Последние новости
Домой » МУТОЛАА » Жадид адабиётида маърифатпарвар ғоялар талқини

Жадид адабиётида маърифатпарвар ғоялар талқини

Маълумки, ХХ аср бошларида Туркистонда кенг ёйилган жадидчилик ҳаракати ижтимоий-сиёсий зиддият маҳсули сифатида майдонга чиққан ва жамият тарихий тараққиётида муносиб ўрин қолдирган. “Жадид” арабча сўз бўлиб, “янги” деган маънони англатади.

Шунга кўра, жадидчлилик ҳаракати намоёндалари ўз фаолиятларида жамият ижтимоий-маърифий ҳаётига турли мазмундаги янги ислоҳотлар, янги қарашларни тарғиб қиладилар. Улар жамият инқирозининг асосий сабабини саводсизлик, илмсизлик, маърифатсизликда кўриб, асосан, халқни илм-маърифатли қилиш, диний ва дунёвий билимларни тенг ўрганиш, таълим-тарбия тизимини янгилаш ва ривожлантириш юзасидан жадал ислоҳотлар амалга оширадилар.

Жадидчилик ҳаракатининг мақсад ва ғояларини чуқур ва таъсирчан тарғиб этишда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон сингари адабий сиймоларнинг фаолияти ниҳоятда юқори бўлиб, улар жадид адабиётининг ёрқин сиймолари, маърифатпарвар шахслар сифатида тарих саҳифаларидан муқим ўрин эгаллашган.

Жадид адабиёти тўлиғича миллат руҳиятини уйғотишга қаратилган эди. Бу адабиётнинг қаҳрамони аввалги даврдагидай юқори табақа вакиллари ёки илоҳий қудрат билан нурлантирилган сиймолар эмас, балки омманинг ичидан чиққан, унга қайтиб борадиган ва шу боис халққа таъсир кўрсатиш имконияти каттароқ бўлган оддий кишилар эди.

Жадид адиблари янги мавзуларни янги жанрларда ва янги образлар орқали ифодалашга уриндилар. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, жадид ёзувчилари шунчаки ижодкор эмас, балки жамоатчи ҳам эдилар. Улар фақат қалами билан эмас, балки ижтимоий, сиёсий, маърифий амали билан ҳам миллатни уйғотишга жаҳд қилгандилар.

Юқорида айтганимиздек, агар маърифатчилар кўп асрлик миллий адабиётга янги мавзулар олиб кирган бўлса, жадидлар ўзбек адабиётига драма, роман, ҳикоя сингари янги жанрларни киритдилар.

Бугун ўзбек адабиёти хазинасини безаб, авлодларга юксак маънавий озиқа, қудратли маърифат улашиб турган М.Беҳбудийнинг “Падаркуш”, А.Авлонийнинг “Адвокатлик осонми?”, “Пинак”, “Биз ва сиз”, “Икки севги”, Фитратнинг “Мунозара”, “Ҳинд сайёҳи”, “Оила”, “Юрт қайғуси”, “Абулфайзхон”, “Шайтоннинг тангрига исёни”, “Қиёмат”, Ҳамзанинг “Йиғла, Туркистон”, “Дардига дармон истамас”, “Туркистон”, “Шундоқ қолурму?”, “Янги саодат...”, “Заҳарли ҳаёт...”, “Бой ила хизматчи”, “Майсаранинг иши”, “Паранжи сирларидан бир лавҳа”, “Истибдод қурбонлари”, “Лошмон фожиаси”, “Фарғона фожиаси”, А.Қодирийнинг “Улоқда”, “Калвак Махзумнинг хотира дафтаридан”, “Тошпўлат тажанг нима дейди”, “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, Чўлпоннинг “Бузилган ўлкага”, “Халқ”, “Кўнгил”, “Бинафша”, “Гўзал Фарғона”, “Гўзал”, “Ваҳм”, “Исташ”, “Галдир”, “Баҳорни соғиндим”, “Сирлардан”, “Ёрқиной”, “Кеча ва кундуз” сингари ва бошқа юзлаб асарлар жадид адабиётининг дурдоналаридир.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бу каби адабий манбаларда: “Даврнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда социал-ижтимоий мавзуларга, замонавий масалаларга, маърифат ва озодликка катта эътибор берилди. Абдулла Авлоний “Ойинайи ҳар миллат эрур тил-адабиёт”,- деб ёзади.

Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов театрни “ибратхона” деб атадилар. Мирмуҳсин Номиқ Камол изидан бориб, “Шоирларимиз замонанинг бир лисонидур... Замонаға муносиб миллий шеърлар майдонга чиқсун!” деган фикрни илгари суради, анъанавий муаммочиликни, такаллуфу суханпардозликни рад этади. Тўғридан тўғри гапга, жумладан, ижтимоий сатирага – ҳажвияга зўр бериб “Очилсун интиқод (танқид) манбалари” шиорини ўртага ташлайди.

Сидқий Ажзий маърифатга муҳаббат эълон қилади. Маъшуқанинг анънавий сифатларини маърифатга кўчиради ва ҳоказо”. Жадид адибларининг асарларида инсоний тақдирлар, қисмат фожиалари миллат озодлиги, инсон эрки, Ватан буюклиги муаммолари фонида акс эттирилди.

Жадид адабиётида тарихий адолат, сиёсий тенглик, шахс ва миллат эрки, халқни ғафлатдан уйғотиш сингари ўткир ижтимоий муаммолар жуда кўп тасвирланди. Жадидларнинг ватан, миллат, озодлик йўлида жон фидо этишга чорлаб битилган оловли асарлари самимий, аммо юксак даражада ижтимоийлашган шахсларнинг нидолари эди.

Бундай асарларда миллатнинг улкан дарди маърифатли инсоннинг шахсий фожиаси билан биргаликда ифода этиларди. Туйғулар самимияти, изтироб кўламининг кенглиги руҳий дардлар теранлигини ошириб, умумнинг дарди алоҳида шахснинг ғами, изтироби даражасига кўтариларди.

Одатда, кўпчиликнинг изтироблари алоҳида шахсларнинг дардларидан баланд туради деб ҳисобланилади. Ҳолбуки, дард хусусийлашсагина умуминсоний миқёс касб этади. Жадид адабиёти фақат мавзу жиҳатидан эмас, балки ифодасига кўра ҳам оммага яқинлаштирилди.

Бадиий асарларда тасвир инжалиги, ифоданинг янгилигидан кўра, залворли ва кескин фикр айтишга эътибор кучайди. Шеърият арузга хос оҳангдорликдан чекиниб, бармоққа хос очиқликка эришди. Куйланишдан даъватга айланди.

Жадид адабиёти ижодкорлари ўзларининг янги, замонавий билим ва тафаккурларига таяниб, бадииятнинг турли жанрларида қалам тебратишган. Анъанавий тамойилларга, ижтимоий-маънавий воқеликларга таянган ҳолда, аҳолига янгича усул ва услубдаги бадиий дурдоналарни тақдим қилганлар. Хусусан, ўзбек адабиёти тарихида илк бор эпик турнинг энг йирик намунаси бўлган роман, замонавий ҳикоя жанри ва драматик тур, шу орқали театр санъатига, публитсистика тараққиётига айни шу жадид маърифатпарварлари асос солишган.

Уларнинг бу борадаги самарали фаолияти, сермаҳсул ижоди ҳамиша тадқиқотчиларни, ихлосмандларни чорлаб туради. Жумладан, жадид драмаси бу борада янада салмоқдор аҳамият касб этади. Маълумки, жадид адабиётида шаклланган драматургия ўзбек адабиёти тарихида нисбатан янги ҳодиса саналиб, лирик ва эпик турлардан саҳнада ижро этиш учун мўлжаллаб ёзилганлиги билан фарқланади.

Драматик асарларда бадиий-эстетик ғоя ва мақсадлар, ижодкор маҳорати бевосита қаҳрамонлар ҳатти-ҳаракати, ўзаро муносабати орқали очиб берилади. Шунинг учун бундай асарлар моҳиятини теран англаш, улар замирига сингдирилган маънавий озуқадан баҳраманд бўлиш, бадиий-эстетик жозибани ҳис қилиш китобхон ва томошабиндан алоҳида диққат-эътиборни талаб қилади.

Лирик асарлар муайян ҳис-туйғуларни, қалб кечинмаларини очишга, эпик асарлар ҳаётий воқеа-ҳодисалар, инсоний муносабатларни тасвирлашга йўналтирилган бўлса, драматик асарларда айни хусусиятлар муайян зиддиятлар асносида тафтиш қилинади: уларнинг мазмун кўлами, сюжет линияси, қаҳрамонлар фаолияти турли-туман конфликтларга суянади. Ана шу конфликтлар турли характерларни кашф этади.

Муаллиф ҳаётий зиддиятлар, қаҳрамонлар ўртасидаги қарама-қарши ҳолатлар, кескин фикрлар, кескин “курашлар” асосида инсоннинг мураккаб руҳий қиёфасини “жонли” тасвирлайди, ижтимоий муаммоларга муносабат билдиради. Қаҳрамонларнинг ҳатти-ҳаракати, ўзаро мулоқоти, нутқий фаолияти уларнинг ўзига хос маънавий оламини, руҳий изтиробларини, инсоний фазилатларини ёрқин кўрсатиб беради; турли воқеа-ҳодисалар, ҳаётий-маънавий зиддиятларни жонлантиради, ҳаракатлантиради.

Демак, “драма асарларида воқеа ҳам, туйғу ҳам етакчи бўлмайди. Бу хил асарларда характер асосий ўрин тутади. Драматик асарни характерлар тўқнашуви тутиб туради”.

Жадид адабиёти намоёндалари ташаббуси билан юзага чиққан ва тараққий этган ўзбек драматургияси ХХ асрнинг 10-йиллари иккинчи ярмида қизғин ривож топган. Тошкент, Самарқанд, Қўқон каби йирик маданият марказларида ҳаваскорлар труппалари ташкил қилиниб, самарали фолият олиб борган.

Бу жараёнда Маҳмудхўжа Беҳбудий хизматлари алоҳида диққатга сазовор. Ўзбек адабиётида драматик жанрнинг илк дебочаси бўлган “Падаркуш” пъесаси орқали адиб жадид намояндаларининг юксак маърифатпарвар ғояларини илгари суради.

Асардаги зиёли образи воситасида мазкур поэтик мақсад кенг талқин қилинган. Буни зиёлининг қуйидаги фикрларида ҳам кўришимиз мумкин: Зиёли. Ҳозир янги ва бошқа бир замондир. Бу замонга илм ва ҳунарсиз халқнинг бойлиги, ери ва асбоби кундан кун қўлидан кетгандек, ахлоқ ва обрўйи ҳам қўлдан чиқар, ҳатто, дини ҳам заиф бўлур.

Бунинг учун биз мусулмонларни ўқитмоққа сайи қилмоғимиз лозимдур, ваҳоланки, диний шарифимиз ҳар нав нафлик илм ўқимоқни бешикдан мозоргача бизга фарз қилгандир. Бу ҳукм – ҳукми шариатдир. Биз мусулмонларга алалхусус бу замонда икки синф уламо керакдур: бири олими диний; диғари олими замонавий; олими диний: имом, хотиб, мударрис, муаллим, қози, муфти бўлуб, халойиқни диний ва ахлоқий ва руҳоний ишларини бошқарар, бу синфга киратурғон талабалар, аввало, Туркистонда ва Бухорода илмий, диний ва арабий ва бир оз русча ўқуб, сўнгра Макка, Мадина, Миср ва Истамбулга бориб, улумий динияни хатм қилсалар керак, ёки комил мулло боʻлсунлар (бой мудрайдур), англадингизми, бой?

Бой (бошини кўтариб). Ҳа, ҳа, айтаберинг, қулоғим сизга. Зиёли. Олими замон бўлмоқ учун болаларни, аввало, мусулмони хат ва саводини чиқаруб, зарурияти диния ва ўз миллатимиз тилини биладурғондан сўнгра ҳукуматимизни низомли мактабларига бермоқ керакдур, яъни гимназия ва шаҳар мактабларини ўқиб тамом қилғанларидан сўнг, Петербург, Масков дорилфунунларига юбориб, доктурлик, закончилик, инженерлик, судьялик, илми саноат, илми иқтисод, илми ҳикмат, муаллимлик ва бошқа илмларни ўқитмоқ лозимдир.

Драманинг “Падаркуш ёхуд ўқимаган боланинг ҳоли” деб номланишидан ҳам, унда илм-маърифат ғоялари, жамиятни маърифат орқали юксалтириш масалалари илгари сурилганлиги яққол англашилиб туради. Муаллифнинг бу борадаги поэтик мақсади зиёли образининг юқоридаги каби фикр-кечинмаларида теран акс этган, бой ва унинг ўғли Тошмурод образининг хатти-ҳаракатлари билан қаршилантирилган.

Драма сўнггида бойнинг ўз ўғли томонидан ўлдрилганини кўрган зиёли фожеанинг сабабини илмсизликда кўриб, ўзи ҳақ бўлиб чиққанидан куйиниб, шундай фарёд чекади: “Илм ва тарбиясиз болаларни оқибати шулдир. Агарда буларни отаси ўқитса эди, бу жиноят ва падаркушлик алардан содир бўлмас ва булар ичкиликни бўйла ичмасди, хун беғайри ҳаққин қилмас эди...

Бизларни хонавайрон, бачагирён ва беватан ва банди қилғон тарбиясизлик ва жаҳолатдир; беватанлик, дарбадарлик, асорат, фақир ва зарурат ва хорликлар ҳаммаси илмсизлик ва бетарбияликнинг меваси ва натижасидир.

Дунёга тараққий қилган халқ илм воситаси ила тараққий қилади. Асир ва забун бўлганлар-да беилмликдан. Мадомики, бизлар тарбиясиз ва болаларимизни ўқитмаймиз, бул тариқа ёмон ҳодисалар ва бадбахтликлар орамизда доимо ҳукмфармон бўлса керак. Бу ишларни йўқ бўлмоғига ўқимоқ ва ўқитмоқдан бошқа илож йўқдур”.

Дарҳақиқат, инсон бошига тушган барча кўнгилсизликлар, жамият таназзулининг туб илдизи илмсизликка бориб тақалади. Ўқиган, уққан ва амал қиладиган инсонлар комилликка интилади, ўзи ва жамият ҳаётини яхшилашга, юксалтиришга ҳаракат қилади. Мазкур фикрларни Беҳбудий зиёли образи орқали чуқур ва таъсирчан тарғиб қилишга эришган.

Хуллас, жадид адабиётида жамият ижтимоий-маънавий ҳаётини ривожлантиришга қаратилган маърифатпарвар ғоялар юксак бадиий пардаларда талқин этилади. Мамлакат ва инсоният тақдири, тафаккур сарҳадлари, илм-маърифат манзиллари, маънавий-руҳий манзаралар жадид намояндаларининг ҳамиша диққат марказида турган асосий муаммолар сифатида поетик ифодаларда моҳирона ёритилади, тарғибу ташвиқ қилинади.

Мазкур масалалар ҳамиша ўз долзарблигини ва амалий-маърифий аҳамиятини, бадиий салмоғини сақлаб, ўзига чорлаб қолади.

Муаллифлар: Б.Хусанов, РМММ бўлим бошлиғи

Ф.Азимова, РМММ бош мутахассиси,

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

ОХИРАТ ДУНЁСИГА БЕПИСАНДЛИК МЎМИНГА ЯРАШМАС

ОХИРАТ ДУНЁСИГА БЕПИСАНДЛИК МЎМИНГА ЯРАШМАС Ҳеч шубҳа йўқки, ҳар бир инсоннинг сўнгги борар асл ва …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *