Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » ЖАМИЯТ » Ҳажга бориш саёҳатми ёки...?

Ҳажга бориш саёҳатми ёки...?

ҲАЖГА БОРИШ САЁҲАТ ЁКИ ОБРЎ ОРТТИРИШ ЭМАС

Муқаддас динимиз ҳар бир неъматнинг қадрига етиб, улардан тўғри ва оқилона фойдаланишга буюради.

Дарҳақиқат, айрим тадбир ва маросимлар ихчам, чиройли, ортиқча дабдабасиз ўтаётганини кўриб қувонамиз. Аммо кўп жойларда никоҳ кечалари, қиз базми, хатна тўйларида тобора шуҳратпарастлик, риёкорлик ва исроф кўпайиб бораётгани кишини ранжитади. Мусулмончиликда халққа таом беришдан асосий мақсад инсонлар кўнглига шодлик улашишдир. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган муборак ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Таомнинг энг ёмони бойлар чақирилиб, камбағаллар тарк қилинган валийма (тўй зиёфати) таомидир”.

Тўй-маросим соҳиби ўзи яшаб турган маҳалладан фақир-фуқароларни, кам таъминланган кишиларни олиб бориб тўйдирса эди, нечоғли савоб бўларди. Ундайлар бўлмаган тақдирда Меҳрибонлик, Қариялар уйлари ёки шу каби жойларга эҳсон қилинса, нур устига нур бўлади.

Аслида қиз узатиб боришда мўътабар оналар, келиннинг қариндош-уруғ ва яқинлари қатнашади. Маҳалла маслаҳатчиси бошчилигида кўпни кўрган табаррук ёшлилар муқаддас никоҳни эъзозлаш, оила, қайнона-келиннинг бурч ва вазифалари ҳақида зарур маслаҳат, ўгитлар бериши мақсадга мувофиқ. Бироқ опа-сингилларимизнинг ажнабий қилиқлари, дунё халқларига миллатимизни танитган ҳаё, иффат деган фазилатлар унутилаётгани ачинарли ҳол. Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ҳар бир диннинг ўз хулқи бор. Исломнинг хулқи ҳаёдир”, дедилар. Эр кишига ҳам, аёл кишига ҳам ҳаё улуғ фазилатдир.

Никоҳ тўйи ортидан келадиган яна бир қанча дабдабалар борки, улар мусулмон бўлмаган кишиларни ҳам ҳайратга солади. Масалан, “келинсалом”, “чорлар”, “қуда чақириқ”, “ҳафталик ва ойлик йўқлов”, “чимилдиқ ечар” ва ҳоказо. Бир қиз фарзандни ўстириб, ўзи киймаган либосларни сеп қилиб, ўзи тутмаган ашёларни жиҳоз қилиб, тенгини топиб турмушга узатиб, яна тўйдан кейин қуда томонни ҳам бир неча кунгача турли тансиқ таомлар билан боқиш қайси динда бор? Бу нарсалар ортиқча сарсончилик ва вақтни, молни зое қилишдир, холос. Бундан ташқари, фарзанд туғилганида қилинадиган “удум”лар ҳам кишининг иқтисодий аҳволини бир ҳолга келтириб қўяди. “Қовурдоқ”, “бешикка солиш”, “чиллагузарон”, “бешик тўйи” каби маросимлар кун сайин қулоч отиб бораётгани ҳам ёмон. Булар, аслида, оила ичида, овоза қилмай, икки табаррук онахоннинг фойдали тавсиялари ва дуолари ила бўладиган нарсалар. Энди каттагина бидъатга айланиб улгурди. Аслида, фарзанд дунёга келганда имконияти бўлган кишига фақат “ақиқа” деб аталувчи маросим кифоя. Она-бола соғ-саломат бўлгани учун жонлиқ сўйилиб, бир қисм гўштни қўни-қўшни, қариндошга тарқатилиши ёки зиёфат тарзида ихчам, исрофгарчиликсиз ўтказилиши керак.

Кейинги пайтларда одамлар орасида “памғамбар оши”, “ҳаж оши” каби маросимлар ҳам пайдо бўлди. Шукр, Аллоҳнинг инояти ила мустақилликка эришилгандан сўнг қанчадан-қанча юртдошларимиз ҳажга бориб келмоқда. Ҳаж Исломнинг бешинчи рукни бўлиб, буюк ибодатдир. Ҳаж қодир бўлганларга умрида бир марта бажариш фарздир. Яъни, киши соғлом, сафарга етарли маблағга эга бўлиши ва бориб-келгунига қадар оиласи моддий жиҳатдан қийналмаслиги керак. Бундан ташқари, ҳаж ўзидан олдинги тўртта фарзнинг мантиқий давомидир. Бинобарин, ҳажга бормоқчи бўлган киши бошқа фарзларни, жумладан, намозни мукаммал адо этувчи бўлиши тавсия этилади. Токи, у муқаддас маконларда қутлуғ ва ғанимат фурсатларни намоз ўқишни ўрганиш билан ўтказиб юбормасин. Зеро, Масжидул Ҳаромда ўқилган бир ракат намознинг савоби бошқа ерда ўқилган юз минг ракат намозга тенг экани ҳадиси шарифларда баён этилган. Ҳамда ҳаж арконларини, фарзларини, вожибу суннатларини ва унинг тўғри бўлишига зарар етказадиган ишларни ҳажга бормасдан аввал мукаммал ўрганиб олиш керакки, қилган ҳажи мабрур ҳажлар қаторида қабул бўлсин.

“Пайғамбар оши” деган маросим шариат буюрмаган амал. Бугунги кунда бирор киши олтмиш уч ёшга кирса халққа ош бериши одатга айланиб қолди. Аслида, пайғамбар ёшига кирган одам дабдаба билан ош бериши эмас, балки янада ибодатли, тақводор бўлишга уриниши матлуб. Исломда ибодатдан сўнг дабдаба билан тўйхонада ош берилсин, деган кўрсатма йўқ. Мазкур ибодатни адо этган инсон янада камтар, тавозели, гўзал хулқли бўлиши лозим. Ҳажга борган киши иззатталаблик, димоғдорлик ва шуҳратпарастлик қилса, ҳажи қабул бўлмагани аломатидир. Шукрона тарзида эҳсон қилиш ҳам дабдаба, риё, исроф каби иллатлардан узоқ бўлиш шарти билангина жоиздир.

Ҳасан (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ривоят қилинади: “Саъд ибн Убода: “Эй Аллоҳнинг расули, мен онамга яхшилик қилар эдим. У вафот этди. Унинг номидан садақа қилсам бўладими?” деди. “Ҳа”, дедилар. “Мени садақага амр қилинг”, деди. “Сув улаш”, дедилар. Саъд ибн Убода Мадинада иккита қудуқ қаздирди ва савобини онасига бахшида қилди”.

Мана бу ҳам худойи, яъни Худо йўлидаги иш. Демак, марҳумлар руҳини шод қилиш йўлида ночорларга кўмак бериш, беморларга ёрдам кўрсатиш, кўприк, йўл қурилиши учун харажат қилиш ёки қабристон ва кўчаларни обод қилиш ҳам энг савоби катта ишлардан ҳисобланади. Юртимизнинг айрим ҳудудларида кенг тарқалган “пайшанба”, “якшанба”, “етти”, “қирқ”, “юз”, “йил оши” каби лузумсиз маросимларга чек қўйиб, ҳақиқий эҳсон ва садақа йўлини тутсак, маъқул бўлар эди.

...Оҳангарон тумани тоғли ҳудудларида ишлаб юрган давримда Муҳиддин махсум исмли отахон уйига чақирди. Отаси раҳматлидан кўп китоблар қолган экан. Улар орасида мазҳабимизнинг энг мўътабар манбалари – “Фатовойи Ҳиндия”, “Фатовойи Баззозия”, “Фатовойи Қозихон”, Алий Қорининг “Фиқҳул акбар”га ёзган шарҳлари, “Мухтасар”га “Шарҳи Илёс” номли китоблар бор эди. Рости, кўзим қувнаб кетди. Суҳбат якунида Муҳиддин махсум: “Мана шу китоблар сизга ҳадя”, деди. Мен шошиб қолдим ва: “Бу китоблар бебаҳо. Аммо кифоя қилса, бир сигирни бузоғи билан келтириб бера оламан”, дедим. Шунда махсум: “Бу китобларни отам менга сотиб кетмаган, балки мерос қолдирган. Меросни ҳадя қилишга ҳақим бор. Шарти шуки, ўқиганда отамнинг ҳаққига дуо қилиб турсангиз”, деди. Ҳимматни қаранг! Айтмоқчиманки, халқимиз, одамларимиз орасида шундай тантилари, уларда эса бундай дурдона китоблар кўп. Буни эслашдан мақсад, мазҳабимизнинг ана шу мўътабар китобларидан бири – “Фатовойи Баззозия”да марҳумлар учун уч, етти, қирқ, пайшанба, якшанба каби маросимлар жуда ҳам ёмон бидъат экани баён қилинган. Зеро, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Аллоҳ сизларга бирор қийинчилик пайдо қилишни раво кўрмайди, аксинча, сизларни поклаш ва неъматларини сизларга мукаммал беришни хоҳлайди, зора, шукр қилсангизлар” (Моида сураси, 6-оят).

Имон калимасини келтириш кишидан ҳеч бир куч ва ҳаракат талаб этмайди. Кундалик ибодатлар-чи?! Улар аввало киши учун қулай вақтларга тайин қилинган. Бадан ва қалб учун мусаффоликдир. Чунки таҳорат қилган одам аввало жисмини поклайди, дуолар қалбини мунаввар қилади. Намозга чорловчи азон эса, эшитган қулоққа хуш ёқувчи, дилга сакинат берувчи, ҳаёт давом этаётганини англатувчи, одамларга руҳий ҳузур улашувчи, шайтон ва жинларни узоқлаштирувчи илоҳий чақириқдир.

Айтиш жоиз, закотда ҳам ўзига хос енгиллик бор. Аввало закот ҳар қандай бойликдан эмас, балки фақат ўсувчи, кўпаювчи молдан ёки олтин, кумуш каби асосий бойлик манбаларидан берилади. Аммо инсоннинг кундалик фойдаланадиган ашёлари, миниб турган уловлари, яшаб турган иморати каби нарсалардан берилмаслиги ҳаммага маълум. Яна унинг енгил ибодатлиги шундаки, инсон Аллоҳ берган бойликдан маълум бир нисобда қирқдан биринигина садақа қилиш билан ибодат қилиб, молини поклаб олади. Жамият кишилари ўртасида яқинлик, ҳурмат-иззат ва тенглик юзага келишига сабабчи бўлади. Рўза ибодати йилда бир ойгина фарз қилинган. Инсон соғлиги учун қандай фойдали экани ҳаммага маълум. Соғлом кишилар тутади, агар бемор ёки мусофир бўлса, тутмайди, агар умрбод имкони бўлмаса, фидя бериш билан адо этади.

Динимизда ҳар бир амал инсоннинг тоқатига қараб жорий этилган. Ортиғига мажбурлов йўқ. Ҳатто қўшимча, нафл амалларда ҳам, хайру эҳсонда шундай, киши имкони бўлмаган нарсага таклиф этилмайди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳадиси шарифда бундай марҳамат қиладилар: “Албатта, бу дин осонликдир”.

... “Зиёрат” сўзи қасд қилиш, ташриф буюриш, кимнидир кўргани бориш маъноларини англатади. Зиёратгоҳ эса Аллоҳ таолонинг дўстларидан бири дафн қилинган, инсонлар бориб, муайян амал бажарадиган жойдир. Амалдан мурод Қуръони каримдан оятлар ўқиб, савобини қабр соҳибининг руҳониятига бағишлаш, ўлимни, охиратни эслаш, ўзига, оиласига Аллоҳдан яхшиликлар сўрашдир.

Истиқлол шарофати ила юртимиздаги барча қадамжолар гўзал зиёратгоҳларга айлантирилди. Бироқ айримларнинг зиёрат одобларидан мутлақо бехабарлиги, билишга ҳаракат ҳам қилмаслиги ташвишга солади. Уларнинг хатти-ҳаракатларида ҳануз бидъат ва хурофотлар бор. Бу ҳол қилиниши зарур бўлган ишларимиз кўплигидан дарак беради.

Хайрулла ТУРМАТОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Оқила, замонавий аёл қандай бўлиши керак?

ЗАМОНАВИЙ ОИЛА ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КEРАК? ОҚИЛА, ЗАМОНАВИЙ АЁЛҚАНДАЙ БЎЛИШИ КEРАК? Замонавийлик нисбати бериладиган соҳалар, тизимлар, …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *