Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » ФАН-ТАЪЛИМ » Кислород - нафас элементи

Кислород - нафас элементи

Даврий жадвалда кислород 8-рақам остида жойлашган. У Ер сайёрасида энг кўп тарқалган элементдир. Сайёрамизнинг деярли ярмисини айнан кислород атомлари ташкил қилади. Биргина Ер қобиғининг 16-км қалинликдаги энг юқори юза ташқи қисмининг ўзида умумий массанинг 1/3 қисми кислород атомларидан иборат.

Кислород қуруқликдаги кўплаб бирикмаларнинг таркибида мавжуд бўлади. Яъни, у бошқа кўплаб турдаги атомлар билан бирикиб, хилма-хил молекулалар ҳосил қила олади. Бизни ўраб турган ҳавода эса кислород алоҳида элемент сифатида мавжуд. Ҳавонинг 1/5 қисми икки атомли кислороддан иборат бўлади. Шу каби, иккита кислород атомларидан иборат молекулани кислород молекуласи дейилади.

Кислород нафақат энг кенг тарқалган элемент, балки, Ердаги ҳаёт мавжудлиги учун энг муҳим ва зарурий элемент ҳамдир. Биз нафас олганимизда ўпкамизга ҳаво тўплаймиз, ўпкада эса, ҳаводаги кислород организм эҳтиёжлари учун сингдириб олинади. Танамизга тушгач, кислород атомлари озиқ-овқатлар орқали кириб келган бошқа моддалар билан бирикади. Шу тариқа, организмнинг ҳаёти ва фаолияти учун зарурий энергия ишлаб чиқарилади.

Танамизни кислород билан муттасил таъминлаб туриш учун биз тўхтовсиз нафас олишимиз керак. Уйқуда ҳам, уйғоқликда ҳам, ҳаракатланаётиб ҳам, овқат истеъмол қилаётганда ҳам... хуллас, узлуксиз нафас олиб-чиқариб туришимиз шарт. Одам танаси овқат истеъмол қилмаса бир неча ҳафтагача очликка чидаши мумкин. Сув истеъмол қилинмаса эса чанқоққа чидаш атига бир неча кун давом этади. Лекин кислородсиз эса ҳеч қанча муддат яшаб бўлмайди.

Кислородсиз муҳитда энг чидамли одам ҳам кўпи билан 5 дақиқага бора олади холос. Кислород ҳақида кўпчилик яхши биладиган нарса шуки, у биринчи навбатда биз нафас оладиган газ. Шунинг учун, аввалига газ ўзи нима эканини тушуниб олсак.

Биз кундалик турмушда ўз ён-веримизда кўрадиган нарсаларнинг асосий қисми қаттиқ моддалардир. Яъни, бундай моддалар қандайдир яхлит, бутун шаклдаги нарсалар бўлиб, ўз шаклини ўзи барқарор сақлаб тура олади. Баъзи қаттиқ нарсалар худди ғишт ёки тош сингари жуда қаттиқ бўлиши мумкин; бошқалари эса, мум сингари сал юмшоқроқ қаттиқ бўлади.

Қаттиқ моддалар худди темирйўл релси сингари ўта қаттиқ ва букилмас бўлиши, ёки, пўлат пружина сингари эгилувчан бўлиши мумкин. Улар шунингдек, резина копток сингари эластик, қоғоз сингари йиртилувчан бўла олади. Лекин, ҳар қандай ҳолатда ҳам, қаттиқ модда бутун бўлак тарзида қолади.

Қаттиқ моддаларнинг молекулалари ўзаро анчайин мустаҳкам боғланган бўлади. Муайян молекула фақат ўзига тегишли аниқ бир жойда барқарор туради. Қаттиқ моддаларда молекулалар ўз жойидан силжимай туради десак муболаға бўлмайди. Агар қаттиқ моддалар қиздирилса, ундаги молекулалар ҳаракатлана бошлайди ва ўз жойини ўзгартиришга ўтади. Ҳарорат орттириб борилса, модда молекулалари бир-бирга ишқаланиб, ўзаро бир-бирининг устида ҳаракатлана оладиган даражага етиши мумкин. Яъни, моддани ташкил қилувчи молекулалар эркин ҳаракатлана оладиган вазият ҳосил бўлади.

Шундай ҳолат юзага келганида, қаттиқ модда эриётган бўлади. Қаттиқ модда эриганда, у суюқликка айланади. Албатта, бизга энг яхши таниш суюқлик бу - сувдир. Лекин, биз бошқа суюқликларни ҳам яхши биламиз. Масалан, бензин, ўсимлик мойи, спирт ва ҳоказолар. Қаттиқ моддалардан фарқли ўлароқ, суюқликлар ўз яхлитлигини сақлаб тура олмайди.

Масалан, сиз сувнинг бир бўлагини ажратиб ололмайсиз. Уни албатта бирор барқарор шаклга эга идишга қуйиш керак бўлади. Лекин, қаттиқ жисмлар қиздирилганда, ҳароратнинг ортиши ҳар доим ҳам эришга олиб келмайди. Агар, моддани ташкил қилувчи молекулаларнинг тузилиши етарлича мураккаб бўлса, бундай моддаларга ҳарорат ортиши эришга эмас, балки парчаланишга олиб келиши мумкин. Масалан, оддий шакарни қиздирилса, у кўмирга айланиб, учувчан фракцияларни ажратиб чиқаради. Яъни, у парчаланади. Айрим ҳолатларда эса шундай парчаланиш жараёни жуда тез ва шиддат билан кечадики, натижада модда шунчаки оддий парчаланмасдан, балки катта куч билан портлайди.

Хусусан, динамит билан шундай бўлади. Суюқликларнинг молекулалари бир-бири билан у қадар чамбарчас боғлиқ бўлмаса-да, лекин барибир, улар ўзаро анча яқин жойлашган бўлади. Суюқлик қиздирилганида, унинг молекулалари ўзаро боғлиқликни узиб, турли тарафга алоҳида-алоҳида учиб кета бошлайдиган ҳарорат даражасига етиб боради. Яъни, суюқлик қайнайди. Қайнаганда эса, суюқ модда газ ҳолатига ўта бошлайди.

Модданинг ушбу санаб ўтилган қаттиқ, суюқ ва газ ҳолатлари модданинг уч хил агрегат ҳолати дейилади. Кўплаб оддий бирикмалар ва даврий жадвалдаги барча элементлар ушбу уч хил ҳолатларнинг барчасида бўла олади. Барча моддалар ҳароратга боғлиқ равишда ҳам қаттиқ, суюқ ва газ ҳолатида бўлиши мумкин; моддани биз учун одатий агрегат ҳолати одатда унинг биз учун қулай бўлган яшаш шароитларидаги ҳароратдаги шакли билан боғлиқ бўлади.

Масалан, биз учун қулай шароит, яъни, биз «хона ҳарорати» деб атайдиган шароит айтайлик 20-30 0  бўлса, биз моддаларнинг шу даражадаги агрегат ҳолатларини кўпроқ кузатамиз. Бу шароитда эса сув суюқ бўлади. Шу сабабли биз сувни одатда фақат суюқлик кўринишида тасаввур қиламиз. Агар ўша сув совитилса, маълум ҳароратга етгач у қаттиқ кўринишга келади. Биз сувнинг қаттиқ ҳолатини муз деб атаймиз. Агар сувни қиздириб борилса, муайян ҳароратда у қайнаб чиқади ва буғга айлана бошлайди.

Кўриб турганингиздек, муз, сув ва буғ - айнан бир модданинг турли ҳолатлари бўлар экан. Улар қиздириш ёки совитиш жараёни орқали бир-бирига айланиши мумкин. Турли хил моддаларнинг эриши ва қайнаши учун турли хил ҳарорат даражалари керак бўлади. У ёки бу модданинг эриш ва қайнаш ҳароратлари, унинг молекулаларининг қанчалик ўзаро мустаҳкам бирикканлигига боғлиқ бўлади.

Масалан, тошнинг молекулалари бир-бири билан шу даражада мустаҳкам боғланганки, уларни ўзаро ажратиб юбориш, яъни, тошни эритиш учун, ўша тошни шу даражада катта ҳароратда қиздириш керакки, у қизариб кетиши керак. Вулқон отилганда чиқадиган қип-қизил чўғдек лава моҳиятан эриган тошдир. Бошқа мисол олиб қарайдиган бўлсак, масалан, музнинг молекулалари ўзаро нисбатан бўш бириккан бўлади. Уларни бир-биридан ажратиб юбориш, яъни, музни эритиш учун эса унчалик ҳам баланд ҳарорат зарур эмас.

Эрта баҳорги илиқ кун ҳарорати ҳам музларни бемалол эритиб юборади. Лекин, молекулалари бир-бири билан бундан ҳам бўш боғланган моддалар ҳам бор. Бундай молекулага мисол - кислород молекулаларидир. Агар ҳарорат етарлича паст бўлса, кислород суюқликка айланади. Агар янада пасайтирилса, кислород ҳам қаттиқ ҳолатга ўтиши мумкин. Аммо, Ер сайёраси шароитида кислородни суюқланиши учун керакли даражада паст ҳарорат ҳеч қаерда бўлмайди. Суюқланиш учун керакли ҳарорат йўқ бўлгач, қаттиқ кислород ҳосил бўладиган даражадаги паст ҳарорат ҳам умуман бўлмаслигини аллақачон фаҳмладингиз чамамда.

Шу сабабли, биз кўниккан табиатда кислород доимо газ ҳолатида бўлади. Кимёгарлар кислородни суюқлантириш учун етарли даражадаги паст ҳароратларни ҳосил қилишга кўп бора уринишган. Биринчи муваффақият эса 1877-йилда рўй берган. Бунинг учун ‒185 0  дан ҳам пастроқ ҳарорат ҳосил қилиш керак бўлган. Шу боис ҳам, кислороднинг газ эканлиги таъкидланаётган пайтда, билиб қўйинки, биз учун одатий ҳолатда кислород газ экани назарда тутилаётган бўлади.

Зарур шароитлар ҳозирланса, кислород ҳам суюқ ёки қаттиқ бўлиши мумкин. Газларни тадқиқ қилиш эса осон иш эмас. Масалан, энг кенг тарқалган газ - ҳавони олайлик. Сиз ҳаво ҳақида нималарни биласиз? Ҳаво рангсиз ва ҳидсиз. Уни кўриб бўлмайди, у орқали эса бошқа нарсаларни ҳам кўриш мумкин. Ҳавонинг ҳиди ҳам таъми ҳам йўқ. Шундай экан, унинг борлигини қаердан биласиз? Унинг борлигини биз энг аввало унинг ҳаракатидан биламиз.

Ер атмосферасидаги ҳавонинг турли қисмлари Қуёш томонидан турлича қиздирилади. Яъни, ҳаво денгиз сатҳидами, ёки, тоғлар устида эканлигидан, унинг шимолда, ёки, экваторга яқинлигидан келиб чиқиб, унинг Қуёш нурлари воситасида қизиши ҳар хил бўлади. Илиқ ёки, иссиқ ҳаво енгилроқ бўлади ва у доимо юқорига ҳаракатланади. Совуқ ва муздек ҳаво эса оғир бўлади ва у пастга ҳаракатланади. Шу тариқа, улкан ҳаво массалари бир-бирига нисбатан ҳаракатланишидан шамоллар ҳосил бўлади.

Баъзан шамол шу даражада кучли бўлиши мумкинки, у бўрон ва пўртаналар ҳосил қилиши ҳам мумкин. Шу тариқа биз, кўрмасак ва ушлай олмасак ҳам, ён атрофимизда лиқ тўла ҳавонинг мавжудлигини биламиз. Шундай бўлса-да, биз ҳаво ичида эркин ҳаракатланганимиз, айниқса уни ушлаб кўра олмаганимиз сабабли, унинг ҳам вазнга эга эканлигини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.

Шунга қарамай, бошқа суюқ ва қаттиқ моддаларга ўхшаб, ҳаво ҳам, умуман, ҳар қандай газлар ҳам - материянинг бир туридир ва уларнинг ҳам ўзига яраша оғирлиги бўлади. Албатта, газларнинг вазни суюқлик ва қаттиқ моддаларникига нисбатан жуда енгил бўлади. Масалан, сувнинг бир литри тахминан 900 грамм атрофидаги оғирликка эга бўлади. Ҳавонинг бир литри эса совуқ кунда ҳам атига 1,4 граммдан кўп бўлмайди. Ҳажм катталашган сари ҳавонинг вазни ҳам ортиб боради албатта. Мисол учун 3×5×2 ўлчамдаги чоғроқ хонадаги ҳаво вазни тахминан 65 кг келади.

Биз Ер сайёраси сиртида яшар эканмиз, уни ташқи томондан ўраб турувчи ҳаво қатлами – Ер атмосферасининг энг тубида юрган бўламиз. Ер атмосфераси эса денгиз сатҳидан бир неча км юқори баландликка чўзилади. Бизнинг устимиздан босиб турган ҳавонинг оғирлиги шу даражадаки, у танамизнинг ҳар бир см 2 га тахминан 1 кг юк билан босиб туради. Лекин, бизнинг танамиз ичкарисидаги ҳаво ҳам шунга яқин куч билан ҳамма йўналишда босим ўтказади ва шу сабабли, танамиз учун ички ва ташқи босим мувозанатлашади. Шу сабабли биз ўзимизни босиб турган ҳаво оғирлигини сезмаймиз.

Икки хил газни қандай қилиб бир-биридан фарқлаш мумкин? Тасаввур қилинг, кимёгар сизнинг қаршингизга иккита бир хил бутилка қўйди ва улардан бирида кислород, иккинчисида эса ҳаво эканини айтди. Сиз улардан айнан қайси бирида кислород ва қайсинисида ҳаво эканини топишингиз керак.

Сизга ушбу икки бутилка бир хилда бўм-бўш кўринади. Уларнинг ичидаги газлар ҳам на ранг, на таъм ва ҳидга эга эмас. Албатта, хаёлингизга ушбу бутилкаларни тарозида тортиб кўриб аниқлаш фикри келган бўлса керак. Лекин, сизни шаштингиздан қайтаришга мажбурман. Албатта, кислород ҳаводан оғирроқ бўлади. Лекин, бу оғирлик сиз сеза оладиган даражада катта эмас.

Ҳаво билан соф кислородни фарқлаш учун кичик бир физик тажриба ўтказиш керак. Бунинг учун сиз ингичка узун чўп олинг. Масалан, сомон чўпи бўлса ҳам бўлаверади. Энди, чўпни бир учидан ушлаб туриб, иккинчи учини ёқиб юборинг. Чўп бироз ёнишига имкон беринг ва кейин оловни ўчириб, лекин, унинг ёнаётган учи бироз чўғланиб турадиган қилинг. Шу ҳолатда унинг чўғли учини ҳаволи бутилкага тиқинг. У бундай муҳитда яна бироз чўғланиб туради ва бир неча муддат ўтиб бутунлай ўчади.

Энди эса, худди шу тажрибани кислородли бутилка билан такрорлаб кўринг. Чўпнинг чўғли тарафини кислородли бутилкага солишингиз билан, у яна «лоп» этиб алангаланиб кетади ва ёрқин шуъла билан ёна бошлайди. Нимага шундай бўлади? Сабаби шуки, кислород - ўта фаол моддадир. Унинг молекулалари бошқа моддаларнинг молекулалари билан осонликча бирика олади. Бу жараёнда эса яхшигина энергия ажралиб чиқади.

Ушбу ажралиб чиқаётган энергияни эса биз аланга ва ёруғлик тарзида кўрамиз. Ҳавода эса кислород етарлича эмас (у 1/5 миқдорда эканини юқорида ҳам айтиб ўтдик). Шу сабабли ҳам, чўғланиб турган чўп ҳавода узоққа бормай ўчади.

Кислород ёнишни рағбатлантирар экан, шу сабабли ҳам, кислород ёнишга ёрдам беради дейилади. Айнан ҳавода мавжуд кислород ўтиннинг, кўмирнинг, бензиннинг, қоғознинг ва бошқа барча ёнадиган нарсаларнинг ёнишини таъминлайди. Агар ҳавода кислород мавжуд бўлмаганида эди, Ерда ҳеч қачон олов ҳосил бўлмасди. Чунки, бошқа газлар ёнишга ёрдам бера олмайди. Кислородсиз муҳитда аланга дарҳол ўчади.

Оддий шароитларда моддалар ўзининг алангаланиш ҳароратига етиб бормагунича ёнмайди. Агар ҳарорат ушбу даражадан паст бўлса, модданинг кислород билан бирикиши жуда секин кечади. Бундай бирикиш жараёнида жуда ҳам сезиларсиз, оз миқдордаги иссиқлик ажралиб чиқади. Агар модда кислород билан бирикиш жараёнида ҳосил бўлаётган иссиқликни атроф-муҳитга тарқатмаса, бу иссиқлик модданинг ўзида йиғилиб боради.

Масалан, мойга ботирилган латта-путталар билан шу ҳол содир бўлади. Унда кунлар ва ҳафталар мобайнида шу иссиқлик тўпланиб бориб, охир-оқибат алангаланиш ҳароратига етиб боради ва ўз-ўзидан ёниб кетади (чунки, олов ўзидан-ўзи ҳосил бўлади). Бу жуда хавфли ва қалтис ҳолатдир. Шу сабабли, бундай моддаларга хушёр бўлиш зарур.

Бизнинг ҳаётимиз ҳам, истеъмол қилинган овқатнинг организм ичида ёниши билан боғлиқдир. Бундай ёниш бизга иссиқлик ва энергия беради. У орқали биз хатти-ҳаракатларимизни бажаришга етарли қувват оламиз. Организм ичида озуқа моддаларнинг ёнишига ёрдам берувчи кислородсиз одам 5 дақиқа ҳам яшай олмайди. Тириклик учун албатта ҳаво керак деганда, ҳаво таркибидаги айнан кислородни назарда тутилади.

Шу сабабли ҳам кислородсиз муҳитда яшашнинг имкони йўқ. Агар кислороди чиқариб ташланган ҳаво муҳитдан нафас олсангиз, бир лаҳзадаёқ димиқиб қоласиз. Тинч ҳолатда турганда ўртача одам бир соатда тахминан 20 литр атрофида кислород ютади. Агар одам фаол ҳаракатда бўлса, яъни, масалан, спорт билан шуғулланаётганда бундан ҳам кўпроқ кислород ютади. Ҳатто бутун ҳаёти ҳавосиз муҳитда, яъни, сувда ўтадиган жониворлар, хусусан, балиқлар ҳам кислород билан нафас олади.

Балиқлар «сув билан» нафас олади. Сувда доимо маълум миқдорда эриган кислород мавжуд бўлади. Балиқлар жабраси ёрдамида сувдаги ўша кислородни ажратиб олади ва қон-томирлари орқали бутун танасига юборади. Агар сувда эриган кислород мавжуд бўлмаса, балиқлар ҳам чўкиб кетган бўларди.

Одамларда ўпкалар орқали ҳаводан кислород қабул қилиш жараёнини қийинлаштирувчи айрим касалликлар учраб туради. Бундай одамларга баъзан врачлар соф кислород бериш билан ёрдам кўрсатишади. Юрак-қон-томир касалликларида ҳам беморларга кислород ниқоблари билан ёрдам берилади. Бундай ҳолатда қонга одатдагидан кўпроқ кислород етиб боради ва бутун тана бўйлаб қонни ҳайдаб бераётган юракка кучланиш камроқ келади.

Соф кислородни махсус металл баллонларда босим остида сақланади. Бундай баллонларга оддий атмосфера босими остида тўлдирилган кислороддан кўра 135 баробаргача кўпроқ кислород сиғдириш мумкин. Бундай баллоннинг оғзини бирданига катта очиб юборилса, ичкаридаги улкан босим остидаги газ шиддатли куч билан ташқарига чиқа бошлайди.

Бу худди ракетанинг ортидан газларнинг отилиб чиқиши ва ракетани осмонга итаришига ўхшайди. Бундай ҳолат газ баллонлардан фойдаланаётган одамлар учун жуда хавфлидир. Чунки, баллон тартибсиз учиб кетиб, одамга шикаст етказиши мумкин. Шу сабабли, ичида катта босим остида газ сақланадиган баллонларнинг ҳаммаси чиқиш оғзида газни секинлаштириб чиқарувчи махсус ускуна - редуктор билан жиҳозланади.

Кислород билан ишлашда жуда хушёр бўлиш керак. Яқин атрофда очиқ олов бўлмаслиги, учқун чиқарадиган нарсалар ва ҳаракатлар бўлмаслиги, ҳамда, осон алангаланадиган моддалар бўлмаслиги шарт! Албатта, кислород ўзи ўз-ўзидан ёниб кетмайди. Лекин, у бошқа моддаларнинг шиддат билан ёниб кетишига кучли ёрдам беради.

Баллонларни тўлдириладиган соф кислород қаердан олинади? Кислород олиш усулларидан бири – уни нисбатан эркин ҳолда бўладиган турли бирикмалар таркибидан ажратиб олишдир. Бундай моддалар қиздирилганда, кислород атомлари ажралиб чиқади ва газсимон кислород кўринишида тўплаб олинади.

Йиғиб олинган кислородни қувурлар орқали йўналтириб, бирор ичида сув сақланаётган герметик идишга тўплаш мумкин. Бундай идишга кислород тўпланиб бориши билан ундаги сувни сиқиб чиқара бошлайди. Сув бутунлай қолмагач, демак, ичкарида фақат тоза кислород қолган бўлади.

1772-йилда аввалига швед кимёгари Карл Шееле ва кейинроқ, 1774-йилда инглиз кимёгари Жозеф Пристли бир-биридан мустақил ҳолда, худди шу усул билан тарихда биринчи марта тоза кислород олишга муваффақ бўлган эдилар. Уларнинг иккаласи ҳам, йиғиб олинган бу газ оддий ҳаводан фарқли эканини дарҳол англашган. Шееле бу газни «оловли газ» деб номлаган эди.

Орадан бир йилдан зиёд вақт ўтиб фаранг кимёгари Антуан Лавуазе ушбу газга «кислород» номини бириктирди. У юнончадаги «кислота туғдирувчи» деган сўздан ушбу атамани ясаган эди. Лавуазе кислород барча кислоталар таркибида албатта мавжуд бўлади ва кислоталарни айнан кислород ҳосил қилади деб ўйлаган. Шунингдек у, таъми нордон бўлган нарсаларни ҳам ҳаммаси кислород билан боғлиқ деб ҳисоблаган.

Аммо, Лавуазе қаттиқ янглишганди. Кислоталарнинг таркибида умуман кислород бўлмаслиги ҳам мумкин. Нордон таъм эса умуман кислород билан боғлиқ эмас. Шунга қарамай, мазкур элементга Лавуазе берган ном яшовчан бўлиб чиқди ва сақланиб қолди.

Турли моддаларни қиздириш орқали улар таркибидан кислород ажратиб олиш усули - тўғри усул. Лекин, бу усул унчалик ҳам самарали эмас. Чунки, бунда олинадиган кислород миқдори оз анча бўлади. Кислородни кўп миқдорларда олиш учун ҳавони суюлтириш усулидан фойдаланилади. Ҳавони керакли даражада совитилса, у суюқликка айланади. Худди сув буғга айлангандек, суюқ ҳавони қайнатилса, у ҳам яна бизга таниш оддий газ ҳолатидаги ҳавога айланади.

Ҳавода турли хил молекулалар мавжуд. Лекин, умумий ҳаво ҳажмининг 1/5 қисмидан сал зиёдроғини (аниқроғи, 21% қисмини) кислород ташкил қилади. Қолган 4/5 қисм эса асосан азотдан ташкил топган бўлади. Суюқ кислород жуда паст ҳароратларда қайнайди ва газга айлана бошлайди. Лекин, суюқ азотнинг қайнаши ва газга айланиши учун ундан ҳам паст ҳарорат керак бўлади.

Агар, ушбу икки элемент аралашмасидан иборат бўлган суюқ ҳавони секин-асталик билан қиздирилса, азот биринчи бўлиб исиб, буғланиб чиқиб кетади. Натижада, идишда фақат суюқ кислород қолади. Азот ва кислороднинг қайнаш ҳароратлари ҳар хил эканлиги туфайли биз суюқ ҳавони фракцияларга тақсимлаш, яъни, ҳавони ажратиш имкониятига эга бўламиз. Яъни, биз ҳавони кислород ва азот фракцияларига ажратамиз.

Ушбу фракциянинг ҳар иккаласи ҳам ишлаб чиқариш ва тиббиёт учун муҳим ашёлар саналади. Уларни баллонларга қамаб, истеъмолчига етказиб бериш ёки қувурлар орқали узатиш мумкин. Кислороднинг тиббиётда қўлланиши фақат беморларга сунъий нафас бериш амалиёти билан чекланмайди. У шунингдек, анестезия препаратлари билан комбинатцион қўллаш орқали беморни хушсизлантириш учун ҳам ишлатилади.

Ўпка орқали анестезия олаётган бемор кислород билан аралашма ҳолатидаги эфир ёки бошқа препаратдан нафас олади. Саноатда эса, кислородни ёқилғи газларга махсус қўшиб аланга ҳосил қилиш орқали, олов кучи орттирилади. Шундагина газосварка воситасида пўлатни кесиш ва пайвандлаш мумкин бўлади. Суюлтириб сиқилган кислород эса замонавий реактив снарядларда ва ракеталарда ёқилғи ёниш технологияси таркибида қўлланади.

Юқорида айтилганидек, кислород молекуласи иккита атомдан иборат бўлади. Лекин бу кислороднинг ягона шакли эмас. Табиатда шунингдек, кислороднинг учта атомдан иборат молекуласи ҳам учрайди. Уч атомли кислород ҳам икки атомли сингари, ўша-ўша кислороднинг ўзи. Фақат унинг реакцияларда ўзини тутиши ва кимёвий фаоллиги бироз бошқачадир. Унинг бошқача эканлигидан, кимёгарлар уч атомли кислород учун бутунлай бошқа ном ҳам ўйлаб топишган.

Унинг номи озон дейилади. Ён атрофимиздаги оддий ҳаво таркибида озон деярли йўқ. У атмосферанинг фақат энг юқори қатламларидагина учрайди. Бироқ, сиз уни на тоғлар тепасида ва баланд парвоз қилган ҳаво шарида учратмайсиз. Агар учратганингиз тақдирда ҳам озон сизга умуман ёқмаган бўларди. Чунки, унинг оддий кислороддан фарқ қилувчи жуда ўткир ёқимсиз ҳиди бор.

Шунингдек, озон бирмунча зарарли (заҳарли) газ ҳамдир. Озон номининг ўзи ҳам унинг ўша ўткир ҳиди эвазига келиб чиққан. Юнончада «озоне» сўзи «ҳидланаман» деган маънони беради. Икки атомли кислородга учинчи атомни бириктириш унчалик ҳам осон иш эмас. Учинчи атомни қўшиб қўйиш учун уни мажбурлаш керак. Бунинг учун эса муайян миқдорда энергия керак бўлади.

Бундай энергияни юқори кучланишли электр орқали олиш мумкин. Бунда, муайян электр асбоблар яқинидаги ҳаводаги кислороднинг айрим қисми озонга айланади. Унинг ҳосил бўлганлиги ҳавода кескин ўткир ҳид пайдо бўлганидан сезилади. Озон ҳосил қилиш учун керакли энергияни шунингдек, ултрабинафша нурланиш орқали ҳам бериш мумкин.

Қуёш нурлари таркибида ултрабинафша нурлар етарлича бўлади. Қуёш нурлари Коинотдан Ер атмосферасига кириб келар экан, унинг энг юқори қатламларидаги ҳаводаги кислородни озонга айлантира оладиган энергияга эга ултрабинафша нурлар олиб келади. Шу сабабли ҳам, озон атмосферанинг энг юқори қатламларида ҳосил бўлади. Одатда, денгиз сатҳидан тахминан 24 км баландликдаги атмосфера қатламларида шундай озон миқдори кўп бўлади.

Шу сабабли ҳам, асосан озондан ташкил топган ушбу қатлам озон қатлами дейилади. Озон қатлами бутун атмосфера қалинлигига нисбатан олганда жуда юпқа бўлиб, у Қуёшдан келаётган ултрабинафша нурларини тутиб қолишдек муҳим вазифани бажаради ва шу орқали, Ер сиртини ушбу зарарли нурланишлардан ҳимоя қилади. Агар озон қатлами бўлмаса, Қуёшдан Ер юзасига тўғридан-тўғри кириб келган ултрабинафша нурлари ҳаёт учун хатарли бўлган бўларди.

Шу боисдан ҳам озон қатлами сайёрамиздаги ҳаёт учун жуда катта аҳамиятга эгадир. Юқорида айтилганидек, икки атомли кислород молекуласига учинчи атомни қўшиб қўйиш анча қийин иш. Лекин, ўша учинчи атомни қайта чиқиб кетиши жуда осондир. Шу сабабли, озон жуда осонлик билан оддий кислородга айланади. Яъни, у жуда беқарор газдир. Бунда, озондан халос бўлган бир дона кислород атоми яна бошқа бирор нарса билан дарҳол бирикиш йўлини излай бошлайди.

Шу тариқа, озон оддий кислороддан кўра осонроқ кимёвий реакцияларга киришади. Озон оддий кислороддан кўра фаолроқдир, ўз вақтида, реактив двигателларда суюқ кислороддан кўра суюқ озонни қўллаш борасида ҳам ғоялар бўлган эди. Бироқ, озоннинг беқарорлиги туфайли ушбу ғоя амалда ўз ечимини топа олмади.

Озондан техникада оқартирувчи реагент сифатида ҳам қўлланилади. Муайян моддаларнинг ранги озон таъсирида ўчиб кетиши мумкин. Шундай моддаларга озон билан таъсир қилинса, улар оқариб, тозаланади. Шунингдек, озон яхшигина дезодорант, яъни, ҳидсизлантирувчи восита ҳам бўла олади.

Озондан яна ичимлик суви тармоғини ва сувнинг ўзини тозалашда ҳам кенг фойдаланилади. Бунда, муайян миқдордаги озон ҳаво билан аралаштирилган ҳолда қувурга юборилади. Унинг таъсирида бактериялар ўлади ва кимёвий чиқиндилар парчаланади. Барча иш битгач, озоннинг ўзи яна хавфсиз кислородга айланиб кетади ва изсиз йўқолади.

Айнан бир хил элементнинг икки ёки ундан ортиқ турли шаклларда мавжуд бўлишини илм-фанда аллотропия дейилади. Озон бу кислороднинг аллотропик шаклидир. Озон кислороддан шунингдек ранги билан ҳам фарқ қилади. У хиёл мовий рангга эга. Суюқ озон эса қора рангга яқин бўлган ўта тўқ кўк рангда бўлади.

Агар Сизга мақолада ёритилган мавзу қизиқарли бўлса, ушбу соҳага бағишланган саҳифада ёки навбатдаги мақола билан мана бу жойда танишиб чиқишингиз мумкин.

Ушбу веб-сайт  маъмури ва муаллифи ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик ҳамда бошлаган эзгу ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб,

Ҳурмат ва эҳтиром ила, Қобилжон Атаханов

P.S. Мақола Сизга манзур келган бўлса, илтимос, қуйидаги тугмалардан бирини босиб яқинларингиз билан ўртоқлашинг! Агар мақолага муносабат билдириб, ўз шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан ва олдиндан миннатдорчилигимни изҳор қиламан!

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Буюмлар интернети - бу нима дегани ўзи?

Инсоният ўз тарихида учта ахборот инқилобини амалга оширган. Биринчиси - ёзувнинг кашф этилиши бўлган бўлса, …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *