Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » МАДАНИЯТ » МАЪНАВИЯТ » Маънавиятнинг уч қонуни

Маънавиятнинг уч қонуни

Маънавиятнинг уч қонуни

Eвропа илм-фанида маънавиятга яхлит тизим сифатида қаралмай, у тегишли фанлар – фалсафа, диншунослик, этика, эстетика ва маданиятшунослик томонидан алоҳида, бўлиб ўрганилади.

Маънавиятга фақат Ўзбекистонда яхлит ижтимоий ҳодиса, бус-бутун тизим сифатида ёндашилади. Мамлакатимизда бугун маънавият таълимнинг барча бўғинларида ўқитилмоқда.

Университетлар, педагогика институтларида эса миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими бўйича бакалавр, магистрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Ҳар қандай янги фан бирданига мукаммал ҳолда пайдо бўлмайди. У маълум тадрижий босқичлар, назарий қарашлар ва тасаввурларнинг синовдан ўтиши – апробация даврини талаб қилади.

Мустақиллик йиллари “маънавият” тушунчаси, жамият ҳаётининг у билан боғлиқ қирралари, алоқадорлик ва қонуниятларини тадқиқ этишда талай ишлар қилинди. Бугун маънавият ҳақидаги тасаввурларимиз ўтган аср 90-йиллари бошига нисбатан хийла теран.

Маънавиятга бағишланган илк монографияда (1996) у инсон боласи тўлиқ тушунишга ожиз Ҳақ сир-асрори сифатида мавҳум ва юзаки талқин қилинган. Баъзи тадқиқотчилар уни ўта тор қамровда – фақат тасаввуфий талқин қилишга уринди.

Мутасаввифлар тақво ва имонда, ахлоқ ва нафосатда суфиёна ғояга асосланган қарашларгина асл маънавиятга алоқадор, деб ҳисоблайди. Улар назарида, ҳатто зоҳидлик ҳам суфийликка асосланмаса, таманинг бир кўринишидир.

Мустақиллик йиллари, табиийки, маънавиятга турли илмий ёндашувлар пайдо бўлди. Бу борадаги давлат сиёсати ва биринчи президент Ислом Каримов асарлари туфайли маънавият, асосан, дунёвий-илмий йўналишда тадқиқ этилди, ўрганилди.

 Ўз навбатида, диннинг маънавий ҳаётда тутган ўрни ва аҳамияти инкор этилмади. Тўғри, толерантлик айрим тадқиқотчиларнинг илмийлик ва динийликни қориштиришига, эклектик қараш ва усуллар жонланишига йўл очди. Начора, ҳақиқат йўли қачон силлиқ бўлган?!

Ҳар бир фаннинг илмий аппарати – категориялари, асосий ва хусусий тушунчалари, қонунлари бўлади. Улар муайян фаннинг бутун ривожланиш тарихи давомида теранлашиб боради. Маънавиятни ўрганувчи фанлар ҳали ёш, шаклланиши давом этаётгани боис уларнинг илмий аппарати, методологияси масалалари ўта долзарбдир. Бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар кўп.

Маънавиятни юксалтириш унинг асосий категория, тушунча ва ривожланиш қонунларини аниқ белгилаб олиб, тадқиқотларни янада теранлаштиришни талаб этади. Шу сабаб биз маънавиятнинг ривожланиш қонунлари ҳақидаги фикрларимизни журналхонлар билан ўртоқлашишни лозим топдик.

Албатта, бу фикрлар хийла умумий, баҳсли ва камчиликлари кўп. Аммо ҳар қандай иш биринчи қадамдан бошланади. 2009 йили чоп этилган “Маънавият. Асосий тушунчалар изоҳли луғати”даги “Маънавият қонунлари” мақоласида уч қонун:

  • - маънавий ва моддий ҳаёт уйғунлиги қонуни;
  • - маънавиятнинг инсон ва жамият билан узвий алоқадорлиги қонуни;
  • - маънавий ҳаётнинг ижтимоий тараққиётга боғлиқлиги қонуни қайд этилган ва қисқача изоҳланган.

Қонунларнинг ўзига келсак, биринчи ва иккинчиси умумижтимоий, яъни жамият қонунларидир. Биринчи қонунда бу кўзга яққол кўриниб турибди. Иккинчи қонунда маънавият ўрнига ҳар қандай ижтимоий ҳодисани қўйинг – мантиқ бузилмайди.

Масалан, “Иқтисодиётнинг инсон ва жамият билан узвий алоқадорлиги қонуни”. Овқат пишириш, кўрпа-ёстиқ қоплаш ёки транспортдан фойдаланиш – буларнинг бари инсон ва жамият билан боғлиқ, улар табиатда, ҳайвонот оламида учрамайди.

Иқтисодиёт, моддий ишлаб чиқариш, моддий истеъмол ҳарҳолда маънавиятдан фарқ қилади, лекин улар ҳам маънавият каби ижтимоий ҳодисалардир. Ҳар қандай ижтимоий ҳодиса маънавият бўлавермайди. Луғатда келтирилган қонун умумижтимоий бўлиб, иқтисодиётга ҳам, маъ­навиятга ҳам, сиёсатга ҳам, маиший турмушга ҳам бирдай тааллуқли.

Жамиятнинг умумий қонунларидан ташқари, маънавиятнинг ўзига оид қонунлари бор. Улар табиат ва жамият қонунлари каби обектив характерга эга, ҳеч кимнинг хоҳиш-иродасига бўйсунмайди.

Бироқ, табиат қонунларидан фарқли, жамиятнинг барча қонунлари каби маънавият қонунлари, гарчи одамларга бўйсунмаса-да, уларнинг онгли фаолияти туфайли юзага чиқади. Маънавият юксалишининг хусусиятларини ҳисобга олиб, унинг қуйидаги қонунларини алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин:

  1. - жамият тараққиёти жараёнида соғлом ижтимоий-маънавий эҳтиёжлар муттасил ўсиб бориши қонуни;
  2. - маънавият ривожланишининг умумтамаддуний (Цивилизацион) тараққиёт даражасига боғлиқлиги қонуни (ёки луғатдаги “маънавий ҳаётнинг ижтимоий ҳаётга боғлиқлиги қонуни”);
  3. - маънавият ривожланишининг ижтимоий онг ва ижтимоий муносабатлар ривожланиш даражаси билан ўзаро боғлиқлиги қонуни.

Маънавият қонунлари жамият қонунларининг хусусий кўринишидир. Биз фикр юритмоқчи бўлганимиз – маънавиятнинг яхлит тизим сифатидаги юксалиш қонунларидир.

Бундан ташқари, маънавият таркибий тузилмаларининг ривожланиши ва фаолият кўрсатишини ифодалайдиган қонунлар бор. Улар маънавиятнинг хусусий қонунларидир.

Масалан, ахлоқ, тил, адабиёт, санъат қонунлари каби. Мақолада уларга тўхталмаймиз.

О программе Қобилжон Атаханов

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *