Последние новости
Kimyoviy struktura nazariyasi-mini
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » ФАН-ТАЪЛИМ » Кимёвий структура назарияси

Кимёвий структура назарияси

ХIХ-аср бошларида ғарблик кимёгарлар орасида Деви-Берцелиуснинг электрокимёвий назарияси етакчилик қиларди. Хусусан, Берцелиуснинг назариясига кўра, ҳар қандай кимёвий бирикма икки қисмдан иборат бўлади ва бу қисмлардан бири албатта зарядланган, электрмусбат бўлса, иккинчиси – электрманфий бўлади деб ишонилган.

Kimyoviy-struktura-nazariyasi-Jöns-Jacob-Berzelius-1
Якоб Берцелиус

Шунга мувофиқ, Берцелиус ўзига маълум барча элементларни қаторларга тақсимлаб чиққан ва унга кўра, кислород электрманфий-лиги энг юқори, калий эса электрмусбатлиги энг баланд элемент деб ҳисобланган. Олим ўзининг фикрича энг юқори электрманфийликка эга элементларни металлоидлар деб атаган ва нисбатан электрмусбатлиги баланд бўлган элементларни эса металлар деб атаган.

Кимёвий структура назарияси
Жан-Батист Дюма

Бироқ, ХIХ-асрнинг 30-йилларига келиб, фаранг кимёгари Жан-Батист Дюма ушбу, Деви-Берцелиус назариясига кучли зарба берди. У органик бирикмалар учун «турлар назарияси» деб номланган мутлақо бошқа бир таснифлашни таклиф қилган эди. Унга мувофиқ, мураккаб жисмнинг кимёвий тузилишини уни ташкил қилувчи элементларнинг табиати белгилайди деган ғоя унчалик тўғри эмас деб таъкидланади ва бирикманинг кимёвий хоссаларини ундаги атомларнинг жойлашиш тартиби ҳамда, нечоғлик бир хиллиги белгилайди деган фикр илгари сурилади.  Лекин Дюманинг бу қарашлари ҳам тез орада бир қатор зиддиятларга бориб тақалиб қолади.

Kimyoviy-struktura-nazariyasi-Charles-Adolphe_Wurtz
Шарль Адольф Вюрц

Бутлеров Парижда Франциянинг энг кўзга кўринган олимларидан бири Адольф Вюрц лабораториясида ишлаб, ундан иш ўрганади. У ўзининг кейинги йигирма йиллик илмий фаолияти мобайнида кашф этган ўнлаб янги моддалар ва реакциялардан иборат катта-кичик илмий ютуқларининг пойдевори айнан Вюртс лабораториясида орттирилган тажриба маҳсули деб билган. Чунки, Вюртс асосан экспериментал тадқиқотларда кўпроқ эътибор қаратиб, синов-тажриба ишларини катта аниқликда ва изчиллик билан бажариш эвазига муваффақиятга эришган амалиётчи олим эди. Шогирдларидан ҳам шуни талаб қиларди. Бутлеровнинг этанол, этилен, динзобутилен, уротропин, триоксиметилен, этиленли углеводородларнинг полимерланиши сингари кўп сонли намунавий синтез тажрибалари айнан Адольф Вюрцдан ўрганган усуллар воситасида амалга оширилган.

Шундай тажриба-синтез жараёнларида Бутлеров углеводородлар билан кўп иш олиб борганидан, у тобора мазкур бирикмалар кимёвий моддаларнинг алоҳида бир мустақил туркуми эканлигини фаҳмлаб борди. Углеводородларнинг таркиби ва хоссаларини таҳлил қилиш асносида эса, олим бу ерда муайян бир аниқ қонуният мавжудлигини аниқлади. Айнан шу жиҳатларни ўрганиш орқали, у ўзининг машҳур – кимёвий тузилиш назариясини барпо этди.

Kimyoviy-struktura-nazariyasi-Parij
Париж кимё жамияти мажлиси
 

1758-йилнинг 17-феврал куни Бутлеров Париж кимё жамияти мажлисида нутқ сўзлади. Ўша нутқда олим ўзининг кимёвий тузилиш назарияси борасидаги илк ғояларини эълон қилган эди. Унинг нутқи йиғилганлар орасида кучли қизиқиш ва баҳсларга сабаб бўлди. «Атомларнинг ўзаро бирикиш хусусиятлари турлича. Бу борада айниқса углерод қизиқ бўлиб, Август Кекуленинг фикрича, у тўрт валентли бўлади» - деб сўз бошлаганди ўшанда Бутлеров. «Агар, валентликни биз худди атомларни бошқа атомларни ушлаб қоладиган қўллари сифатида тасаввур этсак, унда, бирикмаларнинг хоссаларини белгилашда айнан шу боғланиш усуллари ҳам ўз аксини топишини сезмаслик мумкин эмас» - деб сўзида давом этган олим.

Бу каби ғоялар кимёгарлар олдига биринчи марта ташланаётган эди. Бутлеров маърузаси сўнгида: «Бизнинг ишларимиз моддаларнинг кимёвий тузилишига оид янги назария барпо қилиш учун асос бўладиган вақт етиб келгандир балки, бу назарияда аниқ математик қонуниятлар бўлади ва уларга кўра, органик бирикмаларнинг хоссаларини аввалдан пайқаш имкони туғилади» - деб хулоса қилган.

Kimyoviy-struktura-nazariyasi-Germaniya
 Германиянинг Шпеер шаҳри
 

Орадан 3 йил ўтиб, Германиянинг Шпеер шаҳрида бўлиб ўтган немис табиий фанлар олимларининг 36-конгресида, кимёвий тузилишга оид ўзининг тугал назариясини умумий муҳокамага тавсия этади. Қизиғи шундаки, назариянинг ўзи илм-фан учун қанчалик муҳим ва жиддий бўлмасин, ўша йиғинда бу ҳақида Бутлеров қилган маъруза ва назария тўлиқ баён қилинган рисоланинг ўзи жуда камтарона тарзда - «Кимёвий тузилиш ҳақида  алланималар» деб номланган эди.

Маърузада олим модданинг кимёвий таркибини аниқлашда энг аввало, уни ташкил қилувчи атомларнинг бир-бири билан қандай боғланишига эътибор қаратиш кераклигини таъкидлайди. У боғланиш кучининг қандай тақсимланиши кимёвий тузилишда катта аҳамиятга эга бўлишини айтиб, модда молекулаларининг тузилиши ҳақида, энг аввало кимёвий текшириш орқали ушбу модданинг таркиби аниқлаш мумкинлигини айтади. Бунинг учун эса, энг аввало органик бирикмаларни синтез қилиб кўриш орқали, уларнинг таркибини аниқлаш ва тузилиши ҳақида фикр билдириш керак дейди у. Бунда эса, у нисбатан паст ҳароратларда ва оддий шароитларда олиб борса бўладиган, энг асосийси эса, жараённи бевосита кузатиб туриш имкони мавжуд бўладиган синтез реакцияларидан фойдаланиш керак деган ғояни илгари суради.

Kimyoviy-struktura-nazariyasi-atom-uglerodining-tuzilishi  

Бироқ, ўша маърузанинг энг муҳим жойи – муайян модданинг кимёвий таркибини кимёвий формулалар орқали ифодалаш имконияти юзага келиши билан боғлиқдир. Ушбу муҳим масала юзасидан Бутлеровнинг қарашлари ўзидан аввалги тан олинган олимлар, хусусан, ўша Жерар, Кекуле ва Колбе сингариларнинг фикрларидан кескин фарқ қилган. Модда таркибини бирор ихчам ва оддий формула билан аниқ белгилаш мумкинлигини истисно қилган бу олимлардан фарқли ўлароқ, Бутлеров ҳар қандай бирикмани фақат битта кимёвий формула билан ифодаласа бўлади деган фикрда қатъий бўлган.

Ҳар ҳолда, ўша кичкинагина немис шаҳарчасида, бутун илм-фан учун ўта муҳим бўлган ғоя – кимёвий формулалардан фойдаланиш фикри ўртага ташланган эди. Бу эса, кимёвий тузилиш назариясининг энг марказий асоси, таъбир жоиз бўлса, мағзи бўлган десак янглишмаймиз. Албатта, Бутлеровнинг ўша мажлисда илгари сурган фикрларининг ҳаммаси ҳам мукаммал деб бўлмасди. Ғоянинг кўп жиҳатлари ҳали изчил ўрганилиши, ҳамда, экспериментал тасдиқлашлардан ўтиши лозим эди.

Бироқ, асосий факт шуки, Бутлеров, мураккаб тузилишга эга кимёвий моддаларнинг тузилиши ва таркибини ҳам оддий ва ихчам формулалар шаклида ёзиш мумкинлигини, бу эса, моддаларнинг хоссаларини белгилашда, ҳамда, уларнинг реакцияга мойиллигини аниқлашда жуда катта қулайликлар туғдиришини кўрсатиб берганди.

Kimyoviy-struktura-nazariyasi-butil-spirtining-formulasi
Бутил спиртининг формуласи
 

1863-йилда Бутлеровнинг ўзи бутил спиртининг учинчи турини синтез қилиб олишга эришди. У рух диметилга хлорланган атсетил билан таъсир кўрсатиш орқали триметилкарбон – яъни, бутил спиртининг учинчи шаклини олган. Шундан кейин эса, Европанинг турли бурчакларидан бутил спиртининг бирламчи ва иккиламчи турлари ҳам муваффақиятли синтез қилингани ҳақидаги хабарлар кела бошлади. Бу эса, Бутлеровнинг ғоялари тўғри эканига далил эди. Чунки, бутил спиртининг тўрт хил турли изомерлари, моддалар кимёвий таркибига кўра бир хил, лекин, хоссалари турлича бўлиши мумкинлигини, демак, моддаларнинг кимёвий жиҳатдан тузилиши ўзаро аниқ фарқланишини, яъни, ичкарида атомларнинг бир-бирига нисбатан жойлашиши ҳам турлича бўлишини исботлар эди.

Бу эса Бутлеровнинг фандаги триумфи эди. 1863 ва 1864-йилларда немис ва француз тилларида чоп этилган «Изомерияни изоҳлашнинг турли усуллари ҳақида» номли мақоласида, у айнан шу хулосани бериб, «демакки, бир хил кимёвий таркибга эга моддалар турли кимёвий хоссалар намоён этаётган экан, аниқки, уларнинг структура тузилишида кескин фарқлар мавжуд!» - деб сўзига якун ясайди. Бутлеровнинг ғоялари узил-кесил исботланиши учун эса, у томонидан аввалдан назарий тахмин қилинган изомерлар – изобутан ва изобутиленнинг синтез қилиниши бўлган.

Kimyoviy-struktura-nazariyasi-Julius_Lothar_Meyer
Виктор Маер

1862-1865 йилларда Бутлеров тескари изомеризация, яъни, таутометрия қоидалари ҳақида қатор илмий ишлар қилди. Унга кўра, таутометрия жараёнининг механизми муайян бир тузилишга эга молекулаларнинг парчаланиши ва уларнинг қолдиқларининг бирлашиб, бутунлай бошқа турдаги тузилишга эга молекулаларга айланишидан иборат деб қаралган. Албатта, ўз ғояларининг ҳақ бўлиб чиққанлиги Бутлеровга катта шон-шуҳрат келтирди; лекин, шу билан бирга, унинг олдига янада муҳимроқ вазифаларни ҳам қўйди.

Энди, ушбу, ўзи барпо этган структура назариясини барча кимё дарсликларига татбиқ этиш ва органик кимё бўйича эса, тамомила янги дарслик ёзиш керак эди. Бутлеров янги дарслик яратиш борасида деярли икки йил узлуксиз ишлади. Унинг меҳнатлари натижаси ўлароқ, 1864-1866 йилларда уч жилдлик «Органик кимёни тўлиқ ўрганишга киришиш» номли ўқув қўлланмаси чоп этилди. Ушбу китобнинг дунёга келиши эса, кимё фанини бутунлай янги нуқтаи назарда ўрганишга киришилишига сабаб бўлди.

1867-йилдаёқ, ушбу китобни немис, француз ва инглиз тилларига таржима қилишга киришилган. Зеро у, айтиш мумкинки, кимёда структура тузилиши ва формулаларни қўллаш амалиётини бошлаб берган ва бу орқали, ўша пайт учун ушбу фанда улкан илғор силжиш ясаб берган ўта муҳим асар эди. Айнан ушбу тадқиқотлар ва китоб орқали, замонавий структура кимёсига асос солинган десак ҳечам янглишмаган бўламиз. Ушбу тадқиқот ҳақида немис олими Виктор Маер фикр билдириб, уни «органик кимё соҳасидаги йўлчи юлдуз» деб атаган.

Агар Сизга мақолада ёритилган мавзу қизиқарли бўлса, ушбу соҳага бағишланган саҳифада ёки навбатдаги мақола билан мана бу жойда танишиб чиқишингиз мумкин.

Ушбу веб-сайт  маъмури ва муаллифи ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик ҳамда бошлаган эзгу ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб,

Ҳурмат ва эҳтиром ила, Қобилжон Атаханов

P.S. Мақола Сизга манзур келган бўлса, илтимос, қуйидаги тугмалардан бирини босиб яқинларингиз билан ўртоқлашинг! Агар мақолага муносабат билдириб, ўз шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан ва олдиндан миннатдорчилигимни изҳор қиламан!

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Буюмлар интернети - бу нима дегани ўзи?

Инсоният ўз тарихида учта ахборот инқилобини амалга оширган. Биринчиси - ёзувнинг кашф этилиши бўлган бўлса, …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *