Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » МАДАНИЯТ » Бугунги эстрада санъати қандай?

Бугунги эстрада санъати қандай?

БУГУНГИ  ЭСТРАДА САНЪАТИ

 тарбия воситасими ёки...

Улуғ алломаларимиз мусиқанинг инсон тарбияси, маънавиятига таъсири ҳақида жуда кўп манбаларда ёзиб қолдиришган.

Дарҳақиқат, ҳали туғилмаган чақалоқ ҳам яхши мусиқадан баҳра олса, тинчланиши, ёки аксинча шовқин-суронли куйдан безовталаниши исботлаб берилган. Ҳатто, маълум бир касалликлар мусиқа воситасида даволаниши ҳам бор гап.

Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ,  мамлакатимизда мусиқа санъатини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.  Жумладан, давлатимиз томонидан миллий эстрадани ривожлантириш, истеъдодли ижодкорларнинг профессионал малакасини ошириш, ёш ижрочиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ниҳол”, “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Офарин”, “Эътироф” сингари турли танловлар ўтказиб келинмоқда. Ҳар йили санъаткорларнинг катта гуруҳи давлат мукофотлари билан тақдирланади. Халқимиз қўшиқчи санъаткорларни севиб, тўйхона тўридан, дастурхони юқорисидан жой беради.

Аммо, улар томонидан шунга муносиб жавоб бўлаяптими?! Афсуски, йўқ. Бу биргина бизнинг фикримиз эмас.

Юқорида айтганимиздек, давлатимиз томонидан миллий эстрада ривожига катта эътибор қаратилиб, истеъдодли ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган бўлса-да, яратилаётган қўшиқлар мазмунан саёз, бадиий жиҳатдан ғализ, хорижий мусиқа ёки санъаткорларга тақлид асосида “дунёга келааётгани” аччиқ ҳақиқатдир.

Тўғри, бу ҳақда матбуотда жуда кўп марта танқидий мақолалар берилган ва берилаяпти. Савол туғилади: унда нега ҳеч қандай ўзгариш йўқ? Қайтага баттар бўлаяпти. Назаримизда, ўша эстрада хонандалари, атайлаб қилаётгандай. Баъзилари, ҳатто, танқид қилганларни менсимай, энсаларини қотиришади. Ҳа-да, чунки улар халқ тили билан айтганда “кучайиб кетишган”. Айрим “санъаткорлар” сўзни тўғри талаффуз этишолмайди-ю, лекин, қайси телеканални қўйманг, турли маслаҳатлар бериб, “донолик” қилишади. Ўз устиларида ишлашга вақтлари йўқдирда, дуч келган хориж мусиқасига енгил-елпи матнни қўйиб, қўшиқ деб куйлаб чиқишади. Энг ачинарлиси, шу алмойи-алжойи “қўшиқлар” телеканаллар орқали берилади. Ҳа, яна камига ўша кўчирилган қўшиқни клипиниям кўчириб ишлаб, “мана кўринглар” деб намойишига зўр беришади. Уларда миллий маданиятимиз, ахлоқ мезонларига мос келмайдиган лавҳалар учраётгани ижтимоий тармоқларда ҳам тинмай гапирилади. Шу боис, айримлар бу мавзуни “эски”, “чайналган”, деб эътироз ҳам билдириши мумкин.

Лекин бундай куй-қўшиқлар, аввало, санъатнинг обрўсига путур етказиши, ўсиб келаётган ёшларда: “Эстрада шунақа экан-да”, деган нотўғри тасаввур уйғотишига эътибор қаратсак, бу мавзу доимо долзарб аҳамиятга эгалигини тушуниш қийин бўлмайди. Бинобарин, эстрада йўналишидаги қўшиқларнинг асосий мухлислари ёшлар эканини ҳисобга олиб фикрласак, бу соҳага маънавиятимизнинг муҳим ҳалқаси сифатида қарашимиз кераклиги аён бўлади.  Аммо, хонандаларнинг ўзлари бу ҳақда ҳеч ўйлаб кўришмайди. Баъзи ёш ижрочилар, ҳатто, хизмат кўрсатган хонандаларнинг қўшиқларидаги матн­лар шунчалик телба-тескарилигидан, эшитиб, ёқанг­ни ушлайсан, киши...

“Navo” телеканалининг “Хит-парад” дастурида Фарҳод ва Ширин дуэти томонидан куйланган қўшиқдаги сатрларни эшитиб кулишимизни ҳам, йиғлашимизни ҳам билмай қолдик. Мана ўша сатрлар:

Кўзларингни олайтириб,

Қошларингни қоқаверасан. 

Жоним менга нимага ёқаверасан?

Одам бир вақтнинг ўзида ҳам кўзини олайтириб, ҳам қошларини қоқиши учун масхарабоз бўлиши керакми?

Эътибор беринг: “кўзларини олайтириб, қошларини қоқаверадиган”  “ёр”га қарата “жоним менга нега ёқаверасан”, дейиш мумкинми?

Тўғри, “Ўзбекконцерт” қошида иш юритувчи Бадиий кенгаш томонидан  бу борада қилинаётган ишларни ҳам таъкидлаш зарур. Жумладан, лицензиатларга репертуар, қўшиқ ва видеоклиплар яратишда амалий ёрдам кўрсатиш, оммавий маданиятни тарғиб қилмасликнинг олдини олиш, қўшиқлардаги матн ва уларга ишланаётган клипдаги баъзи мавжуд камчиликларни бартараф этиш борасида қатор чора-тадбирлар кўриб келинмоқда.

Бадиий кенгаш аъзолари 15 кишидан иборат бўлиб, таркибига Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзбеккино” миллий агентлиги,  Республика “Маънавият ва маърифат” маркази ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқидан масъул ходимлар, мусиқашунослар, клипмейкерлар ва санъат соҳаси намояндалари киритилган.

Шунингдек, кенгашнинг иш фаолияти “O'zbekiston–24”, “Yoshlar”, “Sevimli”, “Mening Yurtim” телеканаллари, газета ва интернет тармоқлари орқали мунтазам ёритиб борилмоқда. Лекин, негадир мазмунан саёз, бачкана қўшиқлар сони камайиш ўрнига, юлиб ташланадиган ёввойи ўтдек кўпаймоқда.

Агар рақамларга мурожаат қилсак, мазкур кенгаш томонидан жорий йилнинг 8 майига қадар 7 маротаба  йиғилиш  ўтказилган. Унга 59 нафар  санъаткор томонидан тақдим этилган 64 қўшиқ ва видеоклип ўрганилиб, билдирилган фикр-мулоҳазалар муҳокамаси асосида хулоса ва тегишли тавсиялар берилган. Шулардан аксариятига одоб-ахлоқ қоидаларига, саҳна маданиятига зид бўлгани, ижрочиларнинг кийиниши, хатти-ҳаракатлари маънавиятга салбий таъсир кўрсатувчи, томошабинларнинг фикрини чалғитувчи ҳолат ва камчиликлари бўлгани боис, эфирга узатиш рад этилган.

Жумладан, Бадиий кенгашнинг йиғилишларидан бирида  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева томонидан ижро этилган “Юрак” (Ҳамдам Собиров сўзи, Жасур Бадалбоев мусиқаси) қўшиғининг сўзлари мантиқан мукаммал эмаслиги ҳамда клипдаги айрим кадрлар ножоиз эканлиги учун қайтарилган. Шунингдек, “Ниҳол” мукофоти совриндори Ҳулкар Абдуллаева куйлаган “Дард” қўшиғининг сўзлари ва ижроси яхшилиги, аммо, қўшиққа ишланган клипда меъёрдан чиқилганлиги учун қайта олиш тавсия этилган.

Бундан ташқари, “Via Marokand” гуруҳи томонидан куйланган сўзи ва мусиқаси Жасур Бадалбоевга мансуб бўлган “Турист” қўшиғининг матни саёз, мантиқ ва шеърият талабларига жавоб бермаслиги, олинган клип кадрлари ҳам тушунарсиз эканлиги танқид қилинган. Сиз ҳам эшитиб кўринг-чи:

Билмадим, билмадим мен ҳали дунё кўрмадим,

Бир ой бўламиз турист.

Сув ости олими Жак Ив Кусто,

Рам па папам тара тира тира там.

Сирли олам кезаман

Рим ёки Индия

Эмиратми Индонезия

Рам па папам тара тира тира там.

Ушбу аралаш матнни қандай тушуниш мумкин? Бу она тилимизга беҳурматлик эмасми?  Айнан шу каби қўшиқлар  ёшлар тарбиясини бузаётгани ҳаммамизга аёнку, ахир! Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Очиғи, орамизда ҳеч ким инкор эта олмайдиган бир ҳақиқат бугун бўй кўрсатиб турибди. Яъни, ёшларимиз (15 дан 20 ёшгача) кийинишда, юриш-туришда, соч турмаклашда эстрада хонандаларига тақлид қилаяптилар. Оғзиларидан ўша алмойи-алжойи сатрлар тушмайди. Жумладан, “Шак-шакарим ёрон-эй, балле, Шек-шеки бадан, оббо сан-эй, балле-балле...”,  “Ёзган қўшиғинг менга, Англолмадим мен, Яна йўқдир ҳеч бир сўзимда, Такрор, такрор сўзлар...”, “Лайло опанг қани, Зуҳро опанг қани, Жинни қилди сани опанг мани...”, “Юлдуз маъюс, Туни бўйи беуйқу юзма-юз. Қани энди менинг меҳрим, Қани энди у туйғу?..” каби пойинтар-сойинтар жумлаларни эшитганимизда, юракда оғриқ пайдо бўлади. Афсусланарли томони шундаки,  бундай қўшиқлар, айниқса, нодавлат теле ва радио каналларда тижорий мақсадларда айлантирилмоқда.  Нима деб алаҳсираётганини ўзи тушунмайдиган бундай “қўшиқчи”лар ўзини ким, деб билишаркин? Санъаткорми ёки савдогар?

Айрим ижрочилар Ғарб санъатига тақлид қилиб, ажнабий мусиқаларни аралаштириб, мазмунан саёз матн қўйиб куйлашдан нега уялишмаяпти? Муаммонинг туб илдизларини қидирар экансиз, гап бориб куй басталовчи ёки “аранжировкачи” деганларнинг бировлардан кўчирилган “ижод”­лари учун  савдогарчилик, тирикчилик қилиб юришганига тақалади. Тўғрида, эндигина  санъат остонасига қадам қўяётган ўсмир, “юлдуз” бўлиш истагида, иложсиз уларнинг сафига қўшилади. 

Холис айтганда, шу мавзу ҳақида кимдан фикр сўраманг, хонандалар билан бирга тингловчиларни ҳам айблайдилар. Буни тўйларда кўп кузатиш мумкин. Куни кеча бир тўйда бўлдик. Хонандадан енгил-елпи қўшиқларни сўраб “буюртма” бераётганларнинг аксарияти ёшлар. “Муножот”, “Тановор” каби мумтоз қўшиқлар куйланганда, айнан ўша ёшлар гўё ўзини диққинафас бўлаётгандек тутишди. Демак, маълум маънода ўша пойинтар-сойинтар жумлалар тўлиб-тошган хиргойилар ёшлар онгига ўрнашиб бўлган. Миллатнинг қадриятлари намоён бўладиган тўйларимизда бу каби ҳолатларнинг авж олаётгани ташвишланарли, албатта.

Тўғри, бугун кимгадир сен нега бу қўшиқни эшитаяпсан ёки айтаяпсан, деб тақиқ қўйиб бўлмайди.  Аксинча, ҳар бир хонанда эркин ижод қилиш, истаган қўшиғини куйлаш ҳуқуқига эга. Бироқ, қўшиқ инсон руҳига, маънавиятига бевосита таъсир этаркан, хонанда қайси халқ номидан саҳнага чиқаётганини унутмаслиги керак. 

Шу ўринда, хўш муаммо шунчалик чуқур экан, энди нима қилмоқ керак, деган ҳақли савол ўртага чиқади. Айни кундаги мавжуд вазиятни ҳисобга олиб ёш ижрочилар, аввало, китоб ўқишлари, миллий қадриятларимиздан, мақомдек мумтоз меросимиздан хабардор бўлишлари, ҳар бир қўшиқ асосида миллий мусиқа, пухта матн, маҳоратли ижро ётиши кераклигини тушуниб олишлари зарур.

Шунингдек, умумтаълим мактабларидаги мусиқа дарслари соатини, мусиқа тўгараклари сони ва тури ҳамда савиясини  имкон қадар ошириб бориш керак. Ёшларимизнинг мусиқий жанрлар ва қўшиқларнинг бадиий, ғоявий жиҳатларидан чуқурроқ хабардор бўлиб бориши эса, уларни савияси паст, енгил-елпи қўшиқлар таъсирига тушиб қолиш ҳолатларидан асрашга хизмат қилиши шубҳасиз. Ана шунда диди, савияси баланд ёшларимизга ёқадиган қўшиқ яратиш учун хонандаларимиз ҳам янада кўпроқ изланишга мажбур бўлиши турган гап.

Мухтасар айтганда, ахлоққа зид, мазмунан саёз қўшиқлар кўпгина иллатларга сабаб бўлади. Инсонни гўзал мақсадлардан, улуғвор ғоялардан чалғитади, дидини ўтмаслаштиради. Айниқса, ёшлар руҳиятида енгил-елпи ҳаётга мойилликни кучайтиради. Аста-секин соғ­лом фикрга акс таъсир кўрсата бошлайди, путур етказади. Шу сабабли, масалага жиддий қарашимиз, жамоатчилик назоратини доимий равишда олиб боришимиз шарт.

Зеро, юрт келажагини маънавияти бутун, савияси юксак авлод қурар экан, демак бугунги кунда яратилаётган, куйланаётган куй-қўшиқлар ёш авлодни эзгу ишларга руҳлантирсин, ҳаётга, Ватанга меҳр-муҳаббат туйғуларини уйғотадиган бўлсин. Шу боис, миллий эстрада санъатимиздаги камчиликларга муросасиз бўлишимиз лозим.

Абдусалим МАҲМУДОВ

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Сериал бошланди, унинг тарбияга таъсири...

СЕРИАЛ БОШЛАНДИ, ТАРБИЯВИЙ СОАТГА ВАҚТ ЙЎҚ... (Сўнгакларни Ниҳон ўртар...) Кеч соат саккиз бўлишига қарамай кўча …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *