Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » ЖАМИЯТ » Аждодлар мероси ва миллий ғурур

Аждодлар мероси ва миллий ғурур

Ўзининг яхши фазилатлари билан халқ орасида обрў эътибор қозониб, ҳурмат ва эҳтиромга сазовор бўлган инсонни кўрсак, қалбимизда ғурур туйғуси жўш уриб, бу менинг юртдошим деб фахрланамиз. Қаддимизни баланд тутамиз.

Аксинча, ёмон иллатлар гирдобига тушиб қолган, эл юрт орасида иззат ҳурматини йўқотган кимсаларни кўрсак, у хоҳ яқин қариндошимиз бўлса ҳам, мулзам бўлиб қоламиз. Бошимиз ҳам бўлади. Айнан шу ҳолат қалбимизда ғурур туйғусини сўнишига олиб келади.

Савол туғилади. Инсон қалбида ғурур туйғусини уйғотишни нимадан бошлаш лозим? Авваломбор, буни туғилиб ўсган юрт тарих ва буюк аждодлар меросини чуқур ўрганишдан бошлаш лозим. Чунки, ўз юрти, аждодлари тарихини билмаган ва миллий қадриятларини унутган халқда миллий ғурур бўлмаганидек, насл-насаби, аждодлари кимлигини билмаган, унутган инсонда ҳам ғурур бўлмайди.

Шу боис, Президентимиз Шавкат Мирзиёев парламентга қилган Мурожаатномасида ҳам ушбу мавзуга алоҳида тўхталиб, “Буюк аллома ва адибларимиз, азиз-авлиёларимизнинг бебаҳо мероси, енгилмас саркарда ва арбобларимизнинг жасоратини ёшлар онгига сингдириш, уларда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз керак” деб уқтиради.

Дарҳақиқат, ёшларимизда айниқса жонажон Ватанимиз чегаралари дахлсизлиги, юрт тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаётган ҳарбий хизматчиларнинг ҳам онги тафаккурида ғурур туйғусини юксалтиришнинг энг самарали усулларидан бири - бу буюк аждодларимиз фаолияти ва жасорати ҳамда улар қолдирган бой маънавий мероси билан чуқурроқ таништиришдир.

Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Аскарлар, ҳарбий хизматчилар мамлакатимизнинг шонли тарихини, она заминимизда яшаб ўтган буюк қаҳрамонларимиз, саркарда ва қўмондонларимиз ҳаёти ва жасоратини чуқур билсагина, бундан қалбларида ғурур туяди, ҳаётда уларга ўхшашга интилади.

Мана, Амир Темур бобомиз билан ҳаммамиз фахрланамиз. Лекин, холисона айтганда, улуғ соҳибқироннинг “Тузуклари”ни қанча аскар ўқиган? Ёки буюк саркарда Жалолиддин Мангубердининг ҳаёти ва ҳарбий маҳорати ҳақида ҳам етарли билимга эгами? Ваҳоланки, буюк аждодларимизнинг ғалабалари, стратегия ва тактикаларини дунёдаги кўплаб ҳарбий мактаб ва академияларда бугун ҳам ўрганилмоқда”.

Шунинг учун давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев, ёш аскарлар ва курсантлар учун ҳарбий қасамёд қабул қилишдан аввал, албатта, Ўзбекистон тарихи фани ва “Темур тузуклари” китоби бўйича синов ўтказиш тартибини йўлга қўйиш кераклигини алоҳида қайд этди. Албатта, бу бежиз эмас.

Агар яқин ўтмишга назар ташласак, совет тузуми даврида юртимизни қарам мамлакатга, халқимизни эса боқиманда халққа айлантириш, миллий ғурурини сўндириш ва йўқотишга қаратилган сиёсат олиб борилганлигини гувоҳи бўлиш мумкин. Чунки, қалбида ғурур туйғуси йўқ халқни ҳам, инсонни ҳам енгиш ва бошқариш осон кечишини ўша давр “сиёсатдон”лари жуда чуқур англаган.

Айнан шу даврда, яъни қарамлик ва тобелик йилларида ватанимизнинг даҳо халоскорларидан бири, давлат бошқаруви соҳасида ўчмас из қолдирган Соҳибқирон Амир Темур бобомиз шахсиятини эслаш, улуғлаш имкониятидан маҳрум бўлиб яшадик.

Қолаверса, инсоният тарихида яшаб ўтган энг машҳур ҳукмдорлар ва саркардалар қаторидан жой олган Соҳибқирон Амир Темур ҳақида ҳақиқатни сўзлаш ва уни улуғлаш нафақат ўзбек халқининг, балки бошқа Ўрта Осиё халқлари онги-тафаккурида миллий руҳ ва миллий ғурурни уйғотиши, ҳамда мустаҳкамлаши мумкин эди.

Бундай ҳолат эса, ҳукмрон мафкура ва истибдод тузумининг сиёсатига ҳам, мақсадига ҳам зид эди. Юритилган бундай сиёсатнинг замирида эса - халқимиз қалбидан миллий туйғу, миллий ғурур ва ўзликни англаш ғояларини таг-томири билан йўқотиш мақсадлари яширинган эди.

Ваҳоланки, Амир Темур ҳазратлари ҳукмронлик қилган давр - аждодларимиз ҳаётида чинакам уйғониш даври, яъни миллий тикланиш ва миллий тараққиёт палласи бўлган эди. Буни чуқур англаб етиш учун, албатта улуғ аждодимиз ҳаёти ва фаолиятига бағишлаб ёзилган кўплаб тарихий манбалар қаторида, “Темур тузуклари”ни синчиклаб ўқиш ва мағзини чақиш лозим.

Чунки, Амир Темур бобомизнинг давлат бошқаруви борасидаги улкан салоҳияти, маҳорати, билим ва тажрибаларини ўрганишда, у барпо этган қудратли салтанатнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-мафкуравий асосларини англаб етишда айнан “Темур тузуклари” бебаҳо қўлланма бўлиб хизмат қилади.

Ушбу асарда баён этилган амаллар асрлар давомида катта синовдан ўтганлиги ва ҳаётийлигини исботлагани учун ҳам бутун дунё эътиборини тортиб келган ва ҳамон шундай бўлиб қолмоқда.

Шу боис ҳам “Темур тузуклари” дунёнинг кўплаб мамлакатларида таржима қилиниб, мустаҳкам давлат қуриш йўли ва бошқарувда нималарга эътибор қаратилиши соҳибқирон Амир Темур ўгитларига амал қилган ҳолда ўрганилиб, давлат ва жамият бошқарувида кенг фойдаланилган.

“Темур тузуклари”нинг 1830 йил инглиз, 1787 йил француз, 1863 йил форс, 1785 ва 1791 йилларда ҳинд, 1894,1934, 1992 ва 1999 йилларда рус тилларида чоп этилгани юқорида келтирилган фикримизни яққол тасдиқлайди.

Фикримизча, агар инсоният бундан етти аср аввал улуғ Соҳибқирон Амир Темур васият қилиб қолдирган ўгит ва насиҳатларга амал қилганда эди, бугунги кунда бутун дунё аҳлини хавотирга солаётган кўпгина таҳликали вазиятлар ва глобал муаммолар билан рўбарў келмас эди.

Бу борада германиялик профессор Клаус Пандер шундай фикр билдиради: “Ер юзида экологик танглик юзага келган, миллатлар ўртасида низолар кучайиб, ишлаб чиқариш самарадорлиги муттасил камайиб бораётган ҳозирги шароитда Амир Темур бўлганда эди, барча муаммолар ечим топарди”.

Европалик олимнинг бу юксак эътирофи ҳар биримизнинг қалбимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотиб, шу юртнинг фарзанди, шундай буюк зотнинг авлоди эканлигингдан фахрланиб кетасан, киши.

Маълумки, Амир Темур бобомиз келажак авлод ўқиб-ўрганиб, ҳаётга татбиқ этсин, деган мақсадда, қанча машаққатлар эвазига шундай буюк давлатни барпо қилганини, уни қандай сақлашликни, давлат ва жамият бошқарувида нималарга эътибор қаратиш лозимлигини ўз тузукларида ёзиб қолдирган.

Эътиборли томони шундаки, барча ўгит ва насиҳатларни Амир Темур “осмондан олиб эмас”, ўз ҳаётий тажрибасига таянган ҳолда баён қилган. Шу ўринда улуғ бобомиз Амир Темур ёзиб қолдирган қуйидаги васиятга мурожаат қилиш ўринли бўлади деб ўйлаймиз: “Ўғилларим! Миллатнинг улуғ мартабасини, саодатини сақламоқ учун, сизларга қолдираётган васият ва тузукларни яхши ўқинг, асло унутманг ва татбиқ этинг...

Афсуслар бўлсинким, Амир Темур вафотидан сўнг, у қолдирган васиятга тўлиқ амал қилинмади. Натижада, ўз даврининг буюк ва қудратли давлати дея эътироф этилган, Соҳибқирон бобомиз асос солган салтанат парокондаликка юз тутди.

Демоқчимизки, Амир Темур майда давлатларга бўлиниб кетган, тарқоқлик, ички урушлар ва адолатсизликлар ҳукм сурган Мовароуннаҳрни ягона давлатга бирлаштирган бўлса, унинг васиятларига амал қилинмаганлиги ва ҳаётга тўғри татбиқ этилмаганлиги туфайли, шундай буюк марказлашган давлат таназзулга юз тутди.

Аллоҳга беадад шукроналар бўлсинки, мустақиллик шарофати ва мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат туфайли халқимиз маънавиятида туб бурилиш юз берди... Амир Темур фаолиятига ва у қолдирган маънавий меросга адолат нуқтаи назаридан тўғри баҳо берилди.

Бугунги кунда ҳазрат Соҳибқирон Амир Темур қолдирган маънавий мерос чуқур ўрганилмоқда, тарғиб қилинмоқда ва замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ривожлантирилмоқда.

Демак, олдимизда турган муаммоларни бартараф этишда кўплаб улуғ аждодларимиз қаторида Амир Темурнинг ҳам панду ўгитлари қўл келаётган экан, унинг ҳаёти, фаолияти ва қолдирган маънавий меросига нафақат таваллуд кунларида, балки ҳар куни мурожаат қилишимиз фойдадан ҳоли бўлмайди, албатта. Чунки, Темур тузукларини синчиклаб, чуқур англаб ўқиган инсон, бугунги мураккаб ва таҳликали даврнинг кўпгина муаммоларига ҳам жавоб топа олади.

Хулоса қилиб айтганда, Амир Темур сингари кўплаб улуғ аждодларимиз Ватан озодлиги, миллат равнақи, халқимиз ҳаётининг фаровонлиги йўлида бутун умрларини бахшида этиб, бу йўлда кўрсатган жасоратлари ва фидойиликлари билан авлодлар қалбида ўчмас из қолдирдилар.

Шунинг учун ҳам, уларни ҳурмат-эҳтиром билан ёд айлаб, ибратли ишларини давом эттириш барчамизнинг вазифамиз ва муқаддас бурчимизга айланмоғи лозим.

Уларнинг ўгитларига амал қилиш эса барчамиз учун маънавий қарздир. Уларга қандай муносабатда бўлсак, келажакда фарзандларимиз ҳам бизларга шундай муносабатда бўладилар. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Мақсадимиз ва ниятимиз Ўзбекистон Республикасида яшайдиган барча фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, дини ва тилидан қатъий назар, ҳеч кимдан кам бўлмаслиги ва фарзандларимизнинг бахтли, саодатли бўлиши экан, бунинг учун, албатта, шу муқаддас Ватанни севиш, қадрлаш, ҳимоя қилиш керак. Чунки, унинг тараққиётию таназзули ҳам биз туфайли.

Агар эзгулик йўлида миллат пешвоси атрофида бирлашмасак, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилмасак, келажак авлод олдида айбдор бўлиб қолаверамиз. Бунинг учун дахлдор бўлиш, умуммиллат равнақи йўлида жиддий жаҳд қилишимиз, илмга интилишимиз, фарзандларимизни ҳам шунга даъват қилишимиз кифоя. Энг асосийси, бепарво ва лоқайд бўлмаслик даркор.

Муаллиф: Комилжон Султонов,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Бош мутахассиси

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Эй, “номер”инг ўтмади, ука, ўхшамади!

АПРЕЛИ ҚУРИБ КЕТСИН! Эй, “номер”инг ўтмади, ука, ўхшамади! Ойларнинг яхши-ёмони бўлмайди-ю, аммо апрель дейишса ғижиниб …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *