Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » ФАН-ТАЪЛИМ » Углерод - ҳаёт элементи

Углерод - ҳаёт элементи

Табиий ҳолдаги углероднинг ҳар бир атоми тўртта бошқа углерод атомлари билан мустаҳкам боғланган бўлади. Ўша тўртта атомнинг ҳар бири ҳам яна тўртта атомга маҳкам боғланиши мумкин. Шу тариқа, барча углерод атомлари бир-бири билан жуда мустаҳкам боғланиш ҳосил қилади.

Бундай боғларни узишга ҳам улашга ҳам муайян жиддий куч сарфлаш керак бўлади. Шу сабабли ҳам углерод одатий шароитларда қаттиқ ҳолда бўлади. Углерод қип-қизариб кетгунча қиздирганда ҳам у қаттиқлигича қолаверади. Лекин, уни ҳам барибир суюқ кўринишга келтириш мумкин. Бунинг учун 3500 °C ҳарорат керак бўлади. Кимёвий элементлар ичида энг юқори эриш ҳароратига эга бўлган элемент айнан углероддир.

Агар сиз кўмирни кўрган бўлсангиз, демак углеродни ҳам кўрибсиз. Углерод сўзи деярли барча тилларда кўмир сўзидан келиб чиққан. Ўзбек тилига рус тилидан кириб келган "углерод" терминининг маъноси "кўмир туғдирувчи" дегани бўлади. Инглиз тилидаги углерод - cарбон сўзи ҳам лотин тилидаги кўмир маъносини билдиради.

Биласизки, кўмир - қоп-қора, қаттиқ модда. У ёнади, лекин анча мўрт бўлади ва осон синади ҳамда бўлакланади. Бу нарса одамзотга жуда қадимдан бери маълум. Албатта, кўмирни ўт олдириш осон юмуш эмас ва буни уддалаш учун одамдан анча уқув керак бўлади. Шу сабабли ҳам одамлар узоқ асрлар мобайнида ёнилғи сифатида фақат ўтиндан фойдаланишган. Ўтинни ўрмон ва чангалзордан териш ва ёндириш осонроқ бўлган. Кўмирни эса аввал топиш ва кавлаб олиш керак эди.

Фақат сўнгги икки аср мобайнидагина кўмир уйларни иситиш, металлургияда қўллаш, электр энергияси ишлаб чиқариш ва бошқа саноат ва маиший мақсадлари учун ёнилғи сифатида кенг қўлланила бошлади. Кўмирни саноатда асосий ёқилғи сифатида қўллашнинг энг чўққига чиққан пайти 1900-йилга тўғри келади. Кейин эса асосий ёқилғи мақомини сайёрамизда нефт ва газ эгаллади.

Ҳозирдан айтиш мумкинки, нефт ва газ энергетикаси ҳам узоқ муддат асосий мақомда тура олмайди. Чунки, ушбу ёқилғи турларининг захиралари чегараланган. Шу сабабли, яқин келажакда энди инсоният учун асосий энергия манбаи - қазилма ёқилғилар эмас, балки, атом энергетикаси бўлиши кутилмоқда. Умуман олганда, ҳозирнинг ўзида жаҳоннинг йирик ривожланган иқтисодиётлари ва саноат қувватлари атом энергетикасига таяниб фаолият юритмоқда.

Лекин, шундай бўлса-да, ҳозирда ҳам кўмирнинг саноат ва хўжалик учун аҳамиятини ҳеч қанақасига паст баҳолаб бўлмайди. Чунки, пўлат ишлаб чиқаришда темир ва углерод мутаносиблигини таъминлаш учун кўмирдан бошқа оптимал углерод манбаи ҳали топилмаган. Шу сабабли ҳам, ҳатто ХХI-асрда ҳам шахтёрларнинг арзимаган 1-2 кунлик иш ташлаши, металлургия ва унга ёндош соҳаларда катта муаммоларни келтириб чиқаради.

Кўмир - органик моддадир. Яъни, кўмир таркибидаги атомлар қачонлардир тирик организмлар таркибида бўлган. Барча тирик организмларнинг танасида албатта муайян салмоқли миқдорда углерод бўлади. Одам танаси ҳам тахминан 10% углероддан иборат. Ўсимликлар ҳам, худди бошқа тирик организмлар сингари асосан (99% гача) асосан тўрт хил элемент атомларидан - углерод, водород, азот ва кислороддан иборат бўлади. Ботқоқлик ҳудудларида ўсган ўсимликлар қуриганида, улар асосан сувга тушади ёки сув остида қолади ва шу сабабли, жуда секин парчаланади.

Натижада унинг танасини ташкил қилган мураккаб углерод-водород-кислород-азот комбинацияли молекулалар жуда секинлик билан, нисбатан содда тузилишга эга таркибий қисмларга - оддий молекулаларга парчаланади. Оддий молекулалар эса аммиак ёки азот сингари газлар, ёки, сув сингари суюқликлар бўлиши мумкин. Ушбу моддалар чириётган ўсимлик танасини тарк этади, яъни азот, водород ва кислород ўсимлик танасидан чиқиб кетади.

Углерод молекулаларининг бир қисми ҳам оддий молекулалар кўринишида ўсимликни тарк этади. Лекин, ўсимлик танасидаги углерод молекулаларининг катта қисми барибир ўз жойида қолади. Шу тариқа, чириётган ўсимлик танаси йиллар ўтган сари фақат ва фақат соф углероддан иборат бўлиб боради. Масалан, қуриган ўтин 50% гача углероддан иборат бўлади.

Қуриш жараёнининг илк босқичларида у даставвал 60% гача углероддан иборат бўлган торф моддасига айланади. Масалан, Ирландиянинг ботқоқ ерларида ҳали ҳам жуда катта миқдорда торф мавжуд. Ирландлар ботқоқни атайлаб қуритиб, ичидан торфни ажратиб олиб ёнилғи сифатида ишлатишади. Торф муттасил ботқоқ, тупроқ ва балчиқ тагида қолиб кетса, унинг чириш жараёни янада секинлашади, лекин тўхтаб қолмай барибир давом этаверади. Натижада, миллионлаб йиллардан кейин бундай торфда углерод миқдори 67% гача етади ва у қўнғир кўмирга айланади.

Қўнғир кўмирнинг энг қоп-қора ва энг қаттиқ шаклини гагат дейилади. Гагатни меъморчиликда безак элементи сифатида декорациялар учун ҳам қўлланган пайтлар бўлган. Лекин ҳозирда гагат деярли қурилишда ишлатилмайди ва уни ҳам кўмир тарзида ёқиб юборилади.

Қўнғир кўмир ҳам ер остида қолишда давом этиб, чириш жараёни яна давом этса, ундаги углерод миқдори борган сари ошиб боради ва яна маълум вақт (миллионлаб йил) ўтгач, у тошкўмирга айланади. Тошкўмир 88% гача углерод атомларидан иборат бўлади. Мазкур жараён 95% углерод атомларидан иборат антратсит ҳосил бўлиши билан якунланади.

Ўтиннинг яхши ёниши сабаби ҳам унда углерод кўплиги туфайлидир. Ёндирилган ўтиндаги мураккаб молекулалар қизиш жараёнида газ ҳолатида учиб кетади ва улар йўл-йўлакай, ёнишга ёрдам беради. Ўтин ёрқин сариқ олов ҳосил қилиб ёнади. Кўмир ер остида ҳосил бўлганлиги учун, унда учувчан газлар деярли бўлмайди. Кўмирни ёндириш қийин бўлгани билан, лекин уни ёқиб олинса, олинадиган иссиқлик ўтинникидан кучлироқ бўлади. Ярим килограмм кўмир берадиган иссиқлик миқдори, ярим килограмм ўтинникидан анча кучли бўлади.

Антратситнинг олови эса деярли ис ва тутун чиқармайди. Тошкўмирда эса углероддан бошқа элемент атомлари ҳам муайян миқдорда мавжуд бўлгани учун, тошкўмир ёнганида айнан ўшалар тутун ва ис ҳосил қилиб чиқади. Тошкўмирни уй шароитида ёқилса, унинг тутуни нафас билан бирга одам танасига тушиши мумкин ва бу жуда хавфли. Шу сабабли ҳам маиший иситиш учун имкон қадар антратситдан фойдаланган маъқул.

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Буюмлар интернети - бу нима дегани ўзи?

Инсоният ўз тарихида учта ахборот инқилобини амалга оширган. Биринчиси - ёзувнинг кашф этилиши бўлган бўлса, …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *