Последние новости
Sharqshunoslik-instituti-miniatyura
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » ЎЗБЕКИСТОН » Тошкент Давлат Шарқшунослик институти тарихи

Тошкент Давлат Шарқшунослик институти тарихи

1918 йил ноябрь ойида Тошкентда Туркистон Шарқшунослик институти ташкил этилди. Бу институт ўрта Осиёда ягона илк шарқшунослик олий ўқув юрти бўлиб, қўшни мамлакатлар учун ҳам шарқшунослик фанининг турли соҳалари бўйича малакали мутахассислар етиштириб бера бошлади.

Мазкур билим даргоҳида Туркистон ва унга қўшни бўлган хорижий шарқ мамлакатларининг тарихи, этнографияси, географияси, ўлкашунослиги, ислом тарихи ва мусулмон қонуншунослиги каби фанлар, шарқ халқларининг тиллари ва адабиётлари ўргатилган. Ўша йили 1-курсга 234 та талаба қабул қилинган эди.

Институтда шарқ тилларидан араб, форс, хитой, пушту, урду, турк ва маҳаллий тиллардан ўзбек, тожик, қирғиз, туркман, татар ҳамда сиропа тилларидан инглиз, немис ва франсуз тилларини ўқитиш йўлга қўйилди. Шунингдек, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Шарқий ва Қарбий Туркистон, Бухоро географияси; ўзбек, қирғиз, форс, тожик, қозоқ, афғон, қорақалпоқ халқлари этнографияси; Ўрта Осиё, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон ва қадимги дунё тарихи, ислом тарихи, шариат қонунлари каби фанлар ўқитилган. 3-курсдан бошлаб талабалар ихтисосликка бўлиниб ўқитилган.

Sharqshunoslik-instituti-1  

Таълим қуйидаги ихтисосликлар бўйича тақсимланган: туркий тиллар, эрон филологияси, арабшунослик ва исломшунослик. Шу билан бирга, маҳаллий мактаблар учун она тили ва тарих ўқитувчилари ҳам тайёрланган.

Расмий маълумотларга қараганда, 1922-1923 ўқув йилида Туркистон Шарқшунослик институтида 210 нафар талаба ўқиган. Бундан 16 фоизигина маҳаллий халқ фарзандлари бўлган. Институтда 5 нафар профессор, 21 нафар ўқитувчи ва бир неча лектор ва практикантлар таълим ва тарбия ишларини олиб борган.

1922-йилга келиб, институт кутубхонасида 5300 жилд китоб ва 200 дан ортиқ қўлёзма асарлар мавжуд эди. Туркистон Шарқшунослик институти 1924-йилда алоҳида факултет сифатида Ўрта Осиё давлат университетига қўшиб юборилди. Унинг биринчи декани этиб А.E.Шмидт тайинланди.

Sharqshunoslik-instituti-2  

Факультет фаолияти узоқ давом этмади. 1930 йилга келиб бу (факультет педагогика факультетига айлантирилди ва 1931-йилда унинг фаолияти батамом тугатилди.

Шарқшунослик таълими узоқ давом этган бўлмасада, қисқа давр ичида мазкур илм даргоҳидан А.К.Боровков, В.В.Решетов, К. Юдахин, И.А.Киссен. Р.Л.Неменова каби таниқли тилшунос олимлар, П.П.Иванов, М.Р.Иванова, М.Массон, В.А.Шиглкин, О.А.Сухарева каби машҳур тарихчи ва этнографлар, Мухтор Авезов, Сотим Улуғзода каби атоқли ёзувчилар ҳамда Д.Г.Вороновский каби бир қанча шарқшунос олимлар етишиб чиқди.

1944-йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) қошида қайтадан шарқ факультета таъсис этилди. Унинг декани этиб тарихчи шарқшунос олим Абдураҳмон Ҳамроев тайинланди. Факультетда, ўқув режасига кўра, Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари тарихи ва иқтисоди, тили ва адабиёти ўқитила бошланди.

Sharqshunoslik-instituti-3  

1947-йили факультет қошида аспирантура ташкил қилинди. Кўпгина ёш мутахассислар Москва ва Ленинград каби марказий шаҳарларла аспирантурада ўқиб, фан номзоди илмий даражасини олиб қайтдилар. Улар ўз юртларига жўнаб кетган рус шарқшунос олимларининг ўрнини тўлдириб, шарқшуносликнинг турли соҳалари бўйича дарс бера бошладилар.

1944-1947-йилларда факультетда 4 та кафедра мавжуд бўлган. Булар: Эрон филологияси (1955 йилдан эрон-афғон филологияси) кафедраси; Шимолий ҳинд (кейинчалик ҳинд ва ҳозирда Жанубий Осиё тиллари) филологияси кафедраси; Шарқий Туркистон филологияси кафедраси; Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари тарихи кафедраси.

1949-йилда факультетнинг дастлабки талабалари ўқишни битириб, ҳаётга йўлланма олдилар. Биринчи қалдирғочлар 41 нафардан иборат бўлиб, бугунги кунда уларнинг кўпчилиги Республикада элга танилган машҳур олимлар қаторидан жой олган.

Sharqshunoslik-instituti-4  

Факультет кун сайин кенгайиб, такомиллашиб борди. Араб, форс, пушту, ҳинд, урду, хитой, уйғур, турк тиллари билан бир қаторда инглиз, рус ва ўзбек тилларини ўрганишга ҳам катта аҳамият бериб келинди. Шарқ халқларининг мумтоз ва ҳозирги замон адабиёти бўйича талабаларга чуқур билим бериш мақсадида 1965-йилда махсус Шарқ мамлакатлари адабиёти кафедраси ташкил этилди.

Бир оз вақт ўтгач, Ғарбий Европа тиллари кафедраси ташкил қилиниб, факультет бўйича европа тилларини ўқитиш жараёни таъминланди. Бу орада шарқ тилларини ўқишини такомиллаштириб, талабаларнинг нутқ малакаларини ўстириш мақсадида факультетга Эрон, Афғонистан, Ҳиндистон, араб мамлакатларидан ўқитувчилар таклиф этила бошланди.

Улар 1-2 йил давомида талабаларга дарс бериб, уларнинг азалий малака ҳосил қилишларида катта ёрдам кўрсатдилар. Бу ҳол талабаларнинг тилни ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан пухта билишларига. имкон туғдирди. Фақат 1960-1970-йиллар давомида хорижий Шарқ мамлакатларидан 10 нафар мутахассис дарс бериш учун таклиф этилган эди. Ўз навбатида, факултет ўқитувчи ва талабалари ҳам чет мамлакатларга бориб, у ердаги институт ва университетларда ўқиб, ўз малакаларини ошириб қайтдилар.

1990-йилда шарқ факултети негизида Тошкент Давлат университети қошида Шарқшунослнк институти ташкил қилинди. 1991-йил 15-июлда эса бу институт Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг фармони билан Тошкент давлат шарқшунослик институтига айлантирилди.

Республикамизнинг бугунги эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, институтда шарқшунослик соҳасидаги турли ихтисосликлар ва йўналишларнинг доираси янада кенгайтирилди. Институт факультет бўлган даврда мутахассислар фақат филология, тарих на иқтисод ихтисослари бўйича тайёрланган бўлса, бугунги кунда бу ўқув масканида ўн икки мутахассислик бўйича таълим берилмоқда.

Илгари факультетда 7 та кафедра фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунга келиб Шарқшунослик институтида 28 кафедра фаолият кўрсатяпти. Институт ташкил этилгач, араб, форс, дарий, ҳинд, урду, хитой, пушту ва уйғур тиллари билан бир қаторда япон, корейс, турк тиллари ва адабиёти ҳам ўқитила бошланди. Ҳозирги кунда институтда 20 тадан ортиқ тил ўқитилмоқда.

Ушбу wеб-сайт маъмури ва муаллифи ҳамда оддий бир инсон сифатида Сизга Аллоҳдан, сиҳат-саломатлик, тинчлик ва ҳотирижамлик ҳамда бошлаган эзгу ишларингизда омад насиб этишини чин дилдан тилаб,

Ҳурмат ва эҳтиром ила, Қобилжон Атаханов

Р.S. Мақола Сизга манзур келган бўлса, илтимос, қуйидаги тугмалардан бирини босиб яқинларингиз билан ўртоқлашинг! Агар мақолага муносабат билдириб, ўз шарҳингизни ёзиб қолдирсангиз бағоят ҳурсанд бўламан ва олдиндан миннатдорчилигимни изҳор қиламан!

О программе Қобилжон Атаханов

Смотрите также

Эркаклар шахс сифатида камол топишлари учун кўмаклашадиган олтин қоидалар.

Ўзингизни шакллантириш фақат ўз қўлингизда. Дунё олимларининг бу борадаги хулосалари! Кези келса ҳар қандай омадсизликдан …

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *