Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » МАДАНИЯТ » Сериал бошланди, унинг тарбияга таъсири...

Сериал бошланди, унинг тарбияга таъсири...

СЕРИАЛ БОШЛАНДИ, ТАРБИЯВИЙ СОАТГА ВАҚТ ЙЎҚ...

(Сўнгакларни Ниҳон ўртар...)

Кеч соат саккиз бўлишига қарамай кўча юзидаги эски, алимсоқдан қолган бекатни 4-5 йигит “қўриқлаб” ўтирибмиз.

Орадан жимликни Собир бузди. Нима эмиш, сериал кўрармиш. Номиям алламбало: “Маликам, энди қара”...

Сериал баҳонасида биз ҳам “ошиён”имизни ташлаб, уйга йўл олдик. Соат миллари кечки тўққизга яқинлашар экан, Собирнинг одимлари ҳам тезлашди. Дарвоза олдида хайрлашдик.

Уйга кирсам, деярли ҳаммани, таъбир жоиз бўлса, ўзига “мутеъ” қилган “Севги изтироби” сериалини берилиб томоша қилишмоқда. На чора, биз ҳам энг оммалашга сериални кўришга мажбурмиз.

Аммо, овоза қиладиган ҳеч нимаси йўқ сериалда. Йўғе, бор экан. Ахир, ҳеч ким Камол ва Амирдек узундун-узоқ “жанг” олиб боролмайди. Ниҳоннинг иродаси ва тоқати учун унга ҳайкал қўйиш керак!..

Лекин, бир ўйлаб кўринг. Бу икки ошиқ ким ёки нима учун курашмоқда? Менимча, ўзлари ҳам билишмаса керак. Камол Ниҳонни севади. Амир ҳам Ниҳонни севади. Камолни Асу яхши кўради. Асуни Тўфон ёқтиради. Дарвоқе, Амир учун Камолнинг синглиси Зайнаб бутун борлиғини беришга тайёр. Тасодиф ҳам эви билан-да. Икки дунёда ҳам бундай бўлишига, шахсан мен, ишонмайман.

Сериалдаги Ўзан сингари лапашанг образлар характери билан йигитларни қайдай тарбиялаш мумкин?! Алпомиш, Кунтуғмишдек мард ва жасур, шижоатли ўғлонлар юртининг фарзандларига нимаги кўрсатишаяпти? Мард йигитларнинг юрти, халқи учун қон тўккан қутлуғ заминда бундай йигитларни учратиш, амри маҳол.

“Севги изтироби” сери али муаллифлари, барчамизга яхши маълум, мусулмон давлати кино ижодкорлари. Эътиқодимизда, Шарқ халқларида оилага бўлган муносабат жуда аҳамиятли. Айниқса, халқимизда оила, деб аталмиш муқаддас даргоҳ ҳамиша табаррук. Анъаналаримизга кўра, тўю томошасиз, тўртта одам иштирокисиз турмуш қуриш кескин қораланади. Ўзан ва Зайнабнинг қурган оиласи ҳам, майли, ўз йўлига. Бироқ, қайнона ва келин муносабатлари...

Ўғил хотини учун онасидан кечирим сўрайди. Тағин уни онасидан, ўзини дунёга келтирган волидасидан ҳимоя қилганига нима дейсиз? Юз қисмдан ҳам ошиб кетган сериалда бирон марта келиннинг ўз вазифаларини адо этганини кўрмадик. Ақалли, чой ҳам дамламайди. Ваҳоланки, келиннинг – янги тушган келиннинг ўз фарзлари бор. Дарвоқе, улар спорт билан машғул. Қайнона бошлиқ ўғил ва келин...

Буларнинг Ниҳондан бошқа дарди йўқ. Ишга ҳам боришмайди, онда-сонда хорижий ҳамкорлар билан учрашишади, шунинг ўзи етарли. Ширкат ишлари ўзидан-ўзи бўлаверади...

Ҳаммасидан ҳам ўтиб тушгани, келин ўз поччаси – қайни опасининг жуфти ҳалоли билан дон олишиб юргани. Бу ҳеч қайси қадрият, ҳеч бир анъанага мувофиқ эмас. Одамларга “Zo’r TV” телеканали ижодкорлари нимани раво кўришаяпти?!

Барчасига кўз юмиш мумкин, бироқ опа-ука Ниҳон билан Ўзаннинг ўз жонига қасд қилишини асло ҳазм қилиб бўлмайди. Буни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини бартараф этиш учун муаллимлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари уззу-кун учрашувлару давра суҳбатларни ўтказишадию, лекин кечга яқин бунақанги сериалларни кўриб, барча саъй-ҳаракатлар ҳавога учади.

Ниҳон билан Камол бир-бирини жонидан ҳам ортиқ кўришар экану Ниҳон укаси Ўзаннинг билиб-билмай (ҳеч замонда одам ўз қўли билан нимани ушлаганини билмаслиги мумкинми?!) қилган қилмиши учун Амир билан мажбуран кун ўтказаётган эмиш. Қани, Ўзаннинг йигитлик ғурури? Ошни пиширгандан кейин аччиқми, чучукми ўзи ейиши керакми, ахир?!

Гапирса, гап кўп. Ҳали бу ёқда эр, аниқроғи чол талашиб юрган икки опа-сингил (Лайло ва Вилдан хонимлар) мохаролари, иккита қўчқордек ўғилни дунёга келтириб, ҳеч келинга ёлчимаётган Феҳима хоним изтироби, Ғолиб Кўзжу ўғлининг никоҳсиз фарзанди, эҳ-ҳе... Агар, бу мавзуда бафуржа гаплашиш керак бўлса, сериалдан ҳам кўп вақтни олади.

Юқорида таъкидлаганимиздек, кинофильмни чет эллик қардошларимиз яратган, лекин, уни таржима қилиб, бутун халққа намойиш қилаётган, қаҳрамонларни улуғлаётган ҳам, ўзимиз!..

Ниҳоят, Собир интиқиб кутадиган “Маликам, энди қара” сериали бошланди! Сериални, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг ўн дақиқадан ортиқ кўра олмадим. Сабабини сўз билан таърифлай олмайман: Воқеалар ривожи худди эртакка ўхшайди (эртакда ҳам бундай бўлмайди, аслида). Сериал ҳақида тайинли ва ягона айта оладиган фикрим – “оммавий маданият” тарғиботчиси. Бошқа гап-сўзга ўрин йўқ! “Mening yurtim” телеканали бу ҳақда чуқур юритса, савияси баланд, ибрат олса бўладиган сериалларни эфирга узатса, айни муддао бўларди.

Дарвоқе, мазкур сериаллар ёлғиз эмас, аксарият ҳолларда оила билан жамул-жам бўлиб томоша қилинмоқда. Ҳай, барака топгур, ундан кўра, китоб олиб бериб, ўқит, тарбияси билан шуғуллан, ибрат бўл, дейдиган одамнинг ўзи йўқ бу ота-оналарга. Сериални ёппасига томоша қилаётган ота-оналар эртага худди сериал қаҳрамонларидек куйиб қолмаслигига ким кафолат беради?!

Ўзимизнинг ҳам “Юлдузли тунлар”, “Туташ тақдирлар”, “Опа-сингиллар” сингари бинойидай, тарбиявий аҳамиятга муҳим, савияси баланд, юксак бадиий маҳорат билан яратилган сериалларимиз бор-ку. Нега шундай сериаллар эфирга узатилмайди. Такрор ва такрор томоша қилинса ҳам, томошабин бу сериаллардан ўзи учун қандайдир маънавий озуқа, тарбия олади.

Агарда миллий телеканалларимизни туркча сериаллар эгаллаб олганини инобатга олсак, эндигина ҳиндча сериаллардан қутулиб, “озодлик”ка чиққан эдик. Томошабин сериал кўриб, маданий дам олиши, ҳордиқ чиқариши, ўзи учун ибрат олиши керак. Аммо, бугун эфирга узатилаётган бу каби сериаллар фақатгина томошабиннинг қимматли вақтини ўғирлаб, улар, таъбир жоиз бўлса, тарбиясини бузишга хизмат қилмоқда.

Ишошасизми, Telegram’дан фарзандларини мажбурлаб ажрата олмаган ота-оналар учун бу сериаллар айни муддао бўлди. Нега десангиз, кески соат саккиздан то тўққизгача, айримлар 22:00 гача ижтимоий тармоқ билан алоқани тўхтатадилар, айнан мана шу сериаллар каромати билан...

Таниқли сўз устаси Аваз Охун ҳам 2017 йилги концерт дастурида “Ёшларимизнинг сериал кўриб, бети қотиб кетаяпти...” деган эди. Бу гапда ҳам жон бор...

Шунақанги сериаллар ўрнига, “Ўткан кунлар”, “Семурғ”, “Кеча ва кундуз”, “Ой бориб, омон қайт”, “Меҳробдан чаён”, “Навоий”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Келинлар қўзғолони” сингари миллий фильмларини кўпроқ эфирга узатсак, халқимизнинг маънавиятини янада юксалтирган, маърифат улашган бўламиз. Керак бўлса, бу фильмларни, спектаклларни ҳар ҳафта томошабинлар ҳукмига ҳавола қилиш керак. Зеро, халқимиз, айниқса, ёшларимиз тарбиясига Ниҳону Ҳаётлардан кўра, Кумушу Зуҳро, Зубайдалар кўпроқ ижобий таъсир кўрсатади.

Кези келганда, Анвар ва Раънонинг муҳаббат учун амалга оширган ишларини ёдга олишни ўринли, деб билдим. Мана ҳақиқий севги, мана ҳақиқий ишқ, мана муҳаббат учун кураш! Киноижодкорларимиз ҳам сценарий изламасдан, ана шундай қадрдон асарларимизга мурожаат этиб, ажабтовур фильмлар, сериаллар яратишса, мана бу маданият йўлидаги жонбозлик бўлади, қаердаги сериални тардима қилмасдан...

“Хазон сипоҳиға боғбон эмас монеъ”, деганларидек, фикримиз кимларгадир таъсир қилар, кимларгадир...

Биз бу сериалларни тақиқлаш ниятидан йироқмиз. Аммо, Маҳатма Ганди айтганидек, деразани очиб, тоза ҳаво оламан, деб, бўронга учраб қолмайлик...

Отабек ИСРОИЛОВ

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Бугунги эстрада санъати қандай?

БУГУНГИ  ЭСТРАДА САНЪАТИ  тарбия воситасими ёки... Улуғ алломаларимиз мусиқанинг инсон тарбияси, маънавиятига таъсири ҳақида жуда …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *