Последние новости
Домой » ЯНГИЛИКЛАР » СУД-ҲУҚУҚ » Одиллик тантанаси
Oliy sud raisi o'rinbosari Samarqandda sayyor qabul o'tkazdi

Одиллик тантанаси

Четдан қараб, кимнидир айблаш осон. Лекин суд-ҳуқуқ тизимида фуқарони айблаш жиддий масала. Буни мазкур соҳанинг ичида юрган одам яхши тушунади.  Айбланаётган шахснинг хатти-ҳаракатларида жиноят таркиби бор ёки йўқлигини синчиклаб текширмасдан юзаки тахминларга таяниб, уни жиноий жавобгарликка тортишдан ёмони йўқ. Агар шундай адолатсизлик тадбиркорга нисбатан амалга оширилган бўлса-чи? Бу ҳолат бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, ҳимоялаш йўлида амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган чораларга нисбатан одамларда ишончсизлик туғдирмайдими?

Одиллик тантанаси

Яқинда жиноят ишлари бўйича Паркент тумани судида навбатдаги оқлов ҳукми чиқарилди. Маълум бўлишича, судланувчи Ҳасан Маҳкамов Бекобод шаҳрида  қонуний рўйхатдан ўтиб, якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланган. Унинг дўконида 2016 йил 8 июнь куни Бекобод шаҳар Давлат солиқ инспекцияси томонидан текширув ўтказилади.

Текшириш жараёнида дўконда истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарлар, аниқроғи беш турдаги салқин ичимликлар борлиги аниқланади.

Текширувчилар маҳсулотларни олиб кетишаётганида тадбиркорга тузилган далолатномага имзо қўйиб беришини талаб қилишади. У эса текшириш аввалида «назорат хариди» амалга оширилмагани ва ҳеч кимга маҳсулот сотмагани тўғрисида далолатномага ёзиб қўяди. Текширувчилар негадир тадбиркорга фақатгина ДСБ ходими С. Ш. дан ташқари бошқа ҳеч кимнинг имзоси йўқ бўлган далолатномани беришади.

Бекобод шаҳар ДСЭНМ 2016 йил 20 июнь куни Ҳасан Маҳкамовдан ашёвий далил сифатида олинган яроқлилик муддати ўтган 5 турдаги яхна ичимлик «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасига асосан истеъмолга яроқсиз ҳисобланади ва реализация қилиш таъқиқланади», деган хулоса беради. Шундан сўнг тадбиркорга нисбатан жиноят кодекси 186-моддаси 1-қисмига мувофиқ жиноят иши қўзғатилади.

Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди истеъмолчиларнинг ­ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш жиноятида айблаб, унга нисбатан олти ой ахлоқ ишлари тайинлаш тўғрисида ҳукм чиқаради.

Бу ҳукмдан норози бўлган тадбиркор адолат истаб, кассация инс­танцияси судига шикоят аризасини ёзади. Мазкур кассация инстанция судининг 2017 йил 4 июлдаги ажримига кўра  жиноят ишлари бўйича Паркент туман судига ишни синчиковлик билан ҳар томонлама ҳолисона ўрганиб чиқиш учун юборилади.

Суд мажлисларида судланувчи ҳамда гувоҳларнинг кўрсатмалари, жиноят иши ҳужжатлари ҳар томонлама адолатли ва холис ўрганиб чиқилди.

Жиноят ишлари бўйи­­ча Паркент тумани суди Ҳасан Маҳкамовни жиноят содир этишда айбсиз деб ҳисоблаб, реабилитация қилишни лозим топди.

Шу ўринда савол туғилади: Хўш, тадбиркор нима учун оқланди? Суд тадбиркорнинг айблилик масаласини муҳокама қилиб, дастлабки тергов органи томонидан асоссиз ­айбланганини аниқлади.

Суд тергови давомида жиноят иши хужжатлари синчковлик билан ўрганилганда, Бекобод шаҳар ДСЭНМ томонидан 2016 йил 20 июнда тузилган ва Бекобод шаҳар ДСЭНМ бош врачи Ш. Тожибоев томонидан имзоланган хулосада, 5 турдаги яхна ичимликлар истеъмолга яроқсиз ҳисобланиб, реализация қилиш таъқиқлангани кўрсатилган бўлса-да, аммо уларнинг ҳақиқатда истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги ўз ифодасини топмаган.

Бундан ташқари, «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасида  яроқлилик муддати ўтган маҳсулотларни реализация қилишга йўл қўймаслик кўрсатилган. Бироқ яроқлилик муддати тугаган маҳсулотларни истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги қайд этилмаган.

Ушбу қонуннинг 2-моддасида «Озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати (фойдаланиш муддати) – бу муддат давомида озиқ-овқат маҳсулотини сақлаш, ташиш, реализация қилиш чоғида хавфсизлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилган тақдирда у фойдаланишга яроқли бўлиб туради, бу муддат тамом бўлганидан кейин эса маҳсулот одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлиб қолиши мумкин» дея белгиланган.

Демак, қонуннинг мазмунига кўра, озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати ўтиши одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун ҳақиқий хавф туғдиришини кўрсатмайди. Ушбу масалани аниқлаш учун эса судга оид кимёвий экспертиза ўтказиш билан ойдинлик киритиш лозим.

Бекобод шаҳар давлат санитария эпидимиология назорат маркази лабораториясида таҳлилларни ўтказиш учун техник база етарли бўлса-да, негадир  ушбу 5 турдаги яроқлилик муддати ўтган яхна ичимликлар ­кимёвий экспертизадан ўтказилмаган.

Жиноят Процессуал Кодексининг 173-моддаси 2-қисмида «Иш учун аҳамиятга молик бошқа ҳолатларни аниқлашда ҳам, агар бунинг учун махсус билимларни қўллаш зарур бўлса ва бу ҳолатлар исботлашнинг бошқа воситалари билан пухта аниқланмаган бўлса, экспертиза ўтказилиши шарт» деб кўрсатилган.

Бордию, тегишли эксперт хулосаси билан бундай маҳсулот таркибида одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун реал хавф туғдирадиган элементлар ёки заҳарли моддалар аниқланган ҳамда ўзининг муайян хоссаси ёки белгисига кўра инсон ҳаёти ёки соғлиғи учун реал хавф туғдиришига ойдинлик киритилганида, Ҳасан Маҳкамовни айблаш асосли бўлар эди.

Бундан ташқари, Жиноят Процессуал Кодексининг 463-моддасида «Айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади. Айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршилик­ларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим» лиги кўрсатилган.

Афсуски, дастлабки тергов органи томонидан бундай ҳаракатлар амалга оширилмаган.  Бундан ташқари, иш бўйича далилий ашё деб эътироф этилган ҳамда «Бекободгўштсутсавдо» МЧЖ омборхонасига вақтинчалик сақлаш учун топширилган 12 042 500 сўмлик 5 турдаги яроқлилик муддати ўтган салқин ичимлик­лар Бекобод шаҳар суд ижрочилари бўлими томонидан 2017 йил 15 мартда йўқ қилиб юборилган ва ҳозирги кунда ушбу ҳаракатларни амалга оширишнинг имкони йўқ.

Жиноят Процессуал Кодексининг 23-моддасида «Айбдорликка оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, суд иши гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозим. Қонун қўлланилаётганда келиб чиқадиган шубҳалар ҳам гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши керак» эканлиги ҳақида тушунтириш берилган.

Суд, мазкур қонун талаблари ҳамда иш ҳолатларидан келиб чиқиб, жиноят иши материалларида мавжуд бўлган далиллар билан судланувчи Ҳасан Маҳкамовнинг айби ўз тасдиғини топмаган деб ҳисоблади. Судланувчи Ҳасан Маҳкамовни жиноят содир этганликда айбсиз деб топиб, унинг ҳаракатларида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли Жиноят Процессуал Кодексининг 83-моддаси 2-қисмига асосан уни реабилитация қилишни лозим топди.

Президентимизнинг тадбиркорлик фаолиятига катта эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Бунинг замирида иқтисодий ўсиш, пировардида халқимиз даромадини оширишдек эзгу мақсадлар мужассам. Шундай экан, тадбиркорга нисбатан асоссиз жиноий иш очиб, сарсон қилишда нафақат бир шахс, балки у иш билан таъминлаган фуқароларга ҳам бир қанча муаммолар туғилишини ҳеч қачон унутмаслик керак.

О программе Қобилжон Атаханов

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *