Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » МАДАНИЯТ » Ички маданиятнинг ташқи таъсири

Ички маданиятнинг ташқи таъсири

Ёз чилласининг охирги кунлари эди. Саҳарда тоғам билан беш яшар набираси меҳмон бўлиб келди. Одатда, бирор ташвиши ё зарур юмуши чиқмаса, атай камдан-кам одам ёз кунлари шаҳарга келади. Чунки бу маҳаллар қишлоқда ишлар айни қайнаган пайт. Одамларнинг қўли қўлига тегмай, дақиқани ғанимат билиб қиш ғамини ейди.

Тоғам ҳам ишларини чала ташлаб кўчага чиқадиганлардан эмас. Аммо бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур? Боз устига, Тошкентга қандай шамол учирди деб сўраш ҳам ўнғайсиз одамга. Остонангдан келган одамни кўкрагидан итаргандай бўлади.

— Касаллик кўнгил сўраб келмас экан, — деди тоғам ичимдаги гапни билгандай салом-аликдан сўнг. — Туппа-тузук эди. Ўйнаб-кулиб юрувди. Шомга яқин бирдан иситмаси ошди. Маннон дўхтирни чақирдик. Дори-дармон қилиб кетди. Ўша оқшом тиниқиб ухлагандай бўлди. Эртаси куни яна бошлади. Бир иситмаси чиқади, бир тушади. Туни билан ғингшиб, йиғлагани-йиғлаган.

Боланинг чиндан ҳам шўйи йўқ эди. Ранги синиқ, кўзлари киртайиб қолган. Дастурхондан бобоси олиб узатган ширинликка қайрилиб ҳам қарамади. Қўлидаги овунчоғи — мобил телефонидан кўзини узмади. Гўё дардига ўша темир қути малҳам бўладигандай.

— Кун ёйилмасдан дўхтирга учраб келсак, — деди тоғам дастурхонга дуо қилиб бўлиб. — Касалини билсам, кўнглим хотиржам тортади.

“Дўхтир” сўзи болага ёмон таъсир қилди. Безовта бўлиб, инжиқлана бошлади. Чамаси, ҳар куни шифокорлар қабулида бўлавериб, юраги зада бўлиб қолганди. Катта йўл ёқасига чиқиб, такси тўхтатдик. Ёши қарийб мен тенги бўлган “Жигули”нинг ҳайдовчиси олтмиш ёшлардаги рус киши экан. “Қаерга борасиз, окалар?”, — деб сўради у аксент билан. Мен уч-тўрт бекат наридаги хусусий клиника номини айтдим.

— Майли, обориб кўяман, — деди у жилмайиб, — садитес!

Эл ичида юрган одам барибир кўп нарса билади. Такси ҳайдовчиси ҳам одамлар ҳожатини чиқаравериб, анча-мунча гаплардан хабардор экан.

— Сизлар айтаётган частний поликлиника анча киммат, — деди у светофорнинг қизил чироғида тўхтаб турганимизда бир менга, бир тоғамга кўз ташлаб.

— Гапингиз тўғри, — дедим унга. — Аммо у ернинг шифокорлари профессионал. Ташхисни тўғри қўяди. Кетган пулингизга ичингиз ачимайди. Бунга ўзим кўп гувоҳ бўлганман. Кейин, бу ерда ҳалол ўйин бўлади. “Дўхтирга қанча беришим керак?” деб беморнинг ҳам, “Қанча бераркан?” деб шифокорнинг ҳам хаёли бўлинмайди. Ҳаммаси кассага тўланади.

Ҳайдовчи таслим бўлдим дегандек икки қўлини тепага кўтариб кулди. Ўз-ўзидан гапимиз бугунги тиббиёт, шифокорларнинг малакаси, хусусий клиникаларнинг нарх-навосига кўчиб, суҳбатимиз манзилга етиб боргунча шу ҳақда кечди.

Клиниканинг рўйхатга олиш бўлими гавжум экан. Одам кўп бўлишига қарамай, ичкари ташқарига қараганда анча салқин эди. Хона бурчагига ўрнатилган катта кондиционер бир маромда ишлаб турибди.

Бу ерда турли касаллик билан оғриган беморларни кўриш мумкин эди. Биров қўлтиқтаёқ суяниб инграб турибди, яна бир киши махсус аравачада навбатини кутаяпти. Ўзини тутиши, эгнидаги уст-бошидан беморларнинг аксарияти олис қишлоқлардан экани билинади.

Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Ҳамширалар у ёқдан бу ёққа зипиллаб қатнайди. Остонадан ичкарига қадам босишимиз билан йигирма ёшлардаги келишган ҳамшира бизни қаршилади.

— Келинг, нима хизмат? — деди у салом бериб. Мен унга нима мақсадда келганимизни тушунтирдим.

— Кассага ўттиз беш минг сўм тўлайсиз, — деди у жилмайиб. — Кейин навбат билан педиатрнинг қабулига кирасизлар.

Касса хонанинг чап бурчагида жойлашган экан. У ерда ўттиз-ўттиз беш чоғли турли ёшдаги аёлу эркак пул тўлаш учун навбатини кутиб, турна қатор бўлиб турарди. Эл қатори навбатимизни кута бошладик. Ҳали-бери галимиз келмасига кўзим етгач, тоғамга бўш ўриндиқлардан бирида ўтириб туришини айтдим. Ҳар ҳолда, беш ёшли набирани кўтариб туришнинг ўзи бўлмайди.

Одамзоднинг феъли қизиқ-да. На иссиққа, на совуққа чидайди. Гоҳида вақтнинг тез ўтиб кетишидан нолиб қоламиз. Аммо навбат кутган пайтларда вақт тўхтаб қолгандек туюлаверади. Ичимиз ёрилиб кетай дейди.

Яхшиям, бугун одамларнинг мобил телефон деган овунчоғи бор. Вақтни ўтказишга жуда ўнғай. Камина ҳам бугунги одамлар қатори баъзан мобил телефонга муккамдан кетаман. Ҳозир ҳам чўнтагимдан телефон олиб, навбатим келгунча виртуал дунёга шўнғидим.

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё деганларидек, одамнинг мақсади тўғри бўлса интернет яхшиликка хизмат қилади. Ўнлаб муҳим ахборотга бир зумда эга бўласан. Бир-биридан муҳим, бир-биридан қизиқ маълумотларни ўқишга берилиб, навбатда турганим ёдимдан кўтарилибди.

Одамларнинг ғала-ғовуридан яна реал дунёга қайтдим. Навбатда турганлар орасидан гап биладиганлари йигирма беш ёшлардаги бир йигитга дакки берарди. Оёқларига ёпишиб турган, тиззалари йиртиқ шим, аквалангчиларнинг махсус кийимига ўхшаган футболка кийиб олган ҳалиги йигит эса одамларнинг гапига парво қилмай, куйдирилган калладек тиржайиб турарди.

— Нима гап? — деб ёнимдаги амакидан сўрадим.

— Эй, нимасини айтай? — деди амаки хуноби ошиб турган экан чоғи, овозини ҳаммага эшиттириб. — Ҳозирги ёшларимиз безбет бўлиб бораяпти. Ёшни ёш, қарини қари демай қўйган. Юзингга оёқ қўйиб ҳам ранги ўзгармайди. Безбет дегани шу-да!

— Оғзингизга қараб гапиринг, ока, — деди ҳалиги йигит. Чамаси, амакининг гаплари унга таъсир қилди. — Ҳурматингизни билиб ўтиринг, акс ҳолда...

— Ҳурматимни билмасам нима? — деди амаки ҳам бўш келмай. — Қўлингдан нима келарди?

Сендақа такасалтанг олифталарнинг кўпини кўрганман. Одамлар олдида гердайиб, овлоқда пусиб қоласанлар!

— Оғзингизга қаранг дедим, ока, — деди йигит. — Икковимиза хафалашиб қоламиз-а!

— Бўлди қил, — деди навбат кутиб турган бир момо йигитга қўлидаги ҳассаси билан ўдағайлаб.

— Отанг тенги одам билан айтишиб ўтиришга уялмайсанми? Бир оғиз узрингни сўрасанг, бир еринг камайиб қоладими?

— Бунақаларда уят нима қилади? — деди яна бир онахон гапга қўшилиб. — Зиғирча уяти бўлса, таниш-билишини ишга солиб, кассага навбатсиз пул тўлармиди?

— Яна кўзини лўқ қилиб ёлғон гапиришини айтмайсизми? — деди бир келинчак ҳам юзинг-кўзинг демай. — Уйда боламизни ёлғиз қолдириб келганмиз дейди. Мана, мен ҳам эмизикли боламни уйга ташлаб келиб ўтирибман-ку. Туф-ей сендақа олифталарга. Одам деган сўз ҳайф.

— Қўйинг, қизим, — деди ҳалиги амаки. — Гапни уққан одамга гапириш керак. Садқаи одам кетсин буларга...

Қизиқ, ҳалиги йигитга чиндан ҳам одамларнинг гапи таъсир қилмаганди. У мобил телефонидан кўзини узмай, оёқларини чалиштириб деворга суяниб турарди. Орадан бир фурсат ўтиб, одамлар уни эсидан чиқаришди. Ҳамма навбатини кутиш билан андармон бўлиб қолди. Гўё ҳалиги йигит бу оламда йўқдай.

Бирибир, йигит мақсадига етди. Бир ҳамшира одамларнинг кўзини шамғалат қилиб, уни ўғринча йўлак орқали ичкарига олиб кириб кетди. Биров буни билди, биров ўзини кўрмаганга олди. Навбат кутиб турган кишиларнинг кўпчилиги эса чиндан ҳам кўрмай қолди.

Кассага пул тўлаб, педиатрнинг қабулига кирдик. Шифокор сочларига оқ оралаган, тўлалиги ўзига ярашиб турган, ширинсўз аёл экан. Тоғам набирасини безовта қилаётган ҳолатларни унга гапириб берди. Педиатр тоғамнинг гапларини эшитиб бўлиб, боланинг қўлтиғига термометр қўйди, ёзув столида очиқ турган ёндафтарига нималарнидир қайд этди. Беш дақиқалардан сўнг боланинг қўлтиғидан термометрни олиб, уни бошидан баланд кўтариб қаради.

— Иситмаси бор экан, — деди у боладан кўзини ўзмай. — Қизларга айтаман, иситмасини туширади.

Сўнг битта осма укол оласизлар. Қолганини кейин маслаҳат қиламиз. Педиатр хонасига бир ҳамшира кириб келди. Шифокор унга қилиши керак бўлган ишни тушунтирди. Сўнгра ҳамшира бизни бир нечта махсус кароват жойлаштирилган хонага бошлаб борди. Ўтириш учун тоғамга жой кўрсатиб, менга юзланди:

— Дорихонадан манави қоғозда ёзилган дориларни олиб келинг. Йўл-йўлакай кассага ҳам пул тўлаб келасиз. У қўлимга иккита қоғозча тутқазиб, кассадаги ходимларга беришимни айтди.

Дорихона шифохонадан узоқ эмас экан. Тезда бориб келдим. Кассада эса яна навбат кутдим. Хайрият, бу сафар одам камлиги боис навбатим тез келди. Ҳамшира берган қоғозчалар бўйича пул тўладим.

Муолажа хонаси эшиги олдида ҳамшира мени кутиб турган экан. Кассадагилар “тўланди” деб муҳр босиб берган қоғозчаларни, дорилар солинган халтачани бердим. Ҳамшира, тоғам ва набираси муолажа хонасига кириб кетишди. Мен даҳлизда қолиб кута бошладим.

Орадан кўз очиб-юмгунча вақт ўтар-ўтмас ичкаридан тоғамнинг овози эшитилди. У кимгадир баланд овозда қаттиқ-қаттиқ гапирарди. Нима бўлди экан деган хавотир билан ичкариладим. Тоғам боя кассада навбатсиз пул тўламоқчи бўлган, кейин ичкарига ўғринча кириб кетган йигитни тузларди. Йигитнинг аёли ва уч ёшлардаги қизалоғи ҳам бор.

— Тинчликми, тоға? — деб сўрадим.

— Манови бола, — деб тоғам ҳалиги йигитни кўрсатди, — чиндан ҳам ипирисқи экан-ку. Яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам тушунмайдиган нотавонакан. Кассада кўрсатган ҳунарини энди бу ерда қилаяпти. “Тезлаштириб юборарсиз” деб ҳамширанинг чўнтагига пул солаяпти.

Мен ҳамширага қарадим. У бошини қуйи солиб, икки ёноғи қип-қизариб, эгнини қисиб турибди.

— Бу боланинг кимлиги пешонасига катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилибди, — дедим ҳамон сувга тушган мусичадек бўлиб ўтирган ҳамширага. — Сизни нима жин урди? Одам дегани хизмат пайтида ҳам шу ишни қиладими?

— Ўзлари, — деди у. Афтидан у ўзини оқлашга бошқа сўз тополмади.

— Нима ўзлари? — деб сўрадим.

— Ўзлари келиб, чўнтагимга пул солдилар, — деди ҳамшира. — Керак эмас десам ҳам кўнмади.

— Берган пули билан афтига урмадингизми? — деди тоғам ҳамширага. — Иккинчи бу номаъқулчиликни қилмасди.

— Пули бор экан, берибди, — деди энди йигитнинг аёли гапга аралашиб. — Шунга ота гўри қозихонами? Ҳар ким ҳам бу ишни қилавермайди. Эплаган одам қандини урсин.

Ана холос! Маънавий тубанлик бу оиладагиларга хос бир нарса экан-ку. Эркагини эркак десак, аёли ҳам бало экан-ку. Андиша қилиб, индамадим. Адашган эканман. Аёлнинг кейинги гапи ҳаммасидан ошиб тушди. Одам бир оғиз гапи билан маданий даражасини сездириб қўяди.

— Қишлоқилар ўзи шунақа қурумсоқ бўлади, — деди у гўё ҳамширага далда бераётган киши бўлиб. — Ўзлари беролмайди, берганни кўролмайди.

Яна индамадим.  Аёлларнинг феъли шунақа, гапириб-гапириб чакаги тинар деб ўйладим. Афсус, яна адашдим. Аёлнинг оғзидан боди кириб, шоди чиқарди. Чамамда, унинг наздида фақат у одам, қолганлар эса ердан чиққан қўзиқорин эди. Бу аёлнинг наздида гўё кишимнинг кўнгли боғу-роғу, қолганларники оғилхона эди.

— Бўлди қилинг, — дедим тоқатим тоқ бўлиб. — Ҳозир милиция чақираман. Эрингизни ва манови ҳамширани порахўрликда, сизни маҳаллийчиликда айблаб, чора кўради.

“Милиция” сўзини эшитиб аёл тилини тишлади. Ҳамшира уни қўлидан етаклаб ташқарига олиб чиқиб кетди. Уларга йигит қизалоғини етаклаб эргашди. Ҳалиги “устомон” йигит ва аёли билан гап талашиб турган пайтимизда бошқа бир ҳамшира болага керакли муолажани қилиб бўлибди. Унга миннатдорлигимизни айтиб, яна болалар шифокорининг қабулига кирдик.

Бахтимизга шифокорнинг қабулида ҳеч ким йўқ экан. Навбат кутмай ичкариладик. Шифокор боланинг бўйини ва вазнини ўлчаб кўрди. Оғзини очиб тишларини, томоғини кўздан кечирди. Яна ёндафтарчасига нималарнидир қайд этди.

— Ёзиб берган дориларимни ўз вақтида бериб борасизлар, — деб ёндафтарчасининг ёзилган саҳифасини йиртиб тоғамга узатди. — Хавотирли касаллиги йўқ. Шунчаки, бола камқувват бўлиб қолган. Овқатланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Айниқса, дориларни вақтида ичиришни назорат қилинг.

— Албатта айтганингиздай қиламизу, лекин... — деди тоғам унинг гапларига ишониб-ишонмай. — Очиғини айтаверинг, ростанам ҳеч қандай касали йўқми?

— Бу кишини қаранг, — деди шифокор. — Хурсанд бўлиш ўрнига одамга ишонмайди. Айтдим-ку, бола соппа-соғ.

Кайфиятимиз кўтарилиб кўчага чиқдик. Данагидан мағзи ширин деганлари шу-да. Тоғамнинг кўнгли кўтарилиб, кўзларида ўт чақнади. Хурсандчилигидан набирасини эркалар, бармоғи билан биқинига нуқиб, атай жиғига тегарди.

— Энди уйга борамиз, — дедим тоғамга катта йўл ёқасига чиққанимиздан сўнг. — Келинингиз тушликка бирор нарса қилиб тургандир.

— Уйга бориш қочмайди, — деди тоғам. — Ишни охирига етказиб кетайлик. Дорихонага кириб, дўхтир ёзиб берган дориларни олайлик.

Шифохона қаршисидаги дорихонага қайтиб кирдик. Боя кирганимда сотувчиси бир жувон эди. Ҳозир эса ўрта ёшлардаги, қотмадан келган, буғдойранг бир амаки турибди. Бояги дорихона шуми ё бошқасига адашиб кириб келдикми деган хаёлда атрофимга бир қур кўз югуртирдим. Йўқ, ўша дорихона. Фақат сотувчиси ўзгарибди.

— Мана бу дорилар борми? — деб сўрадим саломлашгач рецепт ёзилган қоғозни сотувчига узатиб. У қоғозга бир сидра кўз ташлаб, дориларни бирма-бир пештахта устига қўя бошлади. Барча дориларни топиб, электрон ҳисоблагич машинасида уларнинг пулини чўтга урди.

— Тўрт юз етмиш икки минг уч юз сўм бўлди, — деди у пештахтанинг ойнали девори тўйнугидан мўралаб.

Тоғам кўкрак чўнтагидан паспортини чиқариб, унинг ғилофига солиб қўйилган пластик картасини сотувчига узатди.

— Э, нақд эмасмиди? — деди сотувчи. — Аттанг, ҳозир терминалимиз ишламаётганди-да.

Тоғам “Энди нима қиламиз?” дегандек менга қаради.

— Ҳозиргина ишлаётганди-ку? — дедим сотувчига. — Бир соатлар илгари шу ердан дори олиб кетдим. Сотувчи бир аёл киши эди.

— Тўғри, у пайтда ишлаётганди, — деди сотувчи елкасини қисиб. — Билмадим, негадир ярим соатлардан бери “тормоз” бўлиб қолаяпти. Менимча, банкда қандайдир муаммо бор шекилли. Интернет ҳам ишламаётган бўлиши мумкин.

Сотувчи тоғамнинг қишлоқдан келганини билиб, атай шундай қилаётганини ич-ичимдан сезиб турардим. У айтаётган ҳолат одатда камдан-кам ҳолларда рўй беради. Қолаверса, бу ҳақда сотувчилар олдиндан огоҳлантирган бўлар эди.

— Бу сизнинг муаммонгиз, — дедим жеркиб. — Ҳар қандай вазиятда ҳам пластик картага савдо қилишга мажбурсиз. Акс ҳолда тегишли идораларга мурожаат қиламиз.

— Истаган ерингизга бораверинг, — деди сотувчи ҳам сир бой бермай. — Барибир қўлингиздан ҳеч нима келмайди.

“Бир сафар олдингиздан ўтдим. Буёғига мендан ўпкалаб ўтирманг” деб мобил телефонимдан ёлғондакамига дуч келган рақамларни тера бошладим.

— Шошмай, туринг, — деди у бундай қилишимни кутмаган чоғи, кўзларини ола-кула қилиб. — Картани беринг-чи, яна бир марта текшириб кўрайлик.

Тоғам пластик картасини узатди. Сотувчи уни растанинг тагига яшириб қўйган терминалининг махсус жойига суқди.

— Э-бе, — деди сотувчи ўзини ҳайрон бўлган одамдай кўрсатиб. — Ўзиям, худо деган одамлар экансиз. Бир соатдан бери “тормоз” бўлиб ётган терминал ишлаб кетди-я. Техника-да. Тили бўлмаса. Айтиб, тушунтириб бўлмаса.

— Ҳай, сендақаларнинг ўйинларинг адо бўлмас экан, — деди тоғам шивирлаб.

Сотувчи буни эшитмади. Балки ўзини эшитмаганга солгандир. Ким билади? Ишимиз битганидан хурсанд бўлиб, уйга жўнадик. Аллақачон пешин вақти бўлганди. Қуёш бутун борлиқни жизғанак қилар, иссиқ одамнинг тинка-мадорини қуритарди.

— Бу мулойимхунукни кўринг, ўзича ёмонам алдамоқчи бўлди-я, — деди тоғам таксига ўтириб, уй томон жилганимиздан сўнг. — Одамнинг боласиям шунчалик безбет бўладими-а?

— Қўйинг бу гапларни, — дедим тоғамга дорихонада бўлиб ўтган воқеани унутиши учун гапни бошқа томонга буриб. — Катта шаҳарларда яхшиям, ёмон ҳам тез-тез учраб бўлиб туради. Асабни бузишга арзимайди. Яхшиси, қишлоқдан гапиринг. Қишлоқда нима гаплар?

Тоғам қишлоқ ҳақида, қишлоқ ҳаёти ҳақида тўлиб-тошиб гапира кетди. Гап билан бўлиб манзилга етиб келганимизни билмай қолибмиз. Уйда тушлик қилдик. Гурунгимиз дастурхон бошида ҳам давом этди. Суҳбатимиз яна қишлоқ ҳақида кечди. Шу кеча-кундуз қишлоғимизда кечаётган ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида гаплашдик.

Гапимиз узилиб қолган пайтда телевизорга термулдик. Бу орада тоғамнинг набираси бир ухлаб ҳам олди. Уйғонгандан кейин фарзандларимиз билан у хонадан бу хонага чопиб, бекинмачоқ ўйнади. Унга шифохонада олган муолажаси яхши фойда бераётганди, назаримда.

Кун қайтган маҳал тоғам йўлга отланди. Бир кеча тунаб кетишга зўрға кўндирдим. Аввалига кетиш фикридан қайтмади. Ўртага набирасини қўшиб, узоқ йўлда чарчаб қолади деб айтганимдан сўнг қолишга рози бўлди. Шомдан кейин тоғам билан Тошкентнинг энг чиройли ерларига бордик. Янги қурилган истироҳат боғларидан бирини айландик.

Ярим тун. Ҳавонинг авзойи бузуқ. Осмонни оқимтир булут қоплаган. Қилт этган шамол йўқ. Иссиқ ҳаводан нафас олган одамнинг димоғи куяди. Саратон кунлари бундай об-ҳавода одамнинг уйқуси ҳам келмайди. Энди кўзим илинган экан, кўчадаги шовқиндан уйғониб кетдим.

Кимдир устма-уст машинасининг сигналини босарди. Тинчиб қолар яна кўзимни юмдим. Сигналнинг “пап-пап”и етмагандай, энди жуда баланд овозда мусиқа қўйди ҳалиги машинали бойвачча. Тишимни тишга қўйиб унинг бу беодоблигига чидаб ётавердим. Сигнал чалгани, ажнабий мусиқа қўйгани етмаганидай, у кимнидир чақира бошлади.

— Ҳаётхон, ҳов Ҳаётхон!

Сабр косам тўлди. Ўрнимдан ирғиб туриб, эгнимдаги кўйлакнинг тугмаларини йўл-йўлакай қадаб, ҳовлига тушдим. У ерда “Спарк” русумли автомобил ёнида йигирма ёшлардаги икки йигит сигарет чекиб турарди. Машинанинг ҳам эшиклари ланг очиқ. Ажнабий мусиқа қулоқни қоматга келтириб янграмоқда.

— Соат неччи бўлди? — дедим уларнинг ёнига бориб.

— Нимайди? — деди йигитлардан бири машина магнитофони овозини пасайтириб.

— Ярим тунда одамлар тинчини бузишга уялмайсанми?

— Эе, ман сизга нима қилдим?

— Қанақа гап калтафаҳм боласан? Қилар ишни қилиб қўйиб, яна нима қилдим деганинг нимаси?

—Биз билан ҳам ишингиз бўлмасин! А так, проблема керак эмас!

Шу даржада асабим чақнаган эканки, ўзимни тутолмадим.

— Нима дединг? — деб йигитнинг ёқасидан олдим. — Ҳозир ҳаққингни бериб қўяман, бола!

Йигитнинг оғзидан спирт ҳиди анқиб турарди. Дўқ-пўписам зиғирча ҳам таъсир қилмаганини юз-кўзидан сезса бўларди. У тишини кўрсатиб, куйдирилган калладек тиржайиб кулди. Асабим баттар бузилди. Чаккасига туширмоқчи бўлиб, қўлимни кўтардим. Кимдир келиб, қўлимдан ушлади.

— Оғир, бўлинг, жиян, оғирроқ, — деди тоғам қўлимни қўйиб юбориб.

— Битта-иккита мушт билан аҳмоқ одам ақлли бўлиб қолавермайди. Қўйинг, шуларга тенг бўлманг.

Бефарқлик ва лоқайдлик ёмон иллат, бу борада ҳаммамиз бирдек масъулмиз. Бирники мингга, мингники туманга деганларидек, бўлмағур иш қилган бир одамга кўз юмдикми, эртага улар ёнига ўзимиз ҳам қўшилиб қолганимизни сезмаймиз. Миллий маданият шу халққа мансуб ҳар бир одамнинг ички маданиятидан, маданий савиясидан бошланади.

Муаллиф: Азим Рўзиев

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Тўйлар ҳақида ўйлар

ТЎЙЛАР ҲАҚИДА ЎЙЛАР Тўйлармиз ҳақида ёзилган мақолалар тўйларимиздан ҳам кўп бўлса керак. Чунки ўзбекнинг биринчи …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *