Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » ЖАМИЯТ » Миллий тилни йўқотмак...

Миллий тилни йўқотмак...

Миллий тилни йўқотмак – Миллатнинг руҳини йўқотмакдур

Ҳар кунги меҳнат фаолиятим учун бир қадар узоқ масофани босиб ўтишга тўғри келади. Пойтахт марказий кўчаларидан ўтар эканман, атрофни қуршаган реклама ва эълонлар беихтиёр диққатимни тортади.

Буларнинг ранг-баранглиги, жим-жимадорлиги, ўзига хос шакл ва мазмуни эътиборли, айниқса, турли рангдаги ёрқин чироқлар билан безалган жозибаси шаҳарнинг кечки манзарасини янада мафтункор қилади. Аммо бу лавҳаларнинг, асосан, инглиз ва рус тилларида берилганидан ўзимни гоҳо ажнабий мамлакатда юргандек ҳис қиламан. Қаердаман ўзи?

Ўзбекистонда эдим шекилли. Бу қайси кўча? Бу ерда фақат чет элликлар истиқомат қилишса керак-да, шундан истеъмол учун тақдим этилаётган хизмат ва маҳсулотлар фақат ажнабийларга мўлжаллангандек.

Бу манзилларда асосан ўзбеклар яшаши бир қадар аҳамиятсиздек. Хуллас, ҳайратнинг чеки йўқ. Миллий тил руҳияти, мақомоти, манзараси билан замон ва атроф-муҳит ўртасида катта тўсиқ пайдо бўлганми, уйғунлик, ҳамоҳангликдан нишона топиш амри маҳол.

Ўзбек тилида, миллат руҳиятини акс эттирган бирор лавҳа топиб, безовта кўнгилга таскин бериш умидида ана шу атрофга жонсарак назар ташлайман, йилт этган учқундан умидворман. Нимадир топгандай бўламан: ахборот технологиялари хизмати тақдим этилаётган лавҳа.

Кирилл ва лотин алифбосида. Ҳайтовур, бор экану ўзбек тилидаги эълонлар ҳам... Ҳовлиқиш ва ҳаяжон билан ўқимоққа тутинаман. Ё ажаб, янаям ўзига хос ифода, кирилл ва лотин алифбосидаги ёзувлар фақат бир тилда, яна ҳам ҳайратланарлиси, фақат рус тилида.

Бу қандай “олийжаноблик”, айнан кимлар учун бу илтифот? Рус тилидаги чақирувни лотин алифбосида ҳам ифодалаб, “катта марҳамат” қилинган, “эҳтиром кўрсатилган”. Марказий кўчалардан бирида қад кўтарган, катта йўл бўйида жойлашган бинонинг кўрки-тароватини “янаям жозибадор ва мафтункор” қилиб турибди бу лавҳа.

У барча хориж миллат вакилларини “бир машъал каби чорлайди” бу жиҳати билан. Қандай олийжаноб халқ эканмиз-а... Нуқул ўзимиз қолиб, ўзгалар фойдаси, ҳаловати учун қайғурамиз. Ўзимизга қийин бўлса-да, ўзгаларга имкон берамиз, шароит яратамиз.

Афсуски, бундай “олийжаноблик” миллий қадриятлар, миллий мезонларни топташ, оёқ ости қилиш эвазига бўлмаслигини унутамиз, аҳамиятсиз қолдирамиз. Акс ҳолда, миллат тараққиётининг мустаҳкам пойдевори боʻлган пойтахт шаҳарда бу даражадаги “ажнабийчилик”, тақлидчиликка кенг йўл қўймаган бўлар эдик.

Чет тилларни (асосан, рус ва инглиз) бу даражада “хушлашимиз” ва тарғиб этишимизнинг сабабларини излаб кетаман тез-тез. Ўзим хорижий мамлакатларда бўлмаганим боисидан, бу борада тажрибали танишларимга мурожаат қилиб кўраман. Улар бўлган шаҳарларда реклама ва эълонлар, чақирув ва даъватлар қайси тилда берилишини сўрайман.

Ҳеч бири “маълум ва машҳур”, “довруғи дунёга достон” рус ва инглиз тилларидаги чорловлар бизнинг мамлакатимиздаги қадар кўплаб учрамаслигини айтади. Тўғри, айрим давлатларда инглиз тилидаги лавҳа ва эълонларни учратиш мумкин. Лекин бу ҳам меъёр даражасида, миллий тил мақомотига дахл қилмаган ҳолда тақдим этилади.

Бу муносабатни хорижий сайёҳларни кенг жалб қилишдаги бир восита, дея баҳолаш мумкин бўлса, жаҳонга танилган катта-катта сайёҳлик давлатлари нега ўз реклама ва эълонларини, жой номларини бошқа тилда ифодалашни лозим топишмайди?

Тўғри, тил билиш – жаҳонга бўйлашиш, замон билан ҳамнафас бўлиш, ижтимоий, иқтисодий-сиёсий тараққиётга дадил қадам. Яна такрор айтаман, ўз миллий тилингни унутиш, таҳқирлаш эвазига эмас. Айрим замонасоз ёшлар, нафақат ёшлар, кўпгина катта ёшлилар ҳам ўзбек бўлишига қарамасдан, ўзаро рус тилида суҳбат қуришади.

Бунинг сабаби фақат иккита бўлиши мумкин: ё ўзларини билимдон, ишбилармон кўрсатиб, атрофдагилар диққатини жалб қилиш мақсади устуворлиги, ёки ўз миллий тилидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум, шуурида ўзбек тилига нисбатан чет тилдаги сўзлар ғиж-ғиж, остин-устун қалашиб ётибди, уларни уриб-суриб чиқариб ташлаш керак...

Изланишлар давомида ногоҳ ўзбек тилида ёзилган билдиришнома-чорловларга нигоҳ тушади. Энди кўнгил таскин-тасалли топиши мумкин. Аммо, бу ёзувларга саводсизларча муҳрланган айрим (имловий, услубий) хатоликлар кайфиятингизни тушириб юборади. Аслида “кичик техник хатолик” дея эътироф этиладиган каттагина лоқайдлик, бепарволик, дахлсизликнинг бу каби маҳсуллари миллат тилини янада қадрсизлантиришга “муносиб ҳисса” бўлиб қўшилади.

Ўз ўрнида бартараф этилмаган бундай “кичик хатолик”лар яна давом этаверади, катталашаверади. Жамиятнинг оғриқли нуқтаси бўлиб қолаверади. Миллат тили тақдири ҳар қандай даврда ҳам маърифат пешволарининг диққат марказида бўлиб келган.

Бу борада сўз мулкининг султони Алишер Навоий хизматларини эътироф этишдан чарчамаймиз. Ўз даврида форс тилида ижод қилиш анъанаси кучайиб бораётганини кўриб, туркий тил тақдиридан қайғурган аллома, уни форс тили билан қиёслаш асносида туркий тилнинг форсийдан устун жиҳатларини, чексиз ва бепоён имкониятларини “Муҳокамат-ул-луғотайн” асари орқали асослаб берган ва туркий тил қадрини юксалтиришга, тараққий эттиришга улкан ҳисса қўшган.

Миллий-маънавий қадриятлар, миллий адабиёт ва миллий тил хусусида ХХ аср бошларида жадид маърифатпарлари ҳам ниҳоятда қайғурганлар, ўз асарларида бу жиҳатларга жиддий ёндашиб ўтганлар. Жумладан, Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмасидаги Зиёли образида айни масала чуқур, таъсирчан ва юқумли сингдирилган: Олими замон бўлмоқ учун болаларни, аввало, мусулмони хат ва саводини чиқаруб, зарурияти диния ва ўз миллатимиз тилини биладурғондан сўнгра ҳукуматимизни низомли мактабларига бермоқ керакдур, яъни гимназия ва шаҳар мактабларини ўқиб тамом қилғанларидан сўнг, Петербург, Масков дорилфунунларига юбориб, доктурлик, закончилик, инженерлик, судьялик, илми саноат, илми иқтисод, илми ҳикмат, муаллимлик ва бошқа илмларни ўқитмоқ лозимдир”.

Демак, “олими замонлар” бошқа тилни билишдан, ўзга давлатларга илм ўрганишга боришдан аввал ўз миллий тилини, диний хат-саводни мукаммал эгаллаган бўлиш шарт.

Буюк маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг миллий тилга эътиборли бўлиш, уни қадрлашга чорлаган даъвати ҳам ниҳоятда ўринли ва ҳамон ўз долзарблигини сақлаб келмоқда: - Ҳифзи лисон деб ҳар бир миллат ўз она тил ва адабиётини сақламагини айтилур. Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур. Ҳайҳот! Биз туркистонлилар миллий тилни сақламак бир тарафда турсун кундан-кун унутмак ва йўқотмақдадурмиз.

Тилимизнинг ярмига арабий, форсий улангани камлик қилуб, бир четига рус тилини ҳам ёпишдурмакдадурмиз... Зиғир ёғи солуб мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак тилнинг руҳини бузадур. Янгича таълим-тарбияни, янгича усул ва муносабатни ёқлаб чиққан, халқни миллий, ижтимоий-маънавий уйғониш, юксалишга чорлаган, даъват этган жадид зиёлилари ўз миллиятини қадрлаган, авайлаган чинакам миллатсевар, ватанпарварлардир.

Биз бу даъвату қарашларга қай даражада амал қилмоқдамиз? Давлат тили қонуни талабаларини бажаришга қанчалик масъулмиз? Миллат маънавияти қудратини таъминловчи асосий мезон бўлган миллий тил тақдири учун қайғурамизми? Унинг бугунги аҳволига муносабат билдиряпмизми?

Назаримда, эл-юрт, ватан тақдиридан қайғурган, дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган, миллат олдидаги бурч ва масъулиятини англаганларгина ўзларига бу каби саволларни беришади ва бу борадаги муносабатларга танқидий-таҳлилий ёндашишади.

Фақатгина ўз моддий манфаатларини, шахсий мартабасини ўйлаганлар эса замонасозлик ниқоби остида миллат тилини иккинчи даражага қўйиб, фикрини чет сўзларни қориштирган ҳолда баён қилади. Бундай муносабатда саводхонлик тўғрисида гапирмаса ҳам бўлаверади.

Бунгунги кунда мамлакат аҳолисининг давлат тилига эътибори, адабий тил меъёрларини билиши ва риоя қилиши, имловий саводхонлик даражасини ижтимоий тармоқлардаги ёзишмалар орқали белгилаш ва баҳолаш имкони ниҳоятда юқори.

Тобора кенг ёйилиб бораётган ижтимоий тармоқлараро фикр алмашиш жараёни фикр эгасининг тафаккури, ижтимоий-маънавий дунёқарашини ёритиш билан бир қаторда унинг миллат тилини қай даражада билиши ва қонуний талабларига амал қилишини ҳам яққол намоён қилади.

Шу каби муаммоларни бартараф этишда қуйидаги таклифлар муайян даражада хизмат қилиши мумкин:

  1. Давлат тилининг амалдаги ижроси назорати бўйича махсус комиссия ташкил қилиш, бу гуруҳ томонидан:
  • давлат тили расмий амал қиладиган доиралар билан бир қаторда кенг жамоатчилик ўртасида ўзбек адабий тилининг илмий, имловий қоидалари ва меъёрларига риоя этилиш ҳолатларини таҳлилий ўрганиб бориш;
  • барча иш матнлари, ҳужжатларни тайёрлашда адабий тил меъёрлари ҳамда имловий саводхонлик назоратини қатъий йўлга қўйиш;
  • ташкилотларнинг фаолият йўналишига кўра мутахассисларни ишга қабул қилиш жараёнида уларнинг оғзаки ва ёзма нутқий саводхонлигини баҳолашга қаратилган синов ўтказиш;
  • давлат тилининг қадр-қимматини тарғиб этишга қаратилган илмий-амалий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш, публитсистик мақолалар, тақдимот материалларини мунтазам эълон қилиб бориш, тарғибот тадбирларини кучайтириш каби ишларни ташкиллаштириш.
  1. МТРК телеканалларида қайси тилда бўлишидан қатъий назар соф гапириш масаласига эътибор бериш. Чет тил ва ўзбек тилини қориштириб гапириш, шевага хос сўзлардан ноўрин фойдаланишга чек қўйиш.
  1. “Давлат тили ҳақида”ги қонунда ОАВларда, хусусан, телевидение ва радио каналларда, ижтимоий тармоқларда ўзбек адабий тили меъёрларига риоя қилишни қатъийлаштирадиган талабларни жорий этиш.
  1. Таълимнинг барча босқичлари, ОАВлари, давлат ва нодавлат ташкилотлари фаолиятида “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг амалдаги ижросини кенг таъминлаш мақсадида ўзбек адабий тилида мурожаат қилиш ва иш юритишни қатъий йўлга қўйиш, “Давлат тили ҳақида”ги қонунни бу жиҳатдан таҳрирлаш ва кучайтириш.
  1. Реклама ва эълонлар, кўргазмали воситалар расмийлаштирилишида давлат тили иккинчи тил даражасига тушиб қолаётганини эътиборга олиб, “Реклама тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритиш, бунда ҳар қандай рекламанинг, аввало, давлат тилида берилиши ҳамда юртимиздаги маънавий-маърифий муҳит билан боғлиқ бандларни кўзда тутиш мақсадга мувофиқдир.

Муаллиф: Феруза Азимова, РМММ бош мутахассиси

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Оқила, замонавий аёл қандай бўлиши керак?

ЗАМОНАВИЙ ОИЛА ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КEРАК? ОҚИЛА, ЗАМОНАВИЙ АЁЛҚАНДАЙ БЎЛИШИ КEРАК? Замонавийлик нисбати бериладиган соҳалар, тизимлар, …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *