Последние новости
Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...
Домой » ИНТЕРНЕТ БИЗНЕС » ИНФО-БИЗНЕС » ВЕБ - ЛОЙИҲА » Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...

Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...

Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ўзбек тилидаги сайтларда тилга бўлган эътибор

 

“Тилга ихтиёрсиз, элга эътиборсиз“.

Алишер Навоий

 

Салом, азиз дўстлар ҳамда муҳлислар! Сизлар билан LiveJournal.Uz номли мен учун ардоқли бўлган шахсий веб-сайтим саҳифаларида нашр қилинаётган навбатдаги мақолада яна бир бор учрашиб турганимдан беихтиёр мамнунман!

Бугун биз Интернет тармоғида ўзбек тилида яратилган ва фаолият юритиб келаётган айрим веб-ресурсларда нашр қилинаётган янгиликлар, мақолалар ва маълумотларда учраётган дилни хира қилувчи хатоларни муҳокама қилиш билан бирга, ушбу веб-сайтлардаги нашрларга масъул бўлган шахслар, аниқроқ қилиб айтганда қўштирноқ орасидаги “журналист“ларнинг ўзбек тилига бўлган муносабатини кўриб чиқамиз.

Интернет тармоғининг Ўзбекистон билан боғлиқ қисми – Ўзнет йилдан йилга кенгайиб бормоқда. Ўзбекистонда 2009-йилнинг биринчи ярмига келиб Интернетдан фойдаланувчилар сони 2,6 миллион кишини ташкил қилган эди. Бошқача айтганда, бу республикамизнинг ҳар 1000 фуқаросига 91,48 Интернет фойдаланувчиси тўғри келади деганидир.

.UZ” зонасидаги фаол доменлар сони эса, 2009-йил 14-декабрь ҳолатига кўра 9479 тани ташкил этганди. Бугунги кунга келиб Ўзнетда кўплаб веб-сайтлар фойдаланувчилар эҳтиёжини қондириб келмоқда.

Унда кўплаб давлат идоралари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг, оммавий ахборот воситаларининг расмий веб-сайтларини, турли тармоқ хизматларини кўрсатувчи сайтларини, электрон тижоратга йўналтирилган сайтларини, спорт ва соғлиқни сақлаш бўйича сайтларни, кўплаб шахсий саҳифалар, блоглар ва бошқа турли йўналишлардаги веб-ресурсларни учратиш мумкин.

Лекин, тан олиб айтиш лозимки, кўплаб сайтларда тақдим қилинаётган маълумотлар, яъни уларнинг контенти талаб даражасида эмас. Айниқса бу давлат идоралари, ташкилот ва муассасаларнинг, таълим муассасаларининг расмий веб-сайтларида яққол кўринади.

Ўзнетдаги веб-сайтларнинг ривожланиш истиқболлари, бугунги ҳолати ва муаммоларига бағишланган деярли барча мақолаларда контент муаммосига алоҳида урғу берилганлиги ҳам бежиз эмас. Ушбу мақолада эса айнан ўзбек тилидаги контентда йўл қўйилаётган бир қанча муаммолар ва уларни бартараф қилиш йўллари ҳақида фикр юритамиз.

Ўзнетда маълумотлар асосан ўзбек тилида тақдим қилинадиган веб-сайтлар сони жуда кўп бўлмасада, уларнинг сони аввалгидан кўра сезиларли даражада ортиб бормоқда. Бу албатта қувонарли ҳолат, лекин кўп ҳолларда уларда тақдим қилинаётган маълумотлардаги ўта эътиборсизлик билан ёзилганлиги, имло ва грамматик хатоларнинг жуда ҳам кўп учраши фойдаланувчилар учун ноқулайлик туғдириши билан бирга тилга бўлган бундай муносабатни одатий ҳолга айланиб қолишига сабаб бўлмоқда.

Ҳатто, бошқаларга ўрнак бўлиши керак бўлган кўпгина ташкилотларнинг ҳам расмий веб-сайтларида бу муаммоларни яққол кўриш мумкин. Хўш, айнан қандай муаммолар мавжуд? Уларни қандай бартараф қилиш мумкин? Қуйида бу масалаларга батафсил тўхталиб ўтамиз.

Одатдаги имло хатолари

Муаммо. Одатдаги имло хатолари қаторига беихтиёр қилинадиган турли хатоларни киритишимиз мумкин. Бундай хатолар дарров кўзга ташланмаганлиги учун одатда эътиборсиз қолади. Албатта, имло хатоларини тўлиқ бартараф қилиш мушкул масала.

У матнни киритишда синчковлик, диққат ва имлони мукаммал билишни талаб қилади. Ҳамма ҳам ўз веб-сайтида имло хатоларидан тўлиқ қутулиш учун корректор ёллай олмайди. Одатда, сайт учун матн тайёрловчи киши ҳам офлайн ОАВ корректори даражасида имло қоидаларидан хабардор бўлмайди.

Ечим. Бу ҳолатда имлони текшириш дастурлари ёрдамчи бўлиши мумкин. Одатда турли матнлар тайёрлаш давомида “Мicrоsоft Wоrd” дастури ва ундаги рус ва инглиз тилида имлони текшириш имкониятидан кўпчилик самарали фойдаланади.

Афсуски, ўзбек тили имлосини текшириш имконияти “Мicrоsоft Wоrd” дастурида талаб даражасида ишламайди. Тўғрироғи, дастурни ўрнатиш билан бирдан ишламайди. Ўзбекча матнларда имлони текшириш имкониятини яратиш учун “SPELLS” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “UzSpell” дастуридан фойдаланиш мумкин, лекин у фақат кирилл алифбосидаги матнларни текшириш имконига эга холос.

Лотин алифбосидаги матнларни текшириш учун эса “Мicrosoft Office 2007” дастурлар пакетининг ўзбекча интерфейс таржималарини (LIP – Language Interface Pack) унинг расмий веб-сайтидан кўчириб олиш мумкин. Сайтда уни ўрнатиш бўйича батафсил маълумотлар ҳам берилган.

Office 2007 дастурлар пакетига ўзбекча LIP кенгайтмасини ўрнатганингиздан сўнг унинг интерфейси ўзбек тилида кўриниш билан бирга, лотин алифбосида ёзилган ўзбекча матнларни имло хатоларини текшириш имконияти ҳам пайдо бўлади.

Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...  

1-расм. “Мicrosoft Office 2007” дастурида ўзбекча интерфейс ва имло хатоларини текшириш имконияти.

Эркин ва очиқ кодли дастурий таъминотларда, хусусан Linux операцион тизими ва ундаги дастурларда ўзбекча матнларни имлога текшириш учун “aspell-uz” пакетидан фойдаланиш мумкин. Лекин, ҳозирча унинг ёрдамида фақат ўзбек кирилл алифбосидаги матнларни текширишингиз мумкин холос.

Албатта, юқорида кўрсатиб ўтилган имлони текшириш дастурлари ўзбек тилидаги имло хатоларингизни тўлиқ бартараф қила олмайди. Агар Сиз ёзган сўзни ўзининг сўзлар базасидан топа олмаса, ҳатто тўғри ёзилган сўзларни ҳам хато деб кўрсатиши мумкин.

Бундан ташқари, ҳамма ҳам веб-сайт учун матнни бирор матн муҳарририда тайёрламайди. Кўп ҳолатларда сайт матни тўғридан тўғри сайтнинг ўзига, унинг контентини бошқариш тизими ёрдамида веб интерфейсдан киритилади.

Ушбу ҳолатда сайтдаги матнни имло хатоларига текшириб берувчи Интернет хизматларининг (масалан, Yandex компанияси тақдим қиладиган веб-мастерлар учун ускуналар таркибига кирувчи имлони текшириш хизмати каби хизматларнинг) ташкил қилиниши фойдадан холи бўлмас эди. Афсуски, бугунги кунда Ўзнетда бирорта ҳам бундай хизмат мавжуд эмас.

Кирилл алифбосига хос бўлган муаммолар

Муаммо. Кирилл алифбосига хос бўлган муаммолар асосан Ўў, Ққ, Ғғ ва Ҳҳ ҳарфлари билан боғлиқдир. Бу ҳарфларни киритиш учун клавиатура тугмалари тартиби пайдо бўлганига қарийб 10 йилдан ортиқ вақт бўлган бўлсада, афсуски, шу кунгача бу ҳарфларни клавиатурадан киритишни билмайдиганлар топилади.

Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...  

2-расм. Ўў, Ққ, Ғғ ва Ҳ ҳ ҳарфларидан фойдаланилмаган сайт.

Айрим сайтларда эса саҳифаларнинг кодлаш усули Ққ, Ғғ ва Ҳҳ ҳарфларини қўллаб-қувватламаганлиги сабабли бу ҳарфлардан атайин фойдаланилмаганлигини кўриш мумкин. Ушбу ҳолатларда муаммога одатда сайтнинг кодлаш усули сифатида “Windows-1251” танланганлиги сабаб бўлади. Айнан ушбу расмдаги сайтнинг дастлабки кодини очиб, муаммо айнан шунда бўлганлигини кўриш мумкин.

Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...  

3-расм. Саҳифаларнинг кодлаш усули Ққ, Ғғ ва Ҳҳ ҳарфларини қўллаб-қувватламаганлиги сабабли бу ҳарфлардан фойдаланилмаган сайт.

“Windows-1251” Мicrosoft Windows операцион тизимининг барча русча версияларида асосий кодлаш усули ҳисобланганлиги сабабли вебда кирилл ёзуви учун энг кўп шу кодлаш усулидан фойдаланилади.

Афсуски, унга ўзбек кирилл алифбосидаги Ққ, Ғғ ва Ҳҳ ҳарфлари қўшилмаган. Ўў ҳарфи эса белорусь алифбосида ҳам учраганлиги сабаб ушбу кодлаш усули уни қўллаб қувватлайди.

Ечим. Албатта, муаммонинг ечими мавжуд ва у жуда мураккаб ҳам эмас. Агар сайт саҳифаларида “Windows-1251” кодлаш усули ишлатилган бўлса, унда Ққ, Ғғ ва Ҳҳ ҳарфларини чиқариш учун қуйидаги HTML гиперматнли таҳрирлаш тилининг махсус символларидан фойдаланиш мумкин: - Қ – Қ қ – қ Ғ – Ғ ғ – ғ Ҳ – Ҳ ҳ – &#1203.

Масалан, Ўзнетда бу усулдан “Ўзбек футбол фанатлари” (uff.uz) веб-сайти самарали фойдаланади. Яна бир вариант UTF-8 кодлаш усули бўлиб, бугунги кунда Интернет тармоғидаги кўплаб сайтлар айнан шу кодлаш усулида ишлатилади. Бу кодлаш усулининг устун томони, эндиликда Сиз нафақат кирилл алифбосидаги муаммоли ҳарфларни балки, дунёдаги деярли барча алифболарнинг символларини веб-сайтингизда ишлатишингиз мумкин бўлади.

Агар бу кодлаш усулидан фойдаланадиган бўлсангиз, HTML гиперматнли таҳрирлаш тилининг махсус символларидан фойдаланиш шарт эмас, матнни тўғридан тўғри операцион тизимдаги ўзбек кирилл клавиатура тугмалари тартибидан фойдаланган ҳолда киритишингиз мумкин. Фақат, сайт саҳифаларининг дастлабки кодидаги мета-маълумотларда ва саҳифани сақлаётганда кодлаш усули сифатида UTF-8 усулини кўрсатишни унутманг.

Лотин алифбосига хос бўлган муаммолар

Муаммо. Лотин алифбосига хос бўлган муаммолар асосан Оʻ - оʻ ва Gʻ - gʻ ҳарфлари, ҳамда - ʻ - тутуқ белгисини нотўғри ифодалаш билан боғлиқ. Кўп ҳолларда Оʻ - оʻ ва Gʻ - gʻ ҳарфлари устидаги юқорига қараган вергул кўринишидаги символ ва пастга қараган вергул кўринишидаги тутуқ белгиси нотўғри қўйилади.

Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...  

4-расм. Оʻ - оʻ ва Gʻ - gʻ ҳарфлари ва тутуқ белгисининг ёзилиши.

Оʻ - оʻ ва Gʻ - gʻ ҳарфлари ва тутуқ белгисининг нотўғри ёзилиши

Ушбу ҳарфлар Ўзнетдаги деярли барча сайтларда учрайди. uza.uz, gov.uz, onatili.uz каби асосий контент лотин ёзувида тақдим қилинадиган сайтларда сайт контентига анча эътибор билан ёндашилсада, барибир, саҳифаларда имло хатолари тез-тез учраб туради.

uza.uz каби сайтларда янгиликлар матнининг нотўғри ёзилиши кўплаб давлат ташкилотлари сайтларида ҳам ушбу хатонинг қайтарилишига олиб келади, чунки давлат ташкилотлари веб-сайтларидаги янгиликлар одатда Миллий ахборот агентлиги веб-сайтидан олинади.

Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...  

5-расм. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги веб-сайтида Оʻ - оʻ ва Gʻ - gʻ ҳарфлари ва тутуқ белгисининг ёзилишига эътибор беринг.

Лотин алифбосига хос бўлган бошқа муаммолар асосан транслитерация билан боғлиқ. Кўп ҳолларда матн аввал кирилл ёзувида тайёрланиб, кейин транслитератор дастур ёрдамида лотин ёзувига ўтказилади.

Афсуски, бугунги кунга қадар ўзбек кирилл ёзувидан лотин ёзувига ва тескари йўналишда барча имло қоидаларига тўлиқ амал қилиб ўгирадиган бирорта ҳам дастур йўқ. Транслитерацияда энг кўп хатолар кирилл алифбосидаги Ц - ц ва Е - е ҳарфларини лотин ёзувига ўтказишда, саналарнинг ёзилишида, айрим лотин ёзувидаги сўзларнинг транслитерация қоидаларига умуман мос келмаслиги эътиборга олинмаганлиги каби ҳолатларда юзага келади.

  • Веб-сайтлардаги лотин ёзуви билан боғлиқ имло хатоларининг сабаблари одатда қуйидагилардан бири ёки бир нечтаси бўлади:
  • Матн муаллифи лотин алифбосини яхши билмайди ва бу ҳарфларнинг айнан тўғри ёзилишидан хабари йўқ;
  • Матн муаллифи транслитерация қилувчи дастур ёрдамида кириллдан лотинга ўтказилган матнни қайта таҳрирлаб чиқмайди;

Windows операцион тизими билан тақдим қилинадиган ўзбек лотин алифбоси учун клавиатура тугмалари тартибида ушбу юқорига ва пастга қараган вергул кўринишидаги символлар мавжуд бўлмаганлиги учун матн муаллифи уларни қандай киритишни билмасдан, клавиатурадаги инглизча тугмалар тартибидан фойдаланиб қўя қолади.

Ечим. Юқорида санаб ўтилган муаммолардан биринчи икки муаммо албатта матн муаллифининг ўз саводлилик даражаси, лотин ёзувининг имло қоидаларидан қанчалик хабардорлигига боғлиқ. Бунда албатта сайт контент менеджерининг ўз устида ишлаши, имло қоидалари бўйича билимини ошириши керак бўлади.

Учинчи муаммонинг ечими эса, унчалик қийин эмас. Дарҳақиқат, Windows операцион тизими билан тақдим қилинадиган ўзбек лотин алифбоси асосидаги клавиатура тугмалари тартибида Оʻ - оʻ ва Gʻ - gʻ ҳарфлари ва тутуқ белгисининг ёзилиши учун зарур бўлган юқорига ва пастга қараган вергул кўринишидаги символларнинг мавжуд эмаслиги уларни киритишда қийинчилик туғдиради.

Уларни веб-саҳифага чиқариш учун HTML гиперматнли таҳрирлаш тилининг махсус символларидан фойдаланиш мумкин: - &lsquо; (Оʻ - оʻ ва Gʻ - gʻ ҳарфлари учун) вa - &rsquо; (тутуқ белгиси учун). Лекин, веб-саҳифаларни код кўринишида эмас, балки визуал таҳрирлаётганда HTML гиперматнли таҳрирлаш тилининг махсус символларини киритиш ноқулайлик туғдиради.

Одатда кўпчилик ўзига қулай бўлган матн муҳарририда матнни инглиз ҳарфлари билан ёзиб олиб, сўнгра аввал Оʻ - оʻ ва Gʻ - gʻ ҳарфларини, сўнгра тутуқ белгисини автомат тарзда алмаштириш йўли билан тўғрилаб чиқади. Бу эса, албатта, жуда ноқулай.

Агар, бу муаммоли символларни матнни ёзаётган вақтингизда биратўла тўғри киритмоқчи бўлсангиз, унда ўзбек лотин алифбоси учун мослаштирилган клавиатура тугмалари тартиби керак бўлади. Сиз ўқиётган ушбу мақолани ёзишда ҳам айнан шу тугмалар тартибидан фойдаланилган.

Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...  

6-расм. Ўзбек лотин алифбоси учун клавиатура тугмалари тартиби.

Шрифтлар муаммоси

Муаммо. Айрим ҳолларда сайт саҳифаларида имло хатоларига йўл қўйилмаган бўлсада, нотўғри танланган шрифт туфайли матнлар яхши кўринмайди. Ушбу муаммолар қаторига қуйидагиларни кўрсатиш мумкин:

  1. Internet Explorer браузерининг 6-верисиясида (IE 6) кирилл ёзувидаги матнларда Ққ, Ғғ ва Ҳҳ ҳарфларининг ўрнига тўртбурчаклар чиқиб қолиши.
  2. Оʻ - оʻ ва Gʻ - gʻ ҳарфлари ва тутуқ белгисининг нотўғри кўриниши.

Ечим. Verdana шрифтидан фойдаланманг! Ҳа, айнан шу шрифтдан фойдаланиш оқибатида кирилл алифбосидаги - Ққ, Ғғ ва Ҳҳ ҳарфлари IE 6да тўғри кўринмайди. Албатта, IE 6 бундан 8 - 10 йил олдин чиққанлигини, унинг ўрнини аллақачон янги, замонавий браузерлар эгаллаётганлигини эътиборга олган ҳолда бу муаммони унчалик муҳим эмас, деб қарашимиз мумкин эди, лекин Verdana шрифтида лотин ёзувидаги Оʻ - оʻ ва Gʻ - gʻ ҳарфлари ва тутуқ белгиси ҳам нотўғри кўринади. Бундай ҳолда янги браузердан фойдаланиш ҳам ёрдам бермайди.

Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...  

7-расм. Вердана шрифтида лотин ёзувидаги Оʻ - оʻ ва Gʻ - gʻ ҳарфлари ва тутуқ белгисининг нотўғри кўриниши

Ўзбек тилидаги веб-сайтларда Arial, Helvetica, sans-serif yoki Times New Roman, Times, serif шрифт кетма-кетликларини ишлатиш тавсия қилинади.

Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...  

8-расм. Arial шрифти қўлланилганидан сўнг 7-расмда кўрсатилган саҳифанинг кўриниши

Тилларнинг ва алифболарнинг аралаш қўлланилиши

Муаммо. Сайтда турли тилларнинг ва алифболарнинг аралаш қўлланилиши нафақат фойдаланувчи учун ноқулайлик туғдиради, балки сайтга бўлган салбий муносабатни ҳам уйғотади. Одатда ташлаб қўйилган, қўл учида ёки эътиборсизлик билан яратилган сайтларда бу ҳолатни кўп учратиш мумкин.

Бундай сайтлар қаторида Ўзбекистон Республикасида таълим портали – edu.uz (9-расм), Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази портали – markaz.uz (10-расм) каби аслида саводли ёзилган матнлар билан бошқаларга ўрнак бўлиши керак бўлган веб-сайтларни учратиш жуда ачинарли ҳолат.

Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...  

9-расм. Ўзбекистон Республикасида таълим порталида турли тилларнинг аралаш қўлланилиши

Ўзнетда саводсизлик муаммолари ёки ...  

10-расм. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази порталида турли алифболарнинг аралаш қўлланилиши ва имло хатолар.

Ечим. Нима ҳам дейиш мумкин? Бундай ҳолатларда веб-сайт учун масъул кишилардан ўз ишларининг натижасига эътибор ва масъулият билан ёндашишлари талаб қилинади холос. Матнларни тўғри киритиш, турли техник томондан юзага келиши мумкин бўлган муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида эса юқорида батафсил тўхталиб ўтдик.

Хулоса. Гувоҳи бўлиб турганингиздек, веб-сайтларда одатда учрайдиган саводсизлик кўринишларини бартараф қилишнинг техник томонлари унчалик қийин эмас. Лекин, асосий масала бу маслаҳатларга веб-сайтлар ижодкорларининг қанчалик амал қилишларидадир.

Агар сайт ижодкорлари тақдим қилинаётган матннинг мақолада кўрсатиб ўтилган муаммолардан холи бўлишига алоҳида эътибор қаратмас эканлар, кўплаб янги ва қулай клавиатура тугмалари тартиби, ўзбекча ҳарфларни тўғри ифодаловчи шрифтлар, сон-саноқсиз имло хатоларни текширувчи дастурлар бўлсада бу муаммолар ўз долзарблигини йўқотмайди.

Шуни унутмаслик керакки, веб-сайт ўз ижодкорларининг Интернет тармоғидаги юзидир. Ундаги матннинг қанчалик эътибор билан тайёрланганлиги фойдаланувчиларга ҳам бўлган эътиборни кўрсатади.

Ушбу мавзуга оид “Бир ҳарф можароси ёхуд ғалати машҳурлар” номли мақола билан мана бу манзилда танишиб чиқишингиз мумкин.

Ушбу веб-сайт маъмури, мақолаларнинг муаллифи ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга ва оилангизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик, бахтли ҳаёт кечириш ҳамда бошлаган эзгу ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб,

Ҳурмат ва эҳтиром ила, Қобилжон Атаханов

P.S. Мақола Сизга манзур келган бўлса, илтимос, қуйидаги тугмалардан бирини босиб яқинларингиз билан ўртоқлашинг! Агар мақолага муносабат билдириб, ўз шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан. Олдиндан ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан!

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Интернетда пул ишлаш сирлари. Биринчи қисм.

Интернетда пул ишлаш сирлари. Биринчи қисм.

Глобал тармоқдан доимий равишда даромад орттириш Ассалому алайкум, муҳтарам ва азиз меҳмонлар ҳамда блог муҳлислари! …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *