Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » ЖАМИЯТ » СЕВГИ, БАХТ ВА... МАКАРОН

СЕВГИ, БАХТ ВА... МАКАРОН

Телевизион миниатюралар театрининг “Учрашув” фильмини бугун ҳам мароқ билан томоша қиламиз. Айниқса, Ўзбекистон халқ артисти Эргаш Каримовнинг совчи образи, унинг “Мак..., мак..., макарон” дея дудуқланиб қолиши-ю, Бахтиёр Ихтиёров яратган образнинг баднафслиги каттаю кичикни чин юракдан кулдирган эди.

Хуллас, шу фильм орқали биз тўй борасида ҳаддидан ошиб, инсофни унутиб, сохта обрў олмоқчи бўлганлар устидан кулганмиз. Лекин, минг афсуски, ўшанда кулгига сабаб бўлган ҳолатлар бугун янада урчиб, ҳар куни кўз ўнгимизда содир бўляпти. Энди бунга кулишимиз керакми ёки куйишимиз, ҳайронмиз...

Англаганингиздек, гап яна бугунги тўйлар ҳақида. Оммавий ахборот воситаларида, маҳалла-кўйлардаги суҳбатларда ҳар қанча муҳокама қилмайлик, кейинги пайтларда тўйлардаги дабдабаю асасалар ортса ортяптики, заррача камайгани йўқ. “Карнайнинг ват-вати билан бир кунда ўтади-кетади”, дейиладиган тўй машмашалари узоқ чўзилиб, баъзан янги оиланинг бузилиши билан якунланаётгани, айниқса, ачинарли.

Бугунги тўйларимиз манзарасини бир кўз олдингизга келтиринг. Қўша-қўша антиқа машиналар, қатор-қатор таниш-нотаниш хонандалар, гуруҳлар (уларнинг аксари нима ҳақида қўшиқ айтаётганини ўзлариям билмайди ёки  ҳамма билган эски ашулаларни ҳам бузиб айтади), дастурхонлардаги ижарага олинган қимматбаҳо егуликлар ва яна аллақаерлардан кириб келаётган андишадан ҳоли урф-одатлар... Таассуфки, чинакам маданий тадбир ўлароқ ўтиши керак бўлган тўйларимиз, аксар ҳолларда маданиятсизлик белгиси сифатида таассурот қолдиряпти.

Йиллаб йиғиб, кўпинча, қарз-ҳавола қилиб, зў-ў-ўр тўй ўтказишдан кимга фойда? Олинган қарзларни тўлаш учун бутун оила яна йиллаб тер тўкади. Бу орада қарзини қистаб келганлар билан қанча дилхираликлар бўлади.

– Кейинги пайтларда банкдан кредит олиб тўй қилишлар ҳам урфга кирди, – дейди кекса отахонларимиздан бири Шукрулло Абдуллаев. – Банкнинг имтиёзли кредитлари эвазига ёш оилага уй ва энг зарур рўзғор буюмлари совға қилинса, тушунса бўлади. Аммо бир кунлик тўй учун йиллар давомида бадал тўлаш ақлга сиғмайдиган иш, деб ўйлайман.

Кўпинча, ота-оналар тўйдаги чиранишларга ёшларнинг ҳавас-истакларини асосий сабаб қилиб кўрсатишади. Бироқ бугун чет эллардаги энг нуфузли олий илм даргоҳларида таҳсил олаётган замонавий ўғил-қизлар бир кунда бор бисотини совуришдан кўра бошқа фойдали тадбирни афзал кўришлари аниқ. Фикримиз тасдиғи учун йигирма ёшли Шоҳзамон Турдиевнинг таклифини келтириб ўтамиз:

– Менга қолса, оилавий маблағни бир кунда тўкиб-сочиб юборгандан кўра, келин-куёв дунёнинг машҳур шаҳарларини,  маданият марказларини, музейларини ёки жаҳоннинг етти мўъжизаларидан бирини бориб кўргани минг марта афзал. Дунё кўрган одамнинг дунёқараши кенг бўлади. Ҳаёт бир кунлик еб-ичардан иборат эмаслигини янада теран англайди...

Демак, биз катталар ўзимизнинг бемаъни орзу-ҳавасимизга ёшларнинг ҳавас-истакларини рўкач қилишимиз худбинликдир.

– Бугун айрим тўйларда келиннинг даврага чиқиб, ярашмаган қилиқлар билан ўйинга тушиши-ю, ортидаги дугоналарига гул отиши қайси ўзбекчиликка тўғри келади?! Келин отган гулни қизларнинг талашиб-тортишиб олаётганини кўриб ёқа ушлайсан, киши. Нима эмиш, шу гулни ким илиб олса, келин бўлиш навбати ўшанга насиб этармиш. Ўзбек қизлари қачондан бери келинликни очиқдан-очиқ  талашадиган бўлди, уят қайда қолди, – дейди 80 ёшли Мўътабархон ая.

Атоқли ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор “Тўйлар муборак” номли мақоласини шундай хотималайди: “Биз бу ерда тўйни улуғвор ва чиройли қилиб ўтказиш, уни ортиқча чиқимлардан бўшатиш тўғрисида гапирдик. Ортиқча чиқимлар фақат тўйдагина эмас, ундан олдин ва кейин ўтадиган турли “тўйчалар”да ҳам бўлади. Биз бу тўғриларда ҳам фикр олишиб, янгича тўйнинг ҳар жиҳатдан мукаммал ва гўзал шаклини топишимиз керак”. Қарангки, ярим аср аввал кўтарилган масала, билдирилган фикр-мулоҳазалар ҳамон долзарблигича қолмоқда. Наҳот бу муаммони ҳал этиб бўлмаса?!

Фикрларимизни киноиқтибос билан бошлагандик. Яна кинодан мисол келтирамиз. “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги Марям Ёқубова яратган кайвони – Ойпошша эри (Раҳим Пирмуҳаммедов)га дейди:

 — Ҳай, менга қаранг, артистларга айтинг, ваҳлироқ келишсин. Товушлари етти маҳаллага эшитилмаса, мендан бир тийин ҳам олишолмайди. Тўй-тўйдай бўлсин. Маҳаллада дув-дув гап бўлсин, дейман... Ҳай, нечта қўй олдиз?

— Битта қўзи олгандим.

— Овозингизни ўчиринг!.. Ўнта қўй нима бўлади?.. Душманларим аламидан куйиб ўлсин дейман-да...

Хуллас бир пайтлар ўзимиз фильм яратиб, устидан кулган ноўрин урф-одатларга юз тубан кетиб, дув-дув гапга қолмайлик. Яхшиси, оиламиздаги аҳиллик, фарзандларимиз бахти, уларнинг илму ҳунарда, санъату спортда эришган ютуқлари маҳаллада дув-дув гап бўлсин!

Шоира БОЗОРОВА,

журналист.

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Миллий тилни йўқотмак...

Миллий тилни йўқотмак – Миллатнинг руҳини йўқотмакдур Ҳар кунги меҳнат фаолиятим учун бир қадар узоқ …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *