Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » ФАН-ТАЪЛИМ » Натрий ва калий - фаол элементлар

Натрий ва калий - фаол элементлар

Умуман олганда натрий ва калий жуда кенг тарқалган элементлар сирасига киради. 1800-йилга келиб кимёгарлар натрий ва калий элементларининг табиатда мавжудлиги ҳақида маълум назарий билимларни тўплаб қўйган эдилар. Лекин уларни ҳеч бир кимёгар амалда эркин ҳолда олишни уддалай олмаётган эди. Ер қобиғининг 2,5% дан бироз кўпроқ қисми натрий улушига ва яна 2,5% дан сал озроқ қисми калий хоссасига тўғри келади.

Биз кундалик турмушда кенг қўллайдиган айрим оддий моддалар ўз таркибида натрий ёки калий атоми тутади. Масалан ҳаммамиз овқатга солиб ишлатадиган ош тузи натрий хлориди (NaCl) бўлади. Унинг молекуласи биттада хлор ва натрий атомларидан иборат. Ош тузи, яъни, натрий хлорид, хлорид кислота (HCl) нинг асос ва натрий гидроксиди билан реакцияга киришишида ҳосил бўлади.

Шу сабабли ҳам, кислоталар ва асосларнинг ўзаро таъсирлашуви натижасида ҳосил бўладиган моддалар учун умумий ном сифатида тузлар атамаси қўлланади. Тузлар молекуласи таркибидаги атомлар, электр кучлари таъсири остида тўғри тартибда жойлашган бўлади.

Бундай атомларни ўзаро ажратиш жуда мушкул. Шу сабабли ҳам аксарият тузларни парчалаш (эритиш) учун катта ҳарорат даражалари керак бўлади. Сиз биласизки, сув, яъни, муз, 0 °C ҳароратда эрийди. Ош тузи, яъни, натрий хлориди эса 801 °C дагина эришга ўтади. Кўплаб тузлардаги (ва бошқа қаттиқ моддалардаги) атомларнинг тўғри тартибланиши, уларнинг қаттиқ ҳолатидаги ҳосил қиладиган геометрик шаклларига ўз ифодасини топади. Яъни, атомлари тўғри тартибланган моддалар одатда тўғри ва текис қирраларга, ҳамда ўткир бурчакларга эга бўлади.

Қаттиқ моддаларнинг бундай тўғри шаклларини кристаллар дейилади. Натрий хлоридининг кристаллари куб шаклида бўлади. Натрий селитраси ёки бошқача номи чили селитраси деб номланган минерал ўғит молекуласи - битта натрий, битта азот ҳамда учта кислород атомларидан таркиб топган бўлади ва у натрий нитрати (NaNO3) дейилади.

Биз кундалик турмушда кенг қўллайдиган оддий шиша эса, асосан мураккаб молекуляр тузилишга эга бўлган натрий силикат (Na2SiO3) молекуласидан иборат бўлиб, унинг таркибида натрий, кремний ва кислород атомлари мавжуд. Калий эса, калий нитрати (KNO3) деб номланувчи оддий селитра таркибида мавжуд бўлади.

Формуласидан ҳам кўриниб турибдики, унда битта азот, битта калий ҳамда учта кислород атомлари мавжуд. Шунингдек калийни дала шпати ҳамда слюда таркибидан ҳам топиш мумкин. Калий нитрати аввалги замонларда ҳарбий мақсадларда, асосан порох ишлаб чиқаришда қўлланилган.

Порох тайёрлаш учун натрий нитрати ярамайди. Чунки у атроф-муҳитдан намликни ўзига тез ва яхши ўзлаштириб олади. Намиқиб қолган порох эса, аслаҳаларни ҳам ишдан чиқаради. Деярли намиқмайдиган ва намни ўзига юқтирмайдиган модда бўлмиш калий нитрати эса, замонавий кимё фани ва кимё саноати пайдо бўлгунга қадар асосан хонаки ҳайвонларнинг чиқиндилари таркибидан олинган.

Ҳукуматларнинг ҳарбий корчалонлари ўз қўл остиларидаги отхона ва қўрхоналарида махсус тайёргарликдан ўтган мутахассислар хизматидан фойдаланиб, қўшиннинг жанговар тайёргарлиги учун қимматбаҳо кристаллларни йиғдиришган. Натрий ва калийнинг бирикмалари денгиз сувида ҳамда тирик тўқималарда жуда кўп миқдорда учрайди.

Улар ҳаёт учун муҳимдир. Одам организмнинг ўзи ҳам 0,35 % қисми калийдан ва 0,15% қисми натрийдан иборатдир. Денгиз сувидаги натрий асосан натрий хлоридининг эриган ҳолати кўринишидан бўлади. Умрида бир марта бўлса ҳам денгиз сувини ичиб кўрган одам буни жуда яхши билади. Денгиз суви худди намакоб сингари жуда шўрлигининг сабаби ана шунда аслида.

Дунё океанидаги сувларнинг деярли барча қисми айнан ушбу эритмадан, яъни, натрий хлориднинг сувдаги эритмасидан ташкил топган. Акваториясидан чиқувчи ташқи оқимга эга бўлмаган денгизлар сувида эса, натрий хлориднинг концентрацияси ундан-да баланд бўлиб, бу дегани мазкур денгизларнинг сувининг шўрлиги, бошқа денгиз ва океанлар сувидан юқорироқ деганидир.

Хусусан, Иордания ва Исроил давлатлари чегарасида жойлашган ўлик денгиз сувида 20% гача натрий хлорид мавжудлиги аниқланган. Шунингдек, бутун дунё бўйича қуруқлик ҳудудларида ҳам кўплаб туз конлари учрайди. Бундай конлар асосан, бир замонлар денгиз туби бўлган ва ҳозирда қуруқликка айланган ҳудудларда жойлашган бўлиб, миллион йиллар аввал қуриган денгизларнинг бизга қолдирган мероси дейиш мумкин.

Сайёрамизнинг айрим ҳудудларида ҳатто қалинлиги бир неча километр келувчи туз конлари аниқланган. Тузни биз нафақат овқатга солиш учун ишлатамиз, балки ундан инсон ҳаётида асқотувчи яна кўплаб маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланамиз. Шу сабабли ҳам туз конлари саноат учун катта аҳамият касб этади.

Натрий ва калий элементларининг Ер юзаси бўйлаб анчайин кенг тарқалганлигига қарамай, ушбу элементларнинг ўзини мустақил ҳолда олиш осон иш эмас. Улар шу даражада фаолки, уларнинг атомларини бирикмалардаги бошқа элементлар атомларидан ажратиб олишнинг деярли иложи йўқ.

Ушбу элементларни илк бора мустақил ҳолда олишга фақатгина 1807-йилдагина, инглиз олими Гемфри Деви мушарраф бўлган. У калий ва натрийли тузларни эритиб, эритма орқали электр токини ўтказган. Электр токи таъсири остида, калий ёки, натрийнинг атомлари идишнинг бир тарафига, бошқа бирикмалар атомлари эса, идишнинг нариги тарафига бориб тўпланган. Шу тарзда калий ва натрий атомларини бирикмалар таркибидан ажратиб олиш имкони бўлган.

Улар кумуш-оқ рангли жуда юмшоқ металлар бўлиб чиқди. Юмшоқлиги шу даражадаки, натрий ва калийни энг ўтмас тиғли, тўмтоқ пичоқ билан ҳам кесса бўлади. Бу элементларнинг ҳар иккиси ҳам анчайин паст ҳароратда, сувнинг қайнаш ҳароратидан ҳам пастроқ даражаларда эрийди.

Хусусан, натрийнинг эриш ҳарорати 98 °C бўлса, калийники 63 °C дир. Кўп бора таъкидлаганимиздек, калий ва натрий элементлари жуда фаолдирлар. Айниқса калий бу борада етакчи саналади. Алоҳида ҳолатда олинган калий ҳам натрий ҳам, дарҳол яна бирикма ҳосил қилишга киришади. Очиқ ҳавода калий ва натрий элементлари шу захотиёқ кислород билан бирикади.

Ҳосил бўлган бирикма эса, металлга хос бўлган ярқироқликни дарҳол йўқотади. Яъни, металл хиралашади. Калий ва кислороднинг бирикиши шу даражада энергияга бой бўладики, кичик бир бўлак калий ҳам эриб кетиш ва алангаланишга етарли даражадаги иссиқлик ажратиб чиқара олади. Шу туфайли ҳам, калий ёки натрийни бироз муддат сақлаш зарур бўлса, уни керосинга солиб қўйилади.

Натрий ва калийни ҳаводаги кислород билан бирикиб ёниб кетмаслиги учун уларни шунчаки сувда сақлаш ҳам мумкин деган фикр хаёлингизга келгандир? Агар шундай бўлса, бу фикрни миянгиздан чиқариб ташлай қолинг! Чунки бу элементлар шу даражада фаолки, улар кислород билан ҳар қандай шароитда ҳам бирикишга интилаверади. Биласизки, сув молекуласида бир атом кислород доимий мавжуд бўлади. Агар сувга бир бўлсак калий ёки, натрий ташланса, кислороднинг калий ёки натрий билан бирикиши натижасида, эндиликда эркин бўлиб қолган водород ажралиб чиқиши кузатилади.

Ушбу жараён баланд товушли шовуллаш орқали кечади. Чунки водород кўп миқдорда ажрала бошлайди ва сув (эритма) юзасига пуфакчалар ҳосил қилган ҳолда кўтарилади. Ушбу реакция давомида ажралиб чиққан иссиқлик эвазига эса, ажралиб чиқаётган водород ҳам ёниб кетишга улгуради.

Тез-тез натрий қўлланадиган ўқув лабораторияларида талабалар натрийли ёнғин келтириб чиқармаслик учун, жуда эҳтиёткор бўлишлари керак. Бундай ёнғиннинг хатари шундаки, уни ўчириш жуда мушкул бўлади. Кўпчилик одатга кўра биринчи бўлиб натрийли ёнғинга сув сепиб ўчиришга киришади. Лекин бу нарса вазиятни баттар қийинлаштиради холос.

Кимё лабораторияларида асосан натрийдан бирор бир реакциянинг боришидаги сувдан қутилиш учун фойдаланилади. Эфирлар билан бажариладиган муайян кимёвий реакциялар фақатгина уларнинг таркибида сув бўлмаган ҳоллардагина амалга ошади. Жуда-жуда кам миқдордаги сув ҳам бундай реакцияни бутунлай имконсиз қилиб қўйиши муқаррар бўлади. Лекин, эфир сақланадиган исталган идишда истайсизми, йўқми - барибир қандайдир миқдорда сув қолдиғи бўлади.

Ўша кичик миқдордаги сувдан халос бўлиш учун эса, кимёгарлар тубида кичик тирқиш бўлган тор цилиндр идишга натрий бўлакчасини соладилар. Кейин эса цилиндрга поршен тиқилади ва ричаг ёрдамида пастга босилади. Поршен босими остида юмшоқ натрий цилиндр тубидаги тирқишдан чиқиб келади (худди тюбикдан тиш пастаси сиқиб чиқарилгандек) ва эфир сақланаётган колбага туширилади.

Колба зич беркитилади ва натрий ўз ишини бошлайди. У эфир билан реакцияга киришмайди, лекин унинг таркибидаги сувни ўзига торта бошлайди. Буни колбада водород пуфакчалари ҳосил бўлишидан билиш мумкин бўлади. Натрийдан шунингдек, натрийли буғ-ёруғлик лампаларида фойдаланилади. Бу ҳолатда, лампани тўлдириб турган неон газига озгина натрий қўшилади. Ушбу неон-натрий аралашмасидан электр токи ўтказилганда, ундаги натрий буғланади ҳамда жуда ёрқин сариқ нур таратади.

Бундай лампадан таралган нур, оддий лампа нурига қараганда кучлироқ бўлади ва туман шароитида анча узоқроқ масофани ёритиб бера олади. Натрийнинг кўплаб бирикмалари бизга жуда яхши таниш ва кундалик турмушда кенг қўлланилади. Лекин, жуда фойдали, бироқ, кўпчиликка нотаниш бўлган натрийли бирикма натрий пероксиди (Na2O2) дейилади. У икки атом натрий ва икки атом кислороддан иборат бўлиб, натрийнинг ёнишидан ҳосил бўлади.

Худди водород перикси ва озон сингари, натрий пероксид ҳам оқартирув мақсадларида қўлланиши мумкин. Лекин, унинг бундан-да муҳимроқ ўзга вазифаси ҳам мавжуд. У углерод диоксиддаги углерод ва битта кислород атоми билан бирикади. Бунда битта кислород атоми эркин ҳолда ажралиб чиқади. Агар нафас чиқаришда, чиқарилаётган ҳавони натрий пероксиддан ўтказилса, унинг таркибидаги карбонат ангидрид гази, яъни, углерод диоксиди кислород билан алмашади.

Натижада, ўпкадан чиққан ҳаво яна нафас олишга яроқли ҳолга келади. Натрий пероксиднинг ушбу хоссаси, ҳаводан эркин кислород олишга бўлган имконият жуда паст бўлган ёпиқ жойларда ишловчи одамлар учун кислород таъминотида жуда муҳим аҳамият касб этади.

Хусусан, орбитал станцияларда ва сувости кемаларида айнан бир ҳажм ҳавони нафас олишда такроран ишлатиш учун натрий пероксиддан фойдаланиш катта аҳамиятга эга бўлади. Натрий таъсирида сув молекуласидан водород ажралиб чиқишида, натрийнинг ўзи битта кислород атоми, ҳамда, яна бир водород атоми билан бирикиб олади. Натижада, натрий гидроксиди (NaOH) ҳосил бўлади. Уни бошқача қилиб ўювчи натрий ҳам дейилади.

Натрий гидроксиди, асослар туркумига киради. Биласизки, кислоталарнинг молекуласи водород атомларини жуда бўш ҳолда тутиб, аранг ушлаб туради, асослар молекуласи эса, аксинча, водород атомларини жуда мустаҳкам тутади. Шу сабабли ҳам, асосларнинг хоссалари одатда кислоталарнинг хоссаларига тескари жиҳатлардан иборат бўлади.

Агар кислотага асос қўшилса, улар бир-бирини ўзаро нейтраллайди. Ҳосил бўлган аралашма эса, кислота, ёки асоснинг ҳар иккаласини алоҳида олинган ҳолатидагидан ҳам кимёвий жиҳатдан кучсиз бўлиб чиқади. Натрий гидроксиди барча асос бирикмалар ичида энг арзони ва осон топиладигани бўлиб, шунга кўра саноатда жуда кенг қўлланилади. Уни олиш учун натрий хлоридан электр токи ўтказиш керак бўлади.

Бу жараёнда, хлор атомлари ажралиб чиқиб бир электродга йиғилади. Натрий атомлари эса ажралиб кетмайди, балки, сув молекулалари билан реакцияга киришиб, ундаги водородни ажратиб чиқара бошлайди ва натрий гидроксиди ҳосил қилади. Натрий гидроксиди мой ва ёғларнинг молекулаларини глицерин ва ёғ кислоталарга парчалайди. Натрийнинг томлари ёғ кислоталар билан бирикиб, совунга айланади.

Тинчлик замонида ушбу технологик жараён орқали олинадиган энг фойдали маҳсулот айнан совун бўлса, ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган пайтда эса асосий ўринга глицерин чиқади. Чунки ундан портловчи моддалар тайёрлашда хом-ашё сифатида фойдаланилади.

Масалан II-жаҳон уруши йилларида Буюк Британияда аҳолига овқатдаги ёғ-мой қолдиқларини ташлаб юбормасдан, балки уларни тўплаб махсус қабул пунктларига топшириш кераклиги ҳақида кўрсатма берилган бўлган. Натрий гидроксидининг ёғлар молекуласини парчалаш хусусиятининг бошқа мақсадларда қўллаш йўналишлари ҳам бор.

Масалан, ёғ қолдиқлар билан тиқилиб қолган қувурларга натрий гидроксиди қуйилса, у ҳеч бўлмаганда тиқилиб тўғаноқ бўлиб турган ёғ қатлами (мослашиб кетган жойларни) юмшатади ва тозалаш ишларини осонлаштиради. Бу мақсадда ишлатиладиган натрий гидроксидни баъзан эскича номлаш билан ишқор ҳам дейилади.

Мутахассислар орасида эса унинг каустик сода тарзидаги атамаси ҳам кенг муомалага кирган. Бу атамадаги "каустик" сўзининг айнан таржима маъноси ўзбек тилидаги "тишлоғич" дегани каби бўлиб, у мазкур модданинг инсон терисига тушганида, терида пайдо бўладиган ўйилиш-ёрилиш жароҳатларига ишора тарзида шундай аталган.

Натрий гидроксидининг энг катта ҳажмда ишлатилиши кузатиладиган соҳа бу – ёғоч қириндиларидан вискоза, ёки қоғоз ишлаб чиқариш технологияларидир. Агар пахта толасига ҳам аввалдан натрий гидроксиди билан ишлов берилса, унинг мустаҳкамлиги ортиб, майинлашади ҳамда бўяш ҳам осонлашади. Натрий гидроксиднинг пахта толасига бундай ижобий таъсир кўрсатиш хусусияти 1850-йилда инглиз олими Жон Марсер томонидан аниқланган бўлиб, шу сабали одатда бундай ишловдан ўтган пахта толасини марсерланган тола ҳам дейилади.

Шунингдек натрийли бирикмалар орасида, нисбатан кучсиз асос хоссасига эга бўлган натрий карбонати (Na2CO3) ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз. Унинг молекуласида иккита натрий, битта углерод ҳамда учта кислород атомлари бўлади. Натрий карбонати кислоталар билан бирикишга киришганида, ундаги углерод ва кислород атомлари узилиб чиқиб, CО кўринишида учиб чиқа бошлайди.

Натрий карбонатнинг нисбатан кенгроқ тарқалган ва маиший турмушда қўлланиладиган бошқа номи – сода ҳисобланади. Сода номи, одамлар ҳали натрий карбонат ва умуман атомлар ҳақида мутлақо билмаган замонлардаёқ маиший турмушда аллақачон бор эди. Шу сабабли ҳам инглиз тилида сўзлашувчи мамлакатларнинг кимёга оид адабиётларида натрийни "содиум" тарзида ифодалашади. Сабаби натрий элементини сода таркибида аниқланган эди.

Натрий карбонатидан асосан углерод диоксиди (CO2) ҳосил қилиш манбаси сифатида фойдаланилади. Масалан, углерод диоксидили ўт ўчириш воситаларини ушбу газ билан тўлдиришда айнан натрий карбонат асосий манба бўлиб хизмат қилади. Аслида кучсиз асос бўлишига қарамай, айрим масалаларда ҳатто натрий карбонатнинг асослик хоссалари ҳам анча кучлилик қилади.

Бундай ҳолларда эса кимёгарларга ундан-да кучсизроқ асос бўлмиш натрий бикарбонат (NaHCO3) асқотади. Унинг молекуласида атига битта натрий атоми бўлади. Натрий бикарбонат ҳам кислоталар билан бирикканида CO2 гази ажралиб чиқади. Лекин унинг асослик хоссалари шу қадар юмшоқки, уни одам истеъмол қилиши ҳам мумкин.

Ўйлаймизки сиз кундалик турмушда ичимлик содаси атамасини албатта эшитгансиз. Ўша сода айнан бикарбонат натрий бўлади. Бикарбонат натрийдан ошқозондаги ёқимсиз оғриқ - жиғилдон қайнашини бартараф этишда ҳам фойдаланилади. Бунда ичга қабул қилинган ичимлик содаси, ошқозондаги доимий мавжуд бўладиган айрим кислоталарни нейтраллайди. Натижада ошқозондан кекирик аралаш CO2 гази келиб чиқади ва ўзи билан бошқа ёқимсиз газларни ҳам олиб чиқиб кетади.

Бу эса, ошқозон оғришига сабаб бўлаётган ички босимни, яъни, ошқозон зўриқишини пасайтиради ва бемор ўзини енгил ҳис қила бошлайди. Ичимлик содасидан шунингдек пишириқлар тайёрлашда ҳам жуда кенг қўлланилади. Уни бирор кучсиз кислота билан аралаштириб (масалан қатиқ билан) хамиртуруш қўшмасдан тайёрланадиган хамирга қўшилса, ичимлик содаси ва кучсиз кислотанинг ўзаро таъсири натижасида хамирда CO2 гази ажралиб чиқади ҳамда хамир юмшоқ бўлиб тинади. Бундай хамирдан тайёрланган пишириқлар ҳам бўрсилдоқ, юмшоқ ва мазали бўлади.

Натрийнинг яна бир ажойиб бирикмаси бу - натрий сулфати (Na2SO4) бўлиб, унинг молекуласида биттадан натрий ва олтингугурт атомлари, ҳамда тўртта кислород атоми, шунингдек эркин боғланишдаги ўнта сув молекуласи мавжуд бўлади. Ушбу моддани биринчи бўлиб олмон кимёгари Иоган Рудолф Глаеубер 1858 йилда батафсил тадқиқ қилган эди. Илк тадқиқотчиси шарафига баъзан натрий сулфатни глаубер тузи ҳам дейилади. Одатда кимёвий моддаларни сувга солинса, ҳосил бўлган эритма ҳарорати, сувнинг аввалги ҳароратидан кўра баландроқ бўлади.

Масалан сувда олтингугурт кислотасини ёки натрий гидроксидини тезкорлик билан аралаштирилса, ҳосил бўлувчи эритма ҳарорати бир зумда қайнаш даражасигача кўтарилади. Кимёгарлар ҳам аксарият ҳолларда реакциядан айнан шундай натижа кутишади. Лекин глаубер тузи сувга солинса, ҳосил бўлган эритманинг ҳарорати, сувнинг аввалги ҳароратидан пасаяди. Ушбу ҳодиса илк бора кузатилганида, кимёгар олимлар жуда ҳайратда қолиб, кўзларига ишонишмаганди...

Келинг энди ҳикоямизнинг иккинчи қаҳрамони - калийнинг бирикмалари ҳақида ҳам бироз суҳбатлашсак. Калийнинг бирикмалари ҳам кўп жиҳатдан ўзини худди натрийнинг бирикмалари сингари тутади. Лекин калий бирикмалари натрий бирикмаларига қараганда сезиларли даражада оз учрайди.

Бунга биринчи сабаб, калийнинг Ер қобиғидаги миқдори натрийнинг миқдоридан сезиларли даражада пастлиги бўлса, иккинчидан, калий одатда, деярли алоҳида ҳолда ажратиб бўлмайдиган бирикмалар таркибида учрайди. Дунёдаги энг самарадор ва нисбатан яхши ўзлаштирилган калийли бирикмалар кони, Германиянинг Стассфурт кони ҳисобланади.

У бир замонлар денгиз қўлтиғи бўлган ва ҳозирда қуриб қолган жой бўлиб, немис кимё саноати учун жуда муҳим аҳамият касб этади. Калий тузлари натрий хлоридан кўра сувда осонроқ ва яхшироқ эрийди. Қадимги денгизлар аста-секинлик билан қуриган. Бунда биринчи бўлиб, натрий хлориди чўкинди ҳолида тубга чўка бошлаган. Калий тузлари эса ҳали-бери денгиз сувида эритма ҳолида бўлган ва денгизнинг қуригани сари калий тузлари энг охиргилардан бўлиб чўкиб, қаттиқ ҳолатга ўтган.

Шу сабабли ҳам қуриган қадимги денгизлар ўрнидаги конларда асосан юқори қатларда калийли бирикмалар мавжуд бўлади. Натижада калийли тузлар нисбатан тоза ҳолда сақланган. Айни сабабга кўра ҳам уларни қазиб олиш ишлари ҳам анча осон кечади. Ҳозирда жаҳонда қазиб олинадиган калийли бирикмаларнинг учдан бир қисми айнан юқорида зикр этилган кон - Стассфуртда қазиб олинади.

Биринчи жаҳон урушигача бўлган йилларда Германия кимёгарлари жаҳонда энг етакчи олимлар саналишарди, шунга мувофиқ, олмон кимё саноати ҳам жаҳон иқтисодиётидаги энг қудратли кимё саноати мақомига эга эди. Олмон кимёгарлари мазкур кондан олинган калийли бирикмаларини у ёки бу мақсадда жуда кенг қўллашарди ва айтиш жоизки, улар учун ушбу бирикмалар давлат томонидан нисбатан арзон нархларда етказиб бериларди.

Дунёнинг бошқа чеккаларидаги калийли бирикмалар конлари эса, бу вақтда ҳали яхши ўрганилмаган ва ўзлаштирилмаган бўлиб, мавжуд аниқланган калий конлари ҳам қазиб олишнинг мураккаблиги туфайли, ҳатто саноат учун ҳам жуда қимматлик қиларди. Таннархини ўзини оқламайдиган калий конларига эга бўлган АҚШ ва Буюк Британия каби давлатлар кимёгарлари эса, қанчалик ғайритабиий бўлмасин, олмон кимёгарларига ҳар жабҳада тақлид қилишарди ва ўзлари учун ўта қиммат бўлган калийни қайта ишлаб, Германия тажрибасидан фойдаланишга уринишарди.

Бироқ, бунда улар олган калийли маҳсулотлар нархи фавқулодда қиммат бўлиб чиқарди. Узоқ йиллар давомида АҚШ ва Буюк Британия кимё саноати шу йўсинда Германия тажрибасига кўр-кўрона тақлид қилиб келди ва нисбатан арзон бўлган ва айнан бир хил натижа берадиган натрийли бирикмалардан фойдаланиш мумкин бўлган ҳолатларда ҳам, қимматбаҳо калий бирикмаларини ишлатиб, йирик иқтисодий зарарлар билан фаолият кўрсатди.

Бундай ёндошув хато эканлигини англашгунларича, мазкур давлатлар қимматбаҳо калийнинг улкан заҳираларини деярли совуриб бўлишганди... Ўсимликларга калий кўп миқдорда керак бўлади. Шу сабабли, ердан кўп марта қайта-қайта фойдаланилганида, тупроқдаги калий миқдори камайиб, унумдорлик пасайиши мумкин.

Шу сабабли ҳам ерга солинадиган минерал ўғитларнинг аксарияти таркибида калий элементи мавжуд бўлади. Биз АҚШ ва Британиянинг аччиқ тажрибаси ҳақида гапириб ўтар эканмиз, аслида олмонларнинг ўзи ҳам бу борада чув тушишига оз қолганини ёдга олиш ўринлидир. Стассфуртдаги кондан чиққан калий бирикмалари ҳам аввалига ташлаб юборилар эди. Сабаби кончиларни коннинг қуйи қатламларида жойлашган натрий хлориди кўпроқ қизиқтирарди. Ташлаб юборилаётган қимматбаҳо калий бирикмаларини эса немис кончилари "Абраумсалзе", яъни, "кераксиз туз" деб аташарди.

Фақатгина 1865-йилга келибгина, олмон кимёгарларининг қатор тадқиқотлари натижасида, ушбу "кераксиз туз"нинг аҳамияти аслида қанчалик баланд эканлигини тушуниб етишди. Калийли бирикмалар минерал ўғит сифатида ҳамиятга эга эканлигини 1797-йилда кашф қилинган эди.

Бунгача бўлган муддатларда эса, уларни ўсимликларнинг тана қисми бўлса керак деб ўйлашган, ўсимликларни қуритиб ёқишган. Қолган кулни эса сувда эритиб, эритмани катта темир қозонларга солиб қайнатишган. Сув тўлиқ буғланиб кетгач, идиш тубида биз ҳозирда калий карбонати (K2CO3) деб атайдиган чўкинди ҳосил бўлган. Унинг молекуласида иккита калий, битта углерод ва учта кислород атомлари бўлади.

Кимёгарлар кундалик муомалада ушбу моддани шунингдек поташ деб ҳам атайдилар. "Поташ" атамаси айнан таржима қилиш мушкул бўлган сўз ўйини натижаси бўлиб, маъноси - "тувак тубидаги чўкинди" демакдир. Балки, бу унинг ўша замонларда темир қозонлардаги қайнатма чўкиндисида олинганига ишора бўлса керак. Айнан шундай йўсинда олинган яна бир бирикма - натрий карбонат (Na2CO3) ни калтсинацияланган сода деб номлашган.

Ўз хоссаларига натрий гидроксидига (ёдингизда бўлса, уни ўювчи натрий дер эдик) ўхшаб кетадиган калийли бирикма - калий гидроксидини (KOH) эса ўювчи калий ҳам дейилади. Калий гидроксиди, натрий гидроксидга кўра таннархи қимматроқдир. Кези келганда калий элементининг номланиши тарихига ҳам тўхталиб ўтсак.

Биз ўрта асрлар охирида поташнинг қандай олингани ҳақида айтиб ўтдик. Айнан шундай усул билан, яъни поташ олиш учун қайнатиладиган кулни, ўрта асрларда мусулмон шарқи олим ва мутахассислари "ал-қуили" деб номлашган. Таъкидлаш шартки, ҳозирги замон ғарб адабиёт ва манбаларида ўрта асрлар мусулмон шарқи алломаларини янглиш умумлаштириб "араб олимлари" дейишади.

Ваҳоланки бу - хато ёндошувдир, зеро уларнинг умумий илмий сўзлашув тили араб тили ва эътиқоди - ислом дини бўлган бўлса-да, аслида олимлар бошқа-бошқа миллатларга мансуб бўлишган ва бу табиий. Улар орасида эса, буюк миллатдош бобокалон олимларимиз ҳам жуда кўп бўлишган. Ушбу сатрлар орқали нимага ишора қилаётганимни ҳозир тушунтираман.

Поташ бу ишқор, ўювчи моддадир. Унинг "тувак тубидаги чўкинди"дан олинганини айтиб ўтдик. Халқимиз маиший турмушида авваллари (ҳали кир совун ва содалар мавжуд бўлмаган пайтларда) кир ювиш учун қайнатилган кул сувидан фойдаланишган. Бунда ишқорий эритма ҳосил бўлади ва кирларни, айниқса мой ва ёғлар сингиб кетган матоларни ювишда осонлик беради. Бу амалиёт тандир-ўчоққа эга хонадонларда балки ҳозир ҳам бор. Хусусан, пиёла ва шунга ўхшаш идишларни куллаб ювишни опа-сингилларимиз қотиришади.

Европа тилларига "калий" тарзида ўтган арабча "ал-қуили" сўзининг ўзаги ҳам, бизнинг она-тилимиздаги "кул" сўзи бўлиши эҳтимоли катта. Чунки, араб тилида кулнинг ўзини бошқачароқ номлашади. Ҳарҳолда бу менинг шахсий тахминим. Лекин, имкон бўлса, тилшуносларимиз бу борада кичик текширув ўтказишса ҳам чакки бўлмасди.

Асосий мавзуга қайтсак. "Ишқор" сўзи сизга албатта таниш бўлса керак. Совун тайёрлаш жараёнида ортиқча натрий гидроксидини чиқариб ташлаш керак бўлади. Акс ҳолда бундай совун билан ювилганда терини қичиштирадиган бўлиб қолади, яъни, у ўювчи хоссасини намоён қилади.

Баъзи совунлар рекламасида, совуннинг "кескин ишқорларга эга эмаслиги" ҳақида ҳам гап қистириб ўтилади. Шунингдек, сиз бирор суюқлик муҳитининг ишқорий эканлиги ҳақидаги гапларни ҳам эшитган бўлсангиз керак. Ишқорий муҳит бу - кислотали муҳитга қарама-қарши муҳит бўлади.

Одамлар совун нималигини билмаган қадимги замонларда, айрим халқлар, чунончи қадимги Мисрликлар, Римликлар ва юнонлар кулнинг тозалаш хоссаси борлигини билишган. Кулнинг бундай хусусиятининг асосий сабабчиси эса, унда калий карбонатининг мавжудлиги билан боғлиқдир. Калий карбонати ҳам худди натрий карбонати сингари ёғ ва мойларнинг молекуласини парчалаш хоссасига эга бўлиб, лекин бу ишни калий карбонати амалда яхшироқ бажаради.

Натрий ва калий элементлари ишқорий металлар сафига киради. Ишқорий металлар туркумидаги бошқа металлар эса, натрий ва калийдан кўра жуда камёбдирлар. Улар орасида энг соддаси – даврий жадвалдаги учинчи рақамли элемент бўлмиш - литийдир. Литий даврий жадвалда айнан натрийнинг устида жойлашади ва у энг енгил металл саналади. У сувдан ҳам икки баробар енгил бўлади.

Шунга кўра, литий кўплаб ёғоч турларидан ҳам енгил бўлади. У алюминийдан беш баробар енгилроқдир. Бироқ литийнинг енгиллигидан наф барибир кам. У айтилганидек, камёб модда бўлибгина қолмасдан, ўзи каби барча ишқорий металлар сингари, жуда фаол ҳамдир. Унинг яна бир хоссаси борки, бу нарса бошқа ишқорий металларнинг "қўлидан келмайди". Яъни литий, ҳавода ҳатто азот билан ҳам реакцияга киришади. Литийнинг кам миқдорларини қўшиш орқали айрим қотишмаларнинг мустаҳкамлиги орттирилади.

Шунингдек, мушакбозлик вақтида осмонда пайдо бўладиган қизил рангли ёғдулар ҳам, фейрверкларга қўшилган литий нитрати (LiNO3) туфайли юзага келишини айтиб ўтамиз. Литий элементи қўлланиладиган яна бир соҳа бу - водород бомбаларини тайёрлаш технологиясидир.

Бунда литий гидриди қўлланилади. Айни модданинг бошқа бир кенг қўлланиш соҳаси эса – пластмасса ишлаб чиқариш саноатидаги катализаторлик вазифаси ҳамдир. Литийни илк бора кашф қилган олим - Август Арфведсон бўлиб, бу элемент 1817-йилда Швециянинг Стокголм шаҳрида очилган. Арфведсон ҳам, литийнинг қардошлари - натрий ва калийни кашф этилишида Гемфри Деви қўллаган усулни, яъни, электролитик жараённи қўллаган.

Элемент номини эса, юнонча "литос" - "тош" сўзидан келиб чиқиб аташган. Сабаби, ўша замонда олимларга маълум бўлган атиги иккита бошқа ишқорий металлар - ўсимликлардан ажратиб олиш мумкин бўлган натрий ва калийдан фарқли ўлароқ, литий фақат муайян минераллар таркибида бўларди. Минераллар эса кўпинча қаттиқ ҳолатда, тош кўринишида учрайди.

Агар Сизга мақолада ёритилган мавзу қизиқарли бўлса, ушбу соҳага бағишланган саҳифада ёки навбатдаги мақола билан мана бу жойда танишиб чиқишингиз мумкин.

Ушбу веб-сайт  маъмури ва муаллифи ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик ҳамда бошлаган эзгу ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб,

Ҳурмат ва эҳтиром ила, Қобилжон Атаханов

P.S. Мақола Сизга манзур келган бўлса, илтимос, қуйидаги тугмалардан бирини босиб яқинларингиз билан ўртоқлашинг! Агар мақолага муносабат билдириб, ўз шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан ва олдиндан миннатдорчилигимни изҳор қиламан!

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Буюмлар интернети - бу нима дегани ўзи?

Инсоният ўз тарихида учта ахборот инқилобини амалга оширган. Биринчиси - ёзувнинг кашф этилиши бўлган бўлса, …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *