарлар ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши билан бир қаторда, миллий менталитетимизга ҳам зид эканини ҳисобга олиб, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, контент-провайдерлар ҳамда мобиль алоқа операторлари билан ҳамкорликда амалдаги қонунчилик талаблари асосида шу каби хизматлар юзасидан тегишли фаолият олиб бориш бўйича иш бошлангани, танқид қилинган мавзудаги SMS-хабарларга тез орада чек қўйилишини айтган эди.

Орадан бир йил ўтди. Хўш, нима ўзгарди? “Yuragingiz qiynasa firoq...” қабилидаги SMS-хабарларга барҳам берилдими? Менга ва бошқаларга келаётган ошкора ишқий муносабатларга, тийиқсизликка тарғиб этувчи SMS-хабарларга қараганда, амалда ҳеч бир ўзгариш қилинмаганга ўхшайди...

“Қонуний” фаолият

Бундай мазмундаги SMS-хабарлар камайиш ўрнига, аксинча, бемаза қовуннинг уруғидек кўпайиб кетди. Сўзимиз ёлғон бўлмасин, айрим мисолларни келтирамиз: «Quyosh isitmaydi, osmon yig’laydi. Qish ostonada vaqtin poylaydi. Zeriksangiz, yuragingiz qiynasa firoq, «0961» ga qiling qo’ng’iroq («Ucell»), «Go’zal qizlar va yigitlar shahri. «7777» ga qo’ng’iroq qiling va TANISHING («Ucell», 93-...-38-34 рақамига келган).

«Go'zal qizlar va yigitlar! «555»ga qo'ng'iroq qiling! Qo'ng'iroqlar BEPUL! Tanishing va gaplashing! 1 chi 3 kun BEPUL! Kuniga ATIGI 842 so'm», «Maroqli suhbatdan bahramand bo'ling! «0711»ga qo'ng'iroq qilib suhbatdoshingiz bilan yolg'iz suhbatlashing. Qo'ng'iroq bepul», («Beeline», 90-...-03-72 рақамига келган).

«Bahor - Yangi tanishuvlar fasli. Vaqtni qo‘ldan boy bermang. “0789”ga qo‘ng‘iroq qiling va yangi do‘stlar orttiring!», «O‘zingizga mos bo‘lgan insonni topishni xohlaysizmi? “8888” raqamiga BЕPUL qo‘ng‘iroq qiling!» (“UMS”,  97-...-17-63 рақамига келган).

Мана, мамлакатимизда фаолият юритаётган уч йирик мобиль алоқа компаниясидан абонентларга келаётган SMS-хабарлар. Кўриниб турибдики, уларга нисбатан ҳеч қандай чора кўрилмаган. Мазкур SMS-хабарларни жўнатишдан кўзланган асл муддао нима эканини билиш мақсадида вазирликка мурожаат қилдик.

— Контент оператор (провайдерлар) билан имзоланган лицензия келишувига биноан, лицензиатнинг техник воситалардан конституцион тузумга тажовуз қилишга уринилган, урушни, зўравонлик ҳамда порнографияни тарғиб қилган, диний ва миллатчилик низоларини келтириб чиқарувчи ахборотни тарқатиши, давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ошкор қилиш, инсон қадр-қиммати ҳамда шаънини таҳқирлаш, қонунга хилоф бўлган бошқа хатти-ҳаракатларни амалга ошириши тақиқланади, — дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бош мутахассиси Шуҳрат Саттаров.

— Контент оператор (провайдерларнинг) техник воситалари орқали тарқатилаётган ахборотлар ваколатли давлат органлари томонидан ўрганиб борилади. Қонунга хилоф ҳолат аниқланган тақдирда, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясига маълум қилинади. Қонун бузилиш ҳолати тасдиқланса, вазирликка шу лицензиатнинг фаолиятини ўн кунга тўхтатиш бўйича мурожаат қилинади. Контент оператор (провайдерлар) огоҳлантиришдан сўнг мазкур ҳолатни ўз муддатида бартараф қилмаса, уларнинг лицензиясини бекор қилиш бўйича чоралар кўрилади.

Кўриб турганингиздек, вазирлик вакилининг бу сафарги жавоби ўтган йилгисидан бутунлай фарқ қилади. Мазкур жавобдан, афсуски, мобиль алоқа компанияларининг бу фаолияти қонунга хилоф эмас, деган хулосага ҳам келиш мумкин.

Ваҳима қилаётганимиз йўқ...

“Мобиль алоқа компаниялари ўз абонентларига йўллаётган SMS-хабарлар у қадар хавфли эмас, жа-ааа ортиқча ваҳима қилаверманг”, дегувчилар ҳам топилиши табиий. Шундайларга саволимиз бор: - хўш, ўша хабарлар мўйлови сабза уриб қолган ўғлингизга ёки ҳали мактабда ўқийдиган қизингизга келса-чи? Улар ёшларга хос қизиқувчанлик билан, сиздан пинҳона тарзда ўша SMS ё овозли хабарлар ортидан эргашиб кетса-чи? Эҳтиросли гап-сўзларга маҳлиё бўлиб, нотаниш йигит-қизлар билан ишқий муносабатларга рағбати ошиб қолса-чи? Ўшанда ҳам шундай фикр юрита оласизми? Умуман, ўзбек халқини ўз жуфтини қандайдир бегоналар билан телефонда гаплашиб топишига, ишқий суҳбатлар қуришга чорлов миллийлигимизга болта уриш, ёшлар тарбияси бўйича давлат сиёсатига зид иш эмасми? Ўша контент провайдерлар ва алоқа оператор компаниялари, борингки, жараённи жим кузатиб турган вазирлик бундай хатти-ҳаракатларни тадбиркорлик фаолияти сифатида талқин қилса, масаланинг мафкуравий томонини ким ўйлайди?

— Ўн уч яшар қизимнинг қўл телефонига йигитлар билан танишиш ва ўзига муносибини танлаш қабилида келган хабарни кўриб, фиғоним фалакка чиқди, — дейди пойтахтлик Марҳабо Ризаева. — Компаниядагилар бундай хабарларни дуч келган рақамга жўнатавериши бедодлик эмасми? Компанияларнинг одамни енгил-елпи ҳаётга тарғиб қиладиган хабарларни тинимсиз юбориши она сифатида мени қаттиқ хавотирга солади. Бундай бедодлик ва маънавиятсизликка чек қўйиш керак ахир! Биз маънавиятсизликни маданият деб биладиган Ғарбда эмас, Ўзбекистонда яшаймиз!

Ҳа, ўсмир фарзанди бундай SMS-хабарларни истаб-истамай ўқиётгани онани хавотирга солаётганининг сабаби бор, албатта. Аёл айтганидек, мобиль алоқа компаниялари бу каби SMS-хабарларни ёшу қарига бирдек жўнатаверади. Эндигина ўн икки ёки ўн уч ёшга қадам қўйган йигит-қизнинг қўл телефонига бу каби маълумотни жўнатиш тўғримикан? Бундан кимга фойда, кимга зарар?

Мамлакатимизда миллий маънавиятимизни ҳимоя қиладиган, биз фикр юритаётган масала юзасидан назорат ўрнатадиган тегишли мутасадди ташкилотлар ҳам бор-ку! Улар қаерга қараяпти? Бу борада уларнинг фикри қандай?

Гуллола Исоқова,

Республика “Маънавият ва маърифат”

маркази бўлим бошлиғи.

 

— Алоқа компаниялари абонентларга: «555»га қўнғироқ қилинг ва 1 чи 3 кун БЕПУЛ суҳбатлашинг», «Йигитларга севги изҳори юборинг», «Бир-бирингизга қанчалик моссиз, «СЕВ» сўзини юборинг», «Овозли чатлар ва бахтли танишувлар хизмати» каби SMS-хабарларни бетиним юбориб туриши ёшларимиз тарбияси билан қизиқувчи ҳар қандай кишини хавотирга солади.

Мамлакатимизда фаолият юритувчи уяли алоқа компаниясининг махсус эксперти билан суҳбатда маълум бўлдики, ушбу “SMS-реклама”лар алоҳида компаниялар билан (“Smart Mobile Group”, “Kron mobile”) шартнома асосида ишлаб чиқилиб, йўлга қўйилган экан. Айнан шу SMSларни ўчириб қўйиш мумкин эмас. Турли SMS-хабарлар ва умуман ташқи кучларнинг таъсир даражаси, албатта, бу биринчи навбатда инсоннинг тарбияси, дунёқараши билан боғлиқ. Кўнгилочар “SMS эълон”лар ёшларни ўқиш, билим олишдан чалғитиш билан бир қаторда, реал ҳаётдан узоқлаштириб, маънавиятимизга акс таъсир кўрсатиши мумкинлигини инкор этиб бўлмайди. Чунки ўсмирлик пайти ҳиссиётларга берилган, қизиқишлари қайнаётган давр ҳисобланади. Бу борада мафкуравий, маънавий иммунитетни шакллантириш, оилада, таълим муассасаларида тарғибот ишларини кучайтириш муҳим вазифалардан биридир.

Бундай SMS-хабарларнинг салбий оқибатлари юзасидан марказимиз томонидан ОАВда, ижтимоий тармоқларда мунтазам чиқишлар қилиб турилади. Лекин бу кам. Компанияларга бундай SMS-хабарлардан қанчалик моддий фойда келади — бу ёғи бизга қоронғу, лекин уларнинг фарзандларимизнинг одоб-ахлоқига, тарбиясига кўрсатадиган салбий таъсирини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмаслигини биламиз. Компания томонидан рақамлар фақатгина паспорт орқали сотилишини инобатга олсак, уяли оператор компаниялари учун барча мижозлар вояга етган ҳисобланади. Бироқ бугун мобиль телефонларини ўқувчилар ҳам тутишини ҳисобга олмоқ керак. Шу маънода, келгусида кўнгилочар порталлар хизмати кўрсатилмайдиган пакетлар фаолияти йўлга қўйилиши ҳамда уяли компаниялар томонидан абонентларга келадиган SMS-хабарларнинг маънавий сифати ва мазмунини Республика “Маънавият ва маърифат” марказининг махсус эксперт комиссияси назоратидан ўтказилиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлаймиз.  

Нурулло АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги Ахборот хизмати раҳбари:

— Сиз назарда тутган SMS-хабарларнинг абонентларга юборилиши ва қабул қилинишида тўсиқ йўқми? Бор. Эътибор берган бўлсангиз, аксарият хабарларда шу йўналишдаги хабарларни ўқиш учун қайсидир рақамга SMS юборишингиз сўралади. Сизга бу каби хабарлар ёқмайдими, демак, қайта сўров юборманг, тамом-вассалом.

Айни пайтда тўсиқларнинг йўқлигига яна бир сабаб бу каби SMS-хабарлар алоқа компаниялари томонидан тайёрланмайди. Яъни, шу мазмундаги материалларни тайёрловчи ва компанияга юбориш учун таклиф қилувчи хусусий ташкилотлар мавжуд. Албатта, текинга эмас. Бунинг орқасидан мўмайгина даромад топиш мумкин. Алоқа компанияси бу жараёнда нима қиляпти? Хабарни оладию кўр-кўрона абонентга юборади ва ундан ҳар бир SMS учун муайян миқдорда пул ечади. Бу сумманинг бир қисми уяли алоқа компаниясига қолса, қолгани материални тайёрловчи компанияга ўтказиб берилади. Демак, ҳар икки ташкилот ҳам фақат даромадни кўзлайди, мақсади тижорат бўлгани боис, кўп ҳолларда хабарлар мазмун-моҳияти, улар келтириб чиқарадиган салбий оқибатлар қизиқтирмайди. “Тадбиркорлик бу” дейди, холос.

Бизнингча, бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун уяли алоқа компаниялари қошида тегишли ташкилотларнинг (Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва бошқалар) тажрибали вакилларидан иборат кенгаш ёки ишчи гуруҳ фаолиятини йўлга қўйиш керак. Информацион характерга эга бўлмаган хабарларни улар кўригидан ўтказиш ҳамда абонентларга юбориш мақсадга мувофиқ бўларди. Бундан ташқари, юбориладиган хабарларни тарқатиш ёш категориясини ҳам ишлаб чиқиш зарур. Биринчи навбатда, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан мобиль алоқа компанияларига бериладиган лицензия шартномасига махсус банд киритиш ва доимий равишда мониторинг олиб бориш мақсадга мувофиқ. Шундагина аниқ бир натижага эришиш мумкин.

Пул сайраганда, ҳақиқат тилини тишлайди, деган гап бор. Пул учун ўзини сотиб юборадиганлар ҳам кўп. Абонентларга келаётган кўнгилочар мазмундаги SMS-хабарлар ҳақида ўйлаганда, шундай фикр келади: мобиль алоқа компаниялари даромад топиш учун тадбиркорлик ниқоби остида “виртуал қўшмачилик” билан шуғулланмаяптимикан?! Мазкур масала ечими борасида мутасадди вазирлик ва идоралар муаммони ўзидан соқит қилмасдан, халқимиз маънавияти, мафкурамиз соғломлиги, энг муҳими, ёшларимиз тарбияси ҳақида ўйлаб, қайғурса, маънавиятимизни кўз ўнгимизда поймол этилишига хизмат қилаётган бундай ножоиз ишларга чек қўйилган бўларди.

Ғуломжон АҲМАД

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

FISHING firibgarlar qarmog‘iga tushmaslik yo‘llari-miniatyura

FISHING: firibgarlar qarmog‘iga tushmaslik yo‘llari

Korxonalarning ko‘pchiligi axborot xavfsizligi siyosatiga yetarli darajada e’tibor qaratayotgan bo‘lsada, xodimlarning aksariyati hanuzgacha xavfni qanday …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *