Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » ЖАМИЯТ » Оқила, замонавий аёл қандай бўлиши керак?

Оқила, замонавий аёл қандай бўлиши керак?

ЗАМОНАВИЙ ОИЛА ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КEРАК?

ОҚИЛА, ЗАМОНАВИЙ АЁЛҚАНДАЙ БЎЛИШИ КEРАК?

Замонавийлик нисбати бериладиган соҳалар, тизимлар, гуруҳлар кўп. Масалан, замонавий таълим, замонавий тиббиёт, замонавий ишлаб чиқариш, замонавий ёшлар... Булар орасида замонавий оила тушунчаси ҳам мавжуд.

Хўш, замонавий оила қандай бўлиши керак? Замонавийликнинг муайян бир меъёри, тартиб-таомили, қонун-қоидаси борми? “Оила ва жамият” газетасининг 2018 йил 28-ноябрь сонида бошлаган фикр-мулоҳазаларни давом эттирамиз.

Агар бу мавзу сизни қизиқтирса, айтадиган гапингиз бўлса, бизга қўшилинг.

ОҚИЛА, ЗАМОНАВИЙ АЁЛ ОИЛА ВА ЖАМИЯТ БЕЗАГИДИР

– Замонавий оилани янги замон аёли ярата олади. Оиланинг хазинаси эркак ва аёлдир, бироқ, табиат томонидан инъом этилган табиий заковат, кучли ирода ва кўп қиррали билимларга эга бўлган аёл нафақат оиланинг, балки, бутун бир жамиятнинг, керак бўлса, инсониятнинг бойлигидир.

Бугунги кунда аёлга бўлган талаблар ўзгарди. Илгарилари аёлга уйнинг, рўзғорнинг калити деб қаралган бўлса, энди аёллар масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Замона оиласини замонавий аёл яратар экан, хўш, у аёлдан қандай фазилатлар талаб этилади?

Биринчидан, замонавий аёл соғлом бола фақатгина соғлом онадан вужудга келишини англаб етмоғи лозим. Аввало, оилада вояга етаётган ҳар бир қиз ўсмирлик давриданоқ ўз саломатлиги ҳақида қайғуриши, тиббий билимларга эга бўлиши керак.

Ана шундагина янги ҳаёт остонасига қадам қўйгач, соғлом фарзандни қўлига ола билади. Оила аъзоларига тиббий ёрдам зарур бўлган ҳолларда у биринчи тиббий ёрдам кўрсатувчи ҳамширага айланмоғи керак.

Турмуш ўртоғи, фарзандлари ва яқинлари, айниқса, ўз саломатлигига эътиборли бўлган ҳар қандай аёл атрофидагилар томонидан ҳамиша ардоқланади, севилади.

Иккинчидан, аёлнинг ички ва ташқи дунёси ҳамоҳанг ҳолатда гўзал бўлмоғи лозим. Ички гўзаллик унинг тарбияси, ибо-ҳаёси, гўзал муомаласи ва майин табассумида намоён бўлса, ташқи нафосати унинг энг сўнгги урфдаги бежирим либоси ёки соч турмаги, узун тирноқлари ва сунъий лабларида эмас, балки қоматига ярашган ва диққатни тортмайдиган сипо либоси, енгил пардози ҳамда нафис қадам ташлашида сезилиб туради. Бу фейшн (инглизча “fashion” – мода) эмас.

Сабаби, мен қирқ йил давомида кузатиб келган мана менман деган фейшн ҳам ўзбегимнинг ранг-баранг миллий либосларига тенг келолмайди.

Бундан ташқари, аёлнинг ички дунёсини безайдиган восита – бу билимдир. Аёл киши дунёвий ва диний билимларни қанча мустаҳкам ўзлаштирган бўлса, бундай хазина фақат бахтли инсонларгагина насиб қилган бўлади.

Чунки аёлнинг билими, тафаккури ва закоси нафақат ўзини, балки атрофдагиларни ҳам бахтиёр қилишга қодир. Аёл математик, аёл физик, аёл химик, аёл ҳуқуқшунос, аёл адабиётчи – бу таърифлар замона аёлига хос ва мосдир. Шу соҳалардан озгина бўлса ҳам хабари бўлмаган аёлни мен замонавий аёл дея олмайман.

Учинчидан, замонавий аёл маълумотидан қатъий назар, бир нечта ҳунарларни эгаллаши керак. Тикиш-бичиш, пазандалик ёки ҳисоб-китобдан ташқари, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмасига эга бўлса, чет тилларини билса бундай аёлнинг ҳамиша оғири енгил, узоғи яқин бўлади.

Бундай аёлга мен юксак интеллектуал капитал дея таъриф берган бўлардим. Ана шу тўртала хислатни ўзида намоён этган аёл оиланинг ибратли бекаси, турмуш ўртоғи учун севимли рафиқа, фарзандларнинг қаҳрамон онажониси бўлиб юради.

Тўртинчидан, аёл тадбиркор бўлиши керак. ХХ аср оиласи билан ХXI аср оиласи тубдан фарқ қилади. Шу ўринда аёлларнинг ҳам талаб ва эҳтиёжлари бугун аввалгиларига ўхшамайди. Сабаби, бугунги аёлнинг ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий талаблари ўзгача аҳамият касб этмоқда.

Тадбиркор аёл нафақат турмуш ўртоғига елкадош бўлиб ўз оиласи бюджетига ҳисса қўшади, балки талаб ва эҳтиёжларини ўзи қоплашга эришади. Бу унинг ижтимоий фаоллиги ва билимларини ошириши, доимо ёш ва гўзал кўринишига сабабчи бўлади.

Бешинчидан, нафақат жамиятимизда балки бутун ер шарида бўлаётган ўзгаришлар, янгиликлардан хабардор бўлиши учун аёл ҳамиша мутолаани ўзига одат қилиши керак. У газета ёки журнал бўлсин, айтайлик, интернет нашрлари, ижтимоий тармоқлар бўладими, кундалик равишда янгиликларни кузатсин.

Яқинлари ва фарзандларини хабардор қилсин, айрим давлатларда кузатилаётган нотинчликлар ҳақида мушоҳада қилиб, авлодларида бугунги фаровон ва осойишта турмушимизга шукроналик ҳисларини уйғотсин.

Баъзан ўйланиб қоламан, фирибгарлик, аҳлоқсизлик каби иллатларни касб қилаётган баъзи бир калтабин аёллар АЁЛ номига доғ туширмоқда. Юқорида санаб ўтилган чинакам замонавий аёлларга хос фазилатларни биз қизларимизга болалигидан сингдирсак, аёл ҳамиша мукаррам ва мўтабар бўлиб миллатнинг фахрига, замона қаҳрамонига айланади. Ана шундагина оилаларимиз фаровон, фарзандларимиз бахтли бўлади!

Жамила Шермуҳаммедова,

фалсафа фанлари доктори, профессор

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Ички маданиятнинг ташқи таъсири

Ёз чилласининг охирги кунлари эди. Саҳарда тоғам билан беш яшар набираси меҳмон бўлиб келди. Одатда, …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *