Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » ИЖТИМОИЙ СОҲА » ОХИРАТ ДУНЁСИГА БЕПИСАНДЛИК МЎМИНГА ЯРАШМАС

ОХИРАТ ДУНЁСИГА БЕПИСАНДЛИК МЎМИНГА ЯРАШМАС

ОХИРАТ ДУНЁСИГА БЕПИСАНДЛИК МЎМИНГА ЯРАШМАС

Ҳеч шубҳа йўқки, ҳар бир инсоннинг сўнгги борар асл ва муносиб манзили қабристондир. Ҳақиқатки, ушбу манзилдан қўним топиш ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Маълумки, инсонларнинг сўнгги қўним топган манзиллари азал-азалдан асраб-авайлаб, қадрланиб келинган. Муқаддас ислом динимиз таълимотларида бу борада алоҳида кўрсатмалар мавжуд. Ҳатто, қабр ишига доир махсус китоблар ёзилган, йирик асарларда бу мавзуда алоҳида бўлимлар ажратилган.

Зотан, дафн иши, қабр аҳлини зиёрат қилиб, ҳақларига дуо айлаш, ён атрофларини асраб-авайлаш ажри улуғ амал бўлиши билан бир қаторда юксак маънавий озуқа ҳамдир.

Топшириқ эмас, илтимос...

Муҳтарам Юртбошимиз 2018 йил 5 январь куни Тошкент вилоятига қилган ташрифларининг биринчи кунида “Зангиота” зиёратгоҳида бўлиб, бу ерда ўтган улуғларимиз, буюк алломаларимиз ёд этилди. Уларнинг ҳақларига Қуръон тиловати ила дуолар қилинди.

Ушбу ташриф давомида Юртбошимиз “Аждодларимиз, ота-оналаримиз, умуман олганда ўтганларимизга ҳурмат бажо келтириш, уларнинг қабрларини обод қилиш ҳар биримизнинг вазифамиздир”, дея таъкидладилар.

Сўзлари давомида бу масалада амалга оширилиши керак бўлган ишларни баён этиб, мавзу юзасидан аҳолига Президент талаби эмас, аксинча, илтимосномаси сифатида мурожаат қилинишини сўрадилар.

Ҳа, Президент илтимосномаси...

Тўғрида. Бу масалада топшириқ виждонини йўқотган, тўғрироғи, ундан воз кечган инсонлар учунгина берилиши мумкин...

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд ТОИРнинг қалб сўзларига муносабат

“Тошкент ҳақиқати” газетасининг 2018 йил 17 январдаги 5-сонида Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир томонидан ёзилган мақола, яъни ундаги ҳақиқатлар бугун кенг жамоатчилик орасида ўз таъсир кучини кўрсатмоқда, десак янглишмаймиз.

Мақолада келтирилган қабристон қоровулининг сўзларига диққатингизни чорламоқчимиз:

“Оқсоқолимиз Орифжон ака ўн йиллардан бери қабристонга қадам қўймайдиган айрим хонадон эгаларини: “Қабристонда ҳашар уюштираяпмиз, илтимос, келиб ота-онангиз қабрини тозалашда ёрдам беринг”, деган мазмунда таклифнома юбориб ҳам келтира олмадилар...

Бундай инсонларга тегишли қабрларни имкон қадар ўзимиз тозалаяпмиз...

Баъзилар ота-онаси қабрига йиллаб келмагани, қабрлар чўкиб, хас-хашак остида қолиб кетгани боис гўрковдан жабрдийдаларининг қабрини топиб беришни сўрашади...

Бу даражадаги шармандаликка қандай чидаш мумкин?!”.

Аминмизки, бу сўзлар қуруқ жилоли сўзлар эмас... Афсуски, барчаси ҳаётий воқелик...

Кимнинг ҳаёти...

Афсуски, сизу бизнинг ҳаётимиз...

Амалий ишлар қилинмоқда, аммо етарли эмас

Яқинда вилоятимиз ҳокими Ғуломжон Ибрагимов бошчилигида барча туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, таълим муассасалари мураббийлари ҳамда имом-хатиблар иштирокида селектор мажлиси ташкил этилиб, кун тартибида икки масала муҳокама этилди.

Улардан бири жиноятчиликнинг олдини олиш бўлса, иккинчиси қабристонларни ободонлаштириш, аниқроқ айтганда, уларни аянчли ҳолатдан қутқариш масаласи бўлди.

Ҳурматли ҳокимимиз томонидан бу икки масала борасида хўп ва кўп чиройли сўзлар айтилди, лозим кўрсатма ва тавсиялар берилиб, вазифалар белгилаб олинди.

Уларнинг натижасига ўтган шанба ва якшанба кунлари шоҳид бўлдик. Бироқ, бу натижаларни қониқарли, деб бўлмайди. Ҳали бу борада яна кўплаб ишларни амалга оширмоғимиз ва мунтазамликка ўрганмоғимиз лозим.

Нега “тўрт кўз”, “кўзлари тўрт” деймиз?

Қанақасига тўрт кўз...

Халқимизнинг ажиб бир сўзлари бор:

“Сени кўзим тўрт бўлиб, интизор кутдим...”.

Мана шундай тўрт кўзли инсоннинг ҳолини тасаввур қилиб кўрганмисиз... Бир тасаввур қилиб кўринг-а...

... Уни қандай ҳолда кўрдингиз?

Аслида сизу бизнинг қарашларимиз унинг юздан бир ҳолатини ҳам тасаввур қила олмайди...

Ҳа, ғариб (“ғариб” арабча сўз бўлиб, яқинларидан йироқда, айрилиқда қолган инсонга нисбатан ишлатилади) инсон яқинлари дийдорини қаттиқ соғингач, ҳар томон қарайвериб, интизорликдан кўзлари тўрт бўлиб қолар экан. Яъни, унинг нигоҳлари тўрт томонга жавдираб, соғинганларини интизор ва тўхтовсиз умид билан кутаверар экан.

Шу жойда ўзимизга, ҳа-ҳа – ҳар жойда “Фалончи-ю, пистончи”, дея танилаётган ёки таърифланаётган ўзимизга бир ҳақли савол бериб кўрайлик:

Қабристонда ғариб бўлиб ётган Отам, Онам, Жигарларим мени кўзлари тўрт бўлиб кутмоқда... Умидлари сўниб бормоқда, гўё...

Мен уларни зиёратига бордимми? Қачон?

Уларни зиёрат айлаб, ҳақларига дуо қилиш, атрофларида кўп эмас, атиги 10-15 дақиқа ҳозир бўлиш учун вақт ажрата билдимми?. Қачон?

“Ишим кўп, зарур” деймиз-у, телевизор қаршисида соатлаб сериал томошаси учун оғринмай вақт ажратамиз...

Сўлим жойларда кунлаб ҳордиқ чиқариш учун қизғанмай вақт топамиз, таътилга ҳам чиқамиз...

Аммо...

Хулоса ўзимизда қолди...

Қайтар дунё

Ҳеч кимга сир эмас, барча ота-бобо ва она-момоларимиз, яна кимларимизнинг ака-ука, опа-сингил, умр йўлдош ва фарзандлари қўним топган қабрлари ҳамда ён атрофларини озода, эътиборли ва зиёратли, деб бўлмайди.

Айримларининг аянчли ҳолатларини кўриб, бир савол туғилади: “Фарзандлар тарбияси, уй-жой озодалиги, умр йўлдоши хизмати йўлида ҳар кун эмас, ҳар он жон куйдириб, жон бериб яшаган, уларнинг бахтини сўраб Яратганга илтижолар айлаган бу Инсон учун наҳотки унинг икки газли майдонидан ҳафтада бир бор бўлсада хабар олувчи, ҳақларига дуолар қилиб, қабри атрофини тозалаб қўювчи бир тирик жон топилмаса?!

Ўлдинг, кетдинг – тамом бўлдинг, дегани эмас-ку, ахир!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Улуғ ва азиз бўлган Аллоҳ бандасининг даражасини (вафотидан сўнг ҳам) юксалтириб туради. Шунада у: “Эй Раббим, бу даража менга қаердан келди?”, дея мурожаат қилганида, Аллоҳ таоло унга: “Болангнинг Сенга қилган дуоси туфайли”, деб жавоб беради”.

Хулоса қилиш мумкинки, фарзандлар, яқин қариндошлар ўтганларининг ҳақларига доимо дуо қилиб туришлари лозим экан. Фарзанднинг дуоси билан ўтган ота-она ва бошқа яқинларнинг даражаси кўтарилар экан. Ҳатто, Аллоҳ таоло уларга раҳматини зиёда қилиб, мағфират этар экан. Натижада ўтганларнинг руҳи ортдагиларидан шод ва рози бўлар экан.

Фақат, қачон?

Қачон-ки, фарзанд уларни зиёрат айлаб, ҳақларига дуо айласа.

Бунинг учун ўзимизга савол бермоғимиз керак: “Менинг отам ёки онам бошқалар ота-онаси олдида даража юксалишида қуйида қолиб кетмадими? Ўзи қачон бир астойдил дуо қилдим?”, дея.

Бу саволга жавобни биров учун эмас, фақат ва фақат ўзимиз учун ахтармоғимиз керак.

Буни қайтар дунё, дейдилар биродар...

Чалғимайлик!

Насиб этиб, кексайганимизда фарзандларимиз биз учун қанчалар керак бўлса, вақти етиб бу дунёни тарк этганимизда унданда кўпроқ керак бўладилар. Тўғрироғи, уларнинг зиёрати ва дуолари...

Қуйидаги ҳақли ва муҳим саволларга ўзимиздан бир жавоб ахтариб кўрайлик:

Ҳақли савол:

– Ота-онам қайси санада туғилганлар?

– Улар қачон вафот этилдилар?

– Қабрларини ўз уйимни топгандек ахтармасдан топа оламан-ми?

– Қачон зиёратларига бордим?

– Қачон фикримни жамлаб, Қуръони каримдан икки сурани гўзал тарзда тиловат қилиб, ҳақларига дуо қилдим?

– Аввало, дуо қилиш, Қуръон ўқишни биламан-ми?

Муҳим савол:

– Қачон оилам, фарзандларимни етаклаб ота-онам қабрлари бошига олиб бордим?

– Қачон уларга “Мана бу раҳматли отам, мана буниси эса раҳматли онам, яъни, бобо ва момоларингизнинг қабрлари бўлади”, дея таништириб, уларнинг ҳаётлари ҳақида икки оғиз ҳикоя қилиб бердим?

Энг муҳим савол:

– Қачон рафиқам ва фарзандларимни етаклаб, турмуш ўртоғимнинг ота-оналари – қайнота ва қайнонамнинг қабрлари бошига олиб бордим?

– Қачон уларга “Мана бу онангизнинг раҳматли оталари, мана буниси эса онангизнинг раҳматли оналари, яъни, бобо ва момоларингизнинг қабрлари бўлади”, дея таништириб, уларнинг ҳаётлари ҳақида икки оғиз ҳикоя қилиб бердим?

Бу саволга ҳам жавобни биров учун эмас, фақат ва фақат ўзимиз учун ахтарайлик!

Сохта ва алдамчи жавоблар бизни чалғитмасин!!!

Зиёрат – ўзни тарбиялаш, демакдир

Орамизда қабрдан қўрқувчи ёки қўрқитувчилар, унинг олдидан ўтишга, унга яқин боришга ўзида куч тополмайдиганлар йўқ эмас.

Улуғларимиз қабр аҳлини “Индамаслар олами”, дея таърифлаганлар. Қолаверса, доно халқимизда “Ўликдан эмас, тирикдан қўрқ!”, деган нақл ҳам бор.

Аслида қабристон дахшатли манзил эмас. У ўтганларимиз учун бир манзил бўлса, сизу биз – тириклар учун руҳий тарбия маскани ҳисобланади.

Шуни яхши билмоқ керакки, ислом шариати кўрсатмаларида қабристон аҳлини зиёрат қилиш ёки улар ҳаққига дуо қилиш борасида бирор бир таъқиқланган вақт мавжуд эмас.

Аслида бу зиёрат инсонга дунёнинг ортиқча ташвишларини унутишда, яхшилик сари юзланишда, ёмонлик, яъни жиноятчиликдан қутилишда ёрдам беради.

Маълумки, бугун жойларда ташкил этилаётган тадбирларнинг асосий қисми “Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш” мавзусига қаратилган. Нима учун кун сайин жиноятчилик деган бало кўпайиб бормоқда? Нима учун одамлар бунчалик бағритош ва қаҳри қаттиқ бўлиб бормоқда? Ҳатто, қотиллик жинояти ҳам оддий ҳолга айланиб қолса? Шунча тадбирлар, ислоҳотлар ва чоралар кўрилса-ю, натижа ижобий бўлмаса! Нима қилмоқ керак?

Муаммонинг сабабларидан бири – қабристонларни зиёрат қилмай қўйдик, охиратни эсга олмай қўйдик, маййитлар ҳолидан ибратланмай қўйдик. Натижада жиноятчилик ҳам оддий ҳолга айланиб улугурди.

Биз бу борада ёшларни ота-бобо ва она-момоларимизнинг ибратли ҳаёт мактабига, ўз навбатида, қабрлари зиёратига ўргатмай туриб, натижага тўлиқ эриша олмаймиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди қабрларни зиёрат қилаверинглар. Чунки, у сизларга охиратни эслатади”. (Имом Термизий ривояти.)

Яна бир ривоятда “Чунки у қалбни юмшатади, кўзни ёшлатади ва охиратни эслатади”, дейилган.

Даставвал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдилар. Боиси, жоҳилият даврида қабрларга сиғиниш, уларга ибодат қилиш каби хурофотлар авж олиб кетган эди. Қавмга соф ислом эътиқоди ва қабрлар ҳақида етарлича тушунча берилганидан сўнг қабрлар зиёратига рухсат берилди ва уларни зиёрат қилишнинг асл мақсад ва самаралари баён этилди.

Табийки, қалби қаттиқ кишининг кўзига ёш келмайди. Бундай киши бошқаларга меҳр-шафқат кўрсатмайди. Демак, қабр зиёрати инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-мурувватни кучайтирувчи бепул ва самарали воситадир. Боиси, зиёратчи зиёрати орқали ўзлигини англайди. Дунёнинг ҳақиқатини онгли равишда тушуниб етади. Унинг чорловларига алданиб қолмайди.

Ҳа, зиёратчи қабрларни зиёрат қилиш орқали мазкур фазилатлардан баҳраманд бўлса, маййитлар зиёратчининг дуо ва истиғфорлари ҳамда тиловатлари савобидан баҳраманд бўладилар.

Демак, ота-оналар, жигарлар, мўмин-мусулмонлар ҳамда улуғ зотларнинг қабрларини юқорида айтилган фазилатларга эришиш ва уларнинг руҳларини шод этиш мақсадида зиёрат қилиб туриш иккинчи эмас, асосий даражали ишимиз бўлмоғи лозим.

Қабр зиёратига одатланган инсондан ёмонлик чиқмайди. У софдил ва олийжаноб инсонга айланади.

Аммо афсуски, халқимиз орасида ота-онаси тирик бўла туриб, уларни қадрламаётганлар, вафот этган бўлса, уларни қабрини зиёрат қилиб, ҳақларига тиловати Қуръон қилмаётганлар ҳам учраб турибди. Зеро, ҳеч ким бу ҳаётда абадий қолмайди, ҳамма ҳам бир кун вафот этиб, борадиган жойи қабристон бўлади.

Тириклигида ота-она ёки яқинларининг қадр-қимматини қилмаган, бироқ катта-катта харажатлар эвазига тўйхоналарда ош бериб ном қозонаётганлар, ўзлари ҳашаматли уйларда яшаб, марҳумларининг қабрини унутиб қўяётган одамларнинг кўпинча ҳеч кимга гап бермай оғизларини тўлдириб гапираётганларини кўриб таажжубланасан, киши. “Ном” чиқариш учун не-не ишларни қиладилару, аммо охират диёрини эслатувчи маконни унутиб қўядилар. Шундай бепарво ва лоқайд бўлишдан эҳтиёт бўлмоқ даркор.

Буларни биласиз-ми?

Қабристон шиори:

“Боқийлик Аллоҳ таолога хос. Ундан ўзгаси фано топгувчидир”.

Кейингиларнинг Аввалгилар олдидаги бурчи:

Улардан (яъни, мусулмонларнинг) кейин келганлари: “Эй Раббимиз, бизни ва биздан аввал имон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, қалбимизда имон келтирганларга нисбатан ғилли ғаш қўймагин, эй Раббимиз, албатта, Сен шафқатли ва меҳрибонсан”, дерлар”.

(“Ҳашр” сураси, 10-оят).

Зиёратга доир лозим илмлар:

Қабр аҳлидан мадад сўраш, сиғиниш жоиз эмас, булар ширк амал, балки уларнинг ҳаққига дуо қилиш лозим. Шунингдек, қабр аҳлига атаб назр қилиш, жонлиқ сўйиш, шам ёқиш, латта боғлаш каби ишлар имонга хатардир.

Қабристонга имкон қадар таҳоратли, муносиб кийимларда, пок ҳолда кирган афзал. Бу ҳам зиёрат одобидандир.

Қабристонга дабдаба билан, ясан-тусан қилиб кириш макруҳ. Чунки бу жой охиратни эслаш, хокисорлик изҳор этиш манзилидир.

Қабристонга шариатда беркитиш талаб қилинган жойларни тўсиб турадиган кийим билан кириш керак. Очиқ-сочиқ ҳолда кириш мумкин эмас.

Зиёрат чоғида қабрларни босманг, махсус йўлакдан юринг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“Бирор чўғ ё қилич устида юришим мен учун бир мусулмоннинг қабри устидан юришимдан яхшироқдир”.  (Ибн Можа ривояти.)

 

Қабр устига ўтириш дуруст эмас!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:

“Бирингизнинг бир чўғ устига ўтириб, кийими титилиб, терисигача етиб бориши унинг учун қабрга ўтирганидан яхшидир”. (Имом Муслим ривояти.)

Зиёратчи ўзи зиёрат қилмоқчи бўлган қабрга оёқ тарафидан келиб, қабрнинг ўнг тарафига туради ва қабрга юзланиб, қиблага орқа қилган ҳолда қабр эгасига салом беради ва тиловат қилади.

Зиёратни аввало ўтганларнинг катта ва улуғларидан бошлаш, уларнинг қабри олдига борганида уларга салом бериш одобдандир.

 

Қабр зиёратида ўқиш тавсия этилган суралар:

Қабр зиёратига келган киши “Мулк” сурасини ўқиса, яхши бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“У (яъни, “Мулк” сураси) ман қилувчидир. У нажот берувчидир. У қабр азобидан нажот беради, деганлар.

Қабр зиёратига келган кишига “Ихлос” сурасини 3 маротаба ўқиши ҳам тавсия этилган. Имконияти бўлса, “Ясин” сураси ва “Оят ал-Курсий”ни ўқиса, савоби кўп бўлади.

Қабр одида Қуръон ўқиганда тиловатни овоз чиқариб ўқиган афзал. Чунки, қабр аҳли ундан баҳра олади.

Зиёратчи дуо қилганда, Қуръон савобини ўз марҳумига бағишлаганда қабристон аҳлини ҳам унутмаслиги керак.

Зиёратчи қабр аҳлига Аллоҳдан мағфират сўрайди, хайрли дуолар қилади. Дуо қилганда қабр эгасидан эмас, балки қабр эгасининг ҳаққига Аллоҳ таолодан раҳмат ва мағфират сўрайди.

Қабр устидаги кўкариб турган ўсимлик, дов дарахт ва майсаларга тегилмайди, чунки уларнинг тасбеҳидан маййитга манфаат бор. Қуриганлари тозалаб олинади.

Қабрга белги қўйиш ҳақида

Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Исроф, дабдаба мумкин эмас. Белгидан мақсад – қабрни йўқотиб қўймаслик бўлиши керак, холос.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эмикдош биродарлари Усмон ибн Мазъуннинг бош томонига бир тош қўйиб, шундай дедилар:

“Бу (тош, белги) билан акамнинг қабрини белгилайман ва аҳлимдан ўлганларни унинг ёнига дафн қиламан”.

 

Азизлар!

Мухтасар айтганда, биз вилоятимиздаги барча қабристонларни намунали даражага олиб чиқиш, уларни мунтазам эътиборимиз тўрида сақлаш чораларини кўришимиз ва буни амалда исботлашимиз лозим!

Бу мавзуга яна қайтамиз.

 Хайрулла ТУРМАТОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Ҳажга бориш саёҳатми ёки...?

ҲАЖГА БОРИШ САЁҲАТ ЁКИ ОБРЎ ОРТТИРИШ ЭМАС Муқаддас динимиз ҳар бир неъматнинг қадрига етиб, улардан …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *