Последние новости
Домой » МУТОЛАА » Ҳажвиётнинг йил якунлари

Ҳажвиётнинг йил якунлари

ТУШУНТИРИШ ХАТИ

бош муҳаррирга

Ҳажвиётнинг йил якунлари

Ушбу йилнинг 13 март куни ишдан барвақт кетиб қолганим, меҳнат интизомини бузганим учун, “Тушунтириш хати” ёзсин, чора кўрамиз”, дебсиз. Шунга кўра қуйидагиларни батафсил баён қилишни ўзимнинг ходимлик бурчим деб билдим:

Уч-тўрт кун олдин Ёзувчилар уюшмасида йил  позасининг якунлари бўйича йиғин бўлади, деб гапни эшитиб қолдим. У-бу нарса қоралаб турганим учун, “Ўх! Мана мен деган ёзувчилар, танқидчилар бўлади. Бир йилда яратилган асарларнинг сараланади, пучаги пучакка чиқарилади, борса бўлар экан”, дедим. “Муштум”нинг масъул котиби Бахтиёр Олломурод ҳажвиётимизнинг йил якунлари ҳақида маъруза қиларкан”, деган хабарни эшитганимдан кейин, жойимда ўтиролмай қолдим: “Ҳажвиётимиз биринчи марта муҳокамага қўйилибди. Ҳажвчиларга ҳам кун туғибди. Тортишувлар, бизбоп гаплар бўлади, бориш керак!” деган хаёллар билан Ёзувчилар уюшмасига ҳовлиқиб жўнаворибман.

 Йиғин хонасига кириб бўйлайман: бугунги прозамизнинг етакчилари Эркин Аъзам, Нурали Қобул қани?  Ҳажвиётимизнинг устуни, устоз Анвар Обиджон кўринмайди? Прозамизнинг йиллик муҳокамаси бўляпти тенгсиз танқидчимиз  Умарали Норматов ё Қозоқбой Йўлдошев бордир ҳеч йўқ? Бугунги насримизнинг пешқадамлари Назар Эшонқул, Наби Жалолиддин, Исажон Султонлар наҳотки шундайин муҳим йиғинга вақт тополмаган? Бирортаси йўқ-да!

– Эй, укажон, бормисиз? – отангни ҳам танимай танқид қиладиган адабиётшунос олим Сувонқул ака Мелиев билагимдан тутди. – Кепсиз-да! Мениям таклиф қилишганди, келдим.

Эллик чоғли одам тўридаги креслоларга тикилиб ярим соатча ўтирдик. “Келяптилар, келяптилар!” деган шивир-шивир эшитилди. Аммо келаётганлардан олдин, пахта гулли икки чойнакда чой билан, саккизта пиёла кириб келди. Рисолатхон деган синглимиз бор экан, у пиёлларни обдон артиб, чойни қайтаришни бошлади. Ниҳоят уюшма раиси Муҳаммад Али кириб келди. Вужудим қулоққа айланди:

– Президентимизнинг адабиётга кўрсатаётган эътиборини кўриб турибсизлар! – Муҳаммад Али ўтирган хонамизга ишора қилди. – Мана шу биноларнинг ҳаммаси  муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида бунёд этилди. Бунақа эътибор, кейинги саксон беш йил ичида бўлмаганди! Хоналар шунақанги кўпки, хонамни тополмай қоляпман! Сўраб, сўраб хонамни топяпман! Бундай эътиборга қандай жовоб беришимиз керак?  Ана шу саволга жавоб тополмай, кечалари кўзимга уйқу келмайди! Тоғларни талқон қилишимиз керакми? Ё чўлларни обод? Мен ҳаммасига таёрман! Бугун... – раисимиз бир дам сукут сақлаб, қўлидаги қоғозни ўқишга киришди.

– Раисимиз йиғилишга “роса” тайёргарлик кўриб келганга ўхшайди! – Сувонқул ака қулоғимга шивирлади.

– Ёзувчи Исажон Султоновнинг асари Швецарияда ўтказилган танловда ғолиблар қаторида қайд қилинди, – Муҳаммад Али сўзида давом этди. – Бу Исажон Султоннинг эмас, бутун адабиётимизнинг ютуғи. Буни – менинг ютуғим деб қувонишимиз керак. Кейин, ҳалиги, қизимиз бор эди... Ким эди? – у ўтирган қизларни саволга тутди. –  “Ёшлик”да ҳикоялари чиққан... Тўпламини кўрдим. Журналда “Ёшлик”да чиққан ҳикояларини қўшмабди, айтиб қўйинглар, яхши ҳикоялар эди... Президентимиз Томдига бориб келишди! Ким борган Томдига? Ҳеч ким! Самарқандга борганимда иккита уюшмамиз аъзосини Томдига жўнатдим. Амалга оширилаётган ишларни ёзиб келади... Китоб қиламиз. Ана шулар ҳақида ёзиш керак. Нақшбандий ҳақида китоб керак дейишяпти? Ким ёзади уни? 100 миллион сўм пул берамиз дейишяпти, яна қалам ҳақи... Керак бўлса 100 минг, яна 100 минг нусхада чиқарамиз... Кейин бунақа йиғинларга вилоятлардаги ижодкорларни ҳам таклиф қилиш керак. Келишсин, йўлкираларини қилиб берамиз...

“Нима гаплар бўляпти ўзи?”

Бу  йиғиннинг кириш қисми бўлса керак, асосий гапларни энди бошлайди, деб турсам:

– Мени зарур ишларим бор, бу ёғини давом эттираверасизлар! Кейин ўқиб оламан... – деб эшикдан чиқиб кетди.

Бошқа гаплар қулоғимга кирмади.

– Ие! 2017 йил ўзбек прозаси ҳақидаги гаплар қани? Уюшма раисига ўтган йилда адабиётимиз эришган ютуқ ва камчиликлар ҳақидаги йиғиндан ҳам кўра муҳим иш бўлиши мумкинми?

– Нега бир жойда депсиниб турибмиз, муҳокама қилиб, тегишли чоралар белгиламайдими?

– Ижодкорлар йилда бир тўпланибди, дардларини янги қурилган бинога айтадими?

– Мен кўрмоқчи бўлган танқидчилар, ёзувчилар шунинг учун бундай йиғинлардан қадамини узгандир?

Ана шунақа саволлардан бошим ғовлаб, уйга жўнаворибман. Газета чиқадиган кун эканлиги ҳам ёдимдан кўтарилибди. Шуларни ҳисобга олиб, мени бир бора кечиришингизи сўрайман.

Бундан кейин бундай йиғинларга умуман бормайман деб сизга сўз бераман.

Имзо қўйдим: Саид АНВАР

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

ОХИРАТ ДУНЁСИГА БЕПИСАНДЛИК МЎМИНГА ЯРАШМАС

ОХИРАТ ДУНЁСИГА БЕПИСАНДЛИК МЎМИНГА ЯРАШМАС Ҳеч шубҳа йўқки, ҳар бир инсоннинг сўнгги борар асл ва …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *