Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » МАДАНИЯТ » Тўйлар ҳақида ўйлар

Тўйлар ҳақида ўйлар

ТЎЙЛАР ҲАҚИДА ЎЙЛАР

Тўйлармиз ҳақида ёзилган мақолалар тўйларимиздан ҳам кўп бўлса керак. Чунки ўзбекнинг биринчи тилаги: “Тўйларга етказсин!» деган калом бўлади. Тўйлардаги исрофгарчиликлар, «Мендан сен камми?» дея мусобақаларни четга суриб, биз бугун битта нарса – тўйларда айрим санаъткорларнинг юзсизлигига диққатингизни қаратмоқчимиз. Тўйхонада бўлаётган воқеаларни кузатсангиз, ажиб бир ҳангомаларга гувоҳ бўласиз.

Ҳозирги тўйларимизда “ўртакаш”, деган алоҳида “касб” пайдо бўлган. Бир замонлар уларни “тўйнинг раиси”, деб атардик. Раис кечани очиб бергач,   тўйнинг тартибли ўтишини назорат қилиб, бир четда ўтирарди. Кечанинг охирида яна сўз олиб, тўйни якунларди. Ҳозирги ўртакашлар-чи?

Тўй эгаларига сўз бериш, уларнинг тилакларини эшитиш лозимдир – фақат тўйнинг якунида, келган-кетганларга раҳмат айтиб, «Хуш кўрдик, пойқадамларингга рози бўласизлар!» деб туришлари учун.

– Мезбонларга охирида навбат берса бўлмайдими? – десам, ўртакаш йигит пинак бузмай:

– Тўйнинг охирида “қистирадиган” одам қолмайди-ю, бундан бизга нима фойда!? – деди ва микрофонга қараб чопди.

– Энди, – дея ҳовлиққанча гапини давом эттирди,– қуда бува, қуда хола,   сўзларингнинг исботи сифатида бир ўйнаб берасизлар! Қани, давра сизларга мунтазир!

Тўйбошилар 60-70 ёшларга кирган бўлса, майли, бир амаллаб ўйнаб берар. 80-90 ёшни қаршилаган отахон ёки онахон бўлса-чи? Ўртакаш ўйин тушишга онахоннинг соғлиги кўтармаса, ярамаса ҳам ўйнатади-да! Шунга мослаб қўшиқларни ҳам ёзиб олишган: “Давраларда ўйнасин онам...”

– Қўлингизни шундай осмонга қаратсангиз  бўлди! – ўртакаш керак бўлса балетмейстерлик қилиб онахоннинг қўлидан кўтариб ҳам туради. Ана шу қўлда гап кўп: кўтарилса – хофизга пул келади. Тўйхона қий-чувга тўлади: иккита тўйбоши ўйнагандай бўлиб қўл кўтаради, йиғилганларнинг камида ярми бири-бирини туртиб, суриб пул қистириши шарт!

Яна тўйларда ўртакашдан ташқари пул йиғувчи деган алоҳида «штат»лар пайдо бўлган: Уларни андак киноя билан “пилисос” ёки “супурги” ҳам дейишаркан... Бирорта оғайнингиз бирор минг сўм узатиб қолса, чўнтагингизга солворманг, деб  кўзлари олма териб, хўмрайиб қараб туришади. Чаккангизга пул қистирилиши билан йиғувчи пулни дўппингиз билан қўшиб олиб кетиб қолса – хафа бўлманг...

Даврада ўйнаётган отахон ёки онахон муборак ёшда бўлсалар, ўртакашга худо беради:

– Онахонимиз табаррук ёшда эканлар, яқинда саксон саккиз  ёшларини нишонлабдилар. Дуоларини олайлик, меҳрларига қонайлик,  шундай ёшларга кириб юрайлик… Бирни берсангиз, минг бўлиб қайтади! Қани, ҳа! – дея тантана қатнашчиларини пул қистиришга ундайди. 

Бу айрим жойларда  «операция – 01» деб аталаркан.

Шу билан тўпалон тугади, десангиз, адашасиз. Ана ундан кейин ўртакаш тўйларда атай олиб юрадиган дафтарини варақлаб, келин ё куёвнинг амма-холалари, тоғаларию поччалари, амакилари-ю божаларига эринмасдан бир-бир навбат бериб чиқади.

Булар – «операция – 02, 03, 04…» деб аталиб, секин давом эттирилаверади.

Тўйда хориждан келган меҳмон қатнашаётган бўлса, бундай «операция»ларни кўриб, гаранг бўлиб қолиши, шубҳасиз.

Дам ўтмай атрофга аланглаб «бирровчи» лар бирин-кетин кириб кела бошлайди. Улар навбат билан бошловчини секин четга имлаб, «суҳбат»ни бошлашади:

– Куёвнинг ота-онаси ўйнадими?

– Ўйнади.

– Амма, холаси-чи?

– Уларниям ўйнатдик.

– Акалари, божалари-чи?

– Улар ҳозир ўйинни тугатишди.

– Ие! Биз кеч қолибмиз-да, ҳамма «операция»ларни ўтказиб бўлибсизлар-да!

Келин-куёв бир ёқда қолиб кетаверади. Ўртакаш раҳбарлигидаги «санъаткор»лар кимўзарга пул йиғиш «операция»ларини давом эттиришади.  Куёвнинг синфдошлари, армияда хизмат қилган жўралари, бирга ишлаётган ўртоқлари, чойхонада «гап» ейдиган улфатлари... Ҳамма, ҳаммалари эринмасдан, навбат билан даврага чорланади. Даврага чиқавермаса, қўшиқни, аниқроғи, тўйни тўхатиб бўлса-да, «азиз» меҳмонни рақсга тушишга мажбур қилишади.

Куёв томондагилар ўйнаб-чарчаганларидан кейин, аниқроғи, чўнтаклари енгиллаб қолгач, келиннинг уруғ-аймоғлари бирин-кетин даврага чақирилади. Шундаям тўйишмайди-да, бу «операция»чилар!

– Вақт алламаҳал бўлди, тўйни шу жойда якунлайлик энди, – маҳалла оқсоқоли ўртага чиқади.

– Шошмай турасиз, оқсоқол, келиннинг катта холасига навбат бермабмиз! – ўртакаш оғзидаги нонини олдириб қўядиганлардан эмас, дарҳол оқсоқолнинг сўзини бўлади.

Катта хола-ю, кичкина хола-ю, амма-бувиларгача ўйнайди, аммо «рақс»ларнинг охири кўринмайди.

– Вақт ярим кечадан ошиб кетди, меҳмонларнинг ярми ўтирган ўрнида ухлаяпти, тугатинглар! – оқсоқол аччиқланган бўлади.

– Ие, қизиқ экансиз-ку! – ўртакаш ҳам «юзта»ни уриб кучайиб олган – ҳофизга қараб гапини давом эттиради: – Тўйни тугатармишмиз! Ҳали келин-куёвни ўйнатмадигу! Энг катта «операция» олдинда-ку!

Ҳай, келин-куёв ҳам ўйнайди, тўй якунланади.

Улар рози бўлиши керакми ёки тўйбоши?

Энди дўппини бошдан олиб, аччиққина чойдан хўплаб, ўтган тўйлардан бирортасини кўз олдимиздан ўтказиб, фикр юритиб кўрайлик: Бу – тилаклар ва рақслар кечасими? Унда айтилган қўшиқлардан бирортасини эслай оласизми? Овора бўлманг, эслай олмайсиз! Чунки шовқин-суронда қанақа қўшиқ айтилганини қўйиб туринг, қанақа тилак айтилганини ҳам эшитганингиз йўқ! Унда камида уч юз-тўрт юз киши иштирокида ўтган бу «тантана»ни нима деб атамоқ керак? Икки ёшнинг бахт ва висол кечасими ёки санаъкорларнинг пул йиғиш маросимими? 

Саид АНВАР

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Бугунги эстрада санъати қандай?

БУГУНГИ  ЭСТРАДА САНЪАТИ  тарбия воситасими ёки... Улуғ алломаларимиз мусиқанинг инсон тарбияси, маънавиятига таъсири ҳақида жуда …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *