Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » ЖАМИЯТ » Одоб энг улуғ мерос бўлиши шарт

Одоб энг улуғ мерос бўлиши шарт

Бугунги суҳбатдошимиз Республика Маънавият ва маърифат марказининг миллий ғоя ва мафкура тадқиқотларини ташкил қилиш бўлими бошлиғи - Эргаш Даминовнинг оила ва одоб ҳақидаги фикрларини ушбу мақолада Сизнинг эътиборингизга тақдим қилмоқдамиз.

– Бугунги кунда оила тўғрисидаги дунёқараш ўзгариб бормоқда. Аввалги қадриятларга кўра, оила деганда бир эркак ва бир аёлнинг ҳамкорлиги, иттифоқи тушунилган. Кейинчалик фарзандлар ўша иттифоқни безаган, унга завқ, чирой, кўрк берган.

Хўш, асл замонавий оила қандай бўлиши керак. Бу ҳақиқий соф эътиқодга асосланган иттифоқ. Бунда биз ўзаро ҳурмат, бир-бирига ишонч, кўмак ва ёрдам бериш маъносидаги келишув ва ҳамкорликни назарда тутамиз. Лекин замон билан ҳамнафаслик деган гап ҳам бор.

Ўрта асрларнинг оиласини бугунги замон оиласи билан таққослаб бўлмайди. Чунки у даврда инсонларда дунёқараш, тафаккур бошқача эди. Бугунги кунда замонавий оиланинг асосий хусусияти – эркак ва аёлнинг фарзанд кўришга қаратилган ниятда бўлмоғидадир.

Никоҳдан кўзланган бирламчи ва асосий мақсад – бу фарзанд. Иккинчидан, мана шу фарзандни одобли қилиш, яъни тўғри тарбия бериш. Манбаларда келтирилишича, ота ва онанинг фарзандларига қолдирадиган энг буюк мероси бу уларнинг одобидир.

Энг муҳими, бу мерос урфий тарбия орқали боладан болага ўтиб кетаверади. Чунки биз оилада истаймизми, йўқми ота-боболаримиздан ўтиб келаётган ва бизга татбиқ этилган тарбияни болаларимизга қўллаймиз.

“Қуш уясида кўрганини қилади” дегани ҳам аслида мана шу. Мен отамдан ўргандим, аёлим онасидан ўрганди ва биз иккаламиз биргалашиб ўрганганларимизни боламизга тақдим этамиз.

Учинчидан, бугунги замонавий оилада илм, маърифат устувор бўлмоғи керак. Илгарилари одамларнинг умри меҳнат билан ўтаверган. Яхши касбни ўзлаштирса бўлди, қўшимча равишда чуқур замонавий билимларни эгаллашга у қадар эҳтиёж бўлмаган.

Темирчилик, косибчилик, борингки, чорвани ўрганган. Бугун ундай эмас. Бугун инсонлар илмга ошно бўлмас экан, унинг келажаги шубҳалар остида қолаверади.

Тўртинчидан, бугунги замонавий оила ҳамкор бўлиши керак. Мен бу билан шуни назарда тутмоқдаманки, биз бугун жамиятда атрофимиздагилар, қўни-қўшни ва яқинларимиз билан мавжудмиз.

Замонавий оила бугун ўз бахти учун курашар экан, демак мана шу бахтда ўзгалар билан ҳамкорлик қилиши керак. Чунки бугун битта оиланинг бахти бир қобиқда қолиб кетолмайди. Бахтсизлик ҳукмрон бўлган жамиятларнинг бутун борлиғи бахтсиз, ҳар бир аъзоси бахтсиздир.

Биз бугун жамиятнинг ҳар бир оиласи бахтли бўлиши учун интилмоғимиз ва буни тарғиб қилиш орқали бутун бир жамиятнинг бахтини таъминлашга ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.

Замонавий оиланинг яна битта ўзига хос бир жиҳати бор. У ҳам бўлса оила лоқайд бўлмаслиги керак. Атрофда содир бўлаётган воқеаларга шундай бир ҳушёрлик билан ёндашиш керакки, аксинчаси бўлмайди. Чунки, жамиятда бугун ҳар сонияда янги таҳдид вужудга келяпти.

Ўзимизга, боламизга, яқинларимизга таҳдид қилувчи омиллар вужудга келяпти. Биздаги бор нарсаларга кўз тикилмоқда, биздаги яхши нарсалар ўзимники бўлсин дегувчи кучлар бор. Ва бунинг учун бизни нотинч қилишга интилади, бизнинг нотинчлигимиз эса уларга биздаги яхши нарсаларни эгаллашга имконият туғдиради.

Шунинг учун бугунги замонавий оила фақатгина меҳнат қилиш ёки бошқа бир маиший-ижтимоий масалалар эмас, аввало, огоҳликни ўзига шиор қилиши керак. Таҳдид маълум бир даражада қандайдир оғриқли нуқтага айлангандан кейин эмас, уни ўз вақтида англаб етиш ва зарур чоралар кўрилмоғи керак.

Зебо Нурмонова тайёрлади.

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Эй, “номер”инг ўтмади, ука, ўхшамади!

АПРЕЛИ ҚУРИБ КЕТСИН! Эй, “номер”инг ўтмади, ука, ўхшамади! Ойларнинг яхши-ёмони бўлмайди-ю, аммо апрель дейишса ғижиниб …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *